Бир
танишимнинг омонатини бериш учун бугун футбол федерациясига бордим. Шошилаётганим
важидан ичкаридаги яқинлар олдига ҳам кирмай, омонатни қоравулда қолдирдим.
Унга нималарнидир тушунтираётган қария “Ҳозир қаерга кетяпсиз, мени катта йўлга
ташлаб кетинг”, деб қолди.
Бадбўй ис
анқиётган бу кишига раҳмим келди. Федерацияда ишлаётганимда Мираброр Усмонов
билан кўришиш учун кунда одам келар, ҳар бири ўз дардини айтиб, федерация
президентининг моддий ёрдамидан умид қиларди. Яқин орада баданига сув тегмаган
бу кекса ёш киши ҳам қийинчиликда кун кечириши кўриниб турибди. Фарзандлари
эътиборида эмаслигини пайқаш қийин эмасди. Ҳассага таяниб олган, кўзи эса чамамда
яхши кўрмайди. Шу аснода бадбўй ҳидга юзимни тириштирмай чидардим, ахир унга
осон эмас, нима ҳам қилсин? Инсонга савоб ҳам керак.
- Мен
“Қора-қашиш”га боришим керак!
Мен эса шошилаётгандим,
лекин бу инсонни шунчаки кўчада ҳам қолдира олмайман. Машинагача қоравул
кузатиб қўйганидан кейин, у менга омонат эди. Унга шошилаётганимни, агар ҳафа
бўлмаса бошқа машинага чиқариб юборишимни айтдим. Розилик берди.
- Мен
билан тўп тепганларнинг ҳаммаси ўлиб кетди. 1та мен қолдим! Равшан Муқимовни танийсан-а?,
“Локомотив”да ишлаган. Шунга ишониш керак ҳаммасини. У боплайди! Абрамовни олиб
ташлаш керак! Йўқотиш керак! У Ўзбекистонда футбол ўйнамаган! Тўлаганни
тополмадим мана ҳозир...
У негадир тез
гапирарди. Юриши анча секин бўлсада, гапириши жонли эди. Машинани кўрмагандек
бўлиб қоравул эшик очиб берганида унга ўтирган бу киши, эшикни очиб бергунимча
машинадан тушиб бўлганди.
Мен тўхтатган
биринчи такси нархини ҳам келишди-ю, “ўтиринг, дода” дейишим билан
кўздан ғойиб бўлди. Иккинчи машина эса ҳаммасига рози бўлди. Ўзимдан бироз
каттароқ йигит “пулингиз кўп, розимисиз ишқилиб?” деб сўрашни ҳам унутмади.
- Отангга
раҳмат!
- Соғ
болинг, дода! Ахбор акани танийсизми?
- Ахбор
мени уйимда дарс қиларди! Футболнинг “ф” ҳарфини тушунмайди. Уни ҳам йўқотиш
керак! Агар ҳаммаси менга қолганида...
Ҳеч қачон кимнинг набираси эканимни биринчи бўлиб
айтмагандим. Айтган куним афсусландим. Унинг раҳмати аслида кимга эканлигини
футбол кишиларини танийдиган отахонга айтмоқчи бўлгандим. Қолган гаплари
қулоғимга кирмади, машина юриб кетди.
Кейинроқ “мен ўша Ахборнинг набирасиман” дея
олмаганимни эсладим, холос.
Комментариев нет:
Отправить комментарий