Поиск по этому блогу

23 марта, 2012

Запрет

Ҳар йили Наврўз ёки мустақиллик байрамида Юлдуз Усмонованинг чиқишини кутаман. Мен унинг мухлиси эмасман. Шунчаки меҳнати ва санъатига тан бераман. Мазкур байрамларда чиқиш қилаётган 95 фоиз қўшиқчилардан устун эканини тан оламан.

Яқин орада Обид Асомов, Юлдуз Усмонова, Шерали Жўраев, Фаррух Зокиров, Озода Нурсаидова кабиларни кўрганим йўқ. Улар нима сабабдан таъқиққа тушиб қолгани менга қоронғу. Бу борада ким биландир бахслашиш ниятим ҳам йўқ. Бироқ бу инсонларнинг запрет чегарасини босиб ўтгунига қадар қилган ижодида нима гуноҳ бор?

Хизмат кўрсатган артист бўлиш бугун у қадар қийин эмас. Давлат тадбирларида мунтазам иштирок этиб, ватан ҳақида 2та қўшиқ куйлаган қўшиқчилар бунга эга чиқиши мумкин. Бироқ халқ ўзи саралаб олган халқ артистларини соғинади. Унвон бу расмий мақом. Бироқ халқ берган мақомни кимдир тортиб олиши мумкинми?

Юлдуз Усмонова ёки Обид Асомов қилган ишни балки оқлаб бўлмас. Бу тушунарли. Мадомики шундай экан, нега уларнинг келгуси ижодига таъқиқ қўйилмайди-да, шу кунга қадар қилган меҳнати ҳам сунъий равишда йўққа чиқарилади? “Ҳеч кимга бермаймиз сени Ўзбекистон” қўшиғида ёки қандайдир хатолик борми?!

Хатони ҳамма қилади. Уни тузатиши керак бўлган, огоҳлантириш бериши мумкин бўлган ташкилотлар бор. Хато қилган инсонлар бугун ўша хатосидан афсусда экани катта эҳтимол. Наҳотки 1та хатони кечириш шу қадар қийин бўлса?! Ёки ёшлик вақтини соғиниш, кимгадир симпатия билдириш таъқиқлаб қўйилганми? Руслан Чагаев ҳар бир ғалабасидан кейин Ўзбекистон байроғини кўз-кўз қилса-ю, бироқ бу кадрни ҳеч бир канал намойиш қила олмаса!?

Бу каби ҳолатлар мамлакатга яхши PR бўлиб хизмат қилишига ишонмайман. Авваллари мустақиллик, эркинлик каби тушунчалар кўпчиликнинг онгига балки етиб бормагандир. Бироқ бугунги кун инсонлари бу неъматни жуда яхши тушуниб туришибди. Ҳаракат қилган ўз мақсадига етадиган замон, бунисига гап бўлиши мумкин эмас. Бироқ сунъийлик барибир ғалати кўринади...

22 марта, 2012

Йўлми шу?!

“Дорожный нолог” деган солиқ тури бўларди. Давлат уни йиғишда катта қийинчиликка дуч келгани учун энг яхши вариантни ўйлаб топди ва бу солиқни аёқш (бензин) нархига қўшиб юборди.

Тошкентда бир кунда қанча аёқш сотилиши менга қоронғу. Ҳар ҳолда кам эмас. Унинг ҳар бир литридан давлат йўл учун солиқ ажратиб олади. Бу ҳам кичик суммани ташкил қилмайди.

Ҳар сафар баҳор олдидан бир ҳил манзара Тошкент кўчаларига қараб бўлмайди. Чекка жойлардаги кўчаларнинг нотекис эканига ҳайдовчилар анча кўникиб кетишган. Бироқ марказий кўчалардаги аҳволни қандай тушуниш мумкин?

Тўғри, Тошкентда қиш анча совуқ бўлади. Ёғингарчиликдан кейин ҳар қандай асфальт зарар кўриши мумкин. Бу нарса инсонга боғлиқ эмас. Бироқ боғлиқ бўлган томонлари талаб даражасига бўлмасачи?

Давлатга қаршилик бўлиши мумкин эмас. Ҳар йили минглаб километрлик янги йўллар бунёд қилинади. Тирбандлик олдини олиш учун чоралар кўрилади. Бироқ эскини ямагунча эсинг кетади деган гап бор. Масалан мен 3та сифатсиз туфликдан кўра, 1таси яхшисини афзал биламан. Нарҳ борасида тенглик, бироқ сонга қараб сифатни ўлдириб бўлмайди. Боз устига ўша нарсадан ўзинг фойдалансанг!

Сўнгги йилларда ётқизилаётган асфальт йўллар талабга мутлақо жавоб бермайди. Бу соҳанинг мутахассиси эмасман. Бироқ яхши билан унинг аксини ажратиб олиш учун ўта кучи фаросат шарт бўлмаса керак.

Яқиндагина Қоратош ва Оқтепа мавзеларини боғлаб турувчи янги йўл қурилди. Хайрли иш, керакли иш. Лекин сифатчи? Авваллари трамвай ўз изидан чиқиб кетиши борасидаги гапни деярли эшитмасдим. Ваҳоланки ҳар куни ишим албатта трамвайга тушарди. Бугун эса бу ҳолат одатий бўлиб қолди.

Тошкентдаги ҳайдовчилар машина эхтиёт қисмлари ва унинг зарурий чоралари борасида европаликлардан устунроқ бўлса керак деб ўйлаб қоламан. Чунки бизнинг асфальтларда ҳаракатланаётган машина табиийки, текис йўлдагисидан тезроқ таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Тасаввур қилинг, собиқ “Халқлар дўстлиги” (бу ном кимга ҳалал берганига ҳайронман) кўчасидаги тунелдасиз. Бу ердаги ёритгич тизимлари талабга жавоб бермайди. Тунел тепасидан чакка ўтавериб, ундаги асфальтнинг расвосини чиқариб ташлаган. 1та машина тушган “яма”га яна нечтаси тушади. Айб кимда? “Дорожный нолог” тўлаётган ҳайдовчидами?!
Тасаввур қилинг, ўзингиз учун уй қураяпсиз. Қўшнингиз уста бироқ унинг иши талабга жавоб бермайди. У билан бир ҳилда нархга келишса бўладиган бегона эса сизнинг истагингиз асосида пишиқ уй қуриб бериши мумкин... Мен уйни қўшнимга ишонмасдим!

Балки йўл қуришни ҳам ўз ишига “гарантия” берадиган ҳорижий ёки хусусий компанияларга бериш керакдир? Зора шунда 1та кўприк асносида кимлар учундир данғиламма уй қурилгани ҳақидаги бўлмағур гапларни камроқ эшитсак...

20 марта, 2012

Ахборот монополияси

Ўзбекистон нодавлат электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси нодавлат ОАВнинг ахборотга бўлган муносабатидан қониқмаяпти. Бу табиий, албатта. Радиостанциялар интерактивликни биринчи планга олиб чиқаётган бўлса, матбуот енгил-елпиликдан ортаётгани йўқ. Бироқ бунда нодавлат ОАВни айблаш қанчалик ўринли?

Масалан Тошкент шаҳрига узоқ танаффусдан сўнг янги ҳоким тайинланди. Иложи бўлса, нодавлат ОАВ ҳам мазкур хабарни биринчи бўлиб етказишга ҳаракат қилишади. Бироқ илож кам бўлсачи? Шаҳар ҳокимиятига тегишли бўлган матбуот хизмати бу ҳақда ўз вақтида хабардор қилмади. Агар нодавлат ОАВ бу каби ҳар бир катта йиғилишга 1та журналист жўнатиб турса, ахборот бўлими ўз чиқимларини қопламаслиги катта эҳтимол. Айнан шу ҳолатдан келиб чиқиб, нодавлат ОАВ ахборот бўлимига катта эътибор қаратишмайди.

5 дақиқалик ахборот дастурини бир кунда 4 марта эфирга олиб чиқиш яхши албатта. Бироқ давлат ташкилотларининг матбуот хизматлари қониқарли фаолият олиб бормаётган бўлсачи? Ёки нодавлат ОАВ «оғзи»дан чиқаётган ҳар битта гап филтрлаб турилсачи? Журналист нима қилмоғи лозим? Барча маълумотни қўлга киритиш учун бир киши табиийки камлик қилади. Бир қатор ахборот тайёрловчи журналистларни штатда ушлаб туриш эса нодавлат ОАВ учун жуда ҳам оғир. Барча турдаги солиқлардан ташқари ишчиларнинг ойлик-маоши анча каттани ташкил қилади. Нодавлат радиостанциялар асосан реклама орқали даромад қилишини инобатга олсак, катта масштабдаги ахборот бўлимини ушлаб туриш радиостанцияга оғирлик қилади. Матбуот эса типография ва матбуот тарқатувчининг «эркаликлари»дан тўйиб кетган. Ҳар бир нусхасидан қоладиган 200 сўмга кўз тикиб туради.

Радиостанция интерактив ўйинлар орқали мухлис йиғиши ва бунинг орқасидан даромад қилиши мумкин. Смс ва телефон қўнғироқлари орқали нодавлат радиостанциялар нафақат ўзига, қўшимчасига, Nikita, MTC, Beeline, Ucell каби брендларга ҳам катта фойда келтирмоқда. Ахборотдан эса нодавлат радиолар фойда қилиши жуда қийин масала. Буни ТВда амалга ошириш мумкиндир. Бироқ радиостанцияларда бу ҳолат мушкул. Қолаверса ахборот дастури учун ҳомийликнинг ҳам 88та шарти бўлгани сабаб, унга «спонсор» топиш ҳам бир муаммо.

Бунинг натижасида нодавлат ОАВ энг мўтадил вариантни танлаб олишган. Спорт хабарлари, шоу-бизнес ва ҳорижий янгиликларга нисбатан филтр деярли йўқ бўлгани учун, улар шу билан чекланишмоқда, холос. Бироқ сиёсий ва иқтисодий хабарларга тус бериш кўп ҳолларда ижобий натижа билан якун топмаслиги кундек равшан. Юқорида айтиб ўтилгани каби, давлат ташкилотларида матбуот бўлими секин ҳаракат қилади. Бу билан нодавлат ОАВни янгиликни интернетдан олиш имконига эга бўлишмайди. Ҳақиқий ахборот бўлимига асос солиш учун эса катта маблағ керак. Ўзини-ўзи қоплаётган ва тўлаётган солиқлари билан қайсидир маънода давлат ташкилотларига ҳам катта фойда келтираётган нодавлат ОАВнинг қурби етмайди.

Бироқ Ўзбекистон нодавлат ОАВ миллий ассоциацияси ғалати таклиф билан чиқди. Унга кўра мазкур ташкилотда 1та марказий ахборот бўлими ташкил қилинади. Энг ҳайрон қолинадиган томони уни нодавлат ОАВнинг ўзи молиялаштириб туради. Ахборот маркази барча радио учун ахборот тайёрлаб, уни узатади. Яъни, ахборот маркази оқ деган нимарсани барча радио оқлайди, қорасини қоралайди.

Ахборот марказини ташкил қилиш учун кўрсатилган нарх анча катта. Ахборот марказида ишлайдиган биргина ҳодим учун креслодан тортиб, 50 миллионлик сервергача кўрсатиб ўтилган. Барчасини нодавлат ОАВни молиялаштириб турибгина қолмай, даромад келтираётган саҳифа ёки дастурлари ўрнига ахборот марказига кенг ўрин беради.

Ахборот ҳилма-ҳиллиги, эркин фикрлилик қаерга ғойиб бўлади? Ёки давлат ОАВ жамиятни ахборот билан етарлича таъминлай олмаяпти? Нега аҳир? Давлат ОАВни давлат молиялаштириб турса! Улар пул топиш каби энг қийин вазифадан озод этилган бўлса  яна нима етишмаслиги мумкин?

Ёки давлат ОАВни жамият кузатиб бормаяптими? ЎзАА эълон қилган бир энлик хабар 10та давлат газетасида бир ҳил услубда босилгани учун балки шундайдир? ОАВдаги хабарлар бир ёқлама бўлиб қолаётгани учун шундайдир? Электрон ОАВ миллий ассоциациясида ахборот маркази ташкил қилинса  давлат ОАВсидан фарқланиб турадиган нодавлат ОАВ ҳам зерикарли бўлиб қолмайдими?

Тўғри, нодавлат ОАВ ахборот етказиш сифати билан мақтана олмайди. Улар асосан кўнгилочар туркумга ўтиб олишган. Бироқ иқтисоднинг ўзи шунга мажбур қилаётган бўлсачи? Олдин иқтисод, кейин сиёсат тамойили айнан шу ерда ишлаётган бўлсачи?

Сифатли ва керакли ахборот етказиш нақадар яхши! Жамият савияси паст сериаллар ёки «ижодкор ўғрилар» (фонограмма билан, плагиат билан ном қозонаётганлар)га тегишли бўлган янгиликларга муккасидан шўнғиб кетмаса ёқимли. Бироқ бунинг учун қандайдир шароит бўлиши керак. Шу нарсани хоҳлаётган инсонлар шу ишни қила олиши мумкин бўлганларга енгиллик, қулайлик яратиши керак. Матбуот тарқатувчи, босмохоналар аввал яхши ишласин. Нодавлат ОАВ бўйнидаги солиқлар, мажбуриятлар озгина енгиллатилсин. ОАВ ёки журналист энг керакли нарсани, жамият қизиқиши доирасида бўлган воқеани ажрата олади. Унга алоҳида саралаб бериш, ўз йўриғига солиш шарт эмас. Шунчаки шароит ва эркинлик янада кўпроқ бўлса, кифоя...

08 марта, 2012

Татимаган тўй

Дўстим янги туғилган ўғли учун ош берди. Амру-маъруфдан кейин имом юзига фотиҳа тортаётган бир пайтда чақалоқ биздан олисда эди, а-а-анча олисда...

Ҳаётда камдан-кам учрайдиган ҳодисалар ўзга инсон ҳайратига сабаб бўлади. Фақат ўша ҳайрат ҳам турлича бўлиши мумкин. Баъзилари бизни чин маънода лол қолдирса, баъзиларига ачиниш кўзи билан қараймиз.
Ўзимга жуда яқин бўлган икки синфдошим бир ҳафталик фарқ билан оила қурганди. Уларнинг бирини livejournal даги блог-постимда қизлик бўлгани билан табриклаганимга бир йилча бўлиб қолди. Азизнинг фарзандли бўлиши эса бироз чўзилди. Бир нечта қиз билан учрашиб, холасининг қизидан яхшироғини топа олмаган дўстим ва ниҳоят ўғил фарзанд кўрди. Биринчи марта синфдошлар ичидаги янгиликни энг охирги бўлиб мен эшитдим. Аниқроғи чойхонага кеч қолиб келганим бунга сабаб бўлди. Воқеалар ривожидан кеч қолишимга ўрганмаган дўстларим менинг бу қувончли хабардан бехабар эканимни пайқамай ҳам қолишганди. Дадаш қўнғироқ қилиб ақиқа кунини маълум қилганида ҳам қувончдан, ҳам ғафлатда қолганимдан кулиб юбордим.

Ишдан чиқишим билан тўғри Азизнинг уйига йўл олдим. Қувончини баҳам кўрмагани учун уни озгина «сўкиб», кетидан табрикладим. Янги меҳмонга узоқ умр тиладим. Хуллас дўстим учун шод эдим.

Бугун яна унинг уйига йўл оламан. Ғафлатда қолганимдан кувониб эмас, уялиб...
Янги иш жойимдан рухсат олиб ақиқага борганим учун, ошдан кейин анча шошилаётгандим. Синфдошларимга узр айтиб, ишимга йўл олдим. Ўша маҳал ақиқа сабабчиси оламдан ўтганини билганимда балки шошилмасдим...

...бор йўғи 40 кунлик чақалоқ. Лекин уни кўпчилик кутганди. Ширк келтириш бўлмасин, жон ато қилган Худо уни ўзи қайтариб олди. Лекин Азизга осон эмас. Йўлнинг нариги бетида жойлашган ресторанга чиқиб кетаётганига Азиз уни ўпиб қўйгандир балки. Тўйи азага айланишини ўша вақтда дўстим қаердан билсин?..