Поиск по этому блогу

11 марта, 2014

Хавфсизлик камари ҳақида

Адашмасам Саудия Арабистонида бўлса керак, светафорнинг қизил чироғидан ўтиш натижасида ҳалок бўлган кишига жаноза намози ўқилмайди, деб эшитгандим. Боиси бу ўз жонига қасд қилиш дея баҳоланади. Қўшимчасига қизил чироқни кесиб ўтган ҳайдовчи, яшил чироқ ёниб турган йўлдаги ҳайдовчининг ҳаққига ҳиёнат қилди деб ҳисобланади. Йўл бировнинг ҳаққи.

Умуман светафорнинг қизил чироғидан ўтиб кетиш нафақат ўз, балки бировнинг ҳаёти учун ҳам хавфли иш. Демак бу — қоидабузарлик. Ҳозир мен тўхталмоқчи бўлган нарса эса ҳайдовчининг хавфсизлик камари масаласидир. Олдиндан айтиш керакки, хавфсизлик камарининг тақилмаслиги бировнинг ҳаётига зомин бўлиш эмас.

Ривожланган мамлакатларда рул ва унинг ён томонига ўтирган кишининг хавфсизлик камарини тақиб олиши одатий хол, худдики ҳайдовчи машинани бошқариш учун рулни ушлаши керак бўлгани каби. Бизнинг айрим ҳайдовчиларда эса камар тақиб олиш эндигина маданият даражасига кўтарилди. Ҳозирча шунинг ўзи ҳам ёмон кўрсаткич эмас. Бироқ аксар ҳайдовчилар хавфсизлик камарини ДАН ходимларининг кўзи учун тақиб олишади. Жумладан ўзим ҳам. Кутилмаган ҳалокат вақтида хавфсизлик камари ҳаётимни сақлаб қолиш учун яхши восита эканлигини тан олганим холда, унда ўзимни ноқулай ҳис қиламан ва кўп холларда тақмасликни афзал биламан.

ДАН ходимининг кўзи учун хавфсизлик камарини тақиб олишимга эса бу ишим учун белгиланган жарима сабаб бўлади. Яъни, йўл патрул хизмати ходими бунинг эвазига 19 минг сўм жарима ёзиб бериши мумкин. Ёзилган жарима 15 кун мухлат ичида тўланмаса, 300 минг сўмга айланади. Бундан келиб чиққан холда, мен авваламбор хавфсизлигим ҳақида эмас, жарима ҳақида ўйлашга мажбур бўламан. Агар йўл патрул хизмати ходимларининг қўлига ҳар куни тушиб қолсам, бир ойлик маошим аниқки, жариманинг ўзи учун ҳам етарли эмас.

Мен буни мантиқсизлик деб атаган бўлардим. Боиси бизнинг шароитда жаримадан қутулиб қолишнинг йўллари талайгина. Аниқроқ қилиб айтганда, мен бир ой ичида 30 марта хавфсизлик камари учун жарима ёздиришим ҳам, омадим келса умуман ёздирмаслигим ҳам мумкин. Ҳозир мен хавфсизлик камарини барча онгли равишда тақиб олиши керак деган фикрни илгари сурмоқчи эмасман. Мадомики тақмаганлик учун жарима жорий этилган экан, бу холат барча учун бирдек бўлиши керак. Масалан қайсидир чоррахани хавфсизлик камарини тақмай кесиб ўтаётганим суратга олинган расм уйимга келиши муқаррарлигини ҳис қилиб турсам, ҳеч бўлмаганда ўша жаримадан қўрқиб ҳам ҳар куни хавфсизлик камари тақиб олардим.

Хавфсизлик камари тақиб олишимни сўрайдиган ДАН ходими менинг ҳаётим ҳақида қайғураётганига ишонгим келади. Масалан ёт бегона инсон хаётини сақлаб қолишга тўғри келса ҳам, мен бу ишни пул учун қилмасдим. Ишонаманки, ДАН ходими ҳам мен каби инсон. Агар у учун ёт бегона инсон хаётини сақлаб қолиш чиндан ҳам шарафли бўлса, у холда ҳайдовчининг ёнида ўтирган йўловчидан ҳам хавфсизлик камарини тақиб олишни сўраган (талаб қилган) бўларди. Чунки кутилмаган ҳалокат вақтида йўловчи ҳайдовчидан ҳам оғирроқ жароҳат олмаслигига у мени ишонтира олмайди.

Хулоса ўрнида айтишим керакки, хавфсизлик камари тақмаганлик учун тўланаётган жарималар яхшигина суммани ташкил қилмоқда ва ишонаманки, жаримадан қўрқиб хавфсизлик камарини тақиб юрадиганлар сони кескин ошди. Демак, ҳалокат вақтида хавфсизлик даражасида ҳам ўсиш бўлди. Шу билан бирга ДАН ходими ёки жарима ҳақидаги қарорни қабул қилганлар учун йўловчи хавфсизлиги бир пул эканига ҳам ишонаман. Ва яна қўшимча қиламанки, хавфсизлик камарини тақиш ёки тақмаслигим борасидаги танловимда чеклов бор: мен танлаш ҳуқуқидан маҳрум этилганман.

Блогпостнинг юқоридаги сўнгги жумласига аҳамият бермаслигингизни илтимос қиламан. Хавфсизлик камари тақмаганлигим эвазига жарима тўлашга нақд пулсиз борганимда “ҳозир он-лайн пластик карта қабул қилолмайсиз, аппаратимиз ишламаяпти”, деган жавобни эшитганимдан кейин уни ёздим. Онлайн картам орқали жаримани онлайн тўлашим мумкинлиги ёки ишхонамдан бир тийин ҳам нақд пул олмаслигим қатор муаммоларни келтириб чиқариши эса бутунлай бошқа блогпост мавзуси.     

5 комментариев:

  1. Мен доим хавфсизлик камарини тақиб юраман. Ишонасизми, бу ишга шунчалик ўрганиб қолганманки, маҳалланинг нариги четида яшайдиган оғайнимникига борсам ҳам, камар тақиб оламан.

    Бошида икки йил ҳайдовчилик гувоҳномам бўлмай туриб машина ҳайдадим. Ўша пайтда иложи борича ДАН ходимларининг эътиборини тортмасликка уринардим. Шу сабабли ҳам доим хавфсизлик камарини тақиб юрардим. Бора-бора бу одатга айланди. Одат бўлганда ҳам, кундалик ҳаётнинг ажралмас қисми даражасидаги одат.

    Маҳалладаги ўртоқларим мени ҳазиллашиб "Закопослушный гражданин" дейишади...

    ОтветитьУдалить
  2. Мен ўзим машина ҳайдамасам ҳам, таксига чиққанимда кўпинча камар тақиб оламан. Биринчидан, ҳозирги ҳайдовчиларга ишонмайман. Иккинчидан, ГАИ тўхтатиб қолса, мени деб шу бечорага жарима солишмасин дейман :)

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Демак Қирғизистонда йўловчи ҳам аҳамият касб этади, шунақами?)

      Удалить
    2. Қонунан қанақа билмадиму, лекин, одатда, ГАИ ҳайдовчи ёнида кетаётган йўловчи камар тақмагани учун ҳам жазолайди. Шунинг учун ҳайдовчилар таксига ўтиришингиз билан камар тақиб олишни сўрашади.

      Удалить