Поиск по этому блогу

27 июля, 2013

Оловдан кейин кул қолади

“Одамлар орасида” газетасининг илк сони дунё юзини кўрганида мен 17 ёшда эдим. Хайрулла Ҳамидов нишонанинг икки нусхасини қўлида кўтариб, радиога хурсанд ҳолда кириб келди. Дастлаб отам билан газета ҳақида сухбат қурди-да, хайрлашиб бўлганидан кейин менинг ёнимга келиб, иккинчи нусхасини қўлимга тутқазди: “Фикрингини айтасан!”.

Мен бу инсонни таҳминан 10 ёшимдан бери биламан. Георгий Черданцевнинг “Европейская футбольная неделя” кўрсатуви анча машҳур бўлган вақтлар Хайрулла Ҳамидовнинг “Футбол+” кўрсатуви бўларди. Ўша пайтда “Спорт” студиясининг бош муҳаррири отам бўлиб, кўрсатув айнан шу студиянинг махсулоти эди. Ҳафтанинг маълум кунида мен Черданцев муаллифлигидаги кўрсатувни видео кассетага ёзиб қўярдим. Кечга яқин эса Хайрулла ака уни мендан олиб кетарди ва унинг лавҳаларидан ўз кўрсатувлари учун фойдаланарди.

Орадан йиллар ўтиб отам ТВда ишламасликни маъқул кўрди. 2003 йилда “Наврўз” радиостанциясини ташкил қилиб, шу ерда фаолиятини давом эттирди. Кўп ўтмай Хайрулла Ҳамидов нафақат “Спорт” телеканалидан кетишга қарор қилди, балки футбол ўйинларини ҳам қайта шарҳламади. Аввалига “Футбол” газетаси, кейинчалик “Спорт” студиясидаги фаолият давомида бир-бирини яқиндан билган бу икки инсон “Наврўз” радиосида ҳам ҳамкорликни давом эттиришди. Кейинчалик жуда машҳур бўлиб кетган “Холислик сари” эшиттириши мана шу ҳамкорлик меваси эканини кўпчилик яхши билади.

“Холислик сари” даставвал мухлислар томонидан илиқ кутиб олинмади. Бир қатор мухлислар Ҳамидовни футболдан кейин диний эшиттиришда тез хазм қила олишмади. Ўша пайтлар унинг шаънига шундай ҳунук ва бўлмағур гаплар айтилдики, эслашнинг ўзи ёқимсиз. Мана шундай бир пайтда Хайрулла Ҳамидов билан жуда кўп мулоқотда бўлардим. Деярли ҳар куни футбол, янги қирра ёки журналистика ҳақида сухбат қурардик. Бу инсон билан фикр алмашиш менга нафақат ёқар, балки кўп нарсани ўргатарди ҳам. Унинг танқидларни кулиб қарши олиши, барча масалага босиқлик билан ёндошишига қойил қолардим. Кейинчалик бу хислатлардан фақат 1тасини қисман ўзлаштирдим. Босиқликни эса... Тезда қизишиб кетиш менинг табиатимда бор ва бу менинг ожиз томонларимдан бири. Бироқ гина сақламайман. Тинчимни бузмагунларига қадар етарлича босиқ бўла оламан. Хуллас Хайрулла Ҳамидовдан жуда кўп нарса ўргандим дейишим мумкин. Ҳаётимдаги биринчи устозим отам бўлса, иккинчиси том маънода Ҳамидов эди. Ва бунинг учун улардан бутун умр миннатдорман.

Қўлимдаги газетага келадиган бўлсам, уни бир ўтиришда ўқиб чиқдим. “Одамлар орасида” учун пастки қаватдан бир хона офис қилиб олинганди. Хайрулла ака кўп ўтмай қайтиб чиқдилар. Шундан сўнг газета борасида камида 2 соатга яқин сухбатлашдик. Укаси тенги ҳам келмайдиган бола билан бу қадар кўп гаплаша олганликларини ҳозиргача тушунмайман. Журналистикада ҳеч нарса қилмаган, ундаги пасткашликлар-у қинғирликлардан бехабар ва бу сохага у қадар қизиқиши ҳам йўқ бўлган боланинг гаплари балки улар учун қизиқ бўлгандир, билмадим.

Шундан кейин мен мавзу қилиб оладиган масалаларни мақола кўинишига келтириш таклифи жуда кўп бўлди. Бу таклифга жиддий эътибор қаратиш учун менда ҳеч нима йўқ эди: “ҳеч қачон мақола ёзолмайман!”. Ҳа, мен қўрқардим. Мактабда қизлар берган эсдаликка нимадир ёзиш учун уч кун қийналадиган бола, бутун бир бошли газетага мақола ёзишини тасаввур қилиш қийин эди. “Ёзасан! Қўлингдан келади. Менга нима деган бўлсанг, шуни қоғозга тушир, вассалом. Қолганига ўзим ёрдам бераман!”

Ҳаётимда кичик инқилоб бошланди. Кетма-кет иккита омадсиз мандатдан кейин радиода овоз режиссёри бўлиб ишлардим. Ўтирсам ҳам, турсам ҳам мақола аслида нима деган саволга жавоб топишга интилардим. Охири ёзишга жазм қилдим. Айтишим керакки, умримда фақатгина 1та мақолани қўлда ёзганман, шундан кейин барча ишни компьютерда бажара бошладим. Ҳозиргача катта авлод журналистлари катта-катта мақолаларни ручкада ёзгани-ю, улардан аввалгилар сиёхдон билан перога қаноат қилганини ўйласам юрагим сиқилиб кетади J

Орадан бир ҳафталар ўтиб биринчи мақоламни ёзиб тугатдим. Албатта футбол ҳақида. Кейинчалик уни лотин алифбосида компьютерга тушириб, Хайрулла акага тақдим этдим. Ўша куннинг эртасигаёқ мақола “Одамлар орасида” газетасида босилиб чиқди. Бирорта жойи ўзгартирилмаган холда (!)... Ўзбек футболи менинг тасаввуримда қандай бўлиши керак бўлса, шуни ёзгандим холос... Ҳаммаси шундан бошланди. Ўз исм-шарифимни газетада кўриш ё хобби ёки шунга ўхшаш ёқимли нимарсага айланиб қолди. Кейин эса кетма-кет мақолалар...

Аввал ёзганларимни ҳозир ўқисам уялиб кетаман. Менимча бу хол журналистикага энди қадам қўйган ҳар бир ижодкор билан рўй берса керак. Ёзганимни ким қандай қабул қилади, у аслида тўғрими ёки йўқ, ўйламасдим. Борлиқни тушунганимча қабул қилардим ва шуни қоралардим. Балоғат даврига кириб келаётган бир пайтда болалигимдаги расмлардан тортиб, ўзим тушиб қолган ноқулай вазиятларни-да кўргани кўзим йўқ эди. Агар ўша пайтларда ўтмишни ўчириши мумкин бўлган delete тугмаси бўлганида, мен иккиланиб ўтирмай уни босган бўлардим. Бироқ инсон қарашлари мукаммаллашиб бораверади. Балки яна 4-5 йил ўтиб бугун ёзаётганим ҳам ўзимга эриш туюлар. Аслида ўзим ҳам шуни истардим. Чунки бу бир жойда қотиб қолмаганимдан далолат. Яна ким билади...

Бироқ бир нарсани аниқ биламан. Агар ёшроқ вақтим қоралаганларимни ўқувчи киши муаллифнинг ёшини ҳам билиб турса, ундан ўзгача завқ олиши мумкин. “Китоб дўкони қаерда?”, “Самимият излаб” каби мақолалар ҳақида бегона одамлардан бир қатор фикрлар ҳам эшитганман. Бу фикрлар мени қўллаш учунми ёки шунчаки хурсанд қилиш билмайман, билганим ниманидир ўзгартирмайди ҳам. Бироқ Халқаро журналистика факультетига хужжат топшириш қарорига келишимда бу воқеалар муҳим рол бўлиб хизмат қилган. Айниқса, ўқишга қадам қўйган иккинчи кунимнинг ўзидаёқ мендан иккита катта курсда ўқийдиган 4та талабанинг ёнимга келиб “шу ўқишга келишингизни билардик” дея мени илиқ қарши олишгани иккиланишга бўлган рухиятимни яхшигина кўтарган. Ундан ҳам бурун мен кейинчалик жуда яқин бўлиб кетганим Муҳрим Аъзамхўжаев, Аброр Қодиров каби дўстларимнинг журналистикага кириб келишлари учун жуда бир кичик сабабча бўлганимни доими ширин хотира билан ёдга оламан.

***

Халқаро журналистикага ўқишга кирганимдан кейин менда орқага йўл йўқ эди. Отам касб танлаш борасидаги қарорларимга ҳеч қачон қарши чиққан эмас. Дипломат ёки учувчи бўлиш орзуларим рўёби учун қўлидан келганича ҳаракат қилган. Ҳар икки сафар ҳам қоқилиб қолганим важидан мен журналистикада тўхташга қарор қилдим. Буни чин дилдан хоҳламаганимни тушуним учун менга 4 йил керак бўлди. Вахоланки отам учинчи ва жиддий қароримни яхшилаб ўйлаб кўришимни сўраб, биздаги журналистика қандай аҳволда эканини тушунтириб ҳам берганди. Аммо унинг аслида қандайлигини билиш учун бошимни суқиб кўришим керак эди. Суқдим... Пишириб ҳам қўйгани йўқ эди менга бу ерда деб ўйлаб қоламан. Таваккал қила олмаслигимдан тортиб, кўп масалада иккиланишимга қадар кўпинча панд беради. Лекин ўзим пиширган ош. Айланиб ҳам, ўргилиб ҳам уни ичаман.

Эркинликнинг кам экани, журналистика сохасидаги айрим кишиларнинг асл юзи (аслида иккиюзламачилар ҳамма сохада бор), менга Диёр эмас, Имомхўжаев деб қарашлари-ю, яна бир қатор майда нарсалар ҳамиша қўшимча юк бўлиб келади. Йўқ, мен фамилиямдан ийманмайман. У билан фахрланаман! Лекин нима қоралашимдан қатъий назар мендан олдин бу сохада бўлган уч кишининг мендан олдинги карьераси билан ҳисоблашишим кераклиги шу сохада бўлган қолган тенгдошларимдан мени ажратиб туради. Нима ёзмай, қандай лавха тайёрламай менга Имомхўжаевнинг ўғил ёки набираси сифатида баҳо беришади. Ўзим инсон ва унинг хунарини алоҳида-алоҳида баҳолашни ўргандим-у, ўзимга келганда бунга эришмадим, эриша олмайман ҳам. Оддий мисол, мен “Футбол шарҳи”да тайёрлаган лавхаларни умуман бошқа бир журналист, мутлақо бошқа каналга олиб чиқса, унга муносабат ҳозиргидек бўлмайди. Имомхўжаевлар бир-бирига ёрдам беришдан кўра кўпроқ ҳалал беради. 1та муассасада иккита бир хил фамилиядаги кишининг ишлаши қийин, маълум масала юзасидан 4та Имомхўжаев фикр билдиролмайди, фикрлари умуман бошқа-бошқа бўлган тақдирда ҳам. Ва 1тасининг қилган ишига бериладиган баҳога қолганлари ҳам қўшиб юборилади, алоқаси бўлса, бўлмаса.

***

Хайрулла Ҳамидов менга далда бериб, 2та мисолни келтириб ўтарди. Биринчиси ўзларидан бўлиб, “Холислик сари” дастури эфир юзини кўра бошлаган вақтларда уларга қаратилган гаплар бўлса, иккинчиси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғилларига тегишли гап эди: “Оловдан кейин кул қолади!”.

Гап шундаки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғилларидаги қироатга фақатгина ҳавас қилиш мумкин. Унинг қироати отасиникидан ҳам чиройлироқ ва майинроқ. Бироқ шайхнинг ўзлари мусулмон дунёси орасида қандай ўринга эга эканликлари, уларнинг билимлари аслида қандайлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Жумладан, уларнинг ўғиллари ҳам. Буни онгли равишда тушунган инсон сифатида у киши юқоридаги сарлавҳани кулиб айтган холос: оловдан кейин кул қолади. Одамлар ўғилга алоҳида шахсдан кўра, Шайхнинг ўғли сифатида қарайверишади...       

26 июля, 2013

Ҳамма ўқиши шарт эмас-2

Мен яқинда “Стадион” сайти админларидан ундаги блогимни ўчириб ташлашни илтимос қилдим. Боиси улардан айримлари бир неча бор ғирром ўйин қилишди. Мен бу ҳақда хали батафсил тўхталиб ўтаман. Ва албатта Қосимовга қарши бошланган кампания борасидаги фикрларим билан ҳам ўртоқлашаман. Твиттер микроблогида ёзилган фикрларга қарши раддияни сайтга олиб чиққан, қўшимчасига журналистика принципларига терс ўлароқ менинг фикрларимдан иқтибос келтирмаган сайт админлари борасида ўз фикрим бор.

Қуйида муаммонинг куртак ёзишига сабаб бўлган воқеалардан бирига тўхталиб ўтишни лозим топдим. Кўпчиликка сир эмаски, “Футбол шарҳи” кўрсатувининг 8 июль кунги сонида мен “Бунёдкор” – “Локомотив” клублари иштирокидаги ўйиннинг қисқача шарҳига муаллифлик қилдим. Уни қуйидагиҳавола ёрдамида кўриш имконига эгасиз.

Айтишим керакки, лавҳа ҳеч қандай “закас” эвазига тайёрланмаган. Шундай фикрдаги кишилар бўлса, буни исботлаб беришларига тўғри келади. Олий лига биринчи давраси сўнгги туридаги ўйинни қайта-қайта кўриб чиққанимдан кейин шарҳ матнини телевидениенинг ўзида ёзиб тугатганимга гувоҳ ҳамкасбларим бор. Ва умид қиламанки, улар масалага ойдинлик киритиш учун айни ҳақиқатни айтишдан ийманишмайди. Гувоҳликда мен томон бўлишлари шарт эмас, борини айтишса бўлгани. Шунингдек, такрорий лавхалар орқали аниқ хулоса чиқариб олмаганимда, мен ҳакамлик масаласига тил текказишдан ўзимни тийган бўлардим. Ишонч пайдо бўлиши учун кадрларнинг бор экани етарли эди.

10 июль куни ЎФФ матбуот хизмати бўлими бошлиғи Санжар Ризаев “Футбол шарҳи” кўрсатувидаги менинг лавхамга твиттер аккаунти орқали ўз фикрини билдирди. Фикр раддий кўринишида бўлгани учун “Стадион” сайти буни хабар тариқасида чоп этди ва менинг бунга қаршилигим йўқ. Қолаверса, ЎФФ матбуот котиби сифатида Санжар Ризаев раддия билан чиқишга тўла ҳақли. Интернет сайтлари эса расмий кишининг сўзларидан иқтибос тариқасида хабар тайёрлашларида ҳам ҳеч қандай ғайриоддий ҳаракат кўрмадим. Бунга қадар твиттердаги аккаунтим орқали сайт ижодкорларининг айрим ҳаракатларини танқид қилиб келаётганим важидан менга қарши раддияни улар жон деб оммага ошкор қилишлари табиий бир хол.

Бироқ эътиборга арзигулик масала шундаки, сайт ижодкорлари менинг Санжар Ризаевнинг ёзганларига жавобимни сайтга қўйишмади. Бунга уларнинг тўла ҳаққи бор. Зеро уларни нимани хоҳлашса шуни беришади. Аммо ўзини адолат тарафда деб кўрсатаётган кишиларнинг ахборот етказишдаги принциплари айрим манфаатлар эвазига қурилганини пайқаш учун бу биринчи баҳона эди.

Қуйида Санжар Ризаевнинг “Футбол шарҳи” кўрсатувидаги лавхага фикрлари билан танишиб олишингиз мумкин. Улар ЎФФ матбуот котибининг твиттер аккаунтидан кўчириб олинган:

·         “Ушбу ҳафтада “Спорт” телеканали орқали намойиш этилган “Футбол шарҳи” дастуридаги Тошкент дербиси шарҳи ҳақида бироздан сўнг гаплашамиз”

·         “Футбол шарҳи”даги Тошкент дербиси шарҳини кўролмаганлар бўлса телефонда ёзилган варианти бор: moby.to/kzrimv Дискуссия учун муҳим”

·         “Буларнинг барчаси менинг фикрим. “Футбол шарҳи”даги Тошкент дербиси шарҳи холислик билан қилинган дейишимга қуйидагилар ҳалақит бераяпти”

·         Шарҳ ПФЛни айблаш билан бошланади. Эрматовни ўйинга тайинлагани ПФЛнинг айби дейилади. Хато. Ҳакамларни ПФЛ эмас, ЎФФ белгилайди

·         “Дерби ҳақидаги лавҳа Мурод Отажоновнинг ҳакамни айблаганлиги ҳақидаги фикр билан давом эттирилган, лекин бир савол очиқ қолган”

·         Савол шуки, Бунёдкор бош мураббийи ким? Тўғри, Миржалол Қосимов. Унда Мурод Отажонов матбуот анжуманида нима қилаяпти?

·         “Ваҳоланки, регламентнинг 4.23 бандига кўра, Олий лига клублари бош мураббийлари ўйиндан кейинги матбуот анжуманларида қатнашиши ШАРТ”

·         “ФИФА рефериси Равшан Эрматовнинг шахсиятига тегиши мумкин бўлган гаплар бор: “...руҳий аҳволини тиклаши керак эди”. Этикага тўғри келмайди”

·         “Равшан Эрматов ўйинга тайёр бўлмаса, бу ҳақда биринчи бўлиб ўзи ЎФФ Ҳакамлар ва инпекторлар департаментига хабар беради”

·         “Мураббий матбуот анжуманида ҳакамликка баҳо бермайди. Бу ҳақда савол бўлса матбуот котиби саволни жавобсиз қолдириб, кейингисига ўтиши керак”

·         “Мураббий ҳакамни танқид қилган ҳолатда, Осиёда масалан, комиссар бу ҳақда хабар беради. ОФК ҳисоботни ўрганиб чиқиб, мураббийни жазолайди”

·         “Масалан, Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби мураббийи Мурод Отажонов ҳам шу иши учун ЎФФ тартиб-интизом қўмитаси қарорига кўра жаримага тортилди”

·         “ЎФФ Матбуот хизмати талабига кўра, бош мураббий матбуот анжуманида бесабаб қатнашмайдиган бўлса, 2014 йилдан бошлаб унга чора кўрилади”

·         Шарҳга журналистик этика ва стандартлари нуқтаи назаридан қаралганда, унга объективлик, аниқлик ва ишончлилик етишмаяпти деб ўйлайман

·         “Ҳа, дарвоқе. Эрматовга ўйиндан бир кун ўтиб интервью беришни, гап ПФЛ учрашуви ҳақида кетаяптими, Регламент таъқиқламайди. Бундай пункт йўқ”

10 июль куни ёзилган раддия шу куннинг ўзида “Стадион” сайтига қўйилди. Мен эса орадан икки кун ўтиб, 12 июль куни бунга жавоб бердим. Бироқ сайт ижодкорлари буни беэътибор қолдиришди. Вахоланки, масалага ойдинлик киритиш истагида бўлган журналист ҳар икки томон фикрини кўрсатишга мажбур. 12 июль кунги холатга кўра “Стадион” сайти ижодкорларидан Шуҳрат Шокиржонов ва Қаҳрамон Асланов менинг твиттер аккаунтимни кузатиб боришларини инобатга олсак, журналистик принципга амалга қилиш уларнинг қўлида эди.

Мен бежизга Олимхўжа Бўронов номини тилга олмадим. Кейин аниқлашимча, мазкур воқеалар рўй берган вақтда Бўронов Тошкентда бўлмаган. У хаттоки, Санжар Ризаевнинг айтганлари сайтда эълон қилинганидан ҳам бехабар бўлган. Бу биринчи навбатда Бўроновни вазиятдан четга олиб чиқса, иккинчи навбатда сайтда аниқ бошқарув тизими йўқ эканидан далолат беради. Яъни, сайт админлари якдил принцип асосида фаолият олиб боришмайди. Уларнинг айримлари эса кампания кўринишида фаолият кўрсатишади, бунга кейинроқ тўхталаман. “Биз кампаниябоз эмасмиз” деган раддияга эса тупурган жойим бор!

Энди эса мен твиттер аккаунтимда қайтарган жавобларни ўқишингиз мумкин. Олдиндан шуни айтишим керакки, 140та ҳарф билан фикрни баён қилиш имконини берадиган твиттер микроблогидаги фикрларим тушунарли бўлиши учун қисқартиришлари олиб ташланган.
  
·         “Қуйида ёзиладиган твитларнинг барчаси ЎФФ матбуот котиби, “Футбол шарҳи” мухлислари ва ўзбек футболига бефарқ бўлмаган кишилар учун”

·         “ЎФФ матбуот котиби С.Ризаев “Футбол шарҳи” кўрсатуви борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Бу инсон ҳақида фикримни икки кун олдин айтдим”

·         “СР: “Шарҳга журналистик этика ва стандартлари нуқтаи назаридан қаралганда, унга объективлик, аниқлик ва ишончлилик етишмаяпти деб ўйлайман”

·         “Бу шунчаки СРнинг фикри холос. Объективлик ҳақида гап кетганда унда на “Локомотив” ва на “Бунёдкор” танқид қилинмаган. Ҳакам қарорлари шарҳланган”

·         “Аниқлик борасида СР нима тушунади билмайман. Лекин унда аниқ такрорий лавҳалар бор. Лавҳа бор пайтда яна қандай аниқлик, тушунмадим...”

·         “Ишончлилик ҳақида гап кетганида ўзимга ишонганим учун бу шарҳни ёзишга жазм этдим”

·         “Ва шарҳ қолиб, М.Қосимов, М.Отажонов ҳақидаги фикрлар келтириб ўтилганидан билиш мумкинки, раддияга ишончлилик етишмаяпти”

·         “Чунки Отажонов, Қосимов ёки Эрматов ўзига жавоб беради. Мен эса ўз шарҳимга жавоб бераман. Қолгани ПФЛнинг муаммоси, менинг эмас”

·         “СР: “Эрматовнинг ўйинга тайинлангани ПФЛнинг айби” дейилади. Бу хато фикр. Сабаби, ҳакамларни ўйинларга ПФЛ эмас, ЎФФ тайинлайди”

·         “Бир жойда жойлашган ва илдизлари умумий бўлган 2та ташкилот номини адаштириш мани хатойим. Аммо буни ўзим учун майдалашиш дедим”

·         “Матбуот анжуманига мураббий кирадими ёки йўқ, унда сўкинадими ёки йўқ, менинг ишим эмас. Ва шарҳ матбуот анжумани хусусида ҳам эмас”

·         “Журналист учун мавзу жуда муҳим. Менга мавзу ва фактларнинг бор экани етарли”

·         “Боз устига жаримани Отажонов тўлайдими ёки Қосимов, бу ҳам менинг ишим эмас. Ва бу холат мени қизиқтирмайди”

·         “Мени қизиқтирадиган холат эса ПФЛнинг нега айнан “Бунёдкор” – “Локомотив” ўйинидан кейин тилга киргани. Унга қадар ПФЛ матбуот анжуманларини кузатмадими?”

·         “Маълумот ўрнида “Бунёдкор” – “Сўғдиёна”, “Динамо” – “Бухоро”, “Динамо” – “Шўртан”, “Сўғдиёна” – “Нефтчи”, “Навбаҳор” – “Бунёдкор” ўйинидан кейинги матбуот анжуманларини кўриб чиқишни тавсия қиламан”

·         “Зеро юқоридаги ўйинлардан кейин ҳам мураббийлар ҳакамлик борасида фикр билдиришган. Ва умуман мен бунга қарши эмасман”

·         “Агар ҳакам ўйинни яққол ўлдирган бўлса, мураббийнинг сўз эркинлиги ҳуқуқи бузилишига қўшилмайман”

·         Мадомики мураббий ноҳақ бўлиб, ҳакамга тухмат қилгани аниқлансагина, уни тортишларига қарши эмасман”

·         “СР: “Равшан Эрматов ўйинга тайёр бўлмаса, бу ҳақда биринчи бўлиб ўзи ЎФФ ҳакамлар ва инспекторлар департаментига хабар беради”

·         “ЎФФ ҳакамлар ва инспекторлар департаменти ё жаҳон футболини кузатиб бормайди ёки бюрократияга амал қилади”

·         “Бундан келиб чиқадики, ўйинга маст холда келган ҳакам “мен мастман” деб айтмаса, ўйинни бошқариши мумкин”

·         “СР: “Мураббий матбуот анжуманида ҳакамликка баҳо бермайди. Бу ҳақда савол бўлса матбуот котиби саволни жавобсиз қолдириб, кейингисига ўтиши керак”

·         “Баҳони инспектор беради. Мураббий эса фикр бериши мумкин. Агар матбуот котиби журналист саволини жавобсиз қолдирса, матбуот анжумани нега керак?!”

·         “СР: “Мураббий ҳакамни танқид қилган холатда, Осиёда масалан, комиссар бу ҳақда хабар беради. ОФК хисоботни ўрганиб чиқиб, мураббийни жазолайди”

·         “Комиссарнинг вазифаси матбуот анжуманини эшитиб бориш эмас. 2та араб клуби ўйинига СР комиссар бўлиб қолса нима бўлади?”

·         “СР: “ЎФФ матбуот хизмати талабига кўра бош мураббий матбуот анжуманида бесабаб қатнашмайдиган бўлса, 2014 йилдан бошлаб унга чора кўрилади”

·         “Шу жойи ёқди. Қатнашсин бош мураббий! Лекин хорижда ҳам қатнашмайдиган холатлар кўп бўлади”

·         “Эрматовнинг “Стадион”га берган интервьюси хато деганимда ПФЛга эмас, ФИФАга урғу бердим, адаштириш керак эмас”

·         “Ва хатони умуман регламент сифатида эмас, қўрқоқ олдиндан мушт кўтариши сифатида тушунилгани сабаб айтдим”

·         “Шарҳ Эрматов хусусида бўлиб, раддияда Қосимовнинг хатолари санаб ўтилди. Хато есть хато”

·         “Лекин ҳакамлар қачонгача сувдан қуруқ чиқади?”

·         “Пахтакор” – “Насаф” учрашувини бошқарган ҳакам борасида ҳам танқидий шарҳ тайёрлаганман. Лекин унда ЎФФ матбуот хизмати нега жим эди?”

·         “Ёки ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшиш, хоҳлаган пайтда уни булғаш учун йўлланмами?”

·         “Журналистик этика ва унинг қолган масалалари борасида ўз фикрим бор. Журналистиканинг қолган принципларини ҳам билишса ёмон бўлмайди”

·         “Зеро адолатсизлик қолиб, унга тил теккизмасликка чорлаш журналистика принципининг энг асосийси – холисликка таҳдид деб биламан”

·         “Агар журналистика ва футбол ривожи керак бўлмай, журналистни жим юришга ундаш бўлса, мана бу журналист томонидан касб этикасининг бузилиши”

·         “ПФЛ регламентини пеш қилишсин, мураббийларга! Аммо журналистга эмас. Зеро мени ўша регламентга қўшилмайдиган жойларим бор”

·         “Ва бу ҳақда босқичма-босқич маълумот бериб боравераман. ПФЛ камчиликсиз ташкилот эмаски, унинг регламентини шарҳлаб бўлмаса”

·         “Лентадаги “монополия” ва эзмалик учун сорри. Саломат бўласизлар”

Кейинчалик мен Санжар Ризаев билан масалага ойдинлик киритиб олдим. Унинг фикрига кўра, мен шарҳда бош мураббийнинг матбуот анжуманига ташриф буюрмагани ва Мурод Отажоновнинг айтганлари регламентга тўғри келмаслигини ҳам айтиб ўтишим керак эди.

Агар ўйин олди ва ундан кейинги барча нарсани 2 дақиқалик лавхага сиғдириб бўлганида эди, мен албатта буни кўрсатиб ўтган бўлардим. Вақт тиғизлиги сабаб хаттоки ҳар икки клуб футболчилари томонидан ташкил қилинган хавфли ҳужумларнинг камида 80 фоизига тўхтала олмадим. Ва мен шарҳга мавзу сифатида ҳакамликни танлаб олдим,бу менинг ҳуқуқим. Агар мен илгариги каби ПФЛ ходими бўлганимда эди, Санжар Ризаевнинг фикрини тўла қўллаб-қувватлаган бўлардим.

Журналист учун мавзу жуда муҳим. Мурод Отажоновнинг матбуот анжуманига кириши муҳим. Кирмаслиги эса бизга мавзу. Регламент ҳақида биз эмас, ПФЛ ходимлари бош қотиришсин. Мурод Отажоновнинг фикрларига келадиган бўлсак, ундаги икки холат менга ҳам эриш туйилди. Бу хато позиция эди. Биринчиси ўзбек журналистларини россиялик журналистлар билан солиштиргани бўлса, иккинчиси Равшан Эрматовнинг Конфедерациялар Кубогидаги иштирокига тўхталиб ўтгани. Бевосита учрашув ҳакамини танқид қилиш эса унинг иши. Бу нарса журналист учун тайёр мавзу. Балки Қосимов матбуот анжуманига кирганида бундай демаган, журналистлар эса мавзусиз қолган бўлишарди. Буниси билан менинг ишим йўқ.

Твиттер аккаунтимда ёзганларимдан қуйидагисига Шуҳрат Шокиржонов фикр билдирди: “Шу жойи ёқди. Қатнашсин бош мураббий! Лекин хорижда ҳам қатнашмайдиган холатлар кўп бўлади”. “Стадион” сайти админининг фикрига кўра, биз хориждан яхши нарсани олишимиз керак, ёмонини эмас. Тўла қўшиламан. Бироқ менинг ёзганимда биринчи гап фикр, иккинчи гап хулоса, учинчи гап ахборот. Бунинг фарқига бориш учун ўта фаросатли бўлиш шарт эмас.

P.S. Мурод Отажоновнинг айтганларига Равшан Эрматов эртаси куниёқ жавоб берди. Агар ПФЛ 2014 йилдан бошлаб тилга кирмоқчи бўлса, адолатли иш кўриши керак. Мураббийнинг сўз эркинлиги бўғиладиган бўлса, бу чекловдан ҳакамлар ҳам четда қолмаслиги лозим... IMHO
Шунингдек, ЎФФ ва ПФЛ матбуот хизмати унинг қайсидир ходимига айтилган фикрдан ўша ходимни ҳимоя қилиши яхши. Маълумот ўрнида, Миржалол Қосимов ҳам терма жамоа бош мураббийи. Ё аслинг каби кўрин, ёки кўринганинг каби бўл!

Давоми бор... 

24 июля, 2013

Ҳамма ўқиши шарт эмас

Ҳозир баён қиладиганларимни ҳамма ўқиши шарт эмас. Айниқса ўз фикрига эга бўлмаган ва ахборот шамоли қайга қараб эсса, ўша тарафга оғиб борадиган кишиларгадир бу хитобим. Зеро мен қуйидагиларни ОАВ учун эмас, футбол атрофида нималар бўлаётганини чиндан-да билиш истагидагилар учун қораладим. Хулоса ўзингиздан. Худбинлигим ва ўзимни МЕНимга эга инсонлигим туфайли ҳар қандай ҳақорат-у қарши фикрлар позициямни ўзгартирмайди. Бу позиция ўзгартириб бўлмас қарашлар эвазига қурилганким, ундан кўра футбол журналистикасини тарк этиб, бутунлай бошқа соҳада фаолият олиб борганим минг чандон афзалдир менга.

“Футбол шарҳи”

Мазкур кўрсатувни бугунга келиб футболга бефарқ бўлмаганларнинг ҳаммаси билади. Амаким Зафар Имомхўжаев муаллифлик қиладиган бу кўрсатувга асос вазифасини бундан 17 йиллар муқаддам эфир юзини кўрган “Футбол олами” кўрсатуви ўтаб беради. Отам Аброр Имомхўжаев муаллифлик қилган “Футбол олами” ва унинг атрофида рўй берган воқеалар, кейинчалик унинг нима сабабдан тўхтаб қолгани-ю, отамнинг ўзи нима сабабдан телевидениени тарк этгани алоҳида мавзу. Насиб бўлса бу борадаги хотиралар билан ҳам босқичма-босқич ўртоқлашиш ниятим йўқ эмас. Зеро мозийга қайтиб иш кўрмак хайрлидур!
Орадан вақт ўтиб амаким ўз акасининг ишини давом эттиришга қарор қилди. Кўрсатув номи “Олам футболи” деб ўзгартирилди, бироқ у ўз мазмунини йўқотмади. Гарчи қондош бўлсада иккита инсон томонидан тайёрланган махсулот икки хил бўлиши кундек равшан. Футболга қарашлари буткул эмас, бироз бошқача бўлган амаким кўрсатув шакл-шамойилига озми-кўпми таъсир кўрсатди. Бу таъсир яхши ёки ёмонлиги ҳозир иккинчи масала. Муҳими, ҳар икки кишининг ўз позицияси ва қарашлари бор экани.
Амаким ҳозирга қадар телевидениеда фаолият кўрсатади. “Олам футболи” бугун йўқ. Унинг ўрнини “Футбол шарҳи” эгаллаган. Йўналишдан тортиб, кўрсатув структурасига қадар етарлича ўзгарган бўлиб, энди муаллиф фикрига хамоҳанг тарзда мутахассис фикри ҳам тингланади. Бу биринчи галда плюрализм (кўп фикрлилик) учун асос вазифасини ўтаб берса, иккинчи навбатда футболдаги муаммолар субъектив эмас, обьектив тарзда очиб берилишига замин яратади.

***

Бугун бу кўрсатувни танқид қиладиган кишилар етарлича топилади ва уларнинг бор экани ёқимли. Қилган ишингга ҳеч қандай реакция билдирилмаганидан ёмони йўқ. Яхшими ёки ёмон, “Футбол шарҳи” доимо диққат-марказда бўлиб келади.
Айтиш керакки, Ўзбекистон шароитида “Спорт” телеканали билан рақобатга киришиши мумкин бўлган бошқа канал йўқ. Ва бу ривожланишнинг анчайин секин кечиши учун асосий сабабдир. Спорт соҳасида яққол монопол бўлган канал табиийки ўз қобиғига ўралиб олиши катта эхтимол. Бироқ унутмаслик керакки, бунинг бир қатор жузий сабаблари бор.
Масалан “Спорт” каналида Ўзбекистон Олий лигаси ва жамоаларимизнинг халқаро майдондаги иштирокларини ёритиб берувчи биргина кўрсатув бор – “Футбол шарҳи”. Худди унингдек танқидлар ёмғири остида қоладиган “Турдан-тургача” кўрсатуви асосан Европа миллий чемпионатлари ва умуман хориж футболи борасидаги қарашларни ўзида акс эттиради. “Биринчи лига кундалиги” ҳам мавжуд монопол кўрсатувлар сирасига киради. 1та каналда бир хил мавзуни ёритадиган 2-3та кўрсатувнинг бўлиши ҳозирги аҳволимиз учун характерли эмас. Биринчи навбатда каналнинг техник имкониятлари бунга йўл бермаса, иккинчидан маълум мавзуга йўналтирилган 3та кўрсатувнинг энг яхши 1таси танлаб олинишида ҳеч қандай ажабланарли жой йўқ.
Мавзунинг иккинчи томони шундаки, мазкур кўрсатувларга бўлаётган фикрлар фақатгина танқидлардан иборат эмас. Зеро “Футбол шарҳи”нинг ҳам, “Турдан-тургача” кўрсатувининг ҳам ўз мухлислари бор. Бу кўрсатувларни танқид остига олаётганлар учун ишлаш имкони яратиб берилганда ҳам вазият ўзгармасди. Чунки ҳаммага бирдек ёқишнинг мутлақо иложи йўқ. 10та мияда ўн хил фикр ва қараш борлигини ҳеч ким инкор қила олмайди. Шундан келиб чиқиб айтиш керакки, айни вақтда футбол мухлисларининг талаб ва истакларини “Спорт” каналидаги мазкур кўрсатувлар озми-кўпми қондириб келмоқда.

***

“Футбол шарҳи” кўрсатуви ижодкорлари қаторига 2013 йилнинг мартидан бошлаб мен ҳам қўшилдим. Илгари додам отамни, отам эса амакимни қай тариқа телевидениега жалб қилган бўлса, 2013 йилги мавсум аввалида бу хол мен билан такрорланди. Агар сиз вазиятга қариндош-уруғчилик ришталари ила баҳо берсангиз, у холда бир ёқлама фикр билдирган бўлиб қоласиз. Боиси ҳар бир шарҳловчининг ТВга қадам қўйишида кимдир воситачи бўлиб хизмат қилади. Агар мен футболни тушунмайдиган ёки ундан буткул йироқ киши бўлганимда эди, мазкур вазиятни қоралашдан ҳеч ким сизни тўсиб тура олмасди. Футболга қарашларим кимгадир манзур келса, яна баъзилар бунга танқидий нуқта-и назар билан қарашади. Ва айтишим керакки, мен бунга ҳамиша тайёр турганман. Фамилиям ёки қайси оилада ўсиб-улғайганимни ҳар бир масалада қистириб ўтиш эса ожизлик белгиси ҳамда мен бундай кишилар хитобига “ит ҳурар, карвон” ўтар қабилида эътибор бермасликка ҳаракат қиламан. Шу ўринда барча нарсага холис баҳо бериш истагида бўлган ақлли кишиларга мурожаатим шулки, кимгадир пичоқ уришдан олдин унинг оғриғини ўзингизда ҳис қилиб кўринг. Зеро сиз ҳам қайсидир хонадоннинг азиз фарзандисиз. Сизни ҳам қайсидир ота дунёга келтирган, оқ ювиб, оқ тараган ва сизга таълим-тарбия берган. Демак сизга яхшилик қилувчи инсон томон йўналтирилган ҳар қанда тухмат ва куракда турмайдиган гап сизнинг ҳам кўнглизни илма-тешик қилиб ўтади.

***

“Футбол шарҳи” учун лавха тайёрлаш мен каналда энг севиб амалга оширадиган иш. Боиси ундаги эркинлигим қолган кўрсатувларимдагига қараганда кўпроқ. Балки шунинг учун бўлса керак, футбол мухлисларининг аксар қисми айнан шу кўрсатувдаги лавҳаларим ҳақида фикр билдиришади.
Бироқ айтишим керакки, менга энг кўп эркинлик тақдим этган эшиттириш “Футбол чоррахалари” дастури бўлиб, унинг мухлислари 3 йил давомида телевидениеда учратиш қийин бўган фикрларни эшитишган. Вақти келганда “Стадион” сайти унда келтирилган айрим фактлардан иқтибос келтирган ҳамда бу холат катта шов-шувларга сабаб бўлган (Азамат Муродовдан сўранг). Додам Ахбор Имомхўжаев 36 йил муаллифлик қилган эшиттириш 2009 йилга келиб менга топширилганди. “Наврўз” радиосининг асосий йўналиши спорт соҳаси билан боғлиқ бўлмагани сабабли бу ҳақда кимдир билади, кимдир эса йўқ.
Мен телевидение ва радиодан ташқари матбуот (“Стадион”, “Чемпион”, “Парвона”) ва интернет сайтларда (“kun.uz”, “uff.uz”, “stadion.uz”, “muloqot.uz”) ҳам ишлаб кўрганман. ОАВнинг барча турида фаолият олиб борган журналист сифатида айтишим мумкинки, булар ичида энг мураккаби сўзсиз телевидение. Кадр билан ишлаш муаммосидан ташқари айтилаётган ҳар бир сўзнинг филтрдан ўтказилиши маълум муаммоларни келтириб чиқаради. Бунинг яхши томони ҳам бўлиб, аҳолининг катта қисми кузатиб борадиган телевидениеда номақбул ва фактларга асосланмаган гап-сўзларнинг кетиб қолиш олди олинади.
Телевидение шароитида ишлаб кўрмаган журналистлар эса табиийки ундаги қийинчиликларни онгли равишда тушунишмайди. Масалан “Спорт” каналининг ҳар бир ходимига қўйиб берсангиз, улар Англиядан тортиб Бразилия чемпионатигача транслация қилиш тарафдорилар. Бироқ канал ходимларига боғлиқ бўлмаган муаммолар (техника таъминоти ёки муаллифлик ҳуқуқи нормалари) ҳар борки, улардан шунчаки кўз юмиб бўлмайди.

***

Мен юқорида гапни бежизга узоқдан бошламадим. Бугунги кун футбол мухлисларининг аксар қисми менинг оила аъзоларим томонидан тайёрланган репортаж ёки кўрсатувлар ҳақида билмайди. Шунингдек, бугун менинг оила аъзоларимни аёвсиз ва асоссиз танқид қилаётган кишиларнинг айримлари мен тилга олиб ўтган даврларда мен каби мактаб ўқувчиси ёки боғча тарбияланувчиси бўлган.
Додам ёки отамни таниган, улар тайёрлаган репортаж ва кўрсатувларга тирик гувоҳлар айтишсин, улар футболни булғалаш билан машғул бўлишганми ёки унинг оғриқли муаммоларига тегиб ўтишганми? Агар бугунга келиб улар бошлаган ишни оимламизнинг яна икки аъзо давом эттираётган бўлса, бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ. От изини той босади. Масалан ҳакамликда Эрматовлар, Нажафалиевлар, бевосита футболнинг ўзида Усмоновлар, Қосимовлар, Абрамовлар, Абдураимовлар, Жалилов-у, Усмонхўжаевлар бор. Ва албатта бунинг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ.
Мана энди айрим журналист ва мухлисларга савол: сиз буларнинг ҳар бирига алоҳида шахс сифатида баҳо бера оласизми? Масалан Азамат Абдураимовнинг ҳар бир ютуғига қарсак чалган одам, кейинчалик унинг отасини албатта эсга олиб ўтади. Бироқ Азаматнинг ўзига баҳо берилаётганда Абдураимов эканини четга суриб туриш керак. Йўқса обьективликдан чекинилиши мумкин.
“Оловдан кейин кул қолади”, деганди менга устозларимдан бири Хайрулла Ҳамидов (бу ҳақда алоҳида ёзиш ниятим бор). Мен Ҳамидовнинг бу гапини ҳозиргача ёддан чиқармадим ва чиқармайман ҳам. Журналистикага қадам қўйган илк кунларимданоқ оиламдагилар билан солиштириш бошланган ва мен бунга кўникиб кетганман. Бироқ кимнидир ҳақоратлаётганда ёки танқид қилаётганда унинг аждодларига тил текказиб ўтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ота қилган айб учун ўғил ҳам жавоб берадиган тузум ўтиб кетганидек, ақлини таниган ўғил ўзи учун жавоб бериши керак. Ва албатта маънили одам буни ҳисобга олмоғи лозим деб биламан. Зеро ўзим Равшан Эрматов ҳақида ёзаётганда унинг отасини тинч қўяман. Хаттоки футболчи-ю санъаткорлар ҳақида гап кетганида унинг одамийлиги-ю, иқтидорини алоҳида-алоҳида кўришга ҳаракат қиламан. Муниса Ризаеванинг қандай суратлари тарқалмасин, унинг санъати борасидаги фикримга бу таъсир қилмайди. Ёхуд Ибрагимович-у Бартоннинг ҳаётдаги образи жуда қўрқинчли бўлмасин, мен уларни барибир яхши футболчи сифатида қайд этавераман.
Журналистикада ҳам шундай бўлиши тарафдориман. Мен ҳаётдаги образимни хурмат қилишларини сўрамайман. У кимгадир ёқади, кимгадир эса йўқ. Ҳаммага бирдек ёқишнинг иложи ҳам йўқ. Бироқ қилган ҳар бир ишимда оиламдагилар номини тилга олиб ўтадиган паст кишиларни жиним суймайди. Буни ҳақорат деб биламан. Журналистика сохасида катта обрўга эга кишилар бор. Улардан кимидир оддий деҳқон фарзанди, яна кимидир жуда бадавлат кишининг боласи. Нима фарқи бор? Инсон танлаган йўлида давом этиши, қандайдир ютуққа эришишида ижтимоий келиб чиқиши аҳамиятсиз. Муҳими меҳнат, изланиш ва албатта Худо томонидан берилган насиба.
“Спорт” каналида тайёрлайдиган лавҳаларим-у, кўрсатувларимни отам ёки додам мухлислар қатори кузатишади. Унда нима дейман-у, қайси жихатларга алоҳида урғу бераман, фақатгина лавха эфир юзини кўргачгина билишади. Шундан кейингина унга муносабат билдиришади. Шу вақтга қадар “закас” эвазига мақола ёзиш ёки кимнидир ер билан 1та қилиш таклифи бўлган эмас. Чунки бундай пасткашликка йўл қўймаслигимизни билишади. Шу ўринда симпатия ва адоватни аралаштириб юбормаслигингиздан умидим бор. Биринчи холатни журналистикада бемалол кечириш мумкин. Аммо иккинчи холат билан мақола ёзиш холислик принципининг бузилишига олиб келади. Агар қайсидир кўрсатув ёки лавхам “закасной” эканига урғу бермоқчи бўлсангиз, мархамат унинг асослаб беринг. Асос ва факт бор бўлса қандай ҳам яхши?!
Ҳа, айтганча, бир марта “заказ” мақола ёзиш таклифи билан чиқилган. Ўзбекистон терма жамоаси Хиросимадан чемпион бўлиб қайтаётганда баъзи футболчилар шахсий манфаат йўлида сиқувга олинган. Улар таклифга рози бўлмагач, ўзларини ер билан 1та қилиши мумкин бўлган мақолага буюртма берилган. Сиз таниган Ахбор Имомхўжаев бундай ишдан бўйин товлаган, аммо орамизда касб этикасини оёқ ости қиладиган касбдошлар борки, адолат чегаларидан йироқ бўлган буюртма мақола барибир босилиб чиққан. Акромовнинг хинд руписига, Қосимовнинг рус рублига сотилгани борасидаги мақола кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Қачонлардир бу ҳақда ҳам блог ёзиш ниятим йўқ эмас. Ва мана шундай касбдошларим борлиги учун ҳам ўзимга тегишли бўлган аккаунтларим тепасига “Журналист, который не хочет быть журналистом” деб ёзиб қўйганман...

Давоми бор...      

06 июля, 2013

Паттачилар

Бир қўшним бор, футболнинг ҳақиқий мухлиси. Оддий мухлис ва маълум жамоа фанати ўртасидаги фарқни онгли равишда тушунадиган ақлли инсон. «Пахтакор»нинг пойтахтдаги ва умуман Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро ўйинлар, марказий учрашувларни қўйиб юбормасликка ҳаракат қилади. Агар Олий лиганинг қолган ўйинлари ҳам талабга жавоб берганида, у ҳар турдаги 1та ўйинни стадиондан кузатиб боришига шубҳам йўқ.

Шу қўшнимга икки сафардан бери чипта топиб беришни ният қилиб, уддалай олмадим. Аслида кимгадир оғирлиги тушмайди. Чиптахона қаерда-ю, қайси пайтда чипта топиб бўлишини яхши билади. Фақатгина Ливан, Қатар каби терма жамоалар Тошкентга келгач, чипта ололмади. Ҳар сафар касса олдида кута-кута қайтиб келди.

Ҳар биримизнинг футболга умуман алоқаси йўқ бўлган танишларимиз бор. Ливан қандай жамоа-ю, Қатар Тошкентга қандай мақсадда ташриф буюрганидан мутлақо бехабар улар. Лекин анча овоза бўлган янги стадиондаги қандайдир машҳур ўйинни кўриш улар учун ҳам қизиқарли. Бойроқларига деса чипта 100 минг сўм бўлмайдими!

Бу холат айрим мутасадди рахбарлар учун жуда асқотади. Чипта савдосида сунъий тирбандликни вужудга келтириш улар учун муаммо эмас. Савдо тушумининг қонуний рақамлари терма жамоалар маркази ҳисоб рақамига ўтади. Чиптанинг олиб-сотарлар қўлига ўтиши эса уни олиб-сотар қўлига берадиган ва олиб сотадиганлар учун фойдали. Ўйин арафасида чиптанинг ўз нархидан 4-5 баробар қимматлашиб кетиши тахминий рақамларни тасаввур қилиб кўриш учун етарлидир.

Футбол биринчи навбатда мухлислар учун ўйналади. Демак, аммамнинг футболга умуман қизиқмайдиган ўғлидан кўра ҳалиги қўшнимнинг футболни стадиондан туриб томоша қилишга бўлган ҳаққи озгина бўлсада кўпроқ. Зеро клубларимиз ва терма жамоанинг мағлубиятларидан ўша киши кўпроқ азият чекади, бош жамоа ғалаба қозонган пайтда эса ўзини дунёдаги энг бахтли инсонлар қаторида хис қилади. Тўғри, 100 минг сўмга чипта сотиб олишга унинг қурби етмайди. Лекин чиптанинг асл нархи 15 минг сўм бўлчаси?

Терма жамоалар маркази футболимизнинг энг кўп маблағ сарф қилувчи ташкилотидир. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Ҳар бир ёш терма жамоаларнинг бошдан-оёқ кийими-ю, уларнинг хорижий йиғинлари ва мукофот пуллари ҳазилакам маблағни талаб қилмайди. Мираброр Зуфаровичнинг ЎФФга ташрифидан кейин нафақат миллий терма жамоа, балки турли ёшдаги термаларга ҳам эътибор тубдан ўзгарди. Энг муҳими ЎФФ президенти терма жамоалар марказининг кам-кўсти учун етарли маблағ топиш системасини йўлга қўя олди.

Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ саралаш учрашувларига бўлган қизиқиш анча катта. Айниқса сўнгги босқичдаги барча учрашувда стадион мухлислар билан тўлиб тошади. Мана шундай пайтда чипта савдосидан тушадиган даромад терма жамоалар маркази учун айни муддаодир. Бироқ чипта савдосидаги муаммо ва ўзбошимчаликлар сабаб мухлислар орасида «терма жамоалар маркази чиптанинг олиб-сотарлар қўлига чиқиб кетишидан манфаатдормикан?!» қабилидаги шубҳалар пайдо бўлди. Чунки чипта савдосидаги сунъийликни деярли ҳамма билиб туради-ю, аммо ҳар янги ўйин олдидан у билан боғлиқ муаммолар яна қалқиб чиқаверади.

Бироқ ақл билан фикр юритилса, бунга ишониш қийин. Масалан чипталар ўз нархида сотилган тақдирда ва стадион мухлислар билан тўлган ўйинларда энг камида 600 миллион сўм терма жамоалар маркази ҳисоб рақамида бўлади. Шу билан биргаликда мухлислар орасида норозилик келтириб чиқаришни ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди ва бунга айнан нуфузли ташкилотнинг бош бўлишини тасаввур қилиш қийин. Боз устига, Ўзбекистон ҳамда Қатар терма жамоалари ўйинидаги чипта савдоси билан терма жамоалар маркази эмас, бошқа ташкилотнинг шуғуллангани юқоридаги таҳминлар асоссиз эканидан далолат беради. Яъни, терма жамоалар маркази ҳисоб рақами учун қонуний рақамлар ўтказиб берилди-ю, қолган фойда чипта савдоси билан шуғулланганлар учун қолади. Хулоса: терма жамоалар маркази қонуий рақамлардан ортиғи учун даъвогар эмас. Сунъийлик учун ўз мансабини суистеъмол қилаётган айрим кишилар жавобгар холос.

Кулгули томони, чипта савдосидаги муаммоларга ечим сифатида, улар маҳалла комиссиялари-ю, давлат ташкилотлари, шунингдек, олий ўқув юртларига бўлиб берилди. Бу билан гўёки чипталарнинг олиб сотарлар қўлига чиқиб кетиши олди олинди. Ва албатта тарқатилган чипталар адади ошкор қилинмади. Аниқроғи, футбол мухлислар учун ўйналади деган шиор бир четда қолди. Мухлислар касса олдида уч кун офтобда сарғайишди-ю, айрим ташкилотлар ғойибдан келиб қолган чипталар билан нима хоҳлашса шуни қилишди. Тошкент маҳаллалари учун тарқатилган чиптанинг олис қишлоқлардан ташриф буюрганлар қўлига ўз нархида етиб бормаслиги кундек равшан. Аслида ҳар бир масаланинг нейтрал ечими бор. Фақатгина буни онгли равишда тушуниш ёки айрим кимсалар ўз нафсини озгина тийиб туриши керак бўлади.

«Бунёдкор» стадиони чими билан боғлик муаммолар шу йил бартараф этилса, келаси йилдан бошлаб миллий терма жамоанинг барча ўйинлари айнан мана шу стадионда ўтказилиши катта эҳтимол. Зеро айни пайтда бундан-да яхши стадионга эга эмасмиз. Агар футболдаги катта масалаларни ҳал қиладиган инсонлар чиндан ҳам чипта савдоси масаласини тартибга солишни исташса, уни электронлаштириш лозим (бу таклиф билан бир қатор ҳамкасбларимиз чиқишган, бироқ таклифга хайрихоҳлик билдирилмаган). Олдиндан бир нарсани айтиш керакки, электронлаштириш вазиятни тартибга солиш учун керак. Яъни, интернетни тушунмайдиган киши стадионга кира олмайди деган фикрга бормаслик лозим.

Масалан, «Бунёдкор» стадиони ўз бағрига 34 минг ишқибозни сиғдира олади. Булар орасида футболга алоқадор шахслар, терма жамоалар фан-клуби, журналистлар, меҳмон жамоа мухлислари, ОФК, ФИФА каби ташкилотлар учун тегишли бўлган ўринлар ҳам борлигини ҳисобга олиб, йил бошидан таҳминан 20-25 минг ўриндиқни бутун бир мавсум учун сотишни йўлга қўйиш мумкин. Аммамнинг ўғли 4 йилда 1 марта футболга тушади. Қўшним эса бир йилда камида 15та учрашувни мана шу стадионда томоша қилишни истайди. Агар у ўзи учун 1та ўриндиқни бутун бир мавсум учун сотиб ололса, бунда футбол мухлислари манфаати ҳисобга олинган бўлади. Ва албатта ҳақиқий футбол мухлиси йил аввалидаёқ ўзи учун 1та ўриндиқ сотиб олишдан ва шу йўл билан чипта савдосидаги қинғирликлардан қутилиб қолишдан ўзини тиймайди.

Терма жамоа ёки шу стадионда ўйнайдиган клубнинг ҳар бир ўйинига паспорт ксеракопияси билан ташриф буюриб, фақатгина уни кўрсатган ҳолда чипта ҳарид қилиш масаласи айрим рахбарлар томонидан ўйлаб топилган расмиятчиликдан бошқа нарса эмас. Яъни, электрон қўлланмага асосланмаган система ҳеч қанакасига иш бермайди. Биргина паспорт ксеракопияси билан 100та чипта ҳарид қилиш ҳам ёки 100та одамнинг паспорт ксеракопияси билан 200та чипта олиб-сотар томонидан олиниши ҳам мумкин. Электронлаштирилган система эса бундай ишни бартараф қила олади.

Тўлиқ мавсум учун 20-25 мингта ўриндиқни электрон йўл билан бир йилда бир марта расмийлаштириш клуб учун оғир иш эмас. Масалан сиз ўз паспортингизни кўпи билан 4та ўриндиқ учун расмийлаштирасиз ва шу ўриндиқларни мавсум сўнггига қадар ўз номингизга сотиб оласиз. Демак, стадионда бўлиб ўтадиган ҳар қандай ўйин чиптасини ўз нархида сотиб олиш имконини қўлга киритасиз. Чунки сиз сотиб олган ўриндиқларни бошқа биров эгаллай олмайди. У сизнинг номингизга расмийлаштирилган бўлади. Агарда сиз хорижда бўлсангиз ёки қайсидир ўйинни қандайдир сабаб билан кўришни истамасангиз чипта билан шуғулланувчи ташкилотни ўйинга 3-5 кун қолганида хабардор қиласиз ва сизнинг чиптангиз эркин савдога чиқариб юборилади. Бу борада сотувчи ва талабгор ўртасидаги шартномага айрим бандларни ҳам киритиш мумкин. Масалан сиз кетма-кет бир нечта учрашувга ташриф буюрмасангиз сизга тегишли ўриндиқлар эркин савдога қўйилиши ёки бу ўриндиқлар учун ҳуқуқингиздан маҳрум бўлишингиз мумкин.

Терма жамоалар маркази бу билан чипта муаммларидан қутулади ва ўзига ёғилаётган қатор айбловлардан четда қолади. Яъни, чипталар билан шуғулланувчи ташкилот белгиланган суммани терма жамоалар маркази ҳисоб рақамига ўтказиб беради. Ўз навбатида мухлислар ўзлари учун кафолатланган ўриндиққа эга бўлишади. Мазкур ўриндиқларни ҳам жойлашган жойи ва футбол кўриш учун қулайлигига қараб нархлаш мумкин. 4 ёки 5тадан ортиқ ўриндиқни сотиб ололмаслик чипталарнинг олиб сотарлар қўлига ўтиб кетишидан асрайди. Шунингдек, олиб сотарларнинг ўзи ҳам йилда кўпи билан 3-5 марта бўладиган марказий ўйинлар учун таваккал қилиб, мавсум бошидан бир нечта ўриндиқни сотиб олишмайди.

Бу борада яна бир қатор таклифларни ўрганиб чиқиш мумкин. Юқоридаги таклиф ҳам камчиликлардан холи эмас албатта. У тартибга солиш ва маълум ўзгартиришлар киритишга мухтож. Муҳими, футбол мухлисларининг ҳуқуқи айрим кишилар томонидан паймол қилинмаслиги. Мен шунчаки ҳалиги қўшнимнинг футболни стадионда кўришини хоҳлайман холос.

P.S. “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтадиган бир қатор концертлар ташкилотчиси Арслон Камоловни кўпчилик яхши танийди. Мазкур инсонни 4 минг кишига мўлжалланган концертлар учун чипта масаласини тўлиқ тартибга сололгани учун жуда хурмат қиламан. У ўтказадиган концертлар учун чиқарилган чипталар олиб-сотарлар қўлига ўтмайди. Сабаби Арслон Камолов чипталарни интернет орқали сотади. Масалан сиз нафақат Ўзбекистон, балки хориждан туриб ҳам интернет саҳифасида кўрсатиб қўйилган ўриндиқни ўзингиз учун банд қилиш имконига эгасиз. Ўзбекистон шароитида интернет тўловлар тўла тараққий этмагани учун сиз фақатгина брон қилиш билан чекланасиз ва концертга маълум муддат қолгунига қадар уни сарой кассаларидан сотиб олиб кетасиз. Сарой кассасидагилар ҳам чиптани айнан сизнинг паспортингизга расмийлаштириб беришади ва сиз концертга паспорт ҳамда чипта текширувидан кейин киритиласиз. Яъни, брон қилган чиптангизни бошқа кишига сота олмаймиз. Агар ўзингиз билан 9та кишини концертга олиб киришни истасангиз, ўнинчи инсон айнан Сиз бўлишингиз лозим. Чунки қолган 9та чипта айнан сизнинг номингизга расмийлаштирилган.