Комментаторнинг ёши саксонга яқинлашиб қолган,
ваҳоланки кўринишидан унинг ёшини таҳмин қилиб бўлмайди. Спорт
билан мунтазам шуғуллангани учун бўлса керак, қариликни тан олиб улгурмаган. У
тўп тепиш учун ҳафтада уч бор "Пахтакор" метроси томон қатнайди,
пиёда. Босиб ўтиладиган йўлда автобус етти бор тўхтаган бўларди.
Тбилисининг
"Динамо" ҳамда Тошкентнинг "Пахтакор" клуби фахрийлари
ўртасидаги ўйинга уни таклиф қилишмади. Бунинг ўзига хос сабаблари бор бўлиб,
уларни ўйлагани сайин комментатор аламини ичига юта олмаётганди. Унга нисбатан ўқилган
"ҳукм"ни адолатсизлик деб биларди.
Грузиядан ташриф
буюрган делегация аъзолари табиийки комментаторнинг қаерда экани билан
қизиқишарди. Буни жуда яхши тушуниб турган
кишилар уни касалга чиқаришди. Уларнинг бу баҳоналари комментаторнинг қулоғига
етиб келиши мумкинлигини ўйлашни исташмади. Борди-ю етмиш етти ёшли чол ўзини таклиф қилмаганликларидан нолийдиган бўлса ҳам,
"сизга алоҳида таклифнома керакмиди?!" деб ҳазилга буриб кетишади.
Грузия
делегациясига раҳбарлик қилган киши комментаторни жуда яхши танирди.
"Пахтакор" стадиони қошидаги федерация биносида ҳам, стадионнинг
ўзида ҳам, ундан кейинги банкетда ҳам комментатор кўринмагач, маҳаллий кишилар
иззат-эътиборида бўлаётган қариядан у ҳақда сўради. Бу саволга жавоб беришга
борган-сари сабри чидамай кетаётган қария, комментаторнинг оғир бетоблигини
мамнуният ила маълум қилди. Делегация раҳбари кутилмаган жавобдан хайрон бўлиб,
"Динамо"нинг фахрий сардорига савол нигоҳи билан қаради. Лабига
эндигина сигарета қистириб, уни ёқишга шайланаётган сардор бир зум тўхтаб,
бошини кўтарди: "Ничего, поедем в больницу".
Қария тамомила
эсанкираб қолди. Грузинларнинг бундай қарорга келишларини унинг ўзи ҳам, унга
доимий хамроҳ собиқ футболчи ҳам кутмаганди, албатта. Юзидаги мамнунликдан асар
ҳам қолмаган қарияни, ўша собиқ футболчи қутқариб қолди: "Он все равно в
реанимации. К нему никого не пускают. Вчера я сам поехал проведать его и
вернулся так и не увидев"...
Комментатор бу
жавоблар ҳақида унга Тбилисидан келган хат орқали билди. Бу хат федерация
биносининг биринчи қаватига келиб тушганида, балки эгасига қадар етиб келмасди.
Комментаторнинг манзили ҳақида хаттоки тасаввурга ҳам эга бўлмаган грузинлар
мактубни федерациянинг ўзига ёзиб, алоҳида конвертни эгасига етказишни илтимос
қилишганди. Комментаторни жуда яхши биладиган иккинчи қаватдаги хатлар бўлими мудираси у кишининг набираси билан таниш эди.
Мудира мактубни шу йўл орқали эгасига етказишга қарор қилганди.
Ҳакамлик
даврларини қўмсаб, қолаверса қарилик кушандаси бўлган ҳаракатсизликдан қочиш
учун ҳам ҳафтада уч бор футболга бориб турадиган комментатор аслида соппа-соғ
эди. Ўйин куни грузиялик қадрдонларини кўриш учун ҳам "Пахтакор"га
бормоқчи бўлди. Лекин ғурур йўл бермади. У атрофидаги ишларга шунчаки тупуриб
қўя олмасди. Ҳамма нарсани юрагига яқин оладиган комментаторга қўл силтаб қўя
қолиш бегона эмас. Бу сафар ҳам шундай қилди. Уни ёқтирмайдиган, унга бир қучоқ
алам “совға” қилган,
ҳаётининг мазмуни бўлган футболдан иложи борича четлаштиришга уринаётган
кишилар юзини кўргиси келмади.
Татимаган илтифот
2011 йилнинг 29
октябрь санаси ўзбекистонлик футбол мухлисларининг ёдида узоқ муддат сақланиб
қолади. Мамлакат жамоалари халқаро майдонда муносиб тўп суришсада, қандайдир
турнир финалига етиб келиш жуда кам кузатиладиган холат. 17 йил муқаддам бош
жамоа Хиросимадаги ҳал қилувчи беллашувда иштирок этган бўлса, уч йил олдин
ёшлардан иборат сара таркиб Даммам шаҳридаги сўнгги ўйинда майдонга тушишга
муваффақ бўлганди.
Бугунги финал
аввалгиларига умуман ўхшамасди. Пойтахт жамоалари халқаро мусобақалар финалига
бирор марта ҳам етиб келмаган бир пайтда воҳа етакчисининг ёриб чиқиши,
ҳамманинг бирдек олқишига сазовор бўлди. Тўғри, мусобақанинг нуфузи биринчи
рақамли эмас. Бироқ “Насаф” шундай ҳарактер намойиш қила олдики, бугун нуфузнинг
мутлақо аҳамияти қолмаганди. Тошкент клублари гегемонлигидан тўйиб кетган халқ
узоқ йил кутилган ўйинни Қарши шаҳрида томоша қилиш бахтига муяссар
бўлаётганди. Ўзи чемпион бўла олмасада, чемпионлик масаласи ҳал этилишида муҳим
рол тутувчи пойтахтдан ташқари ягона жамоага бу кун нафақат мамлакат аҳолиси,
балки қўшни республикалар футбол ишқибозлари ҳам бирдек мухлислик
қилишаётганди.
Декабрь кириб келишига
бир ойдан ҳиёл кўпроқ вақт бўлсада, сўнгги икки кунни қишдан фарқлаш қийин.
Табиат шу қадар гўзаллик билан ўзгардики, жазирама икки кун ичида қаҳратон
билан алмашиб қолганини танадан совуқ ўта бошлагачгина тушуниб етиш мумкин эди.
Аввалига илиқ ёмғир ёғди. Заминда гўёки қуруқ жой қолмагач, кўнгил илиқлик
тусай бошлади, иссиққина чойнинг қадри ошди. Кечаси билан кучли шамол эсиб,
ерга тикка тушаётган ёмғир томчиларини ширин уйқудагиларни уйғотиш учундек
дераза ойнакларига буриб юборди. Уйқудан уйғонганлар қандайдир соатлар ичида
илиқ кунлар билан бир неча ойга хайрлашганликларини тушуниб етишарди. Энди
лайлак қор ёғиб берса ҳам, ҳеч ким ажабланмайди, хатто ноябрь кириб келмаган
бўлса ҳам.
Қаршидаги ҳал қилувчи
ўйин қор остида қолиши эҳтимоли соат сайин ошиб борди. Бугун рақибни енгиш учун
табиат инъоми “Насаф”га мутлақо керак бўлмасада, футболчилар ҳам, мухлислар ҳам
унинг инжиқлигидан қочиб қутула олишмасди.
Футбол федерацияси ҳам
ҳал қилувчи ўйинга алоҳида тайёргарлик кўрди. Ташкилий ишларни қаршиликларнинг
ўзлари дўндириб ташлаган бўлишса ҳам, бундай ўйинлар раҳбарият ташрифисиз
ўтмайди. Бир неча йиллик меҳнатлари маҳсулини стадиондан туриб томоша қилиш ҳар
қандай кишига ўзгача завқ бағишлайди. Бугун Қаршидаги ўйингоҳ мухлислар билан
тўлишига шубҳа йўқ. Аввало маҳаллий ишқибозларнинг ўзи “Насаф”нинг финалгача
бўлган ўйинларида бўш жой қолдирмасликка ҳаракат қилишди. Қўшимчасига қолган
вилоятлардан ҳам футбол мухлислари Қарши сари оқиб келаётганди. Об-ҳаво
мухлислар оқимини камайтиргани йўқ. Ҳосилини йиғиб олиш учун авзойи бундан-да
бузуқ ҳавода меҳнат қилиб ўрганган кишилар учун финал вақтидаги изғирин чўт
эмасди.
Федерация
Тошкент-Қарши-Тошкент йўналиши бўйича чартер рейс буюртма бериб қўйган.
Ташкилотнинг кўзга кўринган барча аъзолари қаторида, спортнинг бошқа турларига
жавобгар кишилардан тортиб, миллионлар ўйинига иш юзасидан алоқаси йўқ бўлган раҳбар
ходимлар ҳам алоҳида буюртма этилган самалётда учишади.
***
Футбол учун қўлидан
келганини бериб, кейинчалик ёшларга ўрин бўшатишга мажбур бўлган кишилар учун
федерациянинг биринчи қаватидан жой ажратилган. Ёши бир жойга бориб қолган
хурматлиларнинг иккинчи қаватга кўтарилишда қийинчиликка дуч келмасликлари учун
эмас, шунчаки ташкилотнинг асосий ишларидан панада, жимгина юришлари учун ҳам
биринчи қаватдаги хона айнан уларга раво кўрилган. Бу қаватда фахрийлардан
ташқари кичик буфет ходимаси, софдил фаррошлар ҳамда омборхона мудирини учратиш
мумкин холос. Бугуннинг ҳурматлилари эса кунинг асосий ишлари билан иккинчи
қаватда машғул бўлишади.
Биз айтиб ўтган фахрий
кишиларга раислик қилиш вазифаси улар орасида энг хурматли бўлган Сулаймон
Қаҳҳоровичга топширилганди. Бундай вазифаларни шараф билан уддалаб ўрганган
Сулаймон акани футболдаги барча бирдек хурмат қилади. Биринчи навбатда унинг
ёши қолганлардан катта бўлса, иккинчи томондан карьерасининг асосий қисмини
раҳбарлик лавозимларида ўтказган. Фахрийларнинг бир нечтаси ўз вақтида иш
юзасидан Сулаймон Қаҳҳоровичга бўйсунган. Мурожаатларини асосан “Товарищи
друзья” жумласи билан бошлайдиган бу кишининг ҳеч кимга зарари тегмайди. Бўғиқ
овоз билан жуда секин гапирадиган Сулаймон акада нотиқлик санъати йўқ. Гаплари
хиёл чўзилиб кетса, тингловчилар зерикиб қолишлари мумкин. Аммо битта жихат
борки, у киши кўпни кўрган, биз билган кўйлакларнинг кўпини йиртган, тажрибаси
катта.
Сулаймон ака ҳазм қила
олмайдиган фақат битта жихат бор: футбол мухлислари уни яхши танишмайди. Соҳа
ичидаги кишиларнинг барчаси, хатто ўта машҳурлари ҳам Қаҳҳоровични кўрганда
қўлини кўксига қўйиб турсада, унинг номини халқ ичида жуда машҳур деб бўлмайди.
Мамлакатда хизмат кўрсатган мураббий унвони ҳам бир қатор шогирдлар етиштириб
чиқаргани учун эмас, бир неча йил раҳбар сифатида фаолият кўрсатилгани учун
берилган бўлса ажаб эмас. Чунки у майдон ичида футбол билан машғул бўла
олмасди. Шу сабабли ҳам футболчи ёки мураббийларни камол топтирган деб
бўлмайди. Аммо миллионлар ўйини атрофидаги бир қатор ишларга бош-қош бўлган.
Бугун Сулаймон
Қаҳҳоровичнинг кайфияти жойида. У билан бирга Қарши томон учиши керак бўлганлар
кишиларнинг ҳаммасида ҳам шу. Чартер рейс билан ўзга шаҳарга парвоз қилиб,
финал учрашувини кўриб, кетидан яхши зиёфатда иштирок этиб қайтиш кимга ҳам
ёқмайди? Ишчи кийимда йўлга чиқаверасиз, бир неча соатдан кейин эса иссиққина
уйга қайтиб турибсиз. Ётиш, туриш, ювиниш, транспорт кутиш каби муаммолар йўқ.
Комментатор айтилган
жойга ўз одатига кўра ҳаммадан эртароқ келди. Буфет ходимаси уни очиқ чеҳра
билан қарши олди. Комментатор ҳазилни яхши кўради, лекин кимгадир қўполлик
қилганини эслаш қийин. Унинг бу ҳарактерини федерациянинг оддий ишчилари
қадрлашади. Буфетчи чаққонлик билан кофега унади. Сулаймон Қаҳҳорович иш жойига
етиб келганида, комментатор кофесини ичиб бўлаётганди.
Қаҳҳорович хонасига
кириб ўтирмади. Буфет чеккасида жойлашган диван четига ўтирди. Аввал шарфини,
кейин эса спортчилар машғулот вақтида киядиган шапкасини ечди. Об-ҳавонинг
кескин совиб кетгани ҳақида гап бошлаб, у “Насаф”га панд бермасинда қабилида
бир-икки оғиз гапиргандек бўлди. Уч кун олдин бу икки қария ойда бир марта
бўладиган фахрийлар йиғилишида кўришишганди. Финалдан икки кун олдин эса тўйга
бирга боришганди.
- Тўйдан нега вақтли
кетиб қолдингиз? – Сулаймон Қаҳҳорович бунинг сабабини билиб турсада, таомилга
кўра комментаторнинг ўзига савол билан мурожаат қила қолди.
- Яхши ўтирдик.
Биласиз-ку, баланд мусиқага тобим йўқроқ. Сизларга айтмоқчи ҳам бўлдим, мени
деб безовта бўлишингизни хоҳламадим...
- Тўлабекнинг кайфи
ошиб қолмаганда ўша мусиқага рақс ҳам тушиб кетардингиз! – Сулаймон Қаҳҳорович
ўз гапидан ўзи мазза қилиб кулди. Мана шу кулгудан ҳам унинг кайфияти яхши
эканини билиш қийин эмасди.
Уч кун олдин
комментатор фахрийлар йиғилишига фотограф чақирди. Шавқатсиз ўлим айни пайтда
буфетда ўтирган икки кишининг қадрдонларини бирин-кетин олиб кетаётганди.
Сафнинг камайиб бораётгани энг кўп комментаторга таъсир қилади. Унинг бу
ҳарактерини хатто яқинлари ҳам тушуна олишмайди. Ҳамма нарсани ўзига яқин олаверади.
“Пахтакор” портлаб кетганидан кейин анчагина таъсирчан бўлиб қолган
комментатор, севимли қизи оламдан ўтгач қандли диабетга ҳам чалинди. Икки йил
муқаддам ярим асрдан кўпроқ бир ёстиққа бош қўйганини ҳам кўпга қўшгач, ўлимдан
қўрқиб қолди.
Эсдалик учун рамсга
тушиш комментатор учун одат тусига айланган. Зериккан вақтларида ширин онларини
эслатадиган фотосуратларни томоша қилишни ёқтиради. Бугун ҳаётида йўқ
кишиларнинг расмда акс этиб туриши унинг учун мўжизадек бир гап. Табиатан
режали бўлган комментатор йиғилишга фотограф келиши ҳақида ҳаммага
алоҳида-алоҳида сим қоқиб чиқди. Ҳар бир деталга эътиборли бўлгани учун
тузукроқ кийиниб келишларини ҳам сўради. Фахрийларнинг катта қисми руслардан
ташкил топган бўлиб, уларнинг аксари тарки дунё қилган кишиларни эслатиб
юборади. На юриш-туришида ва еб-ичишида маъно қолган бу кишилар уларни олдинда
ўлимдан бошқаси кутмаётганини онгли равишда тан олиб қўйишгани комментаторни
янада кўпроқ хавотирга соларди.
Йиғилиш куни Сулаймон
Қаҳҳоровичнинг бугунги кундаги ўнг қўли Тўлабек Исломовнинг қандайдир юмуши
чиқиб қолди. Қолганлар эса бир сафда суратга тушишди. Кечга бориб фотограф
эътиборидан четда қолиб кетгани Тўлабекка тегиб кетди. Эртаси куни тўйда барча
аламини комментатордан олди. Спиртли ичимликлар истеъмол қилмайдиган,
сигаретанинг яқинига ҳам йўламайдиган шарҳловчи бундай ҳунарли кишиларга
ортиқча гапирмайди. Лекин ҳурмачасидан ортиқча ичиб, томоша кўрсатадиган
кишиларни жини умуман суймайди. Тўй куни комментатор собиқ футболчининг
инжиқликларига аввалига ҳазил билан жавоб берди, кейин эса унга ярашмаслигини
тушунтирди, ҳафароқ оҳангда ҳам гапириб кўрди. Энг сўнггида тўйни жимгина тарк
этишни афзал билди.
***
Хурматли меҳмонлар
Қарши аэропортида кутиб олинди. Ташкилий ишларни яхши йўлга қўйган клуб
вакиллари меҳмонларга финал учун чипталарни шу ернинг ўзида тезлик билан улашиб
чиқишди. Улар учун алоҳида ўриндиқлар тайёрланган бўлиб, таклифномасифат
чиптага исм-шарифлар ҳам ёзиб қўйилганди. Комментаторга на журналистлар учун
чиқарилган ва на меҳмонлар учун аталга чипта насиб қилди. Ҳамма автобус томон
юраётган бир пайтда “Насаф” клуби менеджери унинг қулоғига секингина шипшиди:
“Сизга чипта йўқ. Сиз Ғанишер Саидаъзамович билан бирга томоша қиласиз. Ҳозирча
ҳеч ким билмасин”.
Автобус ойналарига қор
парчалари келиб урилаётганди. Бундай об-ҳавода қандай футбол бўлишини ҳеч ким
тушунмаётганди. Ўйиннинг қолдирилиши мумкинлиги ҳақида ҳам гаплар бўлиб ўтди.
Ўзбек футболининг энг олди кишилари қандай холатларда ўйин қолдириши мумкинлиги
ҳақида баҳслашишарди. Яна кимлардир ўзи иштирок этган қорли футболлар ҳақида
эслаб кетарди.
Сулаймон Қаҳҳорович
икки ёнидан ким жой олишини йўлда билиб олди. Кейин эса комментаторга юзланиб,
унда чипта йўқлигини кўрди. Кўнгил кўтаргандек бўлиб, ёдларидан чиққан бўлиши
мумкинлигини айтди. “Сиздек машҳур кишини ким ҳам стадионга қўймасди”, деб
кулиб ҳам қўйди.
Стадион чиндан ҳам
мухлислар билан тўла эди. Ҳаммада байрам кайфияти бўлсада, об-ҳаво барчанинг
ишини бирдек қийинлаштирган. Тартиб посбонлари одамлар оқимини назорат қилишда
қийинчиликка дуч келаётгани яққол кўриниб турибди. Автобус стадион ичкарисига
ҳеч бир қийинчиликсиз кириб келди. Ундан бироз олдинроқ етиб келган
иномаркаларда, умуман шу кортежда кимлар борлигини билиш учун бир қатор
ишқибозлар тўхтаб, кузатишни бошлашди. Милиция ходимлари эса улардан оқиб
келаётган бошқа мухлислар йўлини тўсиб қўймасликни тинмай талаб қилишарди.
Автобусдан ўзбек
футболининг машҳур кишилари бирин-кетин тушиб кела бошлашди. Шу онда ҳамма бир
овоз билан “Насаф, Насаф” дея бақиришни бошлади. Унга қадар асабийлашиб турган
тартиб посбонлари ҳам энди бироз тин олиб, мавжуд вазиятни шунчаки кузатиб
туришарди. Меҳмонларни енгил титроқ босди. Буни хавотир эмас, ўзига хос
адреналин, ўзига хос завқ сифатида тасвирлаш мумкин. Мухлислар шу қадар самимий
эдики, уларнинг хурмати учун ҳам бугун “Насаф” ютиши шарт эди! Ҳамманинг ичидан
мана шу хаёл ўтаётганди.
Комментатор манзарадан
чин дилидан хурсанд. Уни Қаршида кўриб турган мухлислар турлича саволлар билан
мурожаат қилишарди. Ишқибозлар “Насаф”нинг ғалабасига умуман шубҳа қилишмас,
шунчаки суюклилари финалда нечта гол фарқи билан зафар қучишини келиша
олишмаётганди. Комментатор қий-чув ичидан аниқ-тиниқ эшитилган ва унинг манзили
томон йўлланган саволга бармоқларида уч сонини ҳосил қилиб жавоб берди. Бу
мухлисларни янада хурсанд қилиб юборди. Уларнинг ёш болалардек бақиришига жуда
кам куладиган милиция ходимлари ҳам кулиб қўйишди. Ўзи вилоятларда тартиб
посбонлари ҳам қандайдир самимийроқ бўлишади.
***
Сулаймон
Қаҳҳоровичнинг бир неча соат илгариги кайфиятидан асар ҳам қолмаганди. Изғирин
забтига олаётгани “Насаф”ни тинмай қўллаётган мухлисларга балки
сезилмаётгандир, аммо ёши бир жойга бориб қолган қариягага финал умуман
ёқаётгани йўқ. Танаси илиқлик билмаётган бир пайтда кўнгилга футбол сиғадими?
Тўлабек Исломовнинг
ҳам кайфиятини зўр деб бўлмайди. Шунга қарамай у ўз ҳимоячисини ҳимоя қилишга
интиларди. Аввалига уни таниб қолган тартиб посбонини ишга солиб, иккита
ёпинчиқ топдирди. Кейин эса исиб олишнинг энг яхши йўли дея, қаердандир бир
шиша ароқ опкелтирди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора бир вақтда ароқ топиб кела
олган кишига ҳайкал қўйсанг арзийди. Лекин у ҳам шу топда пиёлани қаердан
олсин?! Сулаймон Қаҳҳоровичнинг асаби баттар бузилди. Олдин шишани, кейин эса
Тўлабекни сўкиб берди. Улар ўтирган жой мухлисларникидан анча яхши бўлсада,
об-ҳаво бунга заррача эътибор қилмайди. Изғирин оддий сектор ёки СИП сектор деб
ажратиб ўтирадими?
Бўлмади. Энг сўнгги
чора сифатида Тўлабек Сарвар Асатуллаевга мурожаат қилди. Ўзидан чиқиб бир иш
қилмайдиган бу киши Сулаймон Қаҳҳоровични шу совуқда қолдира олмасди. Уни
етаклаб, ҳурматли меҳмонлар ўтирган хонага олиб кирди. Ноз-неъматлар билан
безатилган столни ёшгина йигит тартибга келтириб қўяётганди. Стадионга тикилиб
ўтирганлардан бир нечтаси янги меҳмонга бурилиб қарашди ва яна ўйинни томоша
қилишда давом этишди. Қаҳҳорович эса стол чеккасига ўтирди. Энди ҳаммаси жойида
бўлсада, унга фақатгина бир нарса умуман ёқмаётганди – комментатор мана шу
меҳмонлар қаторида футбол томоша қилаётганди. Қандайдир киши билан фикр
алмашаётгани учун у Қаҳҳоровичнинг ташрифини сезмай ҳам қолди. Бу жойгача
комментаторни аэропортда унинг қулоғига бир нималар деган менеджер Ғанишер
Саидаъзамовичнинг буйруғига кўра олиб келганди.
***
Ўйиндан кейин
ҳамманинг кайфияти чоғ. Ҳамма бир-бирини бағрига босиб табриклади, ҳазиллар
қилишди. Сулаймон аканинг кайфияти эса об-ҳаводан андоза олганди. Қайтар чоғда
ҳам унга берилган саволларга бошини қимирлатиш ёки базўр кулиш билан жавоб
қайтарди. Тошкентга етиб келишгач, у чидай олмади. Комментаторга юзланиб, зўрға
гапирди: “Сиз билан сафарга бошқа бормайман! Сиз бизни ёлғиз қолдирдингиз...”
Атрофдаги журналистлар
буни ҳазилга буриб юборишди. Сулаймон аканинг ёш болаларча аразлаб гапиришига
йўйишди. Қаҳҳоровични бир неча йилдан буён яхши биладиган комментатор эса бунинг
ҳазил эмаслигини аллақачон пайқаб бўлганди. Шундан кейин унга Сулаймон ака
билан сафарга чиқиш қайтиб насиб қилгани йўқ. Уни ҳеч қаерга чақиришмади.
Грузинларнинг Тошкентга ташрифи комментатор бора олмаган тадбирларнинг
навбатдагиси эди холос.
Бундан аввалги ҳикоялар: Сохта реанимация
Бундан аввалги ҳикоялар: Сохта реанимация
Ha, kim aslida kim
ОтветитьУдалить