Поиск по этому блогу

03 января, 2016

Ҳамкасбларим билан фахрланаман!

Бу эски йилдаги сўнгги чиқишим бўлсин. Ва мен унда елкама-елка хизмат қилаётган ҳамкасбларимга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Қилаётган меҳнатларига муносиб ҳақ олмаётган бўлсаларда, айримларнинг боши қарз-ҳаволадан чиқмай қолган эрсада – улар кўпгина соҳа вакилларидан илдамроқ, жасурроқ ва албатта ҳалолроқ бўлиб чиқишди. Ҳа, биз мағрур ялангоёқлармиз. Муҳими виждон пок, луқма ҳалол, бошимиз эгилмаган – сарбаст!

Футбол журналистикаси қолган йўналишлардан катта фарқ билан ўзиб кетди, шунда ҳам фахрланмай бўладими? Бизда ҳокимларга ода битиш-у, футбол катталарининг кетига оппоқ пахта қўйишлар урфдан қолди, ҳайрият. Бу йўлда йўқотишлар бўлди, албатта. Жанг қурбонсиз бўлмайди, аҳир. Ҳақиқатни айтганларни ишдан олишди, газетасини ёпишди. Фидойи инсонлар катта ўйинларга юракни қалқон қилиб, бу дунёдан ўтишди. Айримлар олис манзилларга саёҳат қилиб қайтишди. Улар берган қурбонликлар бугун бизга эмин-ҳаракат қилиш имкониятини яратмоқда. Шунисига шукр.

Мухлисларга яхши таниш бўлган www.uff.uz сайти йилнинг энг яхши спорт журналисти ким деган сўровнома ўтказаётганига кўзим тушиб қолди. “Ҳаммаси ҳам муносиб” деган вариантни танлашимга сарлавҳадаги сўзлар мажбур қилаётганди. Футболдаги иллатларга қарши ҳамма бирдек курашди. Кимдир телевидениедаги фаолияти билан, кимдир газетадаги чиқишлари билан, яна кимдир интернет сайтларидаги ижоди билан. Ҳаммасига рахмат!

Аммо бир жиҳати борки, кўнгилни ҳира қилади: бизни фахрланишга арзигулик иккинчи ҳилқат – мухлислардан бошқаси кузатиб бормаяпти. Футбол амалдорлари газета ўқиб борганларида замин ёрилиши ва улар уятдан ер тагига кириб кетишлари керак эди, аслида. Бироқ парво ҳам қилишмайди. Кимлардандир эшитиб қолишади ва нима деганини оғзаки сўраб олишади, пинакларини бузишмайди, қўпол қилиб айтганда, тупуриб қўйишади. Шунга ўрганиб қолишган, ҳаётларидаги энг тўғри фикр – жимлик, шунга амал қилишади.

22 декабрь куни Профессионал футбол лигаси янги мавсумга қуръа ташлаш маросимини ўтказди. Келаси мавсумдан нимадир кутаётганлар бўлса, улар ҳаддан ташқари содда одамлардир. Ҳаммаси эски форматда, қоғоз парчалари тиқиб чиқиладиган идишчалардан тортиб, уни очиб-ёпаётган қўлларгача ўзгармаган. Шунда ҳам футбол ўзгаришига ишонасизми? Ахир бундайларнинг фалсафаси футболни бугунги аҳволидан юқорига олиб чиқа олмаслигини билиб туриб, қачонгача умидвор бўламиз? “Қизилқум” клуби менежери Ҳамид Актамов шундоққина олдимда келаётганди, эшик тагида “сиз кимсиз?!” деб кутиб олишди. Ичидан нималар ўтганини билмадим-у, эшик тагига футбол кишиларини танийдиган биттагина одамни қўя олмайдиган ташкилотдан оламшумул нима кутасиз?

Журналист аҳли хабардор қилишни ўрнига қўйиб бўлди. Тезкорликда олдинга анчагина қадам ташладик. Таҳлилни боплаяпти, танқид қиляпти, керак бўлса ечимларини ҳам кўрсатиб беряпти, келишилган ўйинларда иштирок этганларнинг исм-шарифидан тортиб, ёшини кичиклаштираётган футболчиларни фактлар билан ошкор қиляпти. Журналист фақатгина жазоламаяпти, ҳалос. Чунки унга бундай ҳуқуқ берилмаган, яна нима қилиши керак? Унга кимдир қулоқ солиши, футболда инқилобий ўзгаришлар бўлиши учун яна нима қилишимиз лозим, айтинг, қўлимиздан келади.

Футболдагилардан ким нима йўқотди? Майдонга чиқиб чинни идиш топширадиган ҳам, тотализаторларда иштирок этадиган ҳам, ёшини кичиклаштираётган ҳам, 3 ой олдин футболдан четлаштирилгани ҳам жойида қолди. Қолганида ҳам янада яхшироқ ўрнашиб олди. Бу кимнингдир устидан кулишми ёки қўлингдан келганини қил деб ҳитоб қилишми, билмадим, ақлим етмаяпти.

“Соккер клуб” кўрсатуви каттагина шов-шув билан кутиб олинди. Хўш, нима ўзгарди? Ҳали ҳам қайсидир футболчи сим қоқиб, мен келишилган ўйинларда иштирок этганман дейишини кутиб ўтиришибди. Шундай аҳмоқ футболчи ёки мутахассис топилармикан? Унинг тирикчилиги, оиласи ёки бола чақаси йўқми? “Биз ҳаммани эшитишга тайёрмиз”, деб гапиришмоқда. Телефон қилиш ёки юмалоқ хат ўз йўлига, миллионлаб мухлислар кўз олдида айтиб беряпмиз-ку, аҳир.

“Соккер клуб”нинг баҳор фаслидаги сонларидан бирига ташриф буюрган меҳмоним 4 та футболчининг исм-шарифларини аниқ кўрсатиб берди. Ўсмирлар терма жамоасида қандай исм билан тўп сургани-ю, кейин олий лигада бутунлай бошқа ном билан пайдо бўлганигача. Мана шундай футболчиларнинг миллионлар ўйинидан четлатилиши, янги чиқиб келаётган авлод учун ўрнак ўрнида бўлади. Исм-шарифлари билан, қачон ва қаерда ўйнаганликлари-ю, ҳозир нима билан машғул эканликларигача айтиб берсаг-у, ҳеч қандай чора кўрилмаса, бу келажак авлоднинг ҳам қўрқмай шу йўлга қадам босиши учун замин яратиш бўлади.

Роберт Гай, Алексей Евстафеев, Дилшод Нуралиев каби мутахассислар ўсмирлар терма жамоаси билан қандайдир муваффақиятларга эришишди. Хўш, савол: жамоалари сафида ёшини кичиклаштирган футболчилар бўлмаганида ҳам ютуқларимиз ўз ўрнида қолармиди? Кейинроқ мана шу номларнинг йўқ бўлиб кетаётгани, бунинг асл сабаби нимада экани борасида матбуот яна қанча чиқиш қилиши керак? Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларининг муваффақияти учун бундай ишларга кўз юмиб турамиз деб раҳбарлардан кимдир айтиб ўтсин, биз бу мавзуни бошқа кўтариб ўтирмаймиз.

“Соккер клуб” меҳмонларидан яна бири тотализаторда иштирок этган, келишилган ўйинларда қатнашган мутахассис ва футболчиларни номма-ном айтиб берди. Мен унинг ҳамма фикрлари тўғри ва аниқ демоқчи эмасман, лекин қўнғироқ кутиб вақт кетказаётган кишилар нима учун айбланувчи ва гувоҳларни юзлаштириб, масалага ойдинлик киритишмаяпти, хайронман.

Кўрсатувимда иштирок этган ҳакамдан тортиб, қолган меҳмонларга қадар футбол ичидагилар барчасидан бохабар эканликларини айтиб ўтишди. Шундан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгармаса, билмадим. Мен фақатгина “Пахтакор”га ёпишиб олишни истамасдим, зеро айрим кишиларнинг қинғир ишлари сабаб битта жамоа ва унинг мухлислари зарар кўриши керак эмас. Аҳир биламиз-ку, бундай ўйинларда деярли ҳамма жамоа иштирок этган бўлиши катта эҳтимол. “Пахтакор” қарзларини тўламаса олий лигадан тушириб юборилади деган эртакка, “Обод” муаммоларини ҳал қилмаса “Динамо” олий лигада қолади деб туриб, “Динамо” раҳбариятига янги мавсум лицензиясини тутқазадиган ПФЛга ишонишни ҳам истамасдим, бу кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас, аҳир.

Номлари аниқ айтилган футболчиларнинг, айблари исботланган мутахассис ва раҳбарларнинг футболдан умрбод четлаштирилиши, қинғир ишларда иштирок этган бўлсада, айби ошкор бўлмай келаётган қолганларни инсофга чақиради, сўл йўлга қайтиб қадам босмасликка ундайди. Блаттер, Платини каби кишилар 8 йил олдин зарчопон кийиб, энди 8 йилга футболдан учиб кетаётган бир пайтда, арзимаган футболчи-ю, мутахассисларга чиқиш эшикларини кўрсатиб қўя олишмайдими?

Йил тугамоқда. Кўтарилмаган мавзунинг ўзи қолмади. Биз ғалаба қозондик ёки мағлуб бўлдик демоқчи эмасман, аммо аниқ айтаман – футболимиз мағлуб бўляпти. Бу мақоладан кейин балки қайта чиқиш ҳам қилмасман, бироқ айтиб ўтаман, сарф этилаётган пуллар ошгани билан, футбол олдинга қадам ташламаяпти.

Келаси йил катта ўзгаришлар бўлишига барибир ишонаман. 2015 йил тинмай меҳнат қилган, тўғрилик йўлида ўзини аяшни истамаган, гарданидаги вазифалардан тўрт марта кўпроғини бажарган ҳамкасбларимни байрам билан муборакбод этаман! Кўпи кетиб, ози қолди. Келажакда футболга уни тушунадиган, замонавий фикрлайдиган, янгиликдан қўрқмайдиган ва албатта фидойи кишилар келади. Ўша кунлар келмаса танганинг иккинчи томонига разм солиб юраверамиз – аслида келажак ўз номи билан келажак, у ҳеч қачон келмайди...

Мақола "Эрудит" газетасининг 31.12.2015, №153 сонида чоп этилган

10 комментариев:

  1. Диёр ижодга барака. Ҳабба! Элмурод Эрматов.

    ОтветитьУдалить
  2. Yangi yilingiz bilan! Keling kelajakga umid bilan boqib bir kun o'sha kunlar kelishini kutamiz.Noumid bo'lamaylik. Omad va olg'a Diyor! Mahliyo

    ОтветитьУдалить
  3. Оригинал макола, суровномада Сиз биринчи эдингиз

    ОтветитьУдалить
  4. Мақола ажойиб (доимгидек)
    Аммо сўнгги жумлалар бироз ёқмади-да... Инсон, хусусан мўмин инсон ноумид бўлмаслик керак. Аллоҳ сабрли инсонларни севади ва Унга ишонганларни мукофотлайди.

    ОтветитьУдалить
  5. Узбекистон ОТЖ хакида макола ёзинг илтимос

    ОтветитьУдалить
  6. Диёрбек юқоридаги мафқолангизни ўқиб туриб яна бир бошқа сайтдан сиз ҳақингиздаги шов-шувли хабарни ўқиб қолдим. Шундай сўзлар бор эди унда:
    "Зафар Имомхўжаев шу кунга қадар “Трансляция” студияси бош муҳаррири сифатида фаолият юритиб келаётганди. Эндиликда унинг муаллифлигида 10 йилдан буён эфир юзини кўриб келаётган “Футбол шарҳи” кўрсатуви ҳам тўхтайди. “Спорт” телеканалида олий лига ўйинларини ёритиб борадиган, терма жамоалар иштирокидаги ўйинлар таҳлили ва умуман ўзбек футболидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берувчи бошқа кўрсатув йўқ.

    Диёр Имомхўжаев муаллифлигидаги “Соккер клуб” кўрсатуви ҳам эндиликда эфирга узатилмайди. Сўнгги бор 1 декабрь куни кўриниш берган “Соккер клуб” норасмий манбаларга кўра, каналдаги ўзгаришларга асосий сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Шарҳловчининг ўзи ижтимоий тармоқларда унга берилаётган саволларга ҳозирча жавоб қайтараётгани йўқ."

    Ток ургандек бўлди бу менга. Наҳотки!
    Аввало шубҳаю гумонлар мусулмонга хос эмас. Шунинг учун бу шов-шувлар қай даражада ҳақиқат ёки ёлғонлиги ҳақида фикр айтсангиз.

    ОтветитьУдалить
  7. Диёрбек юқоридаги мафқолангизни ўқиб туриб яна бир бошқа сайтдан сиз ҳақингиздаги шов-шувли хабарни ўқиб қолдим. Шундай сўзлар бор эди унда:
    --------------------
    "Зафар Имомхўжаев шу кунга қадар “Трансляция” студияси бош муҳаррири сифатида фаолият юритиб келаётганди. Эндиликда унинг муаллифлигида 10 йилдан буён эфир юзини кўриб келаётган “Футбол шарҳи” кўрсатуви ҳам тўхтайди. “Спорт” телеканалида олий лига ўйинларини ёритиб борадиган, терма жамоалар иштирокидаги ўйинлар таҳлили ва умуман ўзбек футболидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берувчи бошқа кўрсатув йўқ.

    Диёр Имомхўжаев муаллифлигидаги “Соккер клуб” кўрсатуви ҳам эндиликда эфирга узатилмайди. Сўнгги бор 1 декабрь куни кўриниш берган “Соккер клуб” норасмий манбаларга кўра, каналдаги ўзгаришларга асосий сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Шарҳловчининг ўзи ижтимоий тармоқларда унга берилаётган саволларга ҳозирча жавоб қайтараётгани йўқ."

    Манба:https://kun.uz/2016/01/19/manba-%E2%80%9Csokker-klub%E2%80%9D-korsatuvi-tufayli-imomhojaevlar-%E2%80%9Csport%E2%80%9D-kanalidan/
    -----------------------------------
    Ток ургандек бўлди бу менга. Наҳотки!
    Аввало шубҳаю гумонлар мусулмонга хос эмас. Шунинг учун бу шов-шувлар қай даражада ҳақиқат ёки ёлғонлиги ҳақида фикр айтсангиз

    ОтветитьУдалить