Поиск по этому блогу

02 февраля, 2014

Яраланган қуш ҳамон учмоқда...

Кўрмаганнинг кўргани қурсин. Биринчи босқичда энг олди қаторга туриб олганим ёқмаганди ўзи. Дедлайнга 5 соат вақт қолганида ҳам мавзу йўқ. Линдсейнинг скрипкаси ҳам, мени олдинда кутаётган ишлар ҳам ёқмай турибди. Кайфият “0”...

Loading…

Бир неча кун олдин раис бувани кўргандим. Бир стол атрофида маслахат оши бўлди. Кўтарилган мавзулардан бири спорт журналистларини тайёрлаш. Мавжуд шарҳловчиларга ўринбосар топиш. Устоз-шогирд анъаналарини сақлаб қолиш. Мана мавзу.
Адашмасам 2011 йилнинг январида спорт журналистикаси ривожига яхшигина таъсир қилиши керак бўлган қарор эълон қилинди. Халқаро журналистика факультети “оёққа турди”. Бизнинг шароитда илмий асосга эга бўлмаган, докторлик даражасида ўрганилмаган ва у ҳақда бирорта ҳам адабиёт таржима қилинмаган фанни амалиётга тадбиқ этиш керак эди. Москва давлат университетининг журналистика факультетида спорт журналистикаси деган бўлим борлигини билардим. Демак, улар қачонлардир бизнинг босқични босиб ўтишган ва ҳоказо.
Қарорда кўрсатилган бандлар бажарилди. Илгари бажариб бўлмайдиган пахта плани ҳақидаги топшириққа “бажарамиз!” дея жавоб бериб ўрганганмиз. Бажаришди! (феълни ўз маъносида ўқинг! ...хоҳламасангиз ҳафа бўлиш йўқ). Халқаро журналистика факультети магистратурасида спорт журналистикаси йўналиши ташкил этилди. Қай тариқа?

Ўйиндан ташқари холат…

1993 йилнинг 18 мартида Вазирлар Маҳкамасининг футболни ривожлантиришга қаратилган қарори эълон қилинган. Орадан роппа-роса бир йил ўтиб “Ўзбекистон футболи” газетасида “Ўйиндан ташқари холат” деган мақола чоп этилди. Унда бир йил аввалги қарор ижроси қай тариқа кечгани, қайси бандлар умуман бажарилмай қолгани ҳақида сўз борган. Шов-шувли мақола. Кўпчилик фикри билан мақола муаллиф номи билан эмас, таҳририят нуқтаи назари сифатида босилди.
Мақолага энг йирик муносабат қўнғироқ орқали бўлди. Шундан кейин унинг муаллифига газетадан чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйилган. Таҳририят нуқтаи-назарига мос мақола ёзгани учун икки кун аввал мақтов эшитган журналист, қўнғироқдан кейин мақтаган инсон томонидан ишдан бўшатилган.
Спорт журналистикаси факультетига қўйилган дастлабки қадамлар ҳақида ёзишим шунинг такрори бўлиб қолмасмикан?

Loading…

Яқиндагина Ўзбекистон футбол федерацияси президенти футболдаги келишилган ўйинлар ва таниш-билишчиликка барҳам бериш кераклиги ҳақида гапирди. Мана мавзу! Демак бизда келишилган ўйинлар бор! Йўқ бўлса нимасига барҳам беришади, тўғрими?

Доимо ҳалол ўйнанг!

“Футбол” деган газета бўларди 2002 йилларда. Шиорини кичик сарлавҳа қилиб ёзиб қўйдим. Футболни тушунадиган кучли ижодкорлар жамланишганди унда. Келишилган ўйинлар ҳақида гап кетганида эсимга тушиб қолди. Қайсидир йили аллақачон чемпионликни нишонлаб бўлган “Пахтакор” 1-лигага тушиб кетмаслик учун курашаётган “Трактор”ни қабул қилиб, барчанинг кўз-ўнгида 1:4 ҳисобида енгилиб берган. Ўша “Футбол” газетаси ўйин шарҳи чоп этилган саҳифада каттагина жойни шунчаки очиқ қолдирган. Аслида очиқ жойда ўйиндан фоторепортаж бўлиши керак эди. Таҳририят буни 1та жумла билан тушунтириб берган: “Мазкур ўйин шарҳи газетамиз шиорига мос келмагани учун расм қўймасликка қарор қилдик”. Шундан кейин “Футбол” газетасини қайтиб ўқимадим. ОАВ демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Тошкент вилояти бўлими муассислигида чоп этилаётган газета Тошкент шаҳрида ҳам сотилаётгани учун уни ҳеч ким қайтиб ўқимаган. 14та ҳудудий бирликда Тошкент шаҳри Тошкент вилоятидан алоҳида кўрсатилган, биламан. Шунчаки айтдим...

Loading…

Ҳаёлга берилиш учун энг яхши нарсалардан бири 8-қаватдан кўчага қараш. “...в чилле бывает хилле...”. Хилла деганлари шу бўлса керак. Одамлар шу пайтда ҳам тўй қилади. Ажойиб. Рамантика. Рўпарадаги дом келин чиқарди. Куёв бола ё “Қашқирлар макони”ни севиб томоша қилган ёки Рамзан Қодировнинг кортежига ҳаваси кетган. Бир неча соат олдин 1та келин ва унинг 10та дугонасини 15та машинада олиб кетганди. Энди келин яшайдиган йўлакни безатиб турган саҳналар олиб ташланмоқда. Шундай чиройли санъат асарини бузиб олиб кетишяпти. Орзу ҳавасли онам бу гўзаллик қанчага тушганига қизиқиб қолгандилар...

“Одамлар орасида”

Қанча кетгани маҳалладаги бир қатор аёллар учун ҳам қизиқ. Ўзбекмиз. Орзу-ҳаваслимисиз. Улар болаларини мана шундай тўйлар учун оқ ювиб, оқ тарашмоқда. Бутун умр йиғганларини 1та тўйда сочиб юборишади. Улар Ланкавини билишмайди, Маккага болалари юборади, агар улар ҳам орзу-ҳавас қулига айланиб қолишмаса...
Мен ҳам орзу-ҳаваслиман, ишонинг. Инсон баҳр-у дилини очадиган нарсалар қандоқ ҳам яхши. Аммо ахмоқона ҳаражатларга тоқатим йўқ. Мен онам учун, болам учун, яхшилик учун ҳеч қачон пулдан қочмайман. Аммо қайсидир хонанданинг 4та жонсиз қўшиғига 1000 доллар беришни тушунмайман. Тушунтириш керак эмас. Агар кимдир бераётган бўлса мен қарши эмасман. Баракасини берсин.
“Одамлар орасида” деган газета бўларди. Жамиятни мана шундай масалалар ҳақида ўйлашга, фикрлашга, бахслашишга ундарди. Исталган киши учун очиқ минбар бўла оларди. Рости бўлмағур нарсалар қули бўлиб қолдик. Ўлган одамни ҳам камида 2 йил тинч қўймаймиз. уч, ўн, йигирма, қирқ, йил ва ҳоказо. Хурсандчилик учун берилган ҳайитни ҳам бел боғлаб ўтказамиз. Хуллас яхши газета эди. Жамият учун хавфли деб топмагунларича. Юқоридаги фикрларим ҳам ўша қаричда бўлиб қолди. Аслида мени хавфсизлик тарафдориман...

Loading…

Ҳайитда бел боғлаш дедим-у, ёдимга бир кампир тушди. Раҳматли ойимни кўпга қўшганимизда уйимизга келганди. Ҳамма аёлларни оёққа турғазганди: “кўздан йиринг чиққунча йиғлаш керак”, дея.

“Нозик хилқат”

Шундай эшиттириш бўларди. Бугуннинг чиройлилари ёш ўтганидан кейин ўша кампир мисол қаримасликлари учун жаранг сочарди. Аёлларнинг жамиятда тутган ўрнидан тортиб, уларнинг оилага, турмуш ўртоғига, фарзандларига, ота-онасига бўлган муносабатларигача эътибордан четда қолдирмасди. Феъли бузуқ аёллар, уларнинг танлаган йўли ва тақдири ҳақида ибратли ҳикоялар эфирда ўқиб эшиттириларди...

Loading…

“Холислик сари”

Индама жим...
Тепароққа қайтамиз. Келишилган ўйинлар... Таниш-билишчилик... Иймоннинг сусайиб кетганиданми бу ёки пора-ю, ноҳақ келишувлар санъат даражасига кўтарилганиданми? Ақлим етмайди. Холис бўлолмасман балки. Кишилар жиноятдан, бировнинг ҳаққидан қўрқишмаяпти. Қонунлар ишлаб турибди. Лекин айрим жойларда уни бузишяпти. Бузаётганлар қонундан қўрқишмайдими? Билмадим...

Loading…

Мавзу тополмай ҳалакман. Ароқ ҳақида ёзайми? Уни нега ичишлари яхши мавзу. Кимдир дардини унутиш учун, кимдир аламини босиш учун, кимдир ўзлигидан кечиш учун. Ҳамманинг ўз варианти бор. Ўз танлови бор: пиво, виски, коньяк, вино... Аммо блогерлар ичида бу мавзуда мени чепуха қилиб қўядиганлари ҳам бор. Улар билан бахслашиш эмас, улфатчилик қилиш яхшироқ вариант.

Loading…

Сариқ касалнинг ОИТСдан хавфлироқ эканлиги ҳақида ёзайми? Докторликка даъвойим йўқ. Аммо ОИТС қай тариқа юқишини биламан. Ундан ўзимни бир амаллаб ҳимояларман. Сариқ касалданчи? Тинчгина юриб ҳам юқтиришим мумкин, шундай эмасми? Лекин жамият биринчисига ачиниш билан қарайди, иккинчисини қоралайди? Нега?

“Куёв жўра”

Шундай дастур бўларди. Мавзуси сабаб фақатгина тунда эфирга узатиларди. Ёшларга секс аслида нима, ОИТС нима, у қандай юқади, нималарга эътибор бериш керак, қайси иш аблахлик, қайси бири нонкўрлик, яна қайси бири хавфли, зарарли, нима бидъат-у, яна нима суннат ўргатарди. Мавзуга фан томонидан, ақли етса эътиқод томонидан ҳам, аҳлоқ томонидан ҳам ёндошарди. Ҳозир йўқ. Бизнинг аҳлоқимизга тўғри келмайдиган дастур экан.

Loading…
Веб-страница недоступна
Ошибка 105 (net::ERR_NAME_NOT_RESOLVED): Не удается преобразовать DNS-адрес сервера.
Рахмат, “Beeline”, рахмат!

Агар аҳлоқ билимсизлик бўлса, касаллик, ўлат ёки аҳлоқсизлик ўша билимсизлик натижаси бўлса, мен мавзу изламай қўя қолай. Чунки мени аҳлоқсизга чиқарадиганлар тайёр туришибди.
Агар инсонлар қонундан қўрқмай қўйган бўлса, уларни тинимсиз жазолашдан наф кўраётганим йўқ. Иймони бор киши биринчи навбатда Худодан қўрқади. Агар ундан қўрқиш мумкин бўлмаса, мен яхшиси мавзу қидирмай. Холис бўлолмайман деб қўрқаман.
Агар тўғри сўзнинг якуни кўнгилсизлик бўлса, мен мавзу ахтармай. Ўша сўзим деб ишсиз қолишни хоҳламайман...
Агар ёзганларим сариқ чақа бўлса, унда мен мавзу деб оввора бўлмай. Лекин иккинчи босқичда қолиб кетишни ҳам истамайман...  

11 января, 2014

“Менинг исмим Хон. Мен террорчи эмасман!”

#np Lindsey Stirling – Crystallize

Болалигимда онамнинг алласига ухлаганман ёки йўқ эсимда йўқ. Айтишларича “Pink Floyed”нинг “The Wall” альбоми кўзларимни юмишим учун яхшироқ вариант бўлган. Қоронғу хонамнинг бир бурчида ёниқ турган телевизор бугун менга алла айтмоқда. Кўзим юмилмай туриб ҳаёлим тушимни қидириб топди, қулоқларим эса ҳали уйғоқ: “...менинг исмим Хон, мен террорчи эмасман...”

Видеотасманинг туш деб аталган 4 соатлик умрини айлантириб юборамиз... “Диёр! Тур ўғлим!” Гапи икки қилиниши мумкин бўлмаган овоз...

Оқаётган сувга тикилиб туриш учун 10, ювиниш учун 5 дақиқа.
Наридан бери нонушта.
Энди эса йўлга.

Метро. Ҳаёл билан зинага биринчи қадам. Ғойибдан овоз:
“Илтимос, сумкангизни очиб юборинг!”
-         Бу нима?
-         Ноутбук.
-         Ёпинг!

Биринчи пара Муитовнинг дарси. Қулоқчинда эса Линдсей хонимча скрипка чалиб, муз устида рақс тушмоқда...

“Бугун ким дарсда йўқ? Келмаганлар зачеткада ялиниб юришмасин...”
“...бизда цензура йўқ! Цензурага йўл қўйилмайди...”
“Тушликни қаерда қиламиз?”
“Во-о-ой, бунча чиройли, ким совға қилди?..”
“...курс ишини бирма-бир ўқиб чиқаман”
“Танаффусга ҳеч ким чиқмасин! Ўқишда комиссия...”

Иккинчи пара...
Линдей Стирлинг.
Қўнғироқ.

Метро. Ҳаёл билан зинага биринчи қадам. Ғойибдан овоз:
“Илтимос, сумкангизни очиб юборинг!”
-         Бу нима?
-         Ноутбук.
-         Ёпинг!

Қулоқчинда Линдсей, вагон деворларида эса:
“Ўз уйингни ўзинг асра!”
“Вагонда шубҳали буюмларга кўзингиз тушса, дархол метрополитен хизматчиларига хабар қилинг”
“Тинчлигимиз бардавом бўлсин”
...бўлсин, бўлсин, бўлсин, “Пахтакор бекати. Шу ердан Алишер Навоий йўлининг...”

Экскалатор. Жонажон Милиция. Нега у менга бундай қараяпти? Кимлигини эслолмадим.
“Илтимос, сумкангизни очиб юборинг!”
-         Бу нима?
-         Ноутбук.
-         Ёпинг!
“...менинг исмим Хон, мен террорчи эмасман!”
“Тинчлигимиз бардавом бўлсин!”
Линдсей.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси.
“Илтимос, сумкангизни очиб юборинг!”
-         Бу нима?
-         Ноутбук.
-         Ёпинг! Бир ҳафта ичида рўйхатни янгиламасангиз ноутбукингиз билан киролмайсиз!
Иккинчи пост:
“Илтимос, сумкангизни очиб юборинг!”
-         Бу...
-         Ноутбук!!!
-         Хоп! Кўрсам майлими ёки кўрсатмайсизми?! Ёпинг!!!

ТЖК.
Камера бор. Камерачи йўқ.
Камчерачи келди, чироқ йўқ.
-         Чироқсиз амаллаб турасиз-да...
-         Лекин микрофонсиз амаллолмайман.
-         Микрофон бераман.
-         Шунисига ҳам рахмат!

Дамас. Учинчи пост.
-         Муҳаррир ким?
-         Мен.
-         Сумкадаги рўйхатда борми?
-         Бор.
-         Тушиб кўрсатинг!

РайГаз. Мажлис. Кутиш. Линдсей.
“...уч кундан бери шу ерга қатнайман...”
“Мени ҳам ишим қолиб кетди...”
“...ўтган гал қарзингиз йўқ дейишганди-ку?!”
“...амаки, сизга минг марта тушунтирдим. Буни мен ҳал қилмайман...”
“...бошлиқ 2-хонада”

Ва ниҳоят бошлиқ тушди.
-         Узр, срочно чақириб қолишди. Бир дақиқа тиним йўқ.
-         Саволлар билан таништирайми ёки...
Эшик очилди:
“Илтимос, келинойи, беш дақиқа кутиб туринг. 5 дақиқада кетишади”.
Вақтимизни ҳам белгилаб берди. 5 дақиқа!
Чумчуқдек сайради. Аммо бирорта тайинли гап гапирмади. Ҳисобот топширди. Саволларга жавобни ҳисоботга олиб келиб тақайверди. Кўрганларим йўқ, эшитганларим мавжуд интервью.

Телевидение. Учинчи пост.
-         Сумкада нима?...
Монтаж.
Просмотр.
Қўнғироқ:
-         Бошидаги гапларини тўлиқ олиб ташланг!
-         Хоп. Лекин...
-         Одамларнинг навбатда турган кадрлари ҳам керак эмас. Наговорни қайтадан ёзинг ва менга текширтиринг!
Тут-тут-тут-тут-тут...
“...бизда цензура йўқ! Цензурага йўл қўйилмайди...”

Линдсей.
Такрор монтаж.
Ҳаммаси рисоладагидек.

“Жар”. Ўзбекистон – Малайзия.
“Илтимос, сумкангизни очиб юборинг!”
-         Бу нима?
-         Ноутбук.
-         Ёпинг!

Иккинчи пост.
Рация.
Шғғғ-ғғғ...ушлаб тур... шғғғ-ғғғ...
“Тушундим! Орқага! Ор-қа-га!!!”
-         Журналистмиз. Аккредетациямиз бор...
-         Ор-қа-га!
-         Кеч қоламиз ишга...
-         Буйруқ шунақа. Кутиб тур!

Кутиш. Линдсей.
Рухсат тегди. Эндиги муаммо оломан орасидан эсон-омон кириб олиш. Скрипка ё тезлашиб кетди, ёки Линдей чалишдан чарчади.

Учинчи пост.
-         Бу ердан кириш мумкинмас!
-         Журналистларга мумкин. Орқангиздаги расмда бу кўрсатилган!
-         Буйруқ шунақа.

Ўйин тугади.
Метро.
“Илтимос, сумкангизни очиб юборинг!”
-         Бу нима?
-         Ноутбук.
-         Ёпинг!

“Ўз уйингни ўзинг асра!”
“Вагонда шубҳали буюмларга кўзингиз тушса, дархол метрополитен хизматчиларига хабар қилинг”
“Тинчлигимиз бардавом бўлсин”

Тасмани янада тезроқ перемотка қиламиз. Камида 2 ё 3 йилга.
Чилонзордаги мост тепасидаман. Келганимда қуёш қизаришни бошлаганди. Аллақачон шаҳарга кеч тушган. Ҳаракат секинлашган.

Password: *************
Создать новое сообщение
Ctrl+c — ctrl+v
ПУБЛИКАЦИЯ
Загрузка
Подождите, пожалуйста...
Подождем!
Қўлларимни ноутбукдан кўтариб, гўёки скрипка чала бошладим. Чунки...
#still_playing Lindsey Stirling – Crystallize

Блогни Линдсейсиз ўқидингизми? Унда ҳеч нарсага тушунмадингиз ёки мени тушунмадингиз.
Мен эътибордалигимиз, бизга бефарқ эмасликларини кўрсатдим. Ишонмайсизми?

Кўз қиримда фосфорнинг ялтираган нури, кейин эса кўпчилик қўрқадиган палканинг қизил-зангори ёруғлиги.
-         Хужжатларингизни текшириб қўяйлик! 1 соатдан бери кўприк устидасиз!
Сизга нима дегандим J
“Тинчлигимиз абадий бўлсин”

05 сентября, 2013

Сиздан угина...

“Спорт” телеканали доимо мухлислар диққат марказида тургани важидан унинг томорқасига етарлича тош отилади. Бу одатий ва ажабланилмайдиган хол. Аудитория томонидан ҳеч қандай реакция билдирилмаслигидан ёмони йўқ аслида.

Бироқ отилаётган тош ўз манзили томон етиб борса янада яхши. Бу бесамар йўналиш топаётган зарбаларга қараганда бироз бўлсада фойдали. Шарҳловчилар бўйича мулоҳазалар, кўрсатувлар сифати ва мазмуни борасидаги фикр ва танқидларга жавоб бевосита канал ходимлари томонидан берилиши керак. Бунда танқиднинг не чоғли ўринли ёки аксинча экани ҳозирча иккинчи масала. Бироқ шундай муаммолар борки, уларнинг ечими канал ходимларининг қўлида эмас. Балки бироз юқорироқ қатлам вакилларининг саъи-ҳаракати билан бевосита боғлиқ. Оддий мисол сифатида футбол бўйича Европанинг кучли бешлик миллий чемпионатлари транслациялари борасидаги муаммоларни кўрсатиш мумкин. Мен бу ҳақда ўз блогимда тўхталиб ўтганман.

Европа футболи ривожида телетранслациялар ва уларнинг сифати нақадар катта аҳамият касб этишини бугун ҳамма яхши билади. Кўҳна қитъада бу масала билан мана-ман деган клуб ва ташкилотлар ҳам ҳисоблашишга мажбур. Телетранслация аллақачон футболнинг ажралмас қисми бўлиб улгурган. Ўзбекистон шароитида эса биз бу босқичга етиб келганимизча йўқ. Ишлар шу зайлда давом этадиган бўлса, яқин 5-10 йил ичида масала профессионал тарзда йўлга қўйилишига ишонч кам. Айни пайтда телевидениелар нафақат Олий лига ўйинлари транслацияси ҳуқуқини сотиб олишга тайёр эмас, балки айрим кишилар телевидение ПФЛ ёки ЎФФга пул ўтказиб бериши кераклиги борасидаги тасаввурга ҳам эга эмаслар. Бу эса қўрқинчли хол. Телевидение ўзини худдики клублар ундан қарздордек кўрсатади.

Аслини олганда ЎзМТРК ёки НТТ Олий ёки биринчи лига ўйинлари транслацияси ҳуқуқини ЎзПФЛдан сотиб олишлари керак. ПФЛ телетранслациялардан тушган даромадни клублар ва ўзи ўртасида тақсимлаши, МТРК эса рекламадан тушадиган даромад эвазига ўз харажатларини қоплаши, балки фойдага ҳам кириши лозим. Бироқ бизда мазкур системадан асар ҳам йўқ. МТРК йил бошида ўз харажатлари сметасига қандайдир телетранслацияни сотиб олишни киритишига яхшигина шубҳам бор. Шунингдек, бир неча йилдан буён ўзига титул ҳомий топа олмайдиган ПФЛ ҳам бундан мустасно эмас. Клубларнинг бадал пулларини инобатга олмаганда, ПФЛнинг бошқа кирим дафтари йўқ ҳисоби.

Бу масала шу даражада чигаллашиб кетганки, биргина айбдорни топиб кўрсатиш қийин. Масалан ЎзПФЛдан нафақат ЎзМТРК, балки бошқа телевидениелар ҳам ҳеч қачон транслация ҳуқуқини сотиб олган эмас. Бироқ Осиё футбол конфедерацияси ПФЛ ва ЎФФдан айнан мазкур жихатни талаб қилади. Катта эхтимол билан бу масалани МТРК ва ЎФФ рахбарлари жуда оддий ҳал этишади. Яъни, хўжа кўрсин учун МТРК рамзий дея белгиланган арзимаган суммани футбол ташкилотига ўтказиб беради ва ўйинларни бемалол транслация қилишда давом этади. ОФКни хўжа ўрнида қабул қиладиган бўлсак, у система ишлаётганидан хурсанд киши сифатида катакчаларидан бирига бажарилди белгисини қўяди вассалом.

Фикримча, бу хўжани алдашдан кўра кўпроқ ўзини алдашдир. Вахоланки ўз ўзини алдашни оқлаб бўлмайди. Хўжа кўрсин учун қилинадиган иш нафақат МТРК, балки ўзбек футболини ҳам ривожлантирмайди. Бунинг бир қанча жузий сабаблари бўлиб, мен уларга имкон қадар тўхталиб ўтишга ҳаракат қиламан. Блогимда ёзадиган бу фикрларни ОАВга олиб чиқиш шарт эмас. Боиси уларнинг айримлари ҳақиқатга яқин кўринсада, ундан шунчалик узоқда бўлиши ҳам мумкин. Мен шунчаки кузатувчи сифатида фикримни баён қиламан. Аслида эса система қандай ишлаётганини ичидан туриб билмайман.          

Давоми бор...

30 августа, 2013

Ярим олимпиячилар

Кўпчилик томонидан ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас дея қаралаётган 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатига жиддий эътибор қаратишларини жуда хоҳлардим. Сабаби оддий: айнан мана шу турнирда тўп сурган футболчилар кейинчалик миллий терма жамоа асосини ташкил этишади.

Бундан бир йил муқаддам Алексей Евстафеев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-22 терма жамоаси Непалдаги саралаш турнирини аранг иккинчи ўринда якунлаганди. ЎФФ терма жамоалар маркази саралашга қандай юзаки кўз билан қараган бўлса, турнирнинг финал босқичига 4 ой вақт қолганида ҳам бу эътибор ўзгарган деб бўлмайди.

Катмандудаги саралаш турнири кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Мезбонлик учун мутлақо тайёр бўлмаган Непал футболчилар учун шунчаки қўрқинчли шароит яратиб берган. Қайсидир футболчига ётоқ етмаганидан тортиб, улар тамадди қилган таомлар рўйхатигача киши ҳафсаласини пир қиларди. Вахоланки ОФК саралаш мезбонлигини жон деб Ўзбекистонга топшириши мумкин эди. Бироқ на Ўзбекистон ва на Иордания бундай таклиф билан чиқишди. Миллий терма жамоанинг эртанги кунини белгилаб берадиган авлодга эса эътибор бироз ўзгача бўлса зарар қилмасди албатта.

Иорданияликлар Катмандудаги вазиятни ҳар қалай чамалай олишди. Делегация сафига маҳаллий ошпаз қўшилган бўлиб, у футболчилар учун зарур калорияли таомларни тайёрлашга сафарбар этилганди. Натижа эса эътиборга яраша бўлди: Иордания 4та ўйиннинг барчасида ишончли ғалабага эришди. Ҳаммасига биргина ошпаз сабабчи дейиш учун блог ёзмадим. Шунчаки мен терма жамоалар маркази профессионал бўлишини жуда хоҳлайман! Ҳар бир жабхада! Зеро Мираброр Зуфаровичнинг сўзларига кўра ЎФФ чиқимлардан қочадиган ташкилот эмас.

Ўзбекистонлик футболчилар ўша саралашда аксинча реакция кўрсатишди. Дастлабки икки турда қийин ғалабаларни қўлга киритган вакилларимиз (рақиблар Бангладеш (!) ва Непал (!), 3-турда Яман билан дурангга имзо чекишди. Шу тариқа сўнгги тур олдидан Ўзбекистон Яман билан рақобатлашишга маҳкум этилди. Турнир фаворити Иорданияга қарши ўйинни 1:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилаётган Ўзбекистон, ўйин якунига 10 дақиқа қолганида ўз дарвозасидан 3та гол ўтказиб юборди. Параллел ўйинда Яман 1та кўп гол урганида ёки иорданияликлар Ўзбекистон дарвозасига тўртинчи бор йўл топишганида ҳаммаси фожеали якун топарди. Ижозатингиз билан арзимагандек кўринаётган ошпаз масаласига яна қайтаман. Агар сиз ҳам бир ҳафта кўнглингиз тусамаган таом билан кифояланиб, қўшимчасига 3та ўйинда майдонга тушган бўлсангиз, тўртинчи ўйиннинг сўнгги 10 дақиқасида 3та гол ўтказиб юборишингизни кутилмаган хол деб қабул қилмайман. Гарчи миссия бир амаллаб бажарилган бўлсада, мен буни қониқарсиз иштирок деб баҳолайман. Ва бунда бош мураббий Алексей Евстафеевни айблашларига ҳам жиддий қарши чиқаман.

Ҳозир Алексей Евстафеевнинг гарданига бир йўла 2та терма жамоа юкланган: Ўзбекистон U-19 ва U-22. Айнан мана шу омил 2014 йилнинг 11-26 январь кунлари Уммонда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига эътибор камроқ деган хулосамга сабаб бўлди. Боиси айни пайтда Алексей Евстафеев бор диққат эътиборини Қатар мезбонлик қиладиган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш турнирига қаратган. 1995 йилда таваллуд топган футболчилар терма жамоаси 4-12 октябрь кунлари оралиғида мезбон Қатардан ташқари Туркманистон, Ҳиндистон ва Непал ёшларига қарши кураш олиб боришади. Мазкур турнир якунидан кейин Евстафеев табиийки 22 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионати ҳақида бош қотиради. Бунда эса Осиё чемпионати сари тайёргарликни бошлаши керак бўлган (насиб қилса) ёшлар терма жамоаси иккинчи планга ўтади.

22 ёшли футболчилар термасига жиддий эътибор қаратиш кераклигини унга жалб қилиниши мумкин бўлган футболчилар номидан ҳам билиб олиш қийин эмас: Жамшид Искандаров, Игорь Сергеев, Владимир Козак, Аббос Махситалиев, Дилшод Жўраев, Сардор Рашидов, Алибобо Раҳматуллаев, Сардор Собирхўжаев, Шохруҳ Гадоев, Бобур Йўлдошев ва ҳоказо. Мазкур футболчилар яқин вақт ичида миллий терма жамоадаги қарияларни алмаштиришлари катта эхтимол. Демак, уларга ҳам жиддий эътиборда бўлиш зарар қилмайди. Айни пайтда ишсиз юрган ва терма жамоалар учун фойдасига тегиши мумкин бўлган мутахассислар талайгина. Биринчи бўлиб ёдимга келгани Рауф Инилеев. Бу борада кичик бир рўйхат ҳам тузиш мумкин.

Рауф Инилеев ёшлар билан ишлашда жуда ас қотадиган мутахассис. Роберт Гай бошқарувидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига берган унинг таърифи ўша вақтда менга жуда ёққанди. ОАВ учун айтилмаган фикр бўлсада, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасидан Инилеевнинг кўнгли тўлмаётганини билиш қийин эмасди. Бунда жамоадаги тартиб ва интизомга Талгатович алоҳида эътибор қаратиб ўтган. Натижа кўпчиликнинг ёдида – Тошкент мезбонлик қилган турнирда Ўзбекистон ўсмирлари мундиал чиптасини қўлга кирита олишмаган. Футболни тушунадиган инсон учун бу ҳам оғриқли нарса эмас.

14 август санаси учун Ўзбекистон миллий терма жамоасига рақиб топилмаган бир пайтда, Алексей Евстафеев ҳам бундан унумли фойдаланиб қолиши мумкин эди. Чунки Ахмаджон Мусаев мураббийлик қилган жамоа асосини барибир 22 ёшгача бўлган терма жамоага номзод футболчилар ташкил этишди. Бироқ юқорида айтганимдек, Евстафеев ҳозирча ёшлар термаси ғами билан овора. Унинг малакасига шубҳа қилмаган ҳолда айтиш керакки, бир вақтнинг ўзида бир-биридан тубдан фарқ қилувчи терма жамоаларни бошқариш ҳар қалай осон иш эмас.

Яна қўшимча қилиш керакки, икки йил ўтиб терма жамоалар маркази Ўзбекистон U-22 терма жамоасига жуда жиддий эътибор қаратади. Боиси ўртага олипиада чиптаси тикилган бўлади. Ҳозирги жамоа олдида эса қандайдир улкан вазифа йўқ. Шунчаки футболчиларнинг аксарига Осиё чемпионатида армон бўлиб қолган ғалаба учун яна бир бор ҳаракат қилиш имкони берилади. Менимча бу жуда керакли нарса. Айниқса футболчилар учун.   

Арзимаган муаммо ҳақида шунча нарса қоралаш шарт эмасди, тан оламан. Мен ошириб юбордим...

25 августа, 2013

Иккиюзламачилар ҳақиқати ;-)

Бугун Чирчиққа кетаётганимда Альфия Мамаевна деган аёлни эсладим. Бундан 4-5 йил муқаддам Динара Дўлтаеванинг таклифига биноан Фонд Форум ва Келажак овози ташкил этган ўқув-семинарда иштирок этгандим. Альфия Мамаевнанинг маърузаларидан кейин чиқарган илк хулосам шундай бўлган: журналист бўлиш учун журналистикада 4 йил ўқиш шарт эмас. Бошида алам қилган, кейин эса аниқ хулосамамга сабаб бўлгани учун кўнглим кўтарилган.
Журналист бўлиш орзусида бўлган ёшлар учун медиа-лагер ташкил этилгани шу томондан яхши. Мен таҳсил олган факультетдан фарқли ўлароқ бу лагерга аниқ мақсади бор ёшлар келади. Бу бирлашиш учун шароит, ўрганиш учун асос.
Журналист ўз касбининг устаси бўлиш учун амалиёт билан хамнафас бўлиши жуда муҳим. Унинг принциплари, ОАВ позицияси, журналист қарашлари, касб маданияти ва умуман бошқа икир-чикирлар борасидаги кўникмаларни эгаллаш йўлида фақатгина шу ихтисослик дипломи у қадар шарт эмас IMHO. Медиа-конференция, лагер ва бошқа қатор учрашувлар ёш журналист қарашларини шакллантириб боради. Ўз принципларига эга бўлишига кўмаклашади.

***

Кимга қандай билмадим, журналист ҳаётда ҳам шундай бўлиши керак. Яъни, журналистнинг ҳаётий принциплари касбий принциплари билан уйғунлик ҳосил қилгандагина унга ишониш мумкин. Бироқ шундай нарсалар борки, ўз принципларингни ҳимоя қилиш учун маска кийишга мажбур бўласан. Бу олдин ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Ўтмишдан мисол сифатида Абдулла Қодирийнинг бир нечта тахаллуси бўлгани-ю, ҳозирги кун журналистининг бошқа ник билан фикрларини баён қилишини айтиб ўтиш мумкин. Бу мен учун иккиюзламачилик эмас. Мен учун муҳими фикрнинг бор экани. У қандай холда баён қилиниши муаллифнинг позициясига боғлиқ ва агар у фикрни ўз номидан баён қилмаган бўлса ҳам мен уни иккиюзламачига чиқара олмайман, бунга маънан ҳақиқим йўқ. Журналист бунда қўрқоқлик ёки эхтиёткорлик қилган бўлиши мумкин. Ёки ўзлигидан кўра образида ўзини эркин ҳис қилиши катт эхтимол. Ажабланиш шарт эмас.
Чирчиқдаги медиа-лагерда бўлиб ўтган учрашув ёқимли бўлди. Дебатнинг янада жонлироқ, янада тажовузкорроқ ва провакацион саволларга янада бойроқ бўлишини ҳам хоҳлардим хатто. Чунки нафақат ўзим, балки мен билан бирга медиа-лагерга ташриф буюрган шерикларим – Қобил Хидиров, Аброр Қодиров ва Бобур Абидов бунга тайёр эдик. Тайёрлигимизни билим ёки илм нуқтаи назаридан эмас (ортиқча камтарликсиз мен ўзимни билимли деб ҳисобламайман), ўз касбий ва ҳаётий принципларимизга эга эканлигимиздан келиб чиқиб айтдим. Яъни, иккиюзламачидан-да баттар таъриф берилганида ҳам буни ўта хотиржамлик билан инкор қилиш мумкин эди. Муҳими фикрнинг бор экани. Кимнидир иккиюзламачи сифатида кўриш учун ҳам инсонга фикр керак бўлади.

***
      
Журналистика учун энг хавфли фирқа – ўз қарашларини жуда тезкорлик билан ўзгартириб турадиган журналистлардир. Макон ва замонга мослашишни махорат деб биладиган кишилар мослаша олмайдиганларидан кескин фарқ қилгани каби, ҳар икки фирқадан айри бўлиб, мутлақо бошқа йўлни афзал биладиган кишилар тоифаси ҳам бор. Кўп холларда дастлабки икки гуруҳ учинчисини қабул қила олмайди ёки шунчаки иккиюзламачиликда айблаб қўяди. Ҳаётга шундай кўзойнак билан қараганда журналистлар ҳам кўзга фақат икки хил бўлиб кўринади – оқловчилар ва қораловчилар. Аммо журналистиканинг суд ёки бир-бирининг кўзини ўйишгада тайёр айрим партиялардан фарқли томони ҳам шунда – учинчи йўлнинг бор экани. Ва умуман ким қайси йўлни танлашидан қатъий назар, унинг ҳеч бирини қоралаб бўлмайди. Ҳар кимнинг ўз фикр ва қараши бор. Фикр ва қарашга эга бўлмаганлар ҳам йўқ эмас.

Зарнигор Омонуллаева деган қиз бугунги учрашув қаҳрамони бўлди дейиш мумкин. Зеро унинг фикрини тингловчилар қарсаклар билан қарши олишди. Кейин эса саволга бўлган жавобларга шундай реакция билдиришди. Яъни, ўз фикрини қўрқмай билдириш орқали сухбатдошга провакацион савол бериш ҳам, провакацион саволга жуда оддий ва баъзида ҳазиломуз жавоб бериш ҳам аудитория томонидан илиқ қарши олинди. Твиттердаги аккаунти @DiliKadirova бўлган қизнинг гапида жон бор: “ҳар бир ҳазил ортида ҳақиқат ётади”.

Зарнигор ўз принципига эга қиз. Ҳар холда менда шундай таассурот қолдирди. Яъни, ўз қарашларини ҳар қандай жойда ҳимоя қилишга интилади. Бу холат таҳсинга сазовор. Зеро мен принципсиз журналистни у қадар хурмат қила олмайман. Аммо унинг 1та саволи ҳали ҳам ҳаёлимда айланиб юрибди: “сиз давлат учун нима қилиб қўйгандингиз-у, уни танқид қиласиз?!” Хаддан ташқари умумий савол бўлди. Ҳаёлимга биринчи бўлиб ЎФФ президенти Мираброр Усмоновнинг “Футбол шарҳи” кўрсатувида қилган чиқиши келди. Ана энди савол: ниманидир танқид қилиш учун унга нимадир бериш шартми? Ёки аксинча, нимадир қилиб қўйган инсон хоҳлаган ишини қилиши мумкинми? Биринчи савол бизга қаратилган бўлса, иккинчиси саволга савол билан жавобдир. Унга таълуқли барча масала шунинг ичида жам.
Чирчиқдан қайтишда “Осмондаги болалар”да Лутфулла Саъдуллаев яратган образ ҳаёлимга келди: “Мен тараканман! Та-ра-кан! Суварак! Сувараклар хато атом бомбасининг ичида ҳам кўпайишаркан”...

***

Учрашув блог юритиш масаласида бўлгани учун бу нарса бевосита твиттер микраблогидаги фаолият билан уйғунлашиб кетди. Ундаги маска, образ ёки иккиюзламачилик каби қарашлар сухбатнинг энг кульминацион нуқтаси бўлиб қолди дейиш мумкин. Аниқроғи, ўз исми-шарифи билан эмас, тахаллус ёки бошқа ник билан билдириладиган кескин фикрларга урғу берилди. Ўзбек блоггерларининг твиттер ёки бошқа ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқишлари бевосита Ўзбекистон номи учун яхши PR бўлиб хизмат қилмайди-ку қабилида фикрлар билдирилди.

Фикрларнинг барчасида жон бор. Яна қайтараман, фикрнинг бор экани ёқимли. Аммо журналистнинг бошқа касб вакилларидан озгина фарқи танганинг иккинчи томонини ҳам кўра билишда. Блоггингда сиз энг асосийси ўз принципларингизга содиқ қоласиз. Бунда сиз фикр берасиз, бунда сиз хулоса учун йўл кўрсатишга интиласиз. Твиттер аккаунти ҳам шундай нарса. Бу ерда муаллиф ўзи истаган образга кириши мумкин ва бунга тўла ҳақли. Уни кузатиб бориш ёки бормаслик масаласи ўқувчининг ўзига боғлиқ бўлгани бир холда, сиз жинингиз суймаган кишини ўқиб боришга мажбур эмассиз. Шу билан бирга у ҳам сизнинг талаб ва принципларингизга бўйсунмай фаолият олиб боришга ҳақли: ҳар қандай мавзу ва ҳар қандай образда. Бунга уни мажбур қиладиган сабабларни билмай туриб хулоса чиқариш эса танганинг иккинчи томонини кўрмаслик бўлиб қолади.

Инсон жамиятни ўз принципларига ҳеч қачон бўйсундира олмайди. Энг фашист диктаторлар ҳам бунинг уддасидан чиқа олган эмас. Аммо ўша бошқа бировга зарари тегмайдиган тарзда эркин яшаши мумкин ва бунга ҳақли. У ўз твиттерида сўкиниб ёзиши ёки ўзини жамият қарашларидан бошқача тутишида шахсан мен учун ғайриоддийлик йўқ. Беш қўл баробар эмас. Муҳими у ҳар қандай кўринишда фикр бера олиши. Амалдор инсоннинг ёлғон ёки ўзи ҳам ишонмайдиган ахборотидан кўра, қандайдир пионистанинг конкрет фикри жамият учун қизиқроқ бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда мен учун.

Ана энди савол: принцип ва қарашларининг ўзгариши ҳокимият ўзгаришига боғлиқ бўлган кишилар кимлар? Ўзини оқловчилар қаторида кўрсатиб, буни чин дилдан қилмайдиган кишилар кимлар? Тили бошқа-ю, дили бошқа журналистларчи? Тасаввур қилинг сиз амалини суистеъмол қилаётган амалдорни кўриб қолдингиз. Мен давлат учун нима қилиб қўйибманки, унинг ишчисини танқид қиламан қабилида иш кўрасизми? Қайсидир мавзудаги фикрингиз касбий фаолиятингизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, сиз фикр билдиришдан қўрқиб уни ичингизга ютасизми? Ўша фикрни бошқачароқ услубда билдиришнинг имкони бўлган тақдирда ҳамми?! Агар менинг исм-шарифим твиттердаги образимни инкор қилса, ҳеч нарса янги образ яратиб олишимга ҳалал бермайди. Агар фикрни баён қилиш ва қарашларини образ орқали асослаш иккиюзламачилик бўлса, унда иккиюзламачи бўлишни хоҳлайман. Ҳар холда бу таракан бўлишдан яхшироқ IMHO

27 июля, 2013

Оловдан кейин кул қолади

“Одамлар орасида” газетасининг илк сони дунё юзини кўрганида мен 17 ёшда эдим. Хайрулла Ҳамидов нишонанинг икки нусхасини қўлида кўтариб, радиога хурсанд ҳолда кириб келди. Дастлаб отам билан газета ҳақида сухбат қурди-да, хайрлашиб бўлганидан кейин менинг ёнимга келиб, иккинчи нусхасини қўлимга тутқазди: “Фикрингини айтасан!”.

Мен бу инсонни таҳминан 10 ёшимдан бери биламан. Георгий Черданцевнинг “Европейская футбольная неделя” кўрсатуви анча машҳур бўлган вақтлар Хайрулла Ҳамидовнинг “Футбол+” кўрсатуви бўларди. Ўша пайтда “Спорт” студиясининг бош муҳаррири отам бўлиб, кўрсатув айнан шу студиянинг махсулоти эди. Ҳафтанинг маълум кунида мен Черданцев муаллифлигидаги кўрсатувни видео кассетага ёзиб қўярдим. Кечга яқин эса Хайрулла ака уни мендан олиб кетарди ва унинг лавҳаларидан ўз кўрсатувлари учун фойдаланарди.

Орадан йиллар ўтиб отам ТВда ишламасликни маъқул кўрди. 2003 йилда “Наврўз” радиостанциясини ташкил қилиб, шу ерда фаолиятини давом эттирди. Кўп ўтмай Хайрулла Ҳамидов нафақат “Спорт” телеканалидан кетишга қарор қилди, балки футбол ўйинларини ҳам қайта шарҳламади. Аввалига “Футбол” газетаси, кейинчалик “Спорт” студиясидаги фаолият давомида бир-бирини яқиндан билган бу икки инсон “Наврўз” радиосида ҳам ҳамкорликни давом эттиришди. Кейинчалик жуда машҳур бўлиб кетган “Холислик сари” эшиттириши мана шу ҳамкорлик меваси эканини кўпчилик яхши билади.

“Холислик сари” даставвал мухлислар томонидан илиқ кутиб олинмади. Бир қатор мухлислар Ҳамидовни футболдан кейин диний эшиттиришда тез хазм қила олишмади. Ўша пайтлар унинг шаънига шундай ҳунук ва бўлмағур гаплар айтилдики, эслашнинг ўзи ёқимсиз. Мана шундай бир пайтда Хайрулла Ҳамидов билан жуда кўп мулоқотда бўлардим. Деярли ҳар куни футбол, янги қирра ёки журналистика ҳақида сухбат қурардик. Бу инсон билан фикр алмашиш менга нафақат ёқар, балки кўп нарсани ўргатарди ҳам. Унинг танқидларни кулиб қарши олиши, барча масалага босиқлик билан ёндошишига қойил қолардим. Кейинчалик бу хислатлардан фақат 1тасини қисман ўзлаштирдим. Босиқликни эса... Тезда қизишиб кетиш менинг табиатимда бор ва бу менинг ожиз томонларимдан бири. Бироқ гина сақламайман. Тинчимни бузмагунларига қадар етарлича босиқ бўла оламан. Хуллас Хайрулла Ҳамидовдан жуда кўп нарса ўргандим дейишим мумкин. Ҳаётимдаги биринчи устозим отам бўлса, иккинчиси том маънода Ҳамидов эди. Ва бунинг учун улардан бутун умр миннатдорман.

Қўлимдаги газетага келадиган бўлсам, уни бир ўтиришда ўқиб чиқдим. “Одамлар орасида” учун пастки қаватдан бир хона офис қилиб олинганди. Хайрулла ака кўп ўтмай қайтиб чиқдилар. Шундан сўнг газета борасида камида 2 соатга яқин сухбатлашдик. Укаси тенги ҳам келмайдиган бола билан бу қадар кўп гаплаша олганликларини ҳозиргача тушунмайман. Журналистикада ҳеч нарса қилмаган, ундаги пасткашликлар-у қинғирликлардан бехабар ва бу сохага у қадар қизиқиши ҳам йўқ бўлган боланинг гаплари балки улар учун қизиқ бўлгандир, билмадим.

Шундан кейин мен мавзу қилиб оладиган масалаларни мақола кўинишига келтириш таклифи жуда кўп бўлди. Бу таклифга жиддий эътибор қаратиш учун менда ҳеч нима йўқ эди: “ҳеч қачон мақола ёзолмайман!”. Ҳа, мен қўрқардим. Мактабда қизлар берган эсдаликка нимадир ёзиш учун уч кун қийналадиган бола, бутун бир бошли газетага мақола ёзишини тасаввур қилиш қийин эди. “Ёзасан! Қўлингдан келади. Менга нима деган бўлсанг, шуни қоғозга тушир, вассалом. Қолганига ўзим ёрдам бераман!”

Ҳаётимда кичик инқилоб бошланди. Кетма-кет иккита омадсиз мандатдан кейин радиода овоз режиссёри бўлиб ишлардим. Ўтирсам ҳам, турсам ҳам мақола аслида нима деган саволга жавоб топишга интилардим. Охири ёзишга жазм қилдим. Айтишим керакки, умримда фақатгина 1та мақолани қўлда ёзганман, шундан кейин барча ишни компьютерда бажара бошладим. Ҳозиргача катта авлод журналистлари катта-катта мақолаларни ручкада ёзгани-ю, улардан аввалгилар сиёхдон билан перога қаноат қилганини ўйласам юрагим сиқилиб кетади J

Орадан бир ҳафталар ўтиб биринчи мақоламни ёзиб тугатдим. Албатта футбол ҳақида. Кейинчалик уни лотин алифбосида компьютерга тушириб, Хайрулла акага тақдим этдим. Ўша куннинг эртасигаёқ мақола “Одамлар орасида” газетасида босилиб чиқди. Бирорта жойи ўзгартирилмаган холда (!)... Ўзбек футболи менинг тасаввуримда қандай бўлиши керак бўлса, шуни ёзгандим холос... Ҳаммаси шундан бошланди. Ўз исм-шарифимни газетада кўриш ё хобби ёки шунга ўхшаш ёқимли нимарсага айланиб қолди. Кейин эса кетма-кет мақолалар...

Аввал ёзганларимни ҳозир ўқисам уялиб кетаман. Менимча бу хол журналистикага энди қадам қўйган ҳар бир ижодкор билан рўй берса керак. Ёзганимни ким қандай қабул қилади, у аслида тўғрими ёки йўқ, ўйламасдим. Борлиқни тушунганимча қабул қилардим ва шуни қоралардим. Балоғат даврига кириб келаётган бир пайтда болалигимдаги расмлардан тортиб, ўзим тушиб қолган ноқулай вазиятларни-да кўргани кўзим йўқ эди. Агар ўша пайтларда ўтмишни ўчириши мумкин бўлган delete тугмаси бўлганида, мен иккиланиб ўтирмай уни босган бўлардим. Бироқ инсон қарашлари мукаммаллашиб бораверади. Балки яна 4-5 йил ўтиб бугун ёзаётганим ҳам ўзимга эриш туюлар. Аслида ўзим ҳам шуни истардим. Чунки бу бир жойда қотиб қолмаганимдан далолат. Яна ким билади...

Бироқ бир нарсани аниқ биламан. Агар ёшроқ вақтим қоралаганларимни ўқувчи киши муаллифнинг ёшини ҳам билиб турса, ундан ўзгача завқ олиши мумкин. “Китоб дўкони қаерда?”, “Самимият излаб” каби мақолалар ҳақида бегона одамлардан бир қатор фикрлар ҳам эшитганман. Бу фикрлар мени қўллаш учунми ёки шунчаки хурсанд қилиш билмайман, билганим ниманидир ўзгартирмайди ҳам. Бироқ Халқаро журналистика факультетига хужжат топшириш қарорига келишимда бу воқеалар муҳим рол бўлиб хизмат қилган. Айниқса, ўқишга қадам қўйган иккинчи кунимнинг ўзидаёқ мендан иккита катта курсда ўқийдиган 4та талабанинг ёнимга келиб “шу ўқишга келишингизни билардик” дея мени илиқ қарши олишгани иккиланишга бўлган рухиятимни яхшигина кўтарган. Ундан ҳам бурун мен кейинчалик жуда яқин бўлиб кетганим Муҳрим Аъзамхўжаев, Аброр Қодиров каби дўстларимнинг журналистикага кириб келишлари учун жуда бир кичик сабабча бўлганимни доими ширин хотира билан ёдга оламан.

***

Халқаро журналистикага ўқишга кирганимдан кейин менда орқага йўл йўқ эди. Отам касб танлаш борасидаги қарорларимга ҳеч қачон қарши чиққан эмас. Дипломат ёки учувчи бўлиш орзуларим рўёби учун қўлидан келганича ҳаракат қилган. Ҳар икки сафар ҳам қоқилиб қолганим важидан мен журналистикада тўхташга қарор қилдим. Буни чин дилдан хоҳламаганимни тушуним учун менга 4 йил керак бўлди. Вахоланки отам учинчи ва жиддий қароримни яхшилаб ўйлаб кўришимни сўраб, биздаги журналистика қандай аҳволда эканини тушунтириб ҳам берганди. Аммо унинг аслида қандайлигини билиш учун бошимни суқиб кўришим керак эди. Суқдим... Пишириб ҳам қўйгани йўқ эди менга бу ерда деб ўйлаб қоламан. Таваккал қила олмаслигимдан тортиб, кўп масалада иккиланишимга қадар кўпинча панд беради. Лекин ўзим пиширган ош. Айланиб ҳам, ўргилиб ҳам уни ичаман.

Эркинликнинг кам экани, журналистика сохасидаги айрим кишиларнинг асл юзи (аслида иккиюзламачилар ҳамма сохада бор), менга Диёр эмас, Имомхўжаев деб қарашлари-ю, яна бир қатор майда нарсалар ҳамиша қўшимча юк бўлиб келади. Йўқ, мен фамилиямдан ийманмайман. У билан фахрланаман! Лекин нима қоралашимдан қатъий назар мендан олдин бу сохада бўлган уч кишининг мендан олдинги карьераси билан ҳисоблашишим кераклиги шу сохада бўлган қолган тенгдошларимдан мени ажратиб туради. Нима ёзмай, қандай лавха тайёрламай менга Имомхўжаевнинг ўғил ёки набираси сифатида баҳо беришади. Ўзим инсон ва унинг хунарини алоҳида-алоҳида баҳолашни ўргандим-у, ўзимга келганда бунга эришмадим, эриша олмайман ҳам. Оддий мисол, мен “Футбол шарҳи”да тайёрлаган лавхаларни умуман бошқа бир журналист, мутлақо бошқа каналга олиб чиқса, унга муносабат ҳозиргидек бўлмайди. Имомхўжаевлар бир-бирига ёрдам беришдан кўра кўпроқ ҳалал беради. 1та муассасада иккита бир хил фамилиядаги кишининг ишлаши қийин, маълум масала юзасидан 4та Имомхўжаев фикр билдиролмайди, фикрлари умуман бошқа-бошқа бўлган тақдирда ҳам. Ва 1тасининг қилган ишига бериладиган баҳога қолганлари ҳам қўшиб юборилади, алоқаси бўлса, бўлмаса.

***

Хайрулла Ҳамидов менга далда бериб, 2та мисолни келтириб ўтарди. Биринчиси ўзларидан бўлиб, “Холислик сари” дастури эфир юзини кўра бошлаган вақтларда уларга қаратилган гаплар бўлса, иккинчиси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғилларига тегишли гап эди: “Оловдан кейин кул қолади!”.

Гап шундаки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғилларидаги қироатга фақатгина ҳавас қилиш мумкин. Унинг қироати отасиникидан ҳам чиройлироқ ва майинроқ. Бироқ шайхнинг ўзлари мусулмон дунёси орасида қандай ўринга эга эканликлари, уларнинг билимлари аслида қандайлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Жумладан, уларнинг ўғиллари ҳам. Буни онгли равишда тушунган инсон сифатида у киши юқоридаги сарлавҳани кулиб айтган холос: оловдан кейин кул қолади. Одамлар ўғилга алоҳида шахсдан кўра, Шайхнинг ўғли сифатида қарайверишади...