Поиск по этому блогу

23 марта, 2012

Запрет

Ҳар йили Наврўз ёки мустақиллик байрамида Юлдуз Усмонованинг чиқишини кутаман. Мен унинг мухлиси эмасман. Шунчаки меҳнати ва санъатига тан бераман. Мазкур байрамларда чиқиш қилаётган 95 фоиз қўшиқчилардан устун эканини тан оламан.

Яқин орада Обид Асомов, Юлдуз Усмонова, Шерали Жўраев, Фаррух Зокиров, Озода Нурсаидова кабиларни кўрганим йўқ. Улар нима сабабдан таъқиққа тушиб қолгани менга қоронғу. Бу борада ким биландир бахслашиш ниятим ҳам йўқ. Бироқ бу инсонларнинг запрет чегарасини босиб ўтгунига қадар қилган ижодида нима гуноҳ бор?

Хизмат кўрсатган артист бўлиш бугун у қадар қийин эмас. Давлат тадбирларида мунтазам иштирок этиб, ватан ҳақида 2та қўшиқ куйлаган қўшиқчилар бунга эга чиқиши мумкин. Бироқ халқ ўзи саралаб олган халқ артистларини соғинади. Унвон бу расмий мақом. Бироқ халқ берган мақомни кимдир тортиб олиши мумкинми?

Юлдуз Усмонова ёки Обид Асомов қилган ишни балки оқлаб бўлмас. Бу тушунарли. Мадомики шундай экан, нега уларнинг келгуси ижодига таъқиқ қўйилмайди-да, шу кунга қадар қилган меҳнати ҳам сунъий равишда йўққа чиқарилади? “Ҳеч кимга бермаймиз сени Ўзбекистон” қўшиғида ёки қандайдир хатолик борми?!

Хатони ҳамма қилади. Уни тузатиши керак бўлган, огоҳлантириш бериши мумкин бўлган ташкилотлар бор. Хато қилган инсонлар бугун ўша хатосидан афсусда экани катта эҳтимол. Наҳотки 1та хатони кечириш шу қадар қийин бўлса?! Ёки ёшлик вақтини соғиниш, кимгадир симпатия билдириш таъқиқлаб қўйилганми? Руслан Чагаев ҳар бир ғалабасидан кейин Ўзбекистон байроғини кўз-кўз қилса-ю, бироқ бу кадрни ҳеч бир канал намойиш қила олмаса!?

Бу каби ҳолатлар мамлакатга яхши PR бўлиб хизмат қилишига ишонмайман. Авваллари мустақиллик, эркинлик каби тушунчалар кўпчиликнинг онгига балки етиб бормагандир. Бироқ бугунги кун инсонлари бу неъматни жуда яхши тушуниб туришибди. Ҳаракат қилган ўз мақсадига етадиган замон, бунисига гап бўлиши мумкин эмас. Бироқ сунъийлик барибир ғалати кўринади...

Комментариев нет:

Отправить комментарий