Бундан бир йил муқаддам Алексей Евстафеев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-22 терма жамоаси Непалдаги саралаш турнирини аранг иккинчи ўринда якунлаганди. ЎФФ терма жамоалар маркази саралашга қандай юзаки кўз билан қараган бўлса, турнирнинг финал босқичига 4 ой вақт қолганида ҳам бу эътибор ўзгарган деб бўлмайди.
Катмандудаги саралаш турнири кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Мезбонлик учун мутлақо тайёр бўлмаган Непал футболчилар учун шунчаки қўрқинчли шароит яратиб берган. Қайсидир футболчига ётоқ етмаганидан тортиб, улар тамадди қилган таомлар рўйхатигача киши ҳафсаласини пир қиларди. Вахоланки ОФК саралаш мезбонлигини жон деб Ўзбекистонга топшириши мумкин эди. Бироқ на Ўзбекистон ва на Иордания бундай таклиф билан чиқишди. Миллий терма жамоанинг эртанги кунини белгилаб берадиган авлодга эса эътибор бироз ўзгача бўлса зарар қилмасди албатта.
Иорданияликлар Катмандудаги вазиятни ҳар қалай чамалай олишди. Делегация сафига маҳаллий ошпаз қўшилган бўлиб, у футболчилар учун зарур калорияли таомларни тайёрлашга сафарбар этилганди. Натижа эса эътиборга яраша бўлди: Иордания 4та ўйиннинг барчасида ишончли ғалабага эришди. Ҳаммасига биргина ошпаз сабабчи дейиш учун блог ёзмадим. Шунчаки мен терма жамоалар маркази профессионал бўлишини жуда хоҳлайман! Ҳар бир жабхада! Зеро Мираброр Зуфаровичнинг сўзларига кўра ЎФФ чиқимлардан қочадиган ташкилот эмас.
Ўзбекистонлик футболчилар ўша саралашда аксинча реакция кўрсатишди. Дастлабки икки турда қийин ғалабаларни қўлга киритган вакилларимиз (рақиблар Бангладеш (!) ва Непал (!), 3-турда Яман билан дурангга имзо чекишди. Шу тариқа сўнгги тур олдидан Ўзбекистон Яман билан рақобатлашишга маҳкум этилди. Турнир фаворити Иорданияга қарши ўйинни 1:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилаётган Ўзбекистон, ўйин якунига 10 дақиқа қолганида ўз дарвозасидан 3та гол ўтказиб юборди. Параллел ўйинда Яман 1та кўп гол урганида ёки иорданияликлар Ўзбекистон дарвозасига тўртинчи бор йўл топишганида ҳаммаси фожеали якун топарди. Ижозатингиз билан арзимагандек кўринаётган ошпаз масаласига яна қайтаман. Агар сиз ҳам бир ҳафта кўнглингиз тусамаган таом билан кифояланиб, қўшимчасига 3та ўйинда майдонга тушган бўлсангиз, тўртинчи ўйиннинг сўнгги 10 дақиқасида 3та гол ўтказиб юборишингизни кутилмаган хол деб қабул қилмайман. Гарчи миссия бир амаллаб бажарилган бўлсада, мен буни қониқарсиз иштирок деб баҳолайман. Ва бунда бош мураббий Алексей Евстафеевни айблашларига ҳам жиддий қарши чиқаман.
Ҳозир Алексей Евстафеевнинг гарданига бир йўла 2та терма жамоа юкланган: Ўзбекистон U-19 ва U-22. Айнан мана шу омил 2014 йилнинг 11-26 январь кунлари Уммонда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига эътибор камроқ деган хулосамга сабаб бўлди. Боиси айни пайтда Алексей Евстафеев бор диққат эътиборини Қатар мезбонлик қиладиган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш турнирига қаратган. 1995 йилда таваллуд топган футболчилар терма жамоаси 4-12 октябрь кунлари оралиғида мезбон Қатардан ташқари Туркманистон, Ҳиндистон ва Непал ёшларига қарши кураш олиб боришади. Мазкур турнир якунидан кейин Евстафеев табиийки 22 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионати ҳақида бош қотиради. Бунда эса Осиё чемпионати сари тайёргарликни бошлаши керак бўлган (насиб қилса) ёшлар терма жамоаси иккинчи планга ўтади.
22 ёшли футболчилар термасига жиддий эътибор қаратиш кераклигини унга жалб қилиниши мумкин бўлган футболчилар номидан ҳам билиб олиш қийин эмас: Жамшид Искандаров, Игорь Сергеев, Владимир Козак, Аббос Махситалиев, Дилшод Жўраев, Сардор Рашидов, Алибобо Раҳматуллаев, Сардор Собирхўжаев, Шохруҳ Гадоев, Бобур Йўлдошев ва ҳоказо. Мазкур футболчилар яқин вақт ичида миллий терма жамоадаги қарияларни алмаштиришлари катта эхтимол. Демак, уларга ҳам жиддий эътиборда бўлиш зарар қилмайди. Айни пайтда ишсиз юрган ва терма жамоалар учун фойдасига тегиши мумкин бўлган мутахассислар талайгина. Биринчи бўлиб ёдимга келгани Рауф Инилеев. Бу борада кичик бир рўйхат ҳам тузиш мумкин.
Рауф Инилеев ёшлар билан ишлашда жуда ас қотадиган мутахассис. Роберт Гай бошқарувидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига берган унинг таърифи ўша вақтда менга жуда ёққанди. ОАВ учун айтилмаган фикр бўлсада, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасидан Инилеевнинг кўнгли тўлмаётганини билиш қийин эмасди. Бунда жамоадаги тартиб ва интизомга Талгатович алоҳида эътибор қаратиб ўтган. Натижа кўпчиликнинг ёдида – Тошкент мезбонлик қилган турнирда Ўзбекистон ўсмирлари мундиал чиптасини қўлга кирита олишмаган. Футболни тушунадиган инсон учун бу ҳам оғриқли нарса эмас.
14 август санаси учун Ўзбекистон миллий терма жамоасига рақиб топилмаган бир пайтда, Алексей Евстафеев ҳам бундан унумли фойдаланиб қолиши мумкин эди. Чунки Ахмаджон Мусаев мураббийлик қилган жамоа асосини барибир 22 ёшгача бўлган терма жамоага номзод футболчилар ташкил этишди. Бироқ юқорида айтганимдек, Евстафеев ҳозирча ёшлар термаси ғами билан овора. Унинг малакасига шубҳа қилмаган ҳолда айтиш керакки, бир вақтнинг ўзида бир-биридан тубдан фарқ қилувчи терма жамоаларни бошқариш ҳар қалай осон иш эмас.
Яна қўшимча қилиш керакки, икки йил ўтиб терма жамоалар маркази Ўзбекистон U-22 терма жамоасига жуда жиддий эътибор қаратади. Боиси ўртага олипиада чиптаси тикилган бўлади. Ҳозирги жамоа олдида эса қандайдир улкан вазифа йўқ. Шунчаки футболчиларнинг аксарига Осиё чемпионатида армон бўлиб қолган ғалаба учун яна бир бор ҳаракат қилиш имкони берилади. Менимча бу жуда керакли нарса. Айниқса футболчилар учун.
Арзимаган муаммо ҳақида шунча нарса қоралаш шарт эмасди, тан оламан. Мен ошириб юбордим...
Комментариев нет:
Отправить комментарий