Сохта
реанимация
Футбол
мухлисларининг тили “шарҳловчи”га кўнникунига қадар ҳамма уни “комментатор” деб
биларди.
Бугун
уйга хат келди, Тбилисидан. Грузияга қатор ташрифлари давомида бир қанча
дўстлар орттирган комментаторнинг соғлиғи ҳақида чин юракдан қайғурилганди. Унга
саломатлик ҳамда юз йиллик юбилейни бирга нишонлаш бахтини сўраб ёзишганди. Комментаторнинг
кўзига ёш келди...
1964
йилнинг 18 ноябрь куни “Пахтакор” стадиони 70 мингдан зиёд мухлисни қабул қилди.
Собиқ Иттифоқ чемпионлигини қўлга киритиш учун Москванинг “Торпедо” клуби Тбилиси
“Динамо”си билан “олтин ўйин”да иштирок этади. Ҳар икки команда мавсумни 46
очко билан якунлаганликлари сабабли, чемпион номини Тошкентдаги машҳур
стадионда кечадиган финал аниқлаб бериши керак эди.
Ноябрнинг
иккинчи декадасида 15 та республика футбол мухлисларининг диққат-эътиборлари
Ўзбекистон пойтахтига қаратилгани тушунарли. Марказ клублари гегемонлиги шу
даражага етгандики, ўн тўққиз чемпионатнинг фақатгина 1 тасида олтин медаллар
Москвадан ташқарига чиқиб кетди. 1961 йил Киев “динамочилар”и ҳақиқий
қаҳрамонлик кўрсатиб, мамлакат чемпионлигини тантана қилишди. Орадан уч йил
ўтиб эса грузин клуби катта шов-шув кўтариб, иккинчи сенсация остонасида
турганди. Москвичларнинг “Спартак”, “Динамо”, “ЦСКА” клубларидан фарқли ўлароқ “Торпедо”
бош совринга фақатгина бир марта – 1960 йилдагина эга чиққан бўлиб, бу сафар
иккинчи чемпионликни “Пахтакор” стадионида нишонлашни мақсад қилиб, Тошкентга
етиб келди. Тарихий тўқнашувда тбилисиликлар асосий вақтни 1:1 ҳисобида
якунлашди. Қўшимча вақтда эса Москва клуби ўз дарвозасидан яна 3 та тўп ўтказиб
юборди. “Динамо” (Тбилиси) биринчи бор мамлакат чемпиони!
Кеч кузда
бўлиб ўтган қизиқарли финални тўрт нафар комментатор шарҳлаб борди: Москвадан
Николай Озеров, Тбилисидан Котэ Махарадзе, шунингдек, ўзбекистонлик футбол
мухлислари учун яхши таниш бўлган Роман Турпишев ҳамда Ахбор Имомхўжаев. Орадан
50 йил ўтиб, улар орасидан фақатгина биттаси, бугун Тбилисидан хат олган комментаторгина
ҳаёт эди.
2014
йилнинг 22 ноябрь куни грузинлар тарихий чемпионликнинг 50 йиллигини ўзлари
учун қадрли бўлган “Пахтакор” стадионида нишонлашга қарор қилишди. Дастурдан
шунингдек “Пахтакор-79”
ёдгорлигини зиёрат қилиш ҳам ўрин олганди. Тошкент клубида тўп тепиб элга
танилган фахрий футболчилар Тбилиси клуби фахрийларига қарши учрашувда иштирок
этаётган бир вақтда комментатор ўз хонасига қамалиб олганди. Уйидан унча узоқ
бўлмаган стадионда қадрдонлари тўп тепаётганини билиб турсада, уни қийнаётган
алам ҳафтада уч бор пиёда қатнайдигани – “Пахтакор” сари отланишига йўл
бермади. Комментатор аҳволидан хабар олишни истаган яқинларини ҳам қабул
қилгани йўқ. Бу кун у азият чекишда ёлғизликни афзал билганди.
Комментатор
қўлидаги хатни қайта-қайта ўқиб чиққанига шубҳа йўқ:
“Қадрдонимиз,
Ахбор Рустамович...
...биз
Сиз билан “Пахтакор” стадионида яна кўришишга умид боғлаган эдик...
...биз
ўтмишнинг ширин хотираларини бир-биримиз билан баҳам кўраётганимизда Сиз реанимацияда
ҳаёт учун курашда эканингиз...
...режамизни
ўзгартириб, шифохонада бўлсада дийдор кўришиш ниятимиз...
...дўстларингиз
эса, олдингизга ҳеч кимни қўймаётганликлари ҳақида айтиб..
...Сизга
соғлиқ, ирода, яна умр ва албатта дийдор учрашувимизни тилаб грузиялик
дўстларингиз...”
Комментаторни
“Пахтакор”га чақиришмади. У алоҳида илтифот кутиб ўтирадиганлар тоифасидан
эмас. Биргина илтимослари учун қандайдир стадиончани очиш учун 78 ёшида ҳам
бутун республикани айланиб юради. Нафақасида зерикаётган бир пайти мана шундай
таклифлар унга далда. Шунчаки “Пахтакор”да уни кутмаётганликларини яхши
биларди. Чунки стадион ёнидаги катта футбол ташкилоти фахрийлари хонаси уни
истамай қўйганига анча бўлиб қолди...