Фанатизмни
жуда ёмон кўраман.
Ҳаётда
шундай инсонлар бўлади, сен улар билан қўл бериб кўришмайсан, сени танишмайди, балки
умуман дуч ҳам келмагансан. Яқинингда эканликлари сени хотиржам қилади,
яқинликни дилингда сезасан. Уларнинг йўқликлари гарчи бегона бўлсанг ҳам таъсир
қилади. Узоқ сафарга кетишлари ўйлантириб қўяди, хавотирга солади.
Шайх
шундай инсон эди. Илмларидан баҳраманд бўлган вақтларим ўзимни ҳимояда
сезардим. Савиясиз саволларга битта сўз билан берадиган жавоблари ҳам, ҳар
қандай ҳақиқатни ётиғи билан, кимгадир текказмаган бир холда тушунтириб ўтишлари
ҳам наъмуна эди.
Амру-маъруфларда
кўплаб маърузалар эшитганман. Имомнинг айтаётганларига қулоқ тутиш баробарида,
улар афзал билган услуб ҳам эътиборимдан четда қолиб кетмайди. Жуда чиройли
маъруза қиладиганларни ҳам, гажакдор сўзлардан кўп фойдаланганини ҳам, сўзлари
жуда ўткир нотиқларни ҳам кўрдим. Шайх услуби эса буткул бошқача эди, барчаси
оддийликка йўғирилганди. Ҳақиқатлар барча учун тушунарли бўлиб, ортиқча
ҳашамлардан ҳоли эди.
Ақл-у
ожизлигим билан тушунганим, шайх ўрта йўлни афзал билгандилар. Радикал руҳга
хуши йўқ, содда, илми кучли, одоби наъмуна, амаллари солиҳ инсон сиймосини ўзим
учун гавдалантириб олгандим. Бугун шу кишининг жаноза намозларида уларни мендан
кам билмайдиган юз минглаб кишилар жам бўлишди. Шайх таратиб турган нурдан бир
қисм бўлсада баҳраманд бўлган инсонлар орасида, ўша нур ҳақида унутиб қўйганлар
борлигини кўриб ачиндим. Энди уларни ким тартибга солиб туради?
Оламон
сўзига ҳушим йўқ, худди уни бошқаришнинг имкони йўқ бўлгани каби. Инсон
ўзини-ўзи бошқара олиши керак деб ҳисоблайман холос. Инсоннинг ҳайвондан фарқи
ҳам онги бор эканида. Шайх вафоти ҳақида эшитганимда ўкирганим йўқ, сочимни ҳам
юлмадим, тан оламан кўзимдан ёш ҳам чиқмади. Шунчаки ичимдан бир нималар
узилди. Бугун мен кўрган оламонни бошқариш учун куннинг маъюс қаҳрамони қолдирган
нур етарли бўлармикан?
Кабатуллоҳ
сари интилаётган кишилар унинг бир парчасига жилла қурса бармоқ текказиб кўриш учун
ҳаракат қилишади. Оламонни тартибга солиб турадиган посбонлар бўлмаганида бу
даргоҳнинг бугунги ҳоли қандоқ бўларди, билиш менга эмас. Унику балки
тушунарман, аммо бандасининг тобути сари онгсизларча интилаётган ва бу билан
вазиятни чигаллаштириб, кўпчиликка озор бераётганларни йўқ. Тириклар учун шум,
аммо қачондир муқаррар бўлган хабар тарқалиши ҳамоноқ ҳазратни сўнгги йўлга
кузатиш истагида бўлган минглаб кишилар борлини билиб суюндим. Шу кишилар
орасида маданиятсизлари борлигини кўриб, ачиндим.
Кабатуллоҳга
минглаб чақирим йўл босиб келган кишиларнинг бармоғи унга етмай қолса ҳаж қабул
бўлмаганида эди... Кўп нарса инсоннинг ниятига боғлиқ. Жаноза намозини жамоат
билан ўқиб, сўнгги йўл олдидан чиройли тиловат қилиб қайтиш қаёқда-ю, ўзини
оламон ичига уриб, тобут сари интилиш қаёқда. Қўлларини дуога очиб, яхши ният
қилиш қаёқда-ю, қўлга телефон олиб, селфи қилиш қаёқда...
Дилдаги
ниятимиз эгасига етиб бориши учун осмон ёки бир жисмни ушлаш шарт эмас. Кўпроқ
савоб олиш учун қабр ёнига ёхуд лаҳад оғзига яқин бориш шарт эмас. Инсонларни
лол қолдириш учун биринчи қаторда туриш ёки кўп гапириш шарт эмас. Қийналаётганини
кўрсатиш учун буни ошкор қилиш шарт эмас.
Инсон
ўзини тўла бошқара олса қандай гўзал. Инсонларни куч билан бошқариб
турмасликлари учун ҳам бу жуда муҳим. Бугун билдимки ўша куч ҳамиша керак. Фанатизм
асири бўлганлар, қилаётганини идрок эта олмайдиганлар, қаршиликка сабри йўқ, компромиссни
мағлубият ўрнида билувчилар бор экан куч керак.
Шайх илм
излашдан 63 ёшларида ҳам тўхтамагандилар. Ўзини илмли билиб, нотўғри хулосалар
ила яшаб ўтаётганларни инсофга тинмай чақирган киши бугун орамизда йўқ. У
кишини шундайлар ҳам сўнгги йўлга кузатишди. Ҳаётда шундай инсонлар бўлади, сен
улар билан қўл бериб кўришмайсан, сени танишмайди, балки умуман дуч ҳам
келмагансан. Яқинингда эканликлари сени хотиржам қилади, яқинликни дилингда
сезасан. Уларнинг йўқликлари гарчи бегона бўлсанг ҳам таъсир қилади. Узоқ
сафарга кетишлари ўйлантириб қўяди, хавотирга солади.
Tashakkur Dior.
ОтветитьУдалитьyaxshi maqola
ОтветитьУдалитьyaxshi fikrlarni yozibsiz.
ОтветитьУдалитьQoyil... Manga judayam yoqdi.
ОтветитьУдалитьRahmat hammaga
ОтветитьУдалить