Поиск по этому блогу

24 марта, 2014

Шарҳловчиликда муҳаррир ўрни

“Спорт” телерадиоканалида фаолият олиб борувчи шарҳловчилар етарлича танқид остига олинган. Бунда танқид қилаётган томон биринчи навбатда рус шарҳловчиларини мисол тариқасида келтириб ўтади. Солиштириш албатта яхши. Аммо бу нарса “Ласетти”ни “Тико” билан солиштириш каби бўлиб қолмаслиги керак.

Рус шарҳловчилари фаолиятида муҳаррир муҳим ўрин тутади. Умуман шарҳ жонли чиқиши, воқеалар эътибордан четда қолмаслиги, ахборотнинг тўлиқ ва аниқ бўлишида муҳаррир муҳим фигура ҳисобланади. Ўзбекистонлик спорт шарҳловчиларида эса бу омил йўқ ҳисоби. Муҳаррирликка ёндошув бизда Россия ёки бошқа хорижий мамлакат телевидениелариникидан фарқ қилади.

Ахбор Имомхўжаев, Роман Турпишев каби ўзбек спорти журналистикасига тамал тошини қўйган шарҳловчилар даврида ҳам муҳаррир тушунчасига катта эътибор қаратилган. Сўзларни тўғри талаффус қилишдан тортиб, шарҳловчи эътиборидан четда қолган вазиятларга қадар муҳаррир назоратида бўлган.

Муҳаррир овоз, пафос ёки ораторлик бобида шарҳловчидан устун бўлмайди. Бироқ у ҳар доим шарҳловчи томонидан йўл қўйилаётган хатоларни билиб, тузатиб туради. Шарҳловчи эътиборидан четда қолган вазиятлар, параллел давом этаётган спорт ўйинлари ҳақидаги ахборот, спортчи ёки ўйин борасида айни вақтда керак бўлиб қолган маълумотни излашда ҳам шарҳловчига яқиндан кўмак беради. Унда корректорлик қобиляти юқори бўлади.

Рус комментаторларининг бугунги муваффақиятида муҳаррирлар катта ўрин тутишини инкор қилиб бўлмайди. Муҳаррирлар Уткин ёки Черданцев каби машҳурлик чўққисига чиқа олишмасада, шарҳловчиларни тартибга солиб туришлари билан энг керакли шахс ҳисобланишади. “Спорт” телерадиоканалида эса муҳаррирлик тушунчаси рус телевидениесиникидан фарқ қилади.

“Спорт” телерадиоканалида Давлат Турдиалиев, Рихстилла Умаров, Ғанишер Раҳматуллаев, Мирзаҳаким Тўхтамирзаев каби ўндан ортиқ спорт турини бемалол шарҳлай оладиган ва бу спорт турлари ҳақида ўша рус комментаторларидан кам нарса билмайдиган тажрибали шарҳловчилар бор. Даврон Файзиев, Дилшод Тўхтабеков, Зохид Каримов сингари кейинги авлод вакилларида юқоридагилар каби тажриба бўлмасада (тажриба ва ахборот базаси йиллар давомида шаклланиб боради), ўзлари учун асосий спорт турини уларни танқид қилаётганлар ўйлагани каби ёмон билишмайди. Шарҳнинг айрим вақтларда жонли чиқмаслигида эса бир қатор омиллар бор. Улардан бири муҳаррирлар танқислиги муаммоси.

Сўнгги вақтларда спорт шарҳловчилари учун муҳаррир керак эмас дея топилгани ачинарли холат. Вахоланки шарҳловчи билан бирга шарҳга кириш, стадионлардаги жонли репортажлар давомида уларга кўмак бериши керак бўлган фигура бу муҳаррир эди. Гонорар тақсимлаш тизимидан муҳаррирлар тушиб қолгач эса, шундоқ ҳам ҳавас қилиб бўлмайдиган шароитда шарҳ олиб бориши керак бўлган шарҳловчининг вазифаси янада қийинлашиб кетди.

Масалан шарҳ давомида шарҳловчи бор диққат эътиборини монитор ёки стадионга қарата олмайди. Компьютер ёки шарҳ учун тўпланган маълумотлардан ахборот қидириш, ўйиндан ташқари холатда юз бераётган жараёнларни ҳам кузатиб бориш эндиликда шарҳловчининг ўзида қолган (баъзан интернет ўчиб қолиши ёки компьютер ишламай қолиши ҳам мумкин). Бир вақтнинг ўзида стадиондаги воқеани кузатиб бориш ва бунинг баробарида қолган ишларга ҳам улгуриш осон иш эмас. Буни тўғридан-тўғри эфирда қандайдир жараённи шарҳлаб кўрганларгина тушуниши мумкин.

Айни вақтда “Спорт” телерадиоканали барча репортажларни воқеа жойидан туриб ёритиш имкониятига эга эмас. Масалан хорижда бўлаётган спорт мусобақаларининг 99 фоизи телевидениенинг ўзидан туриб шарҳланади. Хаттоки шу холатда ҳам шарҳловчи муҳаррир ёрдамига мухтож. Бироқ гонорар тизимидан бу нарса ҳам олиб ташланди.

Муҳаррир шунингдек эфир пультида, КТС (кўчма телевизион станция)да ҳам бўлиши фойдадан ҳоли бўлмайди. Бу биринчи навбатда экранда кўриниш бераётган титрлар тўғрилиги ва аниқлиги учун хизмат қилса, иккинчи томондан спортни яхши тушунмайдиган режиссёрлар (айниқса бизнинг шароитда) учун ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Стадионнинг бир бурчагида ўтирган машҳур шахсларни кўра билиш, айнан қайси инсоннинг руҳий кечинмаларини умумий планда кўрсатиб бериш ва бошқа бир қатор масалаларни ҳал қилишда ҳам муҳаррирнинг режиссёрдан устун томонлари талайгина.

Юқорида айтганимдек, муҳаррир кўриниши, овози ёки ораторлик қобилятига эга бўлмагани сабабли, шарҳловчи ёки диктор вазифасини уддалай олмаслиги мумкин. Аммо шарҳловчини шарҳловчи, дикторни диктор қиладиган киши бу муҳаррирдир. Муҳаррир матнни сухандон каби ўқиб бера олмагани каби, сухандон ҳам матнни муҳаррир каби тайёрлай олмайди.

Шарҳловчининг шарҳга тайёргарлик кўрмасдан шарҳга киришиши эса биринчи навбатда ўзига, кейинги ўринда аудиторияга нисбатан хурматсизликдир. 

11 марта, 2014

Хавфсизлик камари ҳақида

Адашмасам Саудия Арабистонида бўлса керак, светафорнинг қизил чироғидан ўтиш натижасида ҳалок бўлган кишига жаноза намози ўқилмайди, деб эшитгандим. Боиси бу ўз жонига қасд қилиш дея баҳоланади. Қўшимчасига қизил чироқни кесиб ўтган ҳайдовчи, яшил чироқ ёниб турган йўлдаги ҳайдовчининг ҳаққига ҳиёнат қилди деб ҳисобланади. Йўл бировнинг ҳаққи.

Умуман светафорнинг қизил чироғидан ўтиб кетиш нафақат ўз, балки бировнинг ҳаёти учун ҳам хавфли иш. Демак бу — қоидабузарлик. Ҳозир мен тўхталмоқчи бўлган нарса эса ҳайдовчининг хавфсизлик камари масаласидир. Олдиндан айтиш керакки, хавфсизлик камарининг тақилмаслиги бировнинг ҳаётига зомин бўлиш эмас.

Ривожланган мамлакатларда рул ва унинг ён томонига ўтирган кишининг хавфсизлик камарини тақиб олиши одатий хол, худдики ҳайдовчи машинани бошқариш учун рулни ушлаши керак бўлгани каби. Бизнинг айрим ҳайдовчиларда эса камар тақиб олиш эндигина маданият даражасига кўтарилди. Ҳозирча шунинг ўзи ҳам ёмон кўрсаткич эмас. Бироқ аксар ҳайдовчилар хавфсизлик камарини ДАН ходимларининг кўзи учун тақиб олишади. Жумладан ўзим ҳам. Кутилмаган ҳалокат вақтида хавфсизлик камари ҳаётимни сақлаб қолиш учун яхши восита эканлигини тан олганим холда, унда ўзимни ноқулай ҳис қиламан ва кўп холларда тақмасликни афзал биламан.

ДАН ходимининг кўзи учун хавфсизлик камарини тақиб олишимга эса бу ишим учун белгиланган жарима сабаб бўлади. Яъни, йўл патрул хизмати ходими бунинг эвазига 19 минг сўм жарима ёзиб бериши мумкин. Ёзилган жарима 15 кун мухлат ичида тўланмаса, 300 минг сўмга айланади. Бундан келиб чиққан холда, мен авваламбор хавфсизлигим ҳақида эмас, жарима ҳақида ўйлашга мажбур бўламан. Агар йўл патрул хизмати ходимларининг қўлига ҳар куни тушиб қолсам, бир ойлик маошим аниқки, жариманинг ўзи учун ҳам етарли эмас.

Мен буни мантиқсизлик деб атаган бўлардим. Боиси бизнинг шароитда жаримадан қутулиб қолишнинг йўллари талайгина. Аниқроқ қилиб айтганда, мен бир ой ичида 30 марта хавфсизлик камари учун жарима ёздиришим ҳам, омадим келса умуман ёздирмаслигим ҳам мумкин. Ҳозир мен хавфсизлик камарини барча онгли равишда тақиб олиши керак деган фикрни илгари сурмоқчи эмасман. Мадомики тақмаганлик учун жарима жорий этилган экан, бу холат барча учун бирдек бўлиши керак. Масалан қайсидир чоррахани хавфсизлик камарини тақмай кесиб ўтаётганим суратга олинган расм уйимга келиши муқаррарлигини ҳис қилиб турсам, ҳеч бўлмаганда ўша жаримадан қўрқиб ҳам ҳар куни хавфсизлик камари тақиб олардим.

Хавфсизлик камари тақиб олишимни сўрайдиган ДАН ходими менинг ҳаётим ҳақида қайғураётганига ишонгим келади. Масалан ёт бегона инсон хаётини сақлаб қолишга тўғри келса ҳам, мен бу ишни пул учун қилмасдим. Ишонаманки, ДАН ходими ҳам мен каби инсон. Агар у учун ёт бегона инсон хаётини сақлаб қолиш чиндан ҳам шарафли бўлса, у холда ҳайдовчининг ёнида ўтирган йўловчидан ҳам хавфсизлик камарини тақиб олишни сўраган (талаб қилган) бўларди. Чунки кутилмаган ҳалокат вақтида йўловчи ҳайдовчидан ҳам оғирроқ жароҳат олмаслигига у мени ишонтира олмайди.

Хулоса ўрнида айтишим керакки, хавфсизлик камари тақмаганлик учун тўланаётган жарималар яхшигина суммани ташкил қилмоқда ва ишонаманки, жаримадан қўрқиб хавфсизлик камарини тақиб юрадиганлар сони кескин ошди. Демак, ҳалокат вақтида хавфсизлик даражасида ҳам ўсиш бўлди. Шу билан бирга ДАН ходими ёки жарима ҳақидаги қарорни қабул қилганлар учун йўловчи хавфсизлиги бир пул эканига ҳам ишонаман. Ва яна қўшимча қиламанки, хавфсизлик камарини тақиш ёки тақмаслигим борасидаги танловимда чеклов бор: мен танлаш ҳуқуқидан маҳрум этилганман.

Блогпостнинг юқоридаги сўнгги жумласига аҳамият бермаслигингизни илтимос қиламан. Хавфсизлик камари тақмаганлигим эвазига жарима тўлашга нақд пулсиз борганимда “ҳозир он-лайн пластик карта қабул қилолмайсиз, аппаратимиз ишламаяпти”, деган жавобни эшитганимдан кейин уни ёздим. Онлайн картам орқали жаримани онлайн тўлашим мумкинлиги ёки ишхонамдан бир тийин ҳам нақд пул олмаслигим қатор муаммоларни келтириб чиқариши эса бутунлай бошқа блогпост мавзуси.