“Одамлар орасида”
газетасининг илк сони дунё юзини кўрганида мен 17 ёшда эдим. Хайрулла Ҳамидов
нишонанинг икки нусхасини қўлида кўтариб, радиога хурсанд ҳолда кириб келди.
Дастлаб отам билан газета ҳақида сухбат қурди-да, хайрлашиб бўлганидан кейин
менинг ёнимга келиб, иккинчи нусхасини қўлимга тутқазди: “Фикрингини айтасан!”.
Мен бу инсонни таҳминан 10
ёшимдан бери биламан. Георгий Черданцевнинг “Европейская футбольная неделя”
кўрсатуви анча машҳур бўлган вақтлар Хайрулла Ҳамидовнинг “Футбол+” кўрсатуви
бўларди. Ўша пайтда “Спорт” студиясининг бош муҳаррири отам бўлиб, кўрсатув
айнан шу студиянинг махсулоти эди. Ҳафтанинг маълум кунида мен Черданцев
муаллифлигидаги кўрсатувни видео кассетага ёзиб қўярдим. Кечга яқин эса Хайрулла
ака уни мендан олиб кетарди ва унинг лавҳаларидан ўз кўрсатувлари учун
фойдаланарди.
Орадан йиллар ўтиб отам
ТВда ишламасликни маъқул кўрди. 2003 йилда “Наврўз” радиостанциясини ташкил
қилиб, шу ерда фаолиятини давом эттирди. Кўп ўтмай Хайрулла Ҳамидов нафақат
“Спорт” телеканалидан кетишга қарор қилди, балки футбол ўйинларини ҳам қайта
шарҳламади. Аввалига “Футбол” газетаси, кейинчалик “Спорт” студиясидаги фаолият
давомида бир-бирини яқиндан билган бу икки инсон “Наврўз” радиосида ҳам
ҳамкорликни давом эттиришди. Кейинчалик жуда машҳур бўлиб кетган “Холислик
сари” эшиттириши мана шу ҳамкорлик меваси эканини кўпчилик яхши билади.
“Холислик сари” даставвал
мухлислар томонидан илиқ кутиб олинмади. Бир қатор мухлислар Ҳамидовни
футболдан кейин диний эшиттиришда тез хазм қила олишмади. Ўша пайтлар унинг
шаънига шундай ҳунук ва бўлмағур гаплар айтилдики, эслашнинг ўзи ёқимсиз. Мана
шундай бир пайтда Хайрулла Ҳамидов билан жуда кўп мулоқотда бўлардим. Деярли
ҳар куни футбол, янги қирра ёки журналистика ҳақида сухбат қурардик. Бу инсон
билан фикр алмашиш менга нафақат ёқар, балки кўп нарсани ўргатарди ҳам. Унинг танқидларни
кулиб қарши олиши, барча масалага босиқлик билан ёндошишига қойил қолардим.
Кейинчалик бу хислатлардан фақат 1тасини қисман ўзлаштирдим. Босиқликни эса... Тезда
қизишиб кетиш менинг табиатимда бор ва бу менинг ожиз томонларимдан бири. Бироқ
гина сақламайман. Тинчимни бузмагунларига қадар етарлича босиқ бўла оламан. Хуллас
Хайрулла Ҳамидовдан жуда кўп нарса ўргандим дейишим мумкин. Ҳаётимдаги биринчи
устозим отам бўлса, иккинчиси том маънода Ҳамидов эди. Ва бунинг учун улардан
бутун умр миннатдорман.
Қўлимдаги газетага
келадиган бўлсам, уни бир ўтиришда ўқиб чиқдим. “Одамлар орасида” учун пастки
қаватдан бир хона офис қилиб олинганди. Хайрулла ака кўп ўтмай қайтиб чиқдилар.
Шундан сўнг газета борасида камида 2 соатга яқин сухбатлашдик. Укаси тенги ҳам
келмайдиган бола билан бу қадар кўп гаплаша олганликларини ҳозиргача тушунмайман.
Журналистикада ҳеч нарса қилмаган, ундаги пасткашликлар-у қинғирликлардан
бехабар ва бу сохага у қадар қизиқиши ҳам йўқ бўлган боланинг гаплари балки улар
учун қизиқ бўлгандир, билмадим.
Шундан кейин мен мавзу
қилиб оладиган масалаларни мақола кўинишига келтириш таклифи жуда кўп бўлди. Бу
таклифга жиддий эътибор қаратиш учун менда ҳеч нима йўқ эди: “ҳеч қачон мақола
ёзолмайман!”. Ҳа, мен қўрқардим. Мактабда қизлар берган эсдаликка нимадир ёзиш
учун уч кун қийналадиган бола, бутун бир бошли газетага мақола ёзишини тасаввур
қилиш қийин эди. “Ёзасан! Қўлингдан келади. Менга нима деган бўлсанг, шуни
қоғозга тушир, вассалом. Қолганига ўзим ёрдам бераман!”
Ҳаётимда кичик инқилоб
бошланди. Кетма-кет иккита омадсиз мандатдан кейин радиода овоз режиссёри бўлиб
ишлардим. Ўтирсам ҳам, турсам ҳам мақола аслида нима деган саволга жавоб
топишга интилардим. Охири ёзишга жазм қилдим. Айтишим керакки, умримда
фақатгина 1та мақолани қўлда ёзганман, шундан кейин барча ишни компьютерда
бажара бошладим. Ҳозиргача катта авлод журналистлари катта-катта мақолаларни
ручкада ёзгани-ю, улардан аввалгилар сиёхдон билан перога қаноат қилганини
ўйласам юрагим сиқилиб кетади J
Орадан бир ҳафталар ўтиб биринчи
мақоламни ёзиб тугатдим. Албатта футбол ҳақида. Кейинчалик уни лотин алифбосида
компьютерга тушириб, Хайрулла акага тақдим этдим. Ўша куннинг эртасигаёқ мақола
“Одамлар орасида” газетасида босилиб чиқди. Бирорта жойи ўзгартирилмаган холда
(!)... Ўзбек футболи менинг тасаввуримда қандай бўлиши керак бўлса, шуни ёзгандим
холос... Ҳаммаси шундан бошланди. Ўз исм-шарифимни газетада кўриш ё хобби ёки
шунга ўхшаш ёқимли нимарсага айланиб қолди. Кейин эса кетма-кет мақолалар...
Аввал ёзганларимни ҳозир
ўқисам уялиб кетаман. Менимча бу хол журналистикага энди қадам қўйган ҳар бир
ижодкор билан рўй берса керак. Ёзганимни ким қандай қабул қилади, у аслида
тўғрими ёки йўқ, ўйламасдим. Борлиқни тушунганимча қабул қилардим ва шуни
қоралардим. Балоғат даврига кириб келаётган бир пайтда болалигимдаги расмлардан
тортиб, ўзим тушиб қолган ноқулай вазиятларни-да кўргани кўзим йўқ эди. Агар
ўша пайтларда ўтмишни ўчириши мумкин бўлган delete тугмаси бўлганида, мен
иккиланиб ўтирмай уни босган бўлардим. Бироқ инсон қарашлари мукаммаллашиб
бораверади. Балки яна 4-5 йил ўтиб бугун ёзаётганим ҳам ўзимга эриш туюлар.
Аслида ўзим ҳам шуни истардим. Чунки бу бир жойда қотиб қолмаганимдан далолат.
Яна ким билади...
Бироқ бир нарсани аниқ
биламан. Агар ёшроқ вақтим қоралаганларимни ўқувчи киши муаллифнинг ёшини ҳам
билиб турса, ундан ўзгача завқ олиши мумкин. “Китоб дўкони қаерда?”, “Самимият
излаб” каби мақолалар ҳақида бегона одамлардан бир қатор фикрлар ҳам
эшитганман. Бу фикрлар мени қўллаш учунми ёки шунчаки хурсанд қилиш билмайман,
билганим ниманидир ўзгартирмайди ҳам. Бироқ Халқаро журналистика факультетига
хужжат топшириш қарорига келишимда бу воқеалар муҳим рол бўлиб хизмат қилган.
Айниқса, ўқишга қадам қўйган иккинчи кунимнинг ўзидаёқ мендан иккита катта
курсда ўқийдиган 4та талабанинг ёнимга келиб “шу ўқишга келишингизни билардик”
дея мени илиқ қарши олишгани иккиланишга бўлган рухиятимни яхшигина кўтарган.
Ундан ҳам бурун мен кейинчалик жуда яқин бўлиб кетганим Муҳрим Аъзамхўжаев,
Аброр Қодиров каби дўстларимнинг журналистикага кириб келишлари учун жуда бир кичик
сабабча бўлганимни доими ширин хотира билан ёдга оламан.
***
Халқаро журналистикага
ўқишга кирганимдан кейин менда орқага йўл йўқ эди. Отам касб танлаш борасидаги
қарорларимга ҳеч қачон қарши чиққан эмас. Дипломат ёки учувчи бўлиш орзуларим
рўёби учун қўлидан келганича ҳаракат қилган. Ҳар икки сафар ҳам қоқилиб
қолганим важидан мен журналистикада тўхташга қарор қилдим. Буни чин дилдан
хоҳламаганимни тушуним учун менга 4 йил керак бўлди. Вахоланки отам учинчи ва
жиддий қароримни яхшилаб ўйлаб кўришимни сўраб, биздаги журналистика қандай
аҳволда эканини тушунтириб ҳам берганди. Аммо унинг аслида қандайлигини билиш
учун бошимни суқиб кўришим керак эди. Суқдим... Пишириб ҳам қўйгани йўқ эди
менга бу ерда деб ўйлаб қоламан. Таваккал қила олмаслигимдан тортиб, кўп
масалада иккиланишимга қадар кўпинча панд беради. Лекин ўзим пиширган ош. Айланиб
ҳам, ўргилиб ҳам уни ичаман.
Эркинликнинг кам экани,
журналистика сохасидаги айрим кишиларнинг асл юзи (аслида иккиюзламачилар ҳамма
сохада бор), менга Диёр эмас, Имомхўжаев деб қарашлари-ю, яна бир қатор майда
нарсалар ҳамиша қўшимча юк бўлиб келади. Йўқ, мен фамилиямдан ийманмайман. У
билан фахрланаман! Лекин нима қоралашимдан қатъий назар мендан олдин бу сохада
бўлган уч кишининг мендан олдинги карьераси билан ҳисоблашишим кераклиги шу
сохада бўлган қолган тенгдошларимдан мени ажратиб туради. Нима ёзмай, қандай
лавха тайёрламай менга Имомхўжаевнинг ўғил ёки набираси сифатида баҳо беришади.
Ўзим инсон ва унинг хунарини алоҳида-алоҳида баҳолашни ўргандим-у, ўзимга
келганда бунга эришмадим, эриша олмайман ҳам. Оддий мисол, мен “Футбол шарҳи”да
тайёрлаган лавхаларни умуман бошқа бир журналист, мутлақо бошқа каналга олиб
чиқса, унга муносабат ҳозиргидек бўлмайди. Имомхўжаевлар бир-бирига ёрдам
беришдан кўра кўпроқ ҳалал беради. 1та муассасада иккита бир хил фамилиядаги
кишининг ишлаши қийин, маълум масала юзасидан 4та Имомхўжаев фикр
билдиролмайди, фикрлари умуман бошқа-бошқа бўлган тақдирда ҳам. Ва 1тасининг
қилган ишига бериладиган баҳога қолганлари ҳам қўшиб юборилади, алоқаси бўлса,
бўлмаса.
***
Хайрулла Ҳамидов менга
далда бериб, 2та мисолни келтириб ўтарди. Биринчиси ўзларидан бўлиб, “Холислик
сари” дастури эфир юзини кўра бошлаган вақтларда уларга қаратилган гаплар
бўлса, иккинчиси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғилларига тегишли гап
эди: “Оловдан кейин кул қолади!”.
Гап шундаки, Шайх Муҳаммад
Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғилларидаги қироатга фақатгина ҳавас қилиш мумкин. Унинг
қироати отасиникидан ҳам чиройлироқ ва майинроқ. Бироқ шайхнинг ўзлари мусулмон
дунёси орасида қандай ўринга эга эканликлари, уларнинг билимлари аслида
қандайлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Жумладан, уларнинг ўғиллари ҳам. Буни онгли
равишда тушунган инсон сифатида у киши юқоридаги сарлавҳани кулиб айтган холос:
оловдан кейин кул қолади. Одамлар ўғилга алоҳида шахсдан кўра, Шайхнинг ўғли
сифатида қарайверишади...
Anchadan beri nega jurnalistikani tanlaganman, degan savolni o'zimga o'zim beraman. Menda mashhur familiya yo'q, hechkim meni o'zining shogirdi deb mutloq aytolmaydi(garchi ustozlarim ko'p desam-da), koroche aytganda, hech kim oldida ma'nan qarzdor emasman. Lekin, yaxshi yozamanmi,yoki yomon, yozmasdan turolmayman.O'sha hamma yomon ko'radigan, gazetachilar-u radiochilarning ko'rgani ko'zi yo'q tvni yaxshi ko'raveraman... Bilmadim nimaga?
ОтветитьУдалитьDiyor, o'sha 4ta talabadan 1 tasi men edim)) o'sha bola bizning fakultetga kiradi deb kutganman gazetadagi maqolaning oqiboq. mandatdagi girromliklar haqidagi maqola edi...
Да эсимда) Биринчи бўлиб сиз кегандиз. Деворий газета ҳақида биринчи силадан ўрганганимам эсимда)
УдалитьЭтот комментарий был удален автором.
ОтветитьУдалитьЭсимда ўша дамлар... :)
ОтветитьУдалитьГарчи соҳам бутунлай бошқа бўлсада мен ҳам журналистикани яхши кўраман, фақатгина эркинлик бўлса, сиқиб ташламаса. Ишладим ҳам газеталарда мухбир бўлиб. Ўзим эркин ижодкорман.
Мақсадим халқнинг дардини тинглаб, улар муаммоларини кенг ёритиб, ечимини топишга кўмак бериш. Халқ кимни яхши кўради, албатта уларни тинглаганни. Уларга ёрдам берганни. ИЙмон йўдлидан адашмаган ҳолда халқни тинглаб уларга ёрдам берадиган мақолалар, кўрсатув ва эшиттиришлар қилиб ёрдам беришни истайман.
Истак ва ҳаракат бир вақтда бўлса қандай гўзал)
Удалить