Поиск по этому блогу

30 августа, 2013

Ярим олимпиячилар

Кўпчилик томонидан ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас дея қаралаётган 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатига жиддий эътибор қаратишларини жуда хоҳлардим. Сабаби оддий: айнан мана шу турнирда тўп сурган футболчилар кейинчалик миллий терма жамоа асосини ташкил этишади.

Бундан бир йил муқаддам Алексей Евстафеев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-22 терма жамоаси Непалдаги саралаш турнирини аранг иккинчи ўринда якунлаганди. ЎФФ терма жамоалар маркази саралашга қандай юзаки кўз билан қараган бўлса, турнирнинг финал босқичига 4 ой вақт қолганида ҳам бу эътибор ўзгарган деб бўлмайди.

Катмандудаги саралаш турнири кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Мезбонлик учун мутлақо тайёр бўлмаган Непал футболчилар учун шунчаки қўрқинчли шароит яратиб берган. Қайсидир футболчига ётоқ етмаганидан тортиб, улар тамадди қилган таомлар рўйхатигача киши ҳафсаласини пир қиларди. Вахоланки ОФК саралаш мезбонлигини жон деб Ўзбекистонга топшириши мумкин эди. Бироқ на Ўзбекистон ва на Иордания бундай таклиф билан чиқишди. Миллий терма жамоанинг эртанги кунини белгилаб берадиган авлодга эса эътибор бироз ўзгача бўлса зарар қилмасди албатта.

Иорданияликлар Катмандудаги вазиятни ҳар қалай чамалай олишди. Делегация сафига маҳаллий ошпаз қўшилган бўлиб, у футболчилар учун зарур калорияли таомларни тайёрлашга сафарбар этилганди. Натижа эса эътиборга яраша бўлди: Иордания 4та ўйиннинг барчасида ишончли ғалабага эришди. Ҳаммасига биргина ошпаз сабабчи дейиш учун блог ёзмадим. Шунчаки мен терма жамоалар маркази профессионал бўлишини жуда хоҳлайман! Ҳар бир жабхада! Зеро Мираброр Зуфаровичнинг сўзларига кўра ЎФФ чиқимлардан қочадиган ташкилот эмас.

Ўзбекистонлик футболчилар ўша саралашда аксинча реакция кўрсатишди. Дастлабки икки турда қийин ғалабаларни қўлга киритган вакилларимиз (рақиблар Бангладеш (!) ва Непал (!), 3-турда Яман билан дурангга имзо чекишди. Шу тариқа сўнгги тур олдидан Ўзбекистон Яман билан рақобатлашишга маҳкум этилди. Турнир фаворити Иорданияга қарши ўйинни 1:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилаётган Ўзбекистон, ўйин якунига 10 дақиқа қолганида ўз дарвозасидан 3та гол ўтказиб юборди. Параллел ўйинда Яман 1та кўп гол урганида ёки иорданияликлар Ўзбекистон дарвозасига тўртинчи бор йўл топишганида ҳаммаси фожеали якун топарди. Ижозатингиз билан арзимагандек кўринаётган ошпаз масаласига яна қайтаман. Агар сиз ҳам бир ҳафта кўнглингиз тусамаган таом билан кифояланиб, қўшимчасига 3та ўйинда майдонга тушган бўлсангиз, тўртинчи ўйиннинг сўнгги 10 дақиқасида 3та гол ўтказиб юборишингизни кутилмаган хол деб қабул қилмайман. Гарчи миссия бир амаллаб бажарилган бўлсада, мен буни қониқарсиз иштирок деб баҳолайман. Ва бунда бош мураббий Алексей Евстафеевни айблашларига ҳам жиддий қарши чиқаман.

Ҳозир Алексей Евстафеевнинг гарданига бир йўла 2та терма жамоа юкланган: Ўзбекистон U-19 ва U-22. Айнан мана шу омил 2014 йилнинг 11-26 январь кунлари Уммонда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига эътибор камроқ деган хулосамга сабаб бўлди. Боиси айни пайтда Алексей Евстафеев бор диққат эътиборини Қатар мезбонлик қиладиган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш турнирига қаратган. 1995 йилда таваллуд топган футболчилар терма жамоаси 4-12 октябрь кунлари оралиғида мезбон Қатардан ташқари Туркманистон, Ҳиндистон ва Непал ёшларига қарши кураш олиб боришади. Мазкур турнир якунидан кейин Евстафеев табиийки 22 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионати ҳақида бош қотиради. Бунда эса Осиё чемпионати сари тайёргарликни бошлаши керак бўлган (насиб қилса) ёшлар терма жамоаси иккинчи планга ўтади.

22 ёшли футболчилар термасига жиддий эътибор қаратиш кераклигини унга жалб қилиниши мумкин бўлган футболчилар номидан ҳам билиб олиш қийин эмас: Жамшид Искандаров, Игорь Сергеев, Владимир Козак, Аббос Махситалиев, Дилшод Жўраев, Сардор Рашидов, Алибобо Раҳматуллаев, Сардор Собирхўжаев, Шохруҳ Гадоев, Бобур Йўлдошев ва ҳоказо. Мазкур футболчилар яқин вақт ичида миллий терма жамоадаги қарияларни алмаштиришлари катта эхтимол. Демак, уларга ҳам жиддий эътиборда бўлиш зарар қилмайди. Айни пайтда ишсиз юрган ва терма жамоалар учун фойдасига тегиши мумкин бўлган мутахассислар талайгина. Биринчи бўлиб ёдимга келгани Рауф Инилеев. Бу борада кичик бир рўйхат ҳам тузиш мумкин.

Рауф Инилеев ёшлар билан ишлашда жуда ас қотадиган мутахассис. Роберт Гай бошқарувидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига берган унинг таърифи ўша вақтда менга жуда ёққанди. ОАВ учун айтилмаган фикр бўлсада, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасидан Инилеевнинг кўнгли тўлмаётганини билиш қийин эмасди. Бунда жамоадаги тартиб ва интизомга Талгатович алоҳида эътибор қаратиб ўтган. Натижа кўпчиликнинг ёдида – Тошкент мезбонлик қилган турнирда Ўзбекистон ўсмирлари мундиал чиптасини қўлга кирита олишмаган. Футболни тушунадиган инсон учун бу ҳам оғриқли нарса эмас.

14 август санаси учун Ўзбекистон миллий терма жамоасига рақиб топилмаган бир пайтда, Алексей Евстафеев ҳам бундан унумли фойдаланиб қолиши мумкин эди. Чунки Ахмаджон Мусаев мураббийлик қилган жамоа асосини барибир 22 ёшгача бўлган терма жамоага номзод футболчилар ташкил этишди. Бироқ юқорида айтганимдек, Евстафеев ҳозирча ёшлар термаси ғами билан овора. Унинг малакасига шубҳа қилмаган ҳолда айтиш керакки, бир вақтнинг ўзида бир-биридан тубдан фарқ қилувчи терма жамоаларни бошқариш ҳар қалай осон иш эмас.

Яна қўшимча қилиш керакки, икки йил ўтиб терма жамоалар маркази Ўзбекистон U-22 терма жамоасига жуда жиддий эътибор қаратади. Боиси ўртага олипиада чиптаси тикилган бўлади. Ҳозирги жамоа олдида эса қандайдир улкан вазифа йўқ. Шунчаки футболчиларнинг аксарига Осиё чемпионатида армон бўлиб қолган ғалаба учун яна бир бор ҳаракат қилиш имкони берилади. Менимча бу жуда керакли нарса. Айниқса футболчилар учун.   

Арзимаган муаммо ҳақида шунча нарса қоралаш шарт эмасди, тан оламан. Мен ошириб юбордим...

25 августа, 2013

Иккиюзламачилар ҳақиқати ;-)

Бугун Чирчиққа кетаётганимда Альфия Мамаевна деган аёлни эсладим. Бундан 4-5 йил муқаддам Динара Дўлтаеванинг таклифига биноан Фонд Форум ва Келажак овози ташкил этган ўқув-семинарда иштирок этгандим. Альфия Мамаевнанинг маърузаларидан кейин чиқарган илк хулосам шундай бўлган: журналист бўлиш учун журналистикада 4 йил ўқиш шарт эмас. Бошида алам қилган, кейин эса аниқ хулосамамга сабаб бўлгани учун кўнглим кўтарилган.
Журналист бўлиш орзусида бўлган ёшлар учун медиа-лагер ташкил этилгани шу томондан яхши. Мен таҳсил олган факультетдан фарқли ўлароқ бу лагерга аниқ мақсади бор ёшлар келади. Бу бирлашиш учун шароит, ўрганиш учун асос.
Журналист ўз касбининг устаси бўлиш учун амалиёт билан хамнафас бўлиши жуда муҳим. Унинг принциплари, ОАВ позицияси, журналист қарашлари, касб маданияти ва умуман бошқа икир-чикирлар борасидаги кўникмаларни эгаллаш йўлида фақатгина шу ихтисослик дипломи у қадар шарт эмас IMHO. Медиа-конференция, лагер ва бошқа қатор учрашувлар ёш журналист қарашларини шакллантириб боради. Ўз принципларига эга бўлишига кўмаклашади.

***

Кимга қандай билмадим, журналист ҳаётда ҳам шундай бўлиши керак. Яъни, журналистнинг ҳаётий принциплари касбий принциплари билан уйғунлик ҳосил қилгандагина унга ишониш мумкин. Бироқ шундай нарсалар борки, ўз принципларингни ҳимоя қилиш учун маска кийишга мажбур бўласан. Бу олдин ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Ўтмишдан мисол сифатида Абдулла Қодирийнинг бир нечта тахаллуси бўлгани-ю, ҳозирги кун журналистининг бошқа ник билан фикрларини баён қилишини айтиб ўтиш мумкин. Бу мен учун иккиюзламачилик эмас. Мен учун муҳими фикрнинг бор экани. У қандай холда баён қилиниши муаллифнинг позициясига боғлиқ ва агар у фикрни ўз номидан баён қилмаган бўлса ҳам мен уни иккиюзламачига чиқара олмайман, бунга маънан ҳақиқим йўқ. Журналист бунда қўрқоқлик ёки эхтиёткорлик қилган бўлиши мумкин. Ёки ўзлигидан кўра образида ўзини эркин ҳис қилиши катт эхтимол. Ажабланиш шарт эмас.
Чирчиқдаги медиа-лагерда бўлиб ўтган учрашув ёқимли бўлди. Дебатнинг янада жонлироқ, янада тажовузкорроқ ва провакацион саволларга янада бойроқ бўлишини ҳам хоҳлардим хатто. Чунки нафақат ўзим, балки мен билан бирга медиа-лагерга ташриф буюрган шерикларим – Қобил Хидиров, Аброр Қодиров ва Бобур Абидов бунга тайёр эдик. Тайёрлигимизни билим ёки илм нуқтаи назаридан эмас (ортиқча камтарликсиз мен ўзимни билимли деб ҳисобламайман), ўз касбий ва ҳаётий принципларимизга эга эканлигимиздан келиб чиқиб айтдим. Яъни, иккиюзламачидан-да баттар таъриф берилганида ҳам буни ўта хотиржамлик билан инкор қилиш мумкин эди. Муҳими фикрнинг бор экани. Кимнидир иккиюзламачи сифатида кўриш учун ҳам инсонга фикр керак бўлади.

***
      
Журналистика учун энг хавфли фирқа – ўз қарашларини жуда тезкорлик билан ўзгартириб турадиган журналистлардир. Макон ва замонга мослашишни махорат деб биладиган кишилар мослаша олмайдиганларидан кескин фарқ қилгани каби, ҳар икки фирқадан айри бўлиб, мутлақо бошқа йўлни афзал биладиган кишилар тоифаси ҳам бор. Кўп холларда дастлабки икки гуруҳ учинчисини қабул қила олмайди ёки шунчаки иккиюзламачиликда айблаб қўяди. Ҳаётга шундай кўзойнак билан қараганда журналистлар ҳам кўзга фақат икки хил бўлиб кўринади – оқловчилар ва қораловчилар. Аммо журналистиканинг суд ёки бир-бирининг кўзини ўйишгада тайёр айрим партиялардан фарқли томони ҳам шунда – учинчи йўлнинг бор экани. Ва умуман ким қайси йўлни танлашидан қатъий назар, унинг ҳеч бирини қоралаб бўлмайди. Ҳар кимнинг ўз фикр ва қараши бор. Фикр ва қарашга эга бўлмаганлар ҳам йўқ эмас.

Зарнигор Омонуллаева деган қиз бугунги учрашув қаҳрамони бўлди дейиш мумкин. Зеро унинг фикрини тингловчилар қарсаклар билан қарши олишди. Кейин эса саволга бўлган жавобларга шундай реакция билдиришди. Яъни, ўз фикрини қўрқмай билдириш орқали сухбатдошга провакацион савол бериш ҳам, провакацион саволга жуда оддий ва баъзида ҳазиломуз жавоб бериш ҳам аудитория томонидан илиқ қарши олинди. Твиттердаги аккаунти @DiliKadirova бўлган қизнинг гапида жон бор: “ҳар бир ҳазил ортида ҳақиқат ётади”.

Зарнигор ўз принципига эга қиз. Ҳар холда менда шундай таассурот қолдирди. Яъни, ўз қарашларини ҳар қандай жойда ҳимоя қилишга интилади. Бу холат таҳсинга сазовор. Зеро мен принципсиз журналистни у қадар хурмат қила олмайман. Аммо унинг 1та саволи ҳали ҳам ҳаёлимда айланиб юрибди: “сиз давлат учун нима қилиб қўйгандингиз-у, уни танқид қиласиз?!” Хаддан ташқари умумий савол бўлди. Ҳаёлимга биринчи бўлиб ЎФФ президенти Мираброр Усмоновнинг “Футбол шарҳи” кўрсатувида қилган чиқиши келди. Ана энди савол: ниманидир танқид қилиш учун унга нимадир бериш шартми? Ёки аксинча, нимадир қилиб қўйган инсон хоҳлаган ишини қилиши мумкинми? Биринчи савол бизга қаратилган бўлса, иккинчиси саволга савол билан жавобдир. Унга таълуқли барча масала шунинг ичида жам.
Чирчиқдан қайтишда “Осмондаги болалар”да Лутфулла Саъдуллаев яратган образ ҳаёлимга келди: “Мен тараканман! Та-ра-кан! Суварак! Сувараклар хато атом бомбасининг ичида ҳам кўпайишаркан”...

***

Учрашув блог юритиш масаласида бўлгани учун бу нарса бевосита твиттер микраблогидаги фаолият билан уйғунлашиб кетди. Ундаги маска, образ ёки иккиюзламачилик каби қарашлар сухбатнинг энг кульминацион нуқтаси бўлиб қолди дейиш мумкин. Аниқроғи, ўз исми-шарифи билан эмас, тахаллус ёки бошқа ник билан билдириладиган кескин фикрларга урғу берилди. Ўзбек блоггерларининг твиттер ёки бошқа ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқишлари бевосита Ўзбекистон номи учун яхши PR бўлиб хизмат қилмайди-ку қабилида фикрлар билдирилди.

Фикрларнинг барчасида жон бор. Яна қайтараман, фикрнинг бор экани ёқимли. Аммо журналистнинг бошқа касб вакилларидан озгина фарқи танганинг иккинчи томонини ҳам кўра билишда. Блоггингда сиз энг асосийси ўз принципларингизга содиқ қоласиз. Бунда сиз фикр берасиз, бунда сиз хулоса учун йўл кўрсатишга интиласиз. Твиттер аккаунти ҳам шундай нарса. Бу ерда муаллиф ўзи истаган образга кириши мумкин ва бунга тўла ҳақли. Уни кузатиб бориш ёки бормаслик масаласи ўқувчининг ўзига боғлиқ бўлгани бир холда, сиз жинингиз суймаган кишини ўқиб боришга мажбур эмассиз. Шу билан бирга у ҳам сизнинг талаб ва принципларингизга бўйсунмай фаолият олиб боришга ҳақли: ҳар қандай мавзу ва ҳар қандай образда. Бунга уни мажбур қиладиган сабабларни билмай туриб хулоса чиқариш эса танганинг иккинчи томонини кўрмаслик бўлиб қолади.

Инсон жамиятни ўз принципларига ҳеч қачон бўйсундира олмайди. Энг фашист диктаторлар ҳам бунинг уддасидан чиқа олган эмас. Аммо ўша бошқа бировга зарари тегмайдиган тарзда эркин яшаши мумкин ва бунга ҳақли. У ўз твиттерида сўкиниб ёзиши ёки ўзини жамият қарашларидан бошқача тутишида шахсан мен учун ғайриоддийлик йўқ. Беш қўл баробар эмас. Муҳими у ҳар қандай кўринишда фикр бера олиши. Амалдор инсоннинг ёлғон ёки ўзи ҳам ишонмайдиган ахборотидан кўра, қандайдир пионистанинг конкрет фикри жамият учун қизиқроқ бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда мен учун.

Ана энди савол: принцип ва қарашларининг ўзгариши ҳокимият ўзгаришига боғлиқ бўлган кишилар кимлар? Ўзини оқловчилар қаторида кўрсатиб, буни чин дилдан қилмайдиган кишилар кимлар? Тили бошқа-ю, дили бошқа журналистларчи? Тасаввур қилинг сиз амалини суистеъмол қилаётган амалдорни кўриб қолдингиз. Мен давлат учун нима қилиб қўйибманки, унинг ишчисини танқид қиламан қабилида иш кўрасизми? Қайсидир мавзудаги фикрингиз касбий фаолиятингизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, сиз фикр билдиришдан қўрқиб уни ичингизга ютасизми? Ўша фикрни бошқачароқ услубда билдиришнинг имкони бўлган тақдирда ҳамми?! Агар менинг исм-шарифим твиттердаги образимни инкор қилса, ҳеч нарса янги образ яратиб олишимга ҳалал бермайди. Агар фикрни баён қилиш ва қарашларини образ орқали асослаш иккиюзламачилик бўлса, унда иккиюзламачи бўлишни хоҳлайман. Ҳар холда бу таракан бўлишдан яхшироқ IMHO