“Спорт” телеканали доимо
мухлислар диққат марказида тургани важидан унинг томорқасига етарлича тош
отилади. Бу одатий ва ажабланилмайдиган хол. Аудитория томонидан ҳеч қандай
реакция билдирилмаслигидан ёмони йўқ аслида.
Бироқ отилаётган тош ўз
манзили томон етиб борса янада яхши. Бу бесамар йўналиш топаётган зарбаларга
қараганда бироз бўлсада фойдали. Шарҳловчилар бўйича мулоҳазалар, кўрсатувлар
сифати ва мазмуни борасидаги фикр ва танқидларга жавоб бевосита канал ходимлари
томонидан берилиши керак. Бунда танқиднинг не чоғли ўринли ёки аксинча экани
ҳозирча иккинчи масала. Бироқ шундай муаммолар борки, уларнинг ечими канал
ходимларининг қўлида эмас. Балки бироз юқорироқ қатлам вакилларининг
саъи-ҳаракати билан бевосита боғлиқ. Оддий мисол сифатида футбол бўйича
Европанинг кучли бешлик миллий чемпионатлари транслациялари борасидаги
муаммоларни кўрсатиш мумкин. Мен бу ҳақда ўз блогимда тўхталиб ўтганман.
Европа футболи ривожида
телетранслациялар ва уларнинг сифати нақадар катта аҳамият касб этишини бугун
ҳамма яхши билади. Кўҳна қитъада бу масала билан мана-ман деган клуб ва
ташкилотлар ҳам ҳисоблашишга мажбур. Телетранслация аллақачон футболнинг
ажралмас қисми бўлиб улгурган. Ўзбекистон шароитида эса биз бу босқичга етиб
келганимизча йўқ. Ишлар шу зайлда давом этадиган бўлса, яқин 5-10 йил ичида
масала профессионал тарзда йўлга қўйилишига ишонч кам. Айни пайтда
телевидениелар нафақат Олий лига ўйинлари транслацияси ҳуқуқини сотиб олишга
тайёр эмас, балки айрим кишилар телевидение ПФЛ ёки ЎФФга пул ўтказиб бериши
кераклиги борасидаги тасаввурга ҳам эга эмаслар. Бу эса қўрқинчли хол.
Телевидение ўзини худдики клублар ундан қарздордек кўрсатади.
Аслини олганда ЎзМТРК ёки
НТТ Олий ёки биринчи лига ўйинлари транслацияси ҳуқуқини ЎзПФЛдан сотиб
олишлари керак. ПФЛ телетранслациялардан тушган даромадни клублар ва ўзи
ўртасида тақсимлаши, МТРК эса рекламадан тушадиган даромад эвазига ўз
харажатларини қоплаши, балки фойдага ҳам кириши лозим. Бироқ бизда мазкур
системадан асар ҳам йўқ. МТРК йил бошида ўз харажатлари сметасига қандайдир
телетранслацияни сотиб олишни киритишига яхшигина шубҳам бор. Шунингдек, бир
неча йилдан буён ўзига титул ҳомий топа олмайдиган ПФЛ ҳам бундан мустасно
эмас. Клубларнинг бадал пулларини инобатга олмаганда, ПФЛнинг бошқа кирим
дафтари йўқ ҳисоби.
Бу масала шу даражада
чигаллашиб кетганки, биргина айбдорни топиб кўрсатиш қийин. Масалан ЎзПФЛдан
нафақат ЎзМТРК, балки бошқа телевидениелар ҳам ҳеч қачон транслация ҳуқуқини
сотиб олган эмас. Бироқ Осиё футбол конфедерацияси ПФЛ ва ЎФФдан айнан мазкур
жихатни талаб қилади. Катта эхтимол билан бу масалани МТРК ва ЎФФ рахбарлари
жуда оддий ҳал этишади. Яъни, хўжа кўрсин учун МТРК рамзий дея белгиланган
арзимаган суммани футбол ташкилотига ўтказиб беради ва ўйинларни бемалол
транслация қилишда давом этади. ОФКни хўжа ўрнида қабул қиладиган бўлсак, у
система ишлаётганидан хурсанд киши сифатида катакчаларидан бирига бажарилди
белгисини қўяди вассалом.
Фикримча, бу хўжани алдашдан
кўра кўпроқ ўзини алдашдир. Вахоланки ўз ўзини алдашни оқлаб бўлмайди. Хўжа
кўрсин учун қилинадиган иш нафақат МТРК, балки ўзбек футболини ҳам
ривожлантирмайди. Бунинг бир қанча жузий сабаблари бўлиб, мен уларга имкон
қадар тўхталиб ўтишга ҳаракат қиламан. Блогимда ёзадиган бу фикрларни ОАВга
олиб чиқиш шарт эмас. Боиси уларнинг айримлари ҳақиқатга яқин кўринсада, ундан
шунчалик узоқда бўлиши ҳам мумкин. Мен шунчаки кузатувчи сифатида фикримни баён
қиламан. Аслида эса система қандай ишлаётганини ичидан туриб билмайман.
Давоми бор...
Комментариев нет:
Отправить комментарий