Поиск по этому блогу

15 июня, 2013

Қатар билан ўйинга Шораҳмедов керак!

Бразилияда нафақат иқтидорли футболчилар, балки малакали мураббийлар ҳам  исталганча топилади. Лекин уларнинг аксарияти мамлакат бош жамоасини бошқаришни истамайди. Бунинг фақат биргина сабаби бор, мамлакатда барча ўзини футбол билимдони ҳисоблайди ва терма жамоа муррабийига камида 200 миллион киши таркиб борасида ақл ўргатади.
Худога шукр, бизда бу даражада эмас. Аниқроғи, мухлисларнинг аксарияти ўз фикрини билдиради, бироқ мазкур холат мураббий учун мамлакат миқёсидаги босим эмас. Энг қизиғи, тортишувлар бутун таркиб бўйича эмас, асосан 3-4 футболчи борасида бўлади: нега бу ўйинчи термага чақирилади ёки нега Гейнрих бошидан туширилмайди ва шунга ўхшаш. Корея билан ўйингача мен “Нега Акмал Шораҳмедов асосий таркибда тушади?” деган саволни учратмагандим. Бунинг сабаби оддий, у ҳозирги кунда ўнг қанот ҳимоячилари орасида энг яхшиси. Бу позицияда, шунингдек, Шавкат Муллажонов ва Ислом Иномов ҳам ўйнаши мумкин, лекин тезкорлик ва ҳужумга қўшилиш борасида Шораҳмедовнинг улардан устунлик томони бор. Санжар Турсунов терма жамоанинг муҳим 2 голига муаллифлик қилганида Акмалнинг ҳам етарлича улуши бор деб бемалол айтиш мумкин. Айнан у ўнг қанотни бутунлай ёпгани учун рақиблар марказга ўтган Санжарни бўш қолдиришди ва у яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланди.

Лекин Корея билан ўйинда тўп Шораҳмедовнинг бошига тегиб дарвозамизга бориб тушганидан сўнг, мағлубиятга ёлғиз у айбдор бўлиб қолди, гўё. Мен бугун футболда автоголлар учраб туриши, ҳатто жаҳон футбол юлзузи Криштиан Роналду ҳам ўз дарвозсини ишғол қилгани ҳақида гапирмоқчи эмасман. Агар ўша ўйинда термамиз ғалаба қозониб, Бразилияга йўлланмани қўлга киритганида, Акмалнинг автоголи эсланмасди ҳам. Афсуски, шу куни омад биздан юз ўгирди ва ўша гол учрашув тақдирини ҳал қилгани учун барча калтак Шораҳмедов бошида сина бошлади. Асосан муҳлислар томонидан. Футболчилар иложи борича уни қўллаб-қувватлашга интилишди. Сабаби бу қисмат уларнинг хар бири билан содир бўлиши мумкин эди. Мутаҳассисларнинг фикри ҳам деярли якдил бўлди: “Бу вазиятда Шораҳмедовни айблаб бўлмайди, у тўп Тўхтахўжаевдан ўтиб кетишини кутмаган, тўпга бош қўйишининг сабаби эса орқасида турган рақиб футболчиси эди. Яъни, у тўпга тегмаганда ҳам, рақиб ҳужумчиси бош билан зарба берарди. Агар тўп тўғри Шораҳмедовга келганда у совуққонлик билан уни майдон ташқарисига чиқариб юборган бўларди. Лекин кутилмаганда келиб қолгани учун у мўлжалда адашди”. Нечта мутаҳассис билан суҳбатлашган бўлсам, деярли барчасининг фикри шундай бўлди.

Энди сарлавҳа тўғрисида. Биз Қатарни ютишимиз шарт. Иложи борича йирик ҳисобда. Лекин буни ҳужумчилар сонини ошириш билан амлга ошириш мушкул. Сабаби Себастьян Куинтанадек ҳужумчилари бор Қатар термаси билан таваккал қилиш салбий оқибатларга олиб келиш катта эхтимол. Демак ҳужумкор қанот ярим ҳимоячилари катта аҳамият касб этади. Яъни, футболчиларимиз тўпни эгаллашлари билан икки қанот ярим ҳимоячиларимиз страйкерга айланишса, уларнинг ўрнини қанот ҳимоячилар тўлдиришади. Яна бошқачароқ ёндошсак, ҳар қандай тактика ҳужум пайтида 3-4-3 га айланди ва рақиб ҳужумни ҳам ўйламай, ҳимояда “автобус” ясашга мажбур бўлади. Албатта бу катта кучни талаб этади, айниқса қанот ўйинчиларида. Лекин термамиз тақдирини хал қиладиган ўйин учун футболчиларимиз бор кучларини сарфлашларига шубҳа йўқ. Чап қанот учун бу борада ижрочилар етарли. Денисов, Хасанов, Гадоевларнинг хар бири бу вазифани уддалай олади. Уларнинг тезлиги ҳам, жисмоний ҳолати ҳам меъёрида. Афсуски, ўнг қанотда вариантлар кам. Мен бу позицияда юқоридаги схемани уддалай оладиган фақат битта қанот ўйинчисини кўрмоқдаман – Шораҳмедов! Страйкер ролини эса Турсунов-Аҳмедов-Кападзе учлигидан бирортаси эплаши мумкин.

Шораҳмедов Жанубий Кореяга қарши ўйинни ёмон бошламаганди. Бироқ биргина автогол сабаб унинг руҳиятида ўзгариш пайдо бўлганини пайқаш қийин эмас. Менимча, ўтган бир ҳафта давомида у ўзини тиклаб олишга улгуради ва буни янги ўйиндаги муваффақият эвазига ювишга интилади. Бунда албатта мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши қанчалик рол ўйнашини айтиш шарт эмас. Агар мухлислар бу вазифани уддалай олишса, қолган футболчидардан фарқли ўлароқ Шораҳмедов икки ҳисса катта куч билан майдонга тушишига ишониш мумкин. Шу боисдан ҳам, ўзи билмаган ҳолда қилган биттагина хатоси учун Шораҳмедовни қоралаш ўрнига, унга ўнг қанотдан ҳужум уюштириб, сўнгги автоголини рақиб дарвозасига урилган гол билан ювишини тилаб қолайлик.

09 июня, 2013

Адолат

Ушбу мақола бундан тўрт йил муқаддам "Парвона" газетасида босилиб чиққанди. Газета бош муҳаррири Шуҳрат ака Шокиржонов уни бажонидил қабул қилганлар. Фақатгина орадан маълум вақт ўтиб мазкур мақолага жавоб беришга тўғри келган ва айнан "Парвона"нинг ўзида шу мақолага раддия эълон қилинган.
Тушунишим бўйича мендан ёши ва тажрибаси анча-мунча катта бўлган кишилар мақолани ўрганиб чиқишган ва уни ижобий қабул қилишмаган. Раддиядан кейин дўстим Муҳрим Аъзамхўжаевнинг оналари менинг ёнимни олиб "Парвона"га хат ёзганларини ҳам эслайман. Умуман мазкур воқеаларнинг барчаси мени хурсанд қилган. 18 ёшимда ниманидир бошлай олганимдан қувонган бўлсам керак ҳар холда. 
Ҳозир уни қайта ўқиб чиқиб, нега эътироз билдирганларига тушунмадим. Узуқ-юлуқ фикрлар. Уларнинг бир қанчаси шунчаки асоссиз экани билан ҳам ажралиб туради. Аммо у Исмат ака Ҳушевнинг диққатини ҳам тортгани эсимда. Шу боисдан уни "Дунё ўзбеклари" сайтида ҳам кўриб қолгандим. Ҳозир у ерда бор ёки йўқлигини билмайман. Лекин ўзимдан бошқалар ҳам унга эътиборли бўлишгани учун савол пайдо бўлаверади: унда ўзим тушунмаган қандайдир гап ёки фикр бормикан? Ўзимга қолса бу мақолада қандайдир катта нарса йўқ.Ҳаммаси жуда оддий ва ҳаммаси менинг ҳақиқатим холос...

Агар кимдир Ер юзидан адолат излаб тополмаса, хафа бўлмасин. Сабаби, у боқий дунёда осий бандаларга кўрсатиш учун олиб қўйилган. Инсон жуда хоҳлаган тақдирида ҳам уни бу ердан топа олмайди. Боиси — унинг адолати кимларгадир адолатсизлик бўлиб қолади.

Ўткинчи дунёда адолат ўрнатаман деганлар ҳам бу гаплари билан кимларгадир адолатсизлик қилиб қўйганлар. Нега дейсизми? Чунки ҳамманинг ўз ҳақиқати бор. Ҳақиқат учун курашаётган инсонларни Крилов масалидаги чўртанбалиқ, қисқичбақа ва оққушга ўхшатиш мумкин. Асли ҳақиқат ўртада-ю, лекин уни ҳамма ўз томонига тортаверади.

Қаерда тортишаётган одамларни кўрманг, ҳаммаси ўзича ҳақ. Ўртада адолат ўрнатиб бераман деб хомтама бўлманг, иккисини тингласангиз ҳам иккиси ҳақдек кўринаверади. Бир амаллаб айбдорни топиб берсангиз, тўртинчи одам сизнинг адолатсизлик қилаётганингиздан нолиб қолади. Бошингиз айланиб кетди-а? Фалсафа ўзи шунақа бемаъни нарса. Ичига кириб борганингиз сари сизни ташқарига улоқтириб ташлайверади. Ёмон томони ундан воз кечишнинг ҳам иложи йўқ. Чунки мусбатни манфий эмаслигини билиш учун математикадан олдин фалсафа ва мантиқ керак бўлади.

Сиз ҳам қачонлардир бу фанларни ўқигансиз, тўғрими? Бутун дарс давомида тинмай гапирасиз, мавзуни ичига кириб борасиз-у... Кейин нима деганингизни ўзингиз ҳам билмай қоласиз. Мен бугунги кун журналистларини худди шу манзарага қиёслайман. Йўқ, менимча адашдим. Журналистларимиз Италиядаги Пиза минорасига ўхшашади. Ҳамиша бир томонга оғиб туришади. Бу эса аудиториянинг ғашини келтириб, журналистларни босиб ўтиб кетишади.

Келинг, яна ўша Она заминимизга қайтамиз. У ерда адолат қисман ўрнатиб берилган. Сунъий равишда бўлса ҳам адолат мезонлари ишлаб турипти. Аниқроғи, уни ишлатишяпти. Кимда имконият бўлса, у ўзи учун адолатни мослаб олаяпти. Бунинг оқибатида Ироқ насронийлар оёғи остида хор бўлмоқда. Бу Бушга бир эмас, иккита оёқ кийимини улоқтиришга жазм қила олган ироқлик журналистнинг ҳақиқати. Лекин АҚШнинг нефтлари нега араб сарҳадларида бўлиши керак?! Бу ўша оёқ кийимларга чап бериб қолган Бушнинг ҳақиқати. Агар ўртада туриб бераман десангиз, бошингиз балога қолади. Чунки мен учун, сиз учун, балки у учун ҳам Ироқ ҳақиқати адолат. Лекин улар учун адолатсизлик! Сабаби ҳамма мусулмонлар террорист эмас, лекин ҳамма террористлар мусулмон деган ҳақиқати бор уларнинг. Бу гапда жон йўқ дейсизми? Ўша — жудаям оқдек кўринган Ироқ, Фаластин каби давлатлар жаҳон ҳамжамиятини шу қадар аёвсиз фикрлашга мажбур қилмоқда. Насроний боласига мусулмон расмини чизиб бер дея қалам берсангиз, албатта қўлига қурол ушлатиб қўяди. Бу баъзи мусулмонларнинг хато хатти-ҳаракатлари эвазига содир бўлади. Демак Ироқ ҳам, Америка ҳам ўзича ҳақ. Тинч юришни маслаҳат бераётган Россия ҳам ўзича ҳақ. Лекин кимлар учундир уларнинг учаласи ҳам ноҳақ. Адолат йўқ ўртада.

Ёки давлат газеталари билан хусусий газеталарни олайлик. Бири иккинчисининг наздида енгил-елпи ва бачкана нарсаларни чиқаради, лекин ҳамма уни сотиб олади. Иккинчиси эса биринчисининг наздида давлат нима деса шуни чиқаради, меъёрдан четга чиқмайди. Лекин аудиторияси нисбатан кам. Ўртада туриб берадиган йўлнинг ўзи йўқ. Туриб қолсангиз ҳам ё униси йўқ қилади, ё буниси.

Келинг, осонроқ мисол сифатида футболни олайлик. Ноҳақ одам қози бўлса, додингни кимга айтасан деган гап бор. Ҳакам ҳам худди шу мисолга мос тушади. Бу тарафга ҳуштак чалса у ёқдан сўкиш эшитади, у тарафга чалиб қўйса бу тараф сўкади. Мухлисларимиз ҳам ўзимизники-да. «Ур, мусулмонлар» деса ўлдириб қўйгандан кейин «ўзи нима гуноҳ қилганди» деб суриштира бошлайди. Кўриб кўзинг қувонади киши, шу мухлисларни чет эл ишқибозларидан нимаси кам деб қўямиз. Лекин журналистлар ҳам иккига бўлиниб олса ёмон бўларкан. Худди ўт ўчирувчилар ёнаётган жойга сув сепиш ўрнига, олов олиб бошқа уйларга ҳам қўяётганга ўхшайди.

Журналист аҳли давлат билан жамият ўртасида кўприк вазифасини ўтаб бериши керак. Лекин ўша кўприк икки томон оёғи остида хор бўлаяпти. Бунга ким айбдор? Албатта кўприк қурган инсон! Кўприкни мутахассис қуради. Лекин бугунги журналистлар кўпригини ҳар ким ўзига мослаб қуриб олаяпти. Энг ачинарлиси, бу журналист деган номга доғ тушишига олиб келяпти.

Илгари журналистларнинг хурмати баланд эди. Улар ўзларини хурмат қилардилар ва шу сабабли ҳам бошқаларни ўзларини хурмат қилишга мажбурлай олардилар. Энди эса журналист йўқ бўлиб бораяпти. У ўз ишини маромига етказа олмаётгани учун бошқалар унинг ишига аралашмоқда. Мухлислар наздида уларнинг ҳурмати «0» га тенг! Бири пул деб кимларгадир ишласа, яна бири кимнингдир манфаати йўлида ўзини қурбон қилаверади.

Санъатда устоз кўрмаган ҳофизни ҳеч ким бир чақага олмайди. Журналистика ҳам шундай, уни кимдандир ўрганиш керак. Калласига келган нарсани ҳамма ёза олади. Агар шуни журналист дейдиган бўлсак, унда бир тийинга қиммат эсдаликларни тўлдирганлар ҳам журналист бўлиб қолади. Мен бекорга мақолани адолат ҳақидаги тушунарсиз гаплар билан бошламадим. Ҳеч бўлмаса ўртадаги одамлар салгина адолатли бўлишлари керак. Ҳамма воқеалар кимнингдир манфаати йўлида содир бўлади. Америкада бекорга бомба портламайди, у ерда кимнингдир манфаати бор. Ироқ бекорга қамал қилинмайди, бу ишдан ҳам кимдир манфаатдор. Лекин журналист ўртада тура билиши керак. Унинг беш принципи ичида холислик деган тушунча ҳам бор. Американинг ҳужумини Би-Би-Си ахборот хуружлари билан бошлаб бераяпти. Бунга Ироқ журналисти рози бўлмай туфлисини ечиб отаяпти. Уларда ўз фикрида собит тура билишлик бор. Бизда фикрнинг ўзи борми? Ўзбекистон келажаги буюк давлат! Аҳолисининг 60 фоизидан кўпроғи ёшлардан ташкил топганининг ўзиёқ бундан далолат беради. Лекин шу гапни ким учундир ёзавериш ғалати. Уни ҳис қилиш керак, нима учун шундайлигини тушуниш лозим. Бизнинг ҳам даражамиз кўтарилиши керак. Ўзбекистон пахта планини ошиғи билан бажариб бўлди, энди жиддийроқ нарсалар ҳақида ёзадиган вақт ҳам келди. Бир пайтлар Амир Темур Европани Боязид зулмидан қутқарганда энг катта ишни чопарлар, яъни ҳозирги журналистлар қилиб беришган эди. Охирги пайтда ҳеч кўрдингизми қайсидир суднинг нотўғри қарорини кўтариб чиққан журналистни? Ҳар доим далада байрам! Бу кетишда омборга ўт кетиб қолмаса бўлгани. Чунки халқни тарбиялаши керак бўлган, адолатни тиклашга бел боғлайдиган журналистларнинг ўзи тарбияга муҳтож бўлиб қолди...

Бу гаплар албатта менинг ҳақиқатим, бошқа бир ҳамкасбимники, албатта, бошқача бўлади. Бусиз иложи йўқ. Мен фақатгина тўрт йил ўқиб бор-йўғи журналист бўлишимдан қўрқиб қолдим. Ҳақиқатни ёзадиган инсонлар ҳам бор. Лекин томчи дарёга ғарқ бўлиб кетади. Бўрининг емаса ҳам оғзи қон. Ҳар ким ёзган нарса ҳеч бир қийинчиликсиз газетада чиқиб кетаверса «ким ёзди — журналист ёзди», бўлаверади. Яна уларнинг таниш-билишлари кўплигини айтмайсизми. Радиода шамоллаб қолганлар, ТВда қўрқинчли одамлар кўп ишлашади. Универсал журналистлар кўпаймоқда деб хурсанд бўламизу, ўзимизнинг қўнғироқдек овози бор эски дикторларимизни барибир соғинамиз. «Бугунги хит-парадимизнинг 7-поғонасида бетакрор овоз соҳиби...» дейдиганлар ҳамкасбим эканлигини ўйласам юрагим орқага тортиб кетади. Бу гапларни мактаб ўқувчилари ҳам айта оладилар. Бетакрор овоз соҳибида ҳам овоз бўлса майлига, шундай тараққий этган замонда ҳам шпаклёвка ўхшамаган. Мих билан столни қирсангиз қандай товуш чиқса, шуни шеър қилиб айтилган варианти. Бу ерда ҳам адолат йўқ-да!

Бора-бора папараци ва журналистларни ажрата билишимиз керак-ку! Моддий манфаат йўлида ТВда чиқиш қилаётганлар ҳам журналист эмас. Уларга яна қандайдир бошқача ном ўйлаб топиш керак. Шу мақоламни бирор давлат газетасига олиб борсам, макалатурага ўз ҳиссамни қўшган бўламан. Чунки бу уларнинг ҳақиқатига тўғри келмайди. Лекин ўша буюк журналистларни бир жойга жамлаб ўртага пул ташлаб қўйинг, бир-бирини кўзини ўйиб олишга-да тайёр туради. Бу фақат ўй-хаёл эмас. Ишонмасангиз, ҳар йили журналистлар ўртасида ҳеч бўлмаса бир марта футбол турнири ўтказилади, бориб кузатинг, ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Парашютчи ва сапёр ҳаётида бир марта адашади, дейишади. Журналистлар ҳам шуни дастуриламал қилиб олишлари керак. Сабаби уларнинг ҳисоботлари мураккаб нарса. Тарғибот-ташвиқотни билмай туриб журналист бўлиш мумкин эмас. Ўз ҳақиқатини исботлаб бера олмай жар солиш журналистнинг иши эмас. Бу бора-бора фанатизмга олиб келади. Бу эса кейинчалик ўз ичимизда гуруҳларнинг шаклланишига сабаб бўлади. Буни оддийгина спорт ўйинлари ҳам бошлаб бериши мумкин. Икки томон ишқибозлари келиша олмай турганларида қайсидир журналист чиқиб бир томон бўлса ана сизга томоша!

Ҳар нарсага босқичма-босқич эришилгани яхшимикан, деб ўйлаб қоласан киши. Эл ҳурмат қилган журналистларимиз дастлаб газеталарда мусаҳҳиҳ (корректор) бўлиб ишлашган. Кейин тўрт қатор нарсани русчадан ўзбекчага таржима қилишган. Шуни ҳам саккизта жойига ўзгартириш киритилган. Замон талабчан бўлганидан кейин, димоғимиз ҳам кўтарилиб қоларкан. Ёзган нарсамизга кимдир ўзгартириш киритса қовоғимиз очилмайди. Уни ҳақиқатимизни бузганликда айблаймиз. Лекин газета учун унинг мансабдор шахслари масъул бўлишлари керак. Агар уларнинг ўзида ҳам бир нарса бўлмаса қийин масала.

Бир журналист «биз халқнинг савиясига қараб ишлаймиз», деган экан. Халқнинг савиясини белгилашга унинг кучи етармикан? Ўзбек халқи майда-чуда нарсаларга кўп вақтини сарф қилса ҳам, савияси бошқалар ўйлаганчалик паст эмас! Фақатгина узоқ уйқудан уйғониш бироз қийин бўлмоқда. Мен ўша масофани яна Амир Темур замонига олиб бормоқчиман. Эшитган бўлсангиз керак, унинг икки нафар энг яқин ёрдамчиси ҳақида. Улар Ер юзининг деярли ярмини босиб олган инсон ҳақида ҳамиша танқидий фикр билдирганлар. Мана сизга бу дунёда адолат ўрнатишга ҳаракат қилиш. Бугун шу ишни журналистлар амалга оширишлари лозим. Лекин журналистлар бор маҳоратларини дори рекламасига бағишлашмоқда.

Хуллас, бу дунёда адолатнинг ўзи йўқ нарса экан. Ким ҳақлигини ҳам ёлғиз Ҳақ биларкан. Модомики шундай экан, ҳамма ўз ҳуқуқини ва вазифасини билиши керак. Ҳа, ҳеч бўлмаганда ҳуқуқимизни билишимиз керак. Инсоннинг адолатга бўйи пастлик қиларкан. Лекин ўз ҳуқуқини яхши билганлар ҳеч бўлмаса ўз ҳақиқатлари учун кураша оладилар, ўзларини адолатсизликдан ҳимоя қила оладилар. Ўз ҳуқуқини билган киши яшил формани кўрса Азроилни кўргандек бўлмайди. Декан ёки бош муҳаррир йўқлаб қолса ўзини ажалдан хабар келгандек ҳис қилмайди. Ўз ҳуқуқини билмаган тақдирда эса жуда қўпол қилиб айтганда итнинг орқа оёғи бўлиб қолаверади. Етар энди шунча ухлаш. Баҳор ва ёз ўтиб қишга ҳам келиб қолдик.

08 июня, 2013

"SPORT-TV"да футбол транслациялари сони нега камайди?

Маълумки, нафақат Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (МТРК), балки исталган бошқа мамлакат телевидениеси муаллифлик ҳуқуқи нормаларига амал қилишга мажбур. Айниқса, ўша мамлакат бу борада турли ташкилотларга аъзо бўлса, талаблар янада қаттиқлашади. Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган қатор халқаро ташкилотлар, чунончи, ЮНЕСКО, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ЖИМТ), Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) билан турли йўналишларда халқаро ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, Ўзбекистондаги мазкур ҳолат нафақат ЮНЕСКО, ЖИМТ, ЖСТ, балки Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ва бошқа тегишли идоралар томонидан назорат қилинади. Яқинда қабул қилинган қарорга кўра, МТРКнинг “Спорт” канали эндиликда Европа миллий чемпионатларидан Англия, Испания ва Италия биринчиликларининг трансляцияси ҳуқуқини қўлга киритмагунича намойиш қилмайди. Бунинг учун МТРК тегишли ташкилотлардан телетрансляция ҳуқуқини сотиб олиши талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йилдаги “Спорт” телеканалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорини спорт мухлислари томонидан хурсандчилик билан кутиб олдинди. Қарор ижроси ўзини кўп куттирмади ва 2004 йилнинг илк кунидан бошлаб “Спорт” телеканали эфирга узатила бошланди. Канал бир қатор студиялардан иборат бўлиб, улар орасида “Трансляция ва сунъий йўлдош орқали олиб кўрсатиладиган дастурлар студияси” (ТСЙОКДС) алоҳида ўрин тутади. Қайд этиш керак, мазкур студия канал эфир соатларининг катта қисмини қамраб олади. Бироқ шуни унутмаслик керакки, ТСЙОКДСнинг фаолияти бевосита муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ. Трансляцияларнинг асосий қисми хорижий компаниялар билан ҳамкорликка қараб қолгани сабабли канал муаллифлик ҳуқуқи нормаларига деярли ҳар куни дуч келиши табиий.

Бу борада МТРК секин-аста қамров доирасини кенгайтириб бораётгани сир эмас. Мисол сифатида компаниянинг сўнгги жаҳон (2010 йил, ЖАР) ва Европа (2008 йил, Австрия ва Швейцария, 2012 йил, Украина ва Польша) чемпионатлари ўйинлари трансляция ҳуқуқини сотиб олганини кўрсатиш мумкин. Шунингдек, Ёзги ва Қишки олимпиада ўйинлари трансляцияси ҳам МТРК томонидан муаллифлик ҳуқуқи меъёрлари асосида қўлга киритилди. Аммо яна бир қатор мусобақалар борки, компания мазкур турнирлар телетрансляцияси ҳуқуқини босқичма-босқич қўлга киритишни мақсад қилган. Улар орасида “Спорт” телеканали эфир соатларининг энг катта қисмини ташкил қиладиган, шунингдек, кўпчилик кузатиб борадиган Европа миллий чемпионатлардир.  

“Спорт” телеканали бугунга қадар Европа миллий чемпионатлари трансляцияси ҳуқуқини қўлга киритмаган. Лекин канал мухлислар талаби ва истакларидан келиб чиқиб Европа яшил майдонларида бўлиб ўтадиган қизиқарли учрашувларни имкон қадар эфирга узатишга ҳаракат қилди. Бу борада “Спорт” канали жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари телеканалларини ҳам ортда қолдиргани ҳолда, ўзи истаган ва мухлислар учун қизиқарли бўлган ўйинларнинг барчасини намойиш қилиб келди. Гарчи сифат борасида трансляциялар мақташга арзигулик бўлмаса-да, канал ўз имконияти даражасида аудитория талабини қондиришга интилди. Аммо бу жараён узоқ давом этиши мумкин эмасди. Эртами-кечми, МТРК мазкур ҳолатга барҳам бериши ва трансляция ҳуқуқини қўлга киритиши талаб этиларди.

“Спорт” канали Англиянинг “Advisers Media Internatioanal” (AMI) ҳамда “Eurasian Broadcasting Enterprise LTD” (EBEL) компанияларига тегишли бўлган ҳуқуқдан фойдаланиб келди. AMI Англия Премьер-лигаси ўйинлари телетрансляция ҳуқуқига эгалик қилса (2011/2012, 2012/2013), EBEL бу борада Италия “А” серияси ва Испания BBVA лигаси (2012/2015) ўйинларининг айрим давлатлар учун телетрансляция ҳуқуқини қўлга киритган. Компаниялар веб-сайтида ёзилишича, уларга тегишли ҳуқуқдан фойдаланиш учун Арманистон, Беларусь, Грузия, Молдова, Озарбойжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистон каби мамлакатлар бевосита компаниянинг ўзи билан музокара олиб боришлари керак бўлади.

МТРК “Спорт” телеканали билан боғлиқ бўлган трансляция масалаларини айнан Европа миллий чемпионати ўйинларидан бошлашга қарор қилган кўринади. Боиси каналда Европанинг бир қатор миллий чемпионати ўйинлари трансляцияси тўхтатилди. Аммо кўринишидан Европа Чемпионлар лигаси, Европа лигаси, шунингдек, Россия, Франция, Германия каби чемпионатлар трансляцияси борасидаги ишлар кейинги босқичда кўриб чиқилади. Сабаби мазкур мусобақалар трансляцияси ҳозирча тўхтамаган. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, энг қизиқарли ва керакли бўлган мусобақаларнинг трансляция ҳуқуқини МТРК босқичма-босқич сотиб олишга ҳаракат қилади.    

Умуман, МТРК илк эътиборни энг кучли 3та лигадан бошлагани мантиқан тўғри. Зеро айнан мазкур лигалар трансляциясига бўлган талаб жуда катта ва қаттиқ назорат қилинади. Шу боисдан муаллифлик ҳуқуқи меъёрларига амал қилмаслик нафақат канал, балки мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан Англия Премьер Лигаси (АПЛ) ўйинлари трансляция ҳуқуқини 200га яқин мамлакат сотиб олади. Унинг умумий аудиторияси 5 миллиард киши деб олинишининг ўзиёқ, Англия миллий чемпионати нуфузини кўрсатиб турибди. Мазкур рақамлар орасида Ўзбекистондаги аудитория ҳам ҳисобга олингани катта эҳтимол. Демак, “Спорт” канали АПЛ ўйинларини намойиш қилишини тегишли халқаро ташкилотлар яхши билишади.

Ўзбекистонда ЖСТга аъзо бўлишга тайёргарлик жараёни учун алоҳида ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, у мамлакат ҳудудида муаллифлик ҳуқуқи меъёрларини амалга ошириш механизмларини ҳам кузатиб боради ва бу борада Ҳукуматга тегишли тавсиялар беради.
“Спорт” канали билан боғлиқ вазият юзасидан халқаро ташкилотлар кўринишидан ҳозирга қадар кескин қарор қабул қилишмаган. Ўз навбатида, ЎзМТРК ва умуман, Ўзбекистон ҳукумати ҳам кескин чора кўрилишини кутиш ниятида эмас.

“Спорт” телеканали еврофутбол ихлосмандларининг талабини қондириш учун ҳаминқадар ҳаракат қилди ҳамда “Al-Jazeera”, “Eurosport”, “Россия-2” каби каналлар трансляциясидан фойдаланди. Бироқ бунда сифат ва тўлақонли трансляция кафолатланмайди. Сигнал баъзан жуда ёмон бўлиши ёки узилиб қолиши ҳоллари кўп кузатилади. Бундан ташқари жонли эфир жараёни режиссёрлар учун бош оғриқ бўлиб, улар ўйинни бошлаб берадиган ҳакам ҳуштаги ва финал ҳуштагига тақаб трансляция тақдим этишади. Боиси жонли эфирда сигнал қабул қилинаётган канал бошқа кадрга ёки рекламага ўтиб кетиши катта эхтимол. Шундай вақтлар бўлганки, муҳим ўйинларни Россия ёки Қозоғистоннинг бирорта канали намойиш эта олмаган бир вақтда “Спорт” телеканали тоза интершум билан ўша учрашувни жонли равишда эфирга узатган. Яъни, ўзбекистонлик футбол мухлисларининг талаб ва истаклари ҳурмати канал таваккал қилишга мажбур бўлган.

Юқорида номлари кўрсатилган AMI ҳамда EBEL компаниялари билан ҳамкорлик ҳуқуқий жиҳатдан йўлга қўйилса нафақат трансляция сифати, балки уларнинг шарҳлари ҳам сезиларли равишда яхшиланади. Жамоаларнинг ечиниш хонасидан чиқиб келишидан тортиб, улар майдонни тарк этгунларига қадар бўлган вазиятлар бемалол намойиш этилади. Айни вақтда МТРК мазкур вазият юзасидан музокарага киришишга тайёргарлик кўраётгани катта эҳтимол. Бу, биринчи навбатда, канал эфир соатлари вақтининг сифатли тақсимланишига замин яратса, иккинчи томондан халқаро келишувлар талабига тўлалигича жавоб беради.

Россиянинг “НТВ+” канали АПЛ ўйинлари трансляцияси ҳуқуқини 2 йил деганда қайтариб олишга муваффақ бўлгани хеч кимга сир эмас. Унга кўра, мазкур канал навбатдаги уч мавсум (2013/14, 2014/15 ва 2015/16) давомида Англия чемпионати ўйинларини намойиш қилади. Режага кўра, канал 1та мавсумнинг 220 дан ортиқ ўйинини олиб кўрсатишни режалаштирган. Россия телеканаллари орасида рақобатнинг кучли эканини инобатга оладиган бўлсак, бу “НТВ+” учун катта ютуқ эканини тушиниш мумкин. Ўзбекистон шароитида эса, фақатгина МТРК бу ҳуқуқни қўлга кирита олади. Трансляция ҳуқуқини сотиш борасида AMI, EBEL каби компаниялар камида 5-6та пакет таклифи билан чиқишлари катта эҳтимол. Янги босқичга эндигина кириб келаётган ЎзМТРК учун энг камтар пакет ҳуқуқини қўлга киритиш ҳам катта ютуқ. Бу билан футбол мухлислари тоза интершумга эга бўлган сифатли ҳамда кафолатга эга трансляциялардан баҳраманд бўлишади.

Шу ўринда савол туғилиши табиий: “Спорт” телеканали ОФК тасарруфидаги мусобақалар трансляцияларини қандай қўлга киритади? Яхши биласизки, ОФК бир неча йилдан бери “World Sport Group” (WSG) компанияси билан ҳамкорлик қилиб келади. Яъни, ОФК тасарруфидаги барча мусобақаларнинг финал босқичи телетрансляцияси ҳуқуқи бевосита WSGга тегишли. Масалан Осиё чемпионлар лигаси (ОЧЛ). Табиийки, WSG ОЧЛда жамоаси иштирок этадиган барча малакатга ўз техникаси билан етиб бора олмайди. Шу сабабли компания Ўзбекистон ҳудудидаги ўйинларни сунъий йўлдошга узатиш учун МТРК техникасидан фойдаланишга мажбур. Демак, ўртада ўзаро бартер юзага келади ва маҳаллий канал чемпионлар лигасининг Ўзбекистондан ташқарида бўладиган ўйинларини ҳам трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга киритади.

“Спорт” телеканали ва умуман, МТРК мухлислар талаб ва истакларини хурмат қилгани ҳолда, ўз имконияти даражасида фаолият олиб боради. Бироқ халқаро ўйинлар трансляцияси мураккаб масала ва унинг ҳуқуқини қўлга киритиш ҳазилакам маблағни талаб қилмайди. Мен кучли учлик миллий чемпионати ўйинларининг трансляцияси тўхтатилганини олдинга қадам деб баҳолаган бўлардим. Муаллифлик ҳуқуқи қачон ва қай тариқа қўлга киритилиши бизга қоронғу. Муҳими, МТРК раҳбарлари масаланинг нечоғли аҳамиятли эканини яхши тушуниб туришибди ва ишонамизки, бу борада олдинги силжиш албатта бўлади. Агар компания трансляция ҳуқуқини босқичма-босқич қўлга киритадиган бўлса, бу футболга бефарқ бўлмаган барча-барчанинг бирдек ютуғи ва қувончига айланади. Мухлислардан талаб қилинадигани эса озгина сабр ва ишонч. Янги мавсумдан бошлаб сифатли ва ишончли трансляциялар шоҳиди бўлишга умид билдириб қоламиз.