Поиск по этому блогу

18 ноября, 2015

Кичик пулитцер

Ностальгия

Охирги марта мандатни кўриб кетганим жойга орадан 4 йил ўтиб яна келдим. Ҳаммаси ўша-ўша. Талабалар гавжумлиги эвазига файзли, улар йўғида қаровсиз райончани ёдга соладиган литературный. Ўзини кўрганимдан буён сувини кўрмаганим фонтанни ярим айланиб, студентлик йиллари ништяк ўтганлар кўзига “Истиқлол”дан ҳам кўркам кўринувчи актовый залга кириб бордим. Қўлимга пресс-релиз келтириб беришди. 11 дан 5 дақиқа кечикканим учун ҳижолат бўлишга тақдирлаш маросимининг 40 дақиқа кечиккани ҳожат қолдирмади.

Қадрдон чеҳраларни кўрдим. Оқ кўйлак, қора шимдагилар орасида амортизатор кроссовки ва енгсиз майкада юрган олифтани кўриши билан эшак ёки ҳўтик ҳақидаги мисраси эсига тушиб қоладиган Акбар акадан тортиб, ярим семестр дарси билан бир умрга эсда қолувчи инсонга айланадиган Ҳалим акагача. Бутун умр илм кетидан қувиб, ҳали ҳам оддийлиги йўқотмаган, жанозага шошилганидан шалвар ва кедида чиқиб кетаверадиган ва шунинг учун ҳам ёқимли Файзулла акагача. Қўполлашганингда ҳам жилмайиб туравериб баттар асабинга тегадиган, лекин керак пайтда поддержка қиладиган Амрулло Каримовгача.

Халқаро журналистика факультетига адашмасам 1999 йил асос солинган. Унда ўқиган талабаларнинг ҳаммаси ўз даврини ўзидан кейингисидан анча яхши деб ҳисоблаши одат тусига кирган. Ва унда ўқиганларнинг ҳаммаси факультетни миллий журналистикадан яхшироқ деб қараши ҳам ота мерос. 2002-2009 йиллар давомида факультет чиндан ҳам жонли кўринарди. Кейин бироз зерикарли туюлди. Орада кўчманчиларни бағрига олиб, карвонсаройга айланди. Тушунишим бўйича чанг об-ҳавода сарғайиб кетаётганига қарамай оқ рангда қурилишда давом этаётган биноларнинг навбатдагиси ишга тушганида ҳам журналистика жойидан жилмайди. Аслида шуниси ҳам тинч, факультет бир оилалигини сақлаб қолади.

Ўзим ҳам ўз давримни ўзимдан кейингиларидан анча яхши ҳисоблаб келганман. Қилганларимизни кейингиларга тўлиб, тошиб гапириш кишига қисман кайф бағишлайди. Бугун эса биринчи бор бошқача ҳислар кечди. Биздан кейин таҳсил олаётган талабалардаги ҳаракатни кўриб ҳам қувондим, ҳам аламландим. Хурсанд қиладиган томони, бизда бор йигит-қизлар кейингиларида ҳам борлигига ишончим комил бўлди. Алам қилгани улар қилган ишни қачонлардир биз амалга ошира олмаганимиз.

Ёзги амалиёт даврида фаол бўлган талабаларнинг энг яхшилари тақдирланди. 1042 та ишдан энг яхши 45 таси танлаб олинганди. Ва улар 10 та номинация бўйича кураш олиб боришди. Йил якунида журналистларни тақдирлаш маросими қандай ўтказилса, худди шунинг кичик вариантини кўриб қайтдим. Аммо бу ердаги самимиятни ўша “Туркистон”дан топа олмайсиз. Бу ерда журналистларга яратилган шароитлар ҳақида ярим соат маъруза қилинмайди, бу ерда қарсакни ҳамма самимий чалади, бу ерда домлалар шогирдининг қувончини кўриб, ундан кўпроқ завқланади. Илиқ таассурот қолдирди, кайфият кўтарилди, соғинч ҳис қилинди, хуллас ачинмадим кетган вақтимга. Ғолиблар саҳнага чиқаётганида қўллаб-қувватлаш қандай соз бўлганини тушуниш учун уни фақатгина кўриш керак.

Пушаймон

Ўз хоҳишимга кўра эмас, хоҳишларига кўра журналистларни тақдирлаш маросимида иштирок этгандим. Ўзини севувчи кишилар етарли эканига шоҳид бўлганим тадбир мен учун биринчиси эди, умид қиламанки, охиргиси ҳам шу бўлади. Тақдирлаш маросимидан кейин яхши бир театри бўлмаганида, кетган вақтимга росмана ачинган бўлардим. Негадир журналистларни тақдирлаб қўйиш кераклиги учун ўтказилгандек таассурот қолдирганди. Балки фақат менга шундай туюлган, балки ясамаликни тушунмасман, хўжа кўрсин учун каби ишларга жин урсин дейиш одатим бўлиб қолгандир.

“Оскар” биласизми нимаси билан қизиқарли? Сизга хурматли меҳмон сифатида таклифнома келтириб беришади. Иззат билан кутиб олишади. Бутун бир шоуни катта ҳаяжон билан кузатасиз. Номзодлар орасида борсиз-у, аммо ғолиб бўлишингизга кўзингиз етмайди, сиз хатто Ди Каприодек талант бўлганингизда ҳам. Конвертдан исм-шарифингиз чиқиб қолса, ўша секундлардаги юз кўринишингизни қандай актёр бўлишингиздан қатъий назар бошқа такрорлаб бера олмайсиз. Юта олмасангиз ҳам номинант эканингиз сизни бахтли қилади. “Олтин тўп”ни оласизми, бошқа маросимларними, хуллас шунга ўхшаш жараён.

Лекин негадир журналистларда ундай эмас. Ҳамма нарсани шоуга айланишига ўзи ҳисса қўшади журналист. Ўзини тақдирлашларини эса гўёки сўраб олади. Бир йил давомида қилган ишларини ўзи йиғиб чиқади, дискка кўчиради, файл ичига солади, нима қилган ва нима еб катта бўлганини ёзиб, папкага жойлаб, ўзи бориб ташлаб келади. Папка шундай қабул қилиб олинадики, иши кўриб чиқилишига умидлари нимжонлашиб қолади. Кейин ўша кунни кутади. 10 та журналист саҳнага чақирилади, ҳаммасини қўлига диплом, пул, гул бериб, пасга тушириб юборишади. Иззатталабликмас-у, хуллас ғалати барибир. Мен зўрман деб ҳаммасини ўзингиз йиғиб, топширасиз. Бир йил қилган ижодингизни ё ҳеч ким кўрмаган, ё сиз нима қилсангиз ҳам значоклар, орденлар, мукофотлар ва саҳналар учун қилгансиз.

Пулитцер

Ҳамма нарса самимий бўлишини истардим. Йилнинг энг яхши журналисти деб сизни топишса-ю, юмшоқ қилиб айтганда ҳеч ким бўлсангиз, бундан ёмони йўқ. Ўлчамни аслида одамлар беради. Хизмат кўрсатган артист бўлиб, “Ниҳол”нинг 4 тасини уйингизга таҳлаб қўйсангиз-у, кўриниш беришингиз билан муте кнопкасини дучор бўлсангиз, ачинарли. Яхшиси сизни наврўзга ёки бошқа байрамга чақиришмасин, лекин чиқишингиз билан кимдир мурватни кўтариб қўйсин, кимдир рақсга тушсин. Журналист бўлсангиз, чиқишингизни кутиб яшашсин.

Бугун саҳнада кўрганларимга шундай бахтни тиладим. Байрам ажойиб бўлди, самимий руҳда ўтди. Ўзим иштирок этган икки тадбирни солиштириб кўрдим, бугунгиси ёқди. Талабалар орасида чиқишлари ёқадиган Озода Яхшиевани кўрдим, овози тўйларни гуллатаётган унча-мунчасидан яхши ҳофиз йигитлар ҳам бор экан, “Давр”да кўриб турадиганим йигит, спорт журналистикаси орқали танишлар, ҳеч бўлмаганда ижтимоий тармоқнинг мендан узоқ бўлмаган қисмидаги таниш чеҳралар. Уларнинг кўпи журналистикага қадам қўйиб бўлган. Келажакда одамлар яхши кўрадиган, жамият ишонадиган, суянишни истайдиган журналистлар бўлишини хоҳладим.

Балки қаричим нотўғридир, балки кимгадир ёқмас, калта ўйлаётгандирман, билмайман. Яхшиси истагимни ёзаман. Қилган меҳнатларингизни ўлчайдиган кишилар бўлиб, уларнинг кузатуви орқали эътиборга тушиш бахт. Пул мукофоти иккинчи даража, рост. Лекин кунларнинг бирида уйингизга таклифнома келса ва сиз йилнинг энг яхшилари қаторида эканингизни кутилмаганда билиб қолсангиз, мана сизга рағбат. Борасиз “Туркистон”га, энг яхши уч кишини табриклаб, ўзингиз улар қаторида эканингизга суюниб қайтиб келасиз. Ҳар холда меҳнатларингизни дискка ёзиб, қоғозга кўчириб, флешкага тиқиб, хуллас ўз қўлингиз билан тиқиштирмаймиз. Ўзингизни хизмат кўрсатган қилмаймиз, хизмат кўрсатган деб топишлари учун меҳнат қиласиз. Менимча фарқи бор, каттагина фарқи бор.

Комментариев нет:

Отправить комментарий