Бугун Чирчиққа
кетаётганимда Альфия Мамаевна деган аёлни эсладим. Бундан 4-5 йил муқаддам
Динара Дўлтаеванинг таклифига биноан Фонд Форум ва Келажак овози ташкил этган
ўқув-семинарда иштирок этгандим. Альфия Мамаевнанинг маърузаларидан кейин
чиқарган илк хулосам шундай бўлган: журналист бўлиш учун журналистикада 4 йил ўқиш
шарт эмас. Бошида алам қилган, кейин эса аниқ хулосамамга сабаб бўлгани учун
кўнглим кўтарилган.
Журналист бўлиш орзусида
бўлган ёшлар учун медиа-лагер ташкил этилгани шу томондан яхши. Мен таҳсил
олган факультетдан фарқли ўлароқ бу лагерга аниқ мақсади бор ёшлар келади. Бу
бирлашиш учун шароит, ўрганиш учун асос.
Журналист ўз касбининг
устаси бўлиш учун амалиёт билан хамнафас бўлиши жуда муҳим. Унинг принциплари,
ОАВ позицияси, журналист қарашлари, касб маданияти ва умуман бошқа икир-чикирлар
борасидаги кўникмаларни эгаллаш йўлида фақатгина шу ихтисослик дипломи у қадар
шарт эмас IMHO. Медиа-конференция, лагер ва бошқа қатор учрашувлар ёш журналист
қарашларини шакллантириб боради. Ўз принципларига эга бўлишига кўмаклашади.
***
Кимга қандай билмадим,
журналист ҳаётда ҳам шундай бўлиши керак. Яъни, журналистнинг ҳаётий
принциплари касбий принциплари билан уйғунлик ҳосил қилгандагина унга ишониш
мумкин. Бироқ шундай нарсалар борки, ўз принципларингни ҳимоя қилиш учун маска
кийишга мажбур бўласан. Бу олдин ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Ўтмишдан
мисол сифатида Абдулла Қодирийнинг бир нечта тахаллуси бўлгани-ю, ҳозирги кун
журналистининг бошқа ник билан фикрларини баён қилишини айтиб ўтиш мумкин. Бу
мен учун иккиюзламачилик эмас. Мен учун муҳими фикрнинг бор экани. У қандай
холда баён қилиниши муаллифнинг позициясига боғлиқ ва агар у фикрни ўз номидан
баён қилмаган бўлса ҳам мен уни иккиюзламачига чиқара олмайман, бунга маънан
ҳақиқим йўқ. Журналист бунда қўрқоқлик ёки эхтиёткорлик қилган бўлиши мумкин.
Ёки ўзлигидан кўра образида ўзини эркин ҳис қилиши катт эхтимол. Ажабланиш шарт
эмас.
Чирчиқдаги медиа-лагерда
бўлиб ўтган учрашув ёқимли бўлди. Дебатнинг янада жонлироқ, янада тажовузкорроқ
ва провакацион саволларга янада бойроқ бўлишини ҳам хоҳлардим хатто. Чунки
нафақат ўзим, балки мен билан бирга медиа-лагерга ташриф буюрган шерикларим –
Қобил Хидиров, Аброр Қодиров ва Бобур Абидов бунга тайёр эдик. Тайёрлигимизни
билим ёки илм нуқтаи назаридан эмас (ортиқча камтарликсиз мен ўзимни билимли
деб ҳисобламайман), ўз касбий ва ҳаётий принципларимизга эга эканлигимиздан
келиб чиқиб айтдим. Яъни, иккиюзламачидан-да баттар таъриф берилганида ҳам буни
ўта хотиржамлик билан инкор қилиш мумкин эди. Муҳими фикрнинг бор экани.
Кимнидир иккиюзламачи сифатида кўриш учун ҳам инсонга фикр керак бўлади.
***
Журналистика учун энг
хавфли фирқа – ўз қарашларини жуда тезкорлик билан ўзгартириб турадиган
журналистлардир. Макон ва замонга мослашишни махорат деб биладиган кишилар мослаша
олмайдиганларидан кескин фарқ қилгани каби, ҳар икки фирқадан айри бўлиб, мутлақо
бошқа йўлни афзал биладиган кишилар тоифаси ҳам бор. Кўп холларда дастлабки
икки гуруҳ учинчисини қабул қила олмайди ёки шунчаки иккиюзламачиликда айблаб
қўяди. Ҳаётга шундай кўзойнак билан қараганда журналистлар ҳам кўзга фақат икки
хил бўлиб кўринади – оқловчилар ва қораловчилар. Аммо журналистиканинг суд ёки
бир-бирининг кўзини ўйишгада тайёр айрим партиялардан фарқли томони ҳам шунда –
учинчи йўлнинг бор экани. Ва умуман ким қайси йўлни танлашидан қатъий назар,
унинг ҳеч бирини қоралаб бўлмайди. Ҳар кимнинг ўз фикр ва қараши бор. Фикр ва
қарашга эга бўлмаганлар ҳам йўқ эмас.
Зарнигор Омонуллаева деган
қиз бугунги учрашув қаҳрамони бўлди дейиш мумкин. Зеро унинг фикрини
тингловчилар қарсаклар билан қарши олишди. Кейин эса саволга бўлган жавобларга
шундай реакция билдиришди. Яъни, ўз фикрини қўрқмай билдириш орқали сухбатдошга
провакацион савол бериш ҳам, провакацион саволга жуда оддий ва баъзида
ҳазиломуз жавоб бериш ҳам аудитория томонидан илиқ қарши олинди. Твиттердаги
аккаунти @DiliKadirova бўлган қизнинг гапида жон бор: “ҳар бир ҳазил ортида
ҳақиқат ётади”.
Зарнигор ўз принципига эга
қиз. Ҳар холда менда шундай таассурот қолдирди. Яъни, ўз қарашларини ҳар қандай
жойда ҳимоя қилишга интилади. Бу холат таҳсинга сазовор. Зеро мен принципсиз
журналистни у қадар хурмат қила олмайман. Аммо унинг 1та саволи ҳали ҳам
ҳаёлимда айланиб юрибди: “сиз давлат учун нима қилиб қўйгандингиз-у, уни танқид
қиласиз?!” Хаддан ташқари умумий савол бўлди. Ҳаёлимга биринчи бўлиб ЎФФ
президенти Мираброр Усмоновнинг “Футбол шарҳи” кўрсатувида қилган чиқиши келди.
Ана энди савол: ниманидир танқид қилиш учун унга нимадир бериш шартми? Ёки
аксинча, нимадир қилиб қўйган инсон хоҳлаган ишини қилиши мумкинми? Биринчи
савол бизга қаратилган бўлса, иккинчиси саволга савол билан жавобдир. Унга
таълуқли барча масала шунинг ичида жам.
Чирчиқдан қайтишда
“Осмондаги болалар”да Лутфулла Саъдуллаев яратган образ ҳаёлимга келди: “Мен
тараканман! Та-ра-кан! Суварак! Сувараклар хато атом бомбасининг ичида ҳам
кўпайишаркан”...
***
Учрашув блог юритиш
масаласида бўлгани учун бу нарса бевосита твиттер микраблогидаги фаолият билан
уйғунлашиб кетди. Ундаги маска, образ ёки иккиюзламачилик каби қарашлар
сухбатнинг энг кульминацион нуқтаси бўлиб қолди дейиш мумкин. Аниқроғи, ўз
исми-шарифи билан эмас, тахаллус ёки бошқа ник билан билдириладиган кескин
фикрларга урғу берилди. Ўзбек блоггерларининг твиттер ёки бошқа ижтимоий
тармоқлардаги танқидий чиқишлари бевосита Ўзбекистон номи учун яхши PR бўлиб
хизмат қилмайди-ку қабилида фикрлар билдирилди.
Фикрларнинг барчасида жон
бор. Яна қайтараман, фикрнинг бор экани ёқимли. Аммо журналистнинг бошқа касб
вакилларидан озгина фарқи танганинг иккинчи томонини ҳам кўра билишда. Блоггингда
сиз энг асосийси ўз принципларингизга содиқ қоласиз. Бунда сиз фикр берасиз,
бунда сиз хулоса учун йўл кўрсатишга интиласиз. Твиттер аккаунти ҳам шундай
нарса. Бу ерда муаллиф ўзи истаган образга кириши мумкин ва бунга тўла ҳақли.
Уни кузатиб бориш ёки бормаслик масаласи ўқувчининг ўзига боғлиқ бўлгани бир
холда, сиз жинингиз суймаган кишини ўқиб боришга мажбур эмассиз. Шу билан бирга
у ҳам сизнинг талаб ва принципларингизга бўйсунмай фаолият олиб боришга ҳақли:
ҳар қандай мавзу ва ҳар қандай образда. Бунга уни мажбур қиладиган сабабларни
билмай туриб хулоса чиқариш эса танганинг иккинчи томонини кўрмаслик бўлиб
қолади.
Инсон жамиятни ўз принципларига
ҳеч қачон бўйсундира олмайди. Энг фашист диктаторлар ҳам бунинг уддасидан чиқа
олган эмас. Аммо ўша бошқа бировга зарари тегмайдиган тарзда эркин яшаши мумкин
ва бунга ҳақли. У ўз твиттерида сўкиниб ёзиши ёки ўзини жамият қарашларидан
бошқача тутишида шахсан мен учун ғайриоддийлик йўқ. Беш қўл баробар эмас.
Муҳими у ҳар қандай кўринишда фикр бера олиши. Амалдор инсоннинг ёлғон ёки ўзи
ҳам ишонмайдиган ахборотидан кўра, қандайдир пионистанинг конкрет фикри жамият
учун қизиқроқ бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда мен учун.
Ана энди савол: принцип ва
қарашларининг ўзгариши ҳокимият ўзгаришига боғлиқ бўлган кишилар кимлар? Ўзини
оқловчилар қаторида кўрсатиб, буни чин дилдан қилмайдиган кишилар кимлар? Тили
бошқа-ю, дили бошқа журналистларчи? Тасаввур қилинг сиз амалини суистеъмол
қилаётган амалдорни кўриб қолдингиз. Мен давлат учун нима қилиб қўйибманки,
унинг ишчисини танқид қиламан қабилида иш кўрасизми? Қайсидир мавзудаги
фикрингиз касбий фаолиятингизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, сиз фикр
билдиришдан қўрқиб уни ичингизга ютасизми? Ўша фикрни бошқачароқ услубда
билдиришнинг имкони бўлган тақдирда ҳамми?! Агар менинг исм-шарифим твиттердаги
образимни инкор қилса, ҳеч нарса янги образ яратиб олишимга ҳалал бермайди.
Агар фикрни баён қилиш ва қарашларини образ орқали асослаш иккиюзламачилик
бўлса, унда иккиюзламачи бўлишни хоҳлайман. Ҳар холда бу таракан бўлишдан
яхшироқ IMHO
Mavzudan tashqari savol: Qobil Xidirov necha yoshda?
ОтветитьУдалить