Поиск по этому блогу

22 февраля, 2014

Футбол ва туризм

Туркия ажойиб мамлакат. Бормаганман. Сериалларда кўрганларим ва эшитганларим орқасидан ҳеч бўлмаса Истанбулга боргим келади. Орзудошларим кам эмаслигига ишончим комил.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббий Алексей Евстафеев билан ўқув-машғулот йиғини ўтказиш учун Туркияга жўнаб кетди. Бу мураббийнинг катта эҳтимол билан мазкур мамлакатга биринчи ташрифи эмас. Ёшларимиздан айримлари ҳам аллақачон Туркияда бўлишган. Терма жамоалар маркази ҳам жамоаларни асосан Туркияга, ундан кейин Австрияга жўнатишни хуш кўради. Зўрми?

Албатта зўр! Ҳорижда йиғин ташкил қилиш қачонлардир миллий терма жамоа учун орзу бўлган-у, имконият бўлмаган. Энди имконият бор-у, мантиқ йўқ. Терма жамоалар маркази ёшларимизни ҳар ой Туркияга юбориши ҳам мумкин. Лекин чамамда бу нарса менинг Туркияга бориш орзуимдан фарқ қилади.

Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати стартига ярим йилдан зиёд вақт бор. Аммо мураббий йўқ. Жамоада ишлашни хоҳламаган мутахассис Туркияда шу жамоа билан ишлайди. Туркиядан кейин бошқа мураббий шу жамоа билан ишлайди. Натижада Туркиядаги "иш" ишдан чиқади.

Туркияда Туркия билан ҳам ўйнай олмасак керак. Бошқа мамлакат ёшлар терма жамоаларига қарши ўйнаш имкони Туркия билан ўйинникидан икки марта кам. Хуллас на мураббий бор, на пухта режа ва мантиқ. Расмий мусобақаларга бир қатор мухлисларнинг боришини миллий терма жамоага ўртоқлик ўйинлари ташкил этиб беришдан яхшироқ уддалаётган терма жамоалар маркази туристик фирмани кўпроқ эслатиб юбораяпти.  

20 февраля, 2014

Евстафеев, Мочинов ва Ўзбекистон ёшар терма жамоаси ҳақида

Алексей Евстафеев билан шахсан таниш эмасман.

У ҳақда ишончли одамларнинг ишонса бўладиган фикрлари орқали биламан. Шунинг ўзи уни хурмат қилишим учун етарли. Хаттоки бир одам уни "терма жамоалар мураббийлари орасида энг яхшиси" деб атаганди.

Ўсмир ва ёшлар терма жамоалари мураббийлари олдига турлича вазифалар қўйиш мумкин. Биз аввалига жаҳон чемпионатига йўл олишни ўзимиз учун максимал натижа деб қабул қилган бўлсак, Евстафеев шарофати билан мундиал чорак финали биз етиб боришимиз мумкин бўлган пағонага айланди. Мутахассис бу йўлни осон босиб ўтгани йўқ. Унинг энг катта ютуғи "Пахтакор"нинг 1994 йил жамоасини бошқарганида эди. Яъни, шаҳар биринчилиги орқали у шу ёшдаги футболчиларни қолган мураббийлардан яхшироқ биларди.

Биз жаҳон чемпионати, чорак финал, ярим финал каби вазифаларни қўйиб ўргандик. Аммо 1та жамоадан катта футболда ўз ўрнини топиб кета оладиган нечта футболчи чиқариш мумкин-у, қанча чиқиши қандай кўрсаткич бўлиши мумкинлиги ҳақида унутдик. Европанинг топ клублари ўз академияларига мана шу нуқта-и назар билан қарашларини эътибордан қочирдик. Ҳозир бу ҳақда эмас.

Евстафеевга икки марта ачиндим. Биринчисида у 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаши учун Непалга борди. Иккинчисида эса 1995 йилда туғилган футболчилардан ташкил топган Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини бошқарди. Ҳар иккисида ҳам унга осон бўлгани йўқ. Евстафеевга хурматим янада ошиши учун унинг сўнгги қарори туртки бўлди. Бир вақтнинг ўзида икки жамоани бошқариш осон ҳам, тўғри иш ҳам эмас. Шу боисдан мураббий Ўзбекистон олимпия терма жамоасида Мақсудовга ёрдамчилигини сақлаб қолиб, Осиё чемпионати чиптасига эга чиқиб бўлган Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидан кетишга қарор қилди.

1995 йилда туғилган футболчилар ўртасидаги Тошкент шаҳар биринчилигини кузатиб борганман. Уч мураббий бошқарувидаги уч жамоа чемпионлик учун кураш олиб борарди: Мурод Исмоилов, Шуҳрат Раҳмонқулов ва Рашид Ғофуров. Мен улар орасидан қай бири ғолиб бўлгани-ю, қайсиниси қандай ишлаганига тўхталиб ўтмоқчи эмасман. Билганим, шу ёшдаги бугуннинг энг сара футболчиларини тарбиялашда бу трионинг хизмати катта.

ЎФФ терма жамоалар маркази ўсмир ва ёшлар терма жамоасига мураббий тайин қилиш системасини мен эшитишни ҳам хоҳламайдиган сабаб билан амалга оширади. Яъни, шаҳар биринчилигида жамоаси чемпион бўлган ёки кўп эхтимол билан терма жамоага номзод футболчилари кўп жамоа мураббийини терма жамоага бош этиб тайинлайди. Бу марра учун мураббийларнинг шаҳар биринчилигида қандай рақобат ҳосил қилишлари, бу йўлда нималардан тап тортмасликлари ҳақида ҳозир тўхталмоқчи эмасман. Бу алоҳида муаммоли мавзу. Ваҳоланки ЎФФ терма жамоалар маркази ўзининг бу системасини ўзгартириш имконига эга. Бу система мавжудлари орасида энг яхшиси ва ишончлиси эканини терма жамоалар марказидан кимдир жўяли қилиб тушунтириб бера олишига ишонмайман.

Ўзбекистонда ўсмир ва ёшлар билан яхши ишлайдиган ва ишлашда тажрибаси бор, кўп эҳтимол билан ишсиз юрган мутахассислар талайгина. Ислом Аҳмедов, Рауф Инилеев ва бошқа бир қатор мураббийларнинг шунчаки ишсиз юриши керак бўлса футболимизнинг энг оғриқли нуқтасидир.

1995 йилда туғилган футболчилардан иборат Ўзбекистон терма жамоасида бош мураббий бўлиб ишлаётганида Алексей Евстафеев ёрдамчи сифатида Александр Мочиновни ишга таклиф қилганди. Мочиновни бир вақтлар "Оқ-тепа"да ишлаб юрган вақтидан буён таниганим ва ундаги мураббийлик потенциалига шубҳа қилмаганим сабабли Евстафеевнинг қароридан қувондим. Бироқ улар узоқ вақт бирга ишлай олишмади. Ҳар икки мутахассис бунинг сабабини бошқача тушунтирган бўлишлари мумкиндир. Аммо мен буни бир қозонда икки қўчқор калласининг қайнамаслиги билан изоҳлашни хоҳлардим. Евстафеевни мундиал чорак финалига қадар етаклаб борган футбол тактикаси ва Мочиновнинг "Бунёдкор" ўринбосарларини Ёшлар лигаси чемпиони қилган тактикаси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Блогпостни шу ерга қадар чидаб ўқиб келаётган кишилар буни яхши тушунишади. Мен бу тактикалардан қай бирининг устунроқ экани борасида ким биландир бахслашмоқчи эмасман. Футболда ҳукмрон тактиканинг ўзи йўқ. Шунчаки уларнинг даври бор. Евстафеев ва Мочиновнинг бирга ишлай олмагани ҳафсаламни пир қилгани ҳам йўқ. Ўз қарашлари ва хоҳишларини ҳимоя қила оладиган кишиларга хурматим бор.

Бугун Евстафеев 1995 йил терма жамоасидан воз кечди. Ғофуров "Бунёдкор" академиясида, Раҳмонқулов "Пахтакор" оталиғида бўлган футбол мактаби директори, Исмоилов эса "Нефтчи"да фаолият олиб боришмоқда. Ёшлар лигасида чемпион бўлган Мочинов "Оқ-тепа"да. Унинг нима учун "Бунёдкор"дан кетгани ҳозир мавзу эмас. Аммо айтишни хоҳлайдиганим, у икки йил давомида "Бунёдкор" асосий таркибига ўндан зиёд футболчи етиштириб берди: Акбар Тўраев, Ҳасан Асқаров, Камрон Кападзе, Жавлон Мирабдуллаев, Сардор Собирхўжаев, Миржамол Қосимов, Алибобо Раҳматуллаев, Сардор Рашидов... Бу футболчиларнинг биринчи мураббийи ва шаҳар биринчилигида уларни бошқарган мураббийлар умуман бошқа-бошқа, тўғри. Лекин уларнинг катта футболга қадамларида Мочиновнинг хизмати катта.

Мен "Оқ-тепа"даги янги фаолиятида ҳам Мочиновни кузатиб бораман. Унинг иш услуби ҳам, футболга қараши-ю, майдондаги тактикаси ҳам менга ёқади. Терма жамоалар ва унга бошчилик қиладиганлар ҳақида ҳали бир қатор блогпостлар ёзиш ниятим бор. Бугунгиси билан шунчаки терма жамоалар марказига мурожаат қилмоқчиман. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси учун номзодлар излаётганда Мочинов номзодини ҳам кўриб чиқишлари мумкин. У ҳозир на "Пахтакор"да ва на "Бунёдкор"да эмас. Ва табиийки, ҳар икки томоннинг терма жамоа ишига аралашишларига йўл қўймаслиги ва ўзи билганича яхши жамоа шакллантириши мумкин. Мен унда терма жамоада ишламаслиги учун бирор бир сабаб кўрмаяпман. Ўз вақтида Евстафеев ҳам уни терма жамоада кўришни хоҳлаганини сиз яхши биласиз.

Мен Мочинов билан шахсан таниш эмасман.

17 февраля, 2014

Хом хаёл

Эски таълим тизими ўзида сақлаб қолган талаба учун энг яхши жиҳат стипендия.

Ривожланган мамлакатларда бу сўз биздаги каби оммабоп эмас. Ўта иқтидорли, баҳолари жуда яхши ва ижтимоий фаол талабаларгина давлат ёки ўқув маскани томонидан моддий рағбатлантирилиши мумкин.

Масалан Германия 5-6 йиллар муқаддам грант ва контракт каби тушунчаларни ҳам кун тартибидан чиқарди. Университет фонди учун семестр аввалида озгина пул йиғилади. Таҳминан 180 евро атрофидаги бу пул ҳам талабаларнинг ўз эҳтиёжи учун сарф этилади. Текинга ўқитишдан маъни қидириш шарт эмас. Чунки университетни муваффақиятли якунлаш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.

Бизнинг шароитда ўқиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Мандатдан эсон-омон чиқиб олиш ҳақиқий байрам. Бу яхши. Бироқ ўқишни 90-95 фоиз талаба бакалавр дипломи билан тамомлайди (статистика ҳақиқатдан жуда йироқ бўлиши жуда ҳам мумкин). Кадрлар сифати эса кейинги масала. Агар сифат биринчи рақамли бўлганида, бир йиллик ҳарбий хизматни ўтаган аскарнинг имконияти бир йил бошини китобдан кўтармай ўқиган абитуриентникидан юқорироқ бўлмасди, яна ким билади дейсиз. Ҳозир мен ўқишга кириш ёки битириш ҳақида эмас, стипендия ҳақида бир нималарни қораламоқ истагандим. Агар кириш, чиқиш, кульминация, хулоса деган нимарсалар бўлмаганида, балки томдан тараша тушгандек “мен стипендияни тақсимлаш усулига қаршиман!”, деб гап бошлардим. Эзмалик учун пардон.
Мен стипендияни яхши кўраман. Уни ёмон кўрадиган кимдир борлигига катта шубҳа билан қарамайман. Мен бировнинг пулини ҳисоблаб юришни ёқтирмайман. Лекин адолат катта саҳнадан тушиб қолишини қоралайман. Университетда семестерни “эркакча” “3” баҳога ёпишдан осони йўқ эди. Дарсларда қорангни кўрсатиб туриш, жорий ёки якуний назоратда партадошингдан бир нималарни кўчириб ёзиш ва берилган сўнгги саволга курсдошлар ёрдамида ёки китобни билинар-билинмас варақлаб жавоб бериш. Стипендия миқдорини айтмаса, “3”нинг “4”дан катта фарқи йўқ.

Аммо “4”га ўқиш учун ўта гўллик кетмайди. Ўзим 2-курсдан бошлаб “тўртчи” бўлиб олгандим. Дарсларда қатнашаман, назорат ишларини “бешчилар”дан кам ёзмайман. Фақатгина домлалар хизматини камроқ қиламан, курс ишларига жиддий урғу бермайман ва сессияда уйга “бешчилар”дан эртароқ кетаман. “Имомхўжаев” деган нидога ҳеч ким ўрнидан турмаса, шу кунга қадар тўпланган баҳолар “4”га бемалол етади.

Сессия якунида дипломига тушадиган баҳолари ҳақида ўйлайдиган курсдошим бўлганини эслолмайман. Шунчаки паст баҳога ўқиб ўрганмаган ёки ота-онаси “3”ни ҳазм қила олмайдиган талабаларгина яхшироқ баҳо учун ҳаракат қилишарди. Умумий муаммо эса 1та – стипендия!
Партадошим билан 1-курсда ботаник бўлганмиз. Бешчилар стипендияси қандоқ яхши эди. 2-курсни ҳам “5”га ёпиб келаётганимизда лекциясини катта эҳтимол билан ўзи ёзмаган бир домламиз менга “4”, курсдошимга “3” қўйиб берди. Ҳақиқатни айтганда бешчи бола эмасман. “Бешчи” деганда фанни менга қараганда анча яхши тушунадиган талабани тушунаман. Мендан фарқли ўлароқ курсдошимнинг моддий аҳволи у қадар яхши эмасди ва мендан икки марта яхшироқ ўқирди. Хуллас у “уччилар” стипендиясини оладиган бўлди, учга ўқийдиган курсдошларимиз билан бир ҳилда. Худди ўша йил инглиз филологияси факультетида гап чиқди: домласи “3” қўяётганини билган талаба қиз ўзини 3-қават ойнасидан ташлаб юбориши билан пўписа қилиб, баҳоларини яхшилаб олибди.

Баҳо қўйиш тизимида талабаларни оқлашни мутлақо хоҳламайман. Айрим домлаларни ҳам. Мендан кучлироқ бўлган курсдошларим биргина “3”нинг касрига учлик стипендия олган вақтлар бўлган. Шунингдек, домла ич-ичидан баҳо қўйишни хоҳламагани бир холда, тепароқдан бўлган қўнғироқдан кейин ишини битирган талабалар ҳам бўлган. Биринчиси талабага, иккинчиси эса домлаларга нисбатан ноҳақлик, шундай эмасми?

“Тизим шунақа! Бош оғритганинг билан ҳеч нарса ўзгармайди”, деяётган бўлсангиз, блогпост сарлавҳасини яна бир бор эслаб, ундан кейингина давомини ўқишингизни хоҳлардим. Хуллас, хом хаёл.

Сизга сир эмаски, ҳар бир талаба рейтинг дафтарчасига тушган балл эвазига стипендия олади. Ўша дафтарчадаги баллар “86”дан паст бўлмаса, дўппимизни тепага отамиз. “86”дан паст, “71”дан тепароқ баллилар эса “тўртчилар” деб аталади. Шунингдек, қип-қизил чегара бали – “56” билан рейтинг дафтарчани “безайдиган” студентлар ҳам кам эмас. Фикримча, “5” баҳо учун 1 балл етмай қолган талаба билан, “уччи” бўлиб қолмаслиги учун 1 балл совға қилинган талабанинг фарқи бор. Бироқ улар бир ҳилда стипендия олишади. Адашмасам ҳозир максимал стипендия 330.000 сўмни ташкил қилади. Тўртчилар бу кўрсаткич 200.000 сўмни, энг кам стипендия эса 150.000 сўм. Бу нарх нимага асосан белгилаб қўйилганига рости ақлим етмайди. Балки энг кам иш ҳаққининг фалон миқдорида деган формула бордир. Мен ҳозир олти киши олти фандан таҳсил оладиган бир гуруҳни мисол қилиб келтираман:

ТАЛАБА
1-ФАН
2-ФАН
3-ФАН
4-ФАН
5-ФАН
6-ФАН
Аааааа
86
91
90
90
88
89
Бббббб
86
86
86
86
86
87
Сссссс
84
86
85
83
82
86
Дддддд
76
73
72
80
71
75
Ееееее
56
71
80
81
71
73
Фффффф
56
57
58
59
60
61
                
Бу олти талаба юқоридаги суммага асосан умумий миқдорда 1.360.000 сўм стипендия олади. Бир ҳил миқдорда стипендия оладиган талабаларнинг ўқиш кўрсаткичларини бир ҳилда деб бўлмайди. Агар улар тўплаган балларининг ўртача миқдори аниқланиб, максимал стипендиянинг шунча фоизида ҳақ тўланса, стипендия тизими бироз адолатлироқ бўлиши мумкин. Масалан:

ТАЛАБА
УМУМИЙ БАЛЛА
ЎРТАЧА БАЛЛ
СТИПЕНДИЯ
Аааааа
534
89
293.700
Бббббб
517
86
283.800
Сссссс
506
84,3
278.190
Дддддд
447
74,5
245.850
Ееееее
432
72
237.600
Фффффф
351
58,5
193.050

1.532.190 сўм. Агар иккинчи услуб бюджетга салбий таъсир кўрсатса, у холда максимал стипендия нархини 330.000 сўмдан бироз камайтириш ҳам мумкин. Бунда деярли ҳеч бир талаба юз фоизлик стипендия эгаси бўлмайди. Ҳеч ким 1 балл учун ўзини деразадан пастга ташламайди, ёки адолатсизликка йўл қўядиган домлалар касрига наъмунали талабанинг яшаш тарзи ёмонлашиб кетмайди.
Мен шаҳарда катта бўлганман. Ўқишдан чиқиб иссиқ овқати тайёр бўлган уйимга борганман. Мусофирчиликда ўқиб кўрмаганим учун, вилоятдан келган талабалар туйган хиссиётни туя олмаганман. Бироқ кунини бир амаллаб кўрадиган, ота-онаси болаларини боқиб турган молини сотиб, катта фарзандининг контракти, шаҳарда яшаши учун пул жўнатадиган курсдошларим аҳволини яхши тушунаман. Бундайларнинг кўпи стипендиядан стипендиягача кун кўради. Биргина домланинг керагидан ортиқ қаттиққўллиги уларга таъсир қилади.

P.S. Блогпост ёзиб бўлиб, яна талаба бўлишни хоҳладим. Ярим “иш куним” учун оладиган пулим, ярим ставкали ишимникидан яхшироқ экан (: 
Эски таълим тизими ўзида сақлаб қолган талаба учун энг яхши жиҳат стипендия.  

15 февраля, 2014

Рахмат, Губерниев

Қишки олимпиадани сабрсизлик билан кутганимни эслолмайман. Хаттоки унда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилувчи спортчиларни ҳам яхши билмайман. Ҳозир гап бунда эмас. Туппа-тузук қишимиз бўла туриб, қишки спорт ўйинларига эътиборсиз бўлганимиз ҳақида ҳам эмас. “Беруний” метроси яқинида жойлашган “Алпомиш” спорт саройи кимга ҳалал бергани ҳам камида ҳозир қизиқ эмас.

Дмитрий Губерниевнинг Сочи-2014 олимпиадаси очилиш маросимидаги шарҳига бўлган муносабат ҳақида озгина. Буни ижтимоий фаоллик деб аташ керакми ёки йўқ, билмадим. Билганим Губерниев томонидан йўл қўйилган хато етарли даражада муҳокама қилинди, ўзбекистонликлар томонидан унга муносабат билдирилди. Муносабатнинг қандай кўринишда экани ҳам ҳозир аҳамиятли эмас. Муҳими твиттерда, фейсбукда, умуман мен кезиб юрадиган барча ижтимоий тармоқ-у ахборот доменларида ўша муносабатга дуч келдим. Дўконга кирганимда ҳам шу мавзу айланаётганди, болалигимдан буён гўёки бутун умрини Жар-Ариқда ўтказгандек таассурот қолдирган маҳалламнинг машҳур кишилари ҳам уни муҳокама қилишаётганди. Хуллас мен билганлар, мен таниганлар Губерниевниг хатосига бефарқ бўлишмади.

Балки қандайдир африкалик ёки лотин америкалик шарҳловчи Ўзбекистонни Тожикистон билан алмаштириб юборганида муносабат бу қадар кескин бўлмасди. Губерниев шарҳни биз тушунмайдиган тилда олиб борганида ҳам вазият буткул бошқача тус оларди, чамамда. Бироқ Губерниев ўз она тилида МДҲнинг икки мамлакатини алмаштириб юборди.

У катта эҳтимол билан Россия Ўзбекистон ва Тожикистон ҳаётида қандай ўрин тутишини яхши билади. Ҳозир Губерниевнинг Вячеслав Малафеев билан судлашгани ҳам, нимага асосан шарҳ учун айнан у лойиқ топилгани ҳам аҳамиятли эмас. Аҳамиятлиси у қилган иши учун расман узр сўради. Яъни, ўзбекистонликларнинг шарҳга билдирган муносабати унга қадар етиб борди. Ўзбекистонликлар унга ҳаммасини русчада тушунтиришди. Қандай тушунтиришди, ўзларини қандай тутишди ҳозир муҳим эмас.

Сочига ташриф буюрган мамлакат рахбарларининг деярли барчаси ўз ўрнида кўрсатилди. Бироқ Губерниевнинг хатоси режиссёрга таъсир қилдими ёки унинг ўзи бошқа мақсадда бу ишни қилдими, бу ҳам муҳим эмас. Губерниев айтганидек ҳамма адашади. Бу адашишлар тўқсондан бир улуш бўлса ҳам, ўша улушга айнан Ўзбекистон тўғри келиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Мен Губерниев ва режиссёрнинг хатоси қасддан ёки шунчаки эҳтиётсизлик экани борасида бахслашишни хоҳламасдим. Аммо муносабатнинг бўлгани яхши. Ўша муносабат сабаб ўзбекистонликларнинг аксар қисми қишки олимпиадага эътибор қаратди ва бор йўғи 3та спортчиси билан иштирок этаётган мамлакат делегациясини қўллаб-қувватлаб турибди. Бу қисман бўлсада, балки сиз учун кулгули бўлсада ёки билмадим яна қанақа, хуллас, бирлашиш деб аталади. Сочи-2014 олимпиадасидан кейин бу бирлашувнинг сариқ чақалик аҳамияти қолмас балки. Муҳими Губерниев тимсолида унинг қолган касбдошлари Ўзбекистон номига озгина бўлсада эхтиётроқ бўлишади. Сарлавҳасига ўзбек ёки тожик сўзини чиқаришни ҳуш кўрувчи рус ОАВ бу ҳақда билади. Ва муносабат билдирганлар ҳам муносабатга жавоб бўлишини билиб олишади, билиб олишди. Бунинг учун Губерниевга рахмат.

Ўз сиёсати билан доимо эътибор марказда турадиган Эрон делегациясининг чиқиши ўзгача бўлди. Яқин орада Ўзбекистонга бўлган муносабат ҳам шундайин алоҳида бўладими ёки йўқ ҳозир муҳим эмас. Аммо ҳаққини талаб қила олиши керак бўлган ва секин-аста буни тушунаётган кишиларнинг муносабати муҳим. Губерниев мисолидаги воқеа ўз ички ва ташқи ишларимизга муносабатлар учун қадамчами ёки йўқ аҳамиятли эмас. Умуман ўқиганларингиз ҳам аҳамиятли эмас. Ҳозирча муносабатнинг бор экани яхши.       

02 февраля, 2014

Яраланган қуш ҳамон учмоқда...

Кўрмаганнинг кўргани қурсин. Биринчи босқичда энг олди қаторга туриб олганим ёқмаганди ўзи. Дедлайнга 5 соат вақт қолганида ҳам мавзу йўқ. Линдсейнинг скрипкаси ҳам, мени олдинда кутаётган ишлар ҳам ёқмай турибди. Кайфият “0”...

Loading…

Бир неча кун олдин раис бувани кўргандим. Бир стол атрофида маслахат оши бўлди. Кўтарилган мавзулардан бири спорт журналистларини тайёрлаш. Мавжуд шарҳловчиларга ўринбосар топиш. Устоз-шогирд анъаналарини сақлаб қолиш. Мана мавзу.
Адашмасам 2011 йилнинг январида спорт журналистикаси ривожига яхшигина таъсир қилиши керак бўлган қарор эълон қилинди. Халқаро журналистика факультети “оёққа турди”. Бизнинг шароитда илмий асосга эга бўлмаган, докторлик даражасида ўрганилмаган ва у ҳақда бирорта ҳам адабиёт таржима қилинмаган фанни амалиётга тадбиқ этиш керак эди. Москва давлат университетининг журналистика факультетида спорт журналистикаси деган бўлим борлигини билардим. Демак, улар қачонлардир бизнинг босқични босиб ўтишган ва ҳоказо.
Қарорда кўрсатилган бандлар бажарилди. Илгари бажариб бўлмайдиган пахта плани ҳақидаги топшириққа “бажарамиз!” дея жавоб бериб ўрганганмиз. Бажаришди! (феълни ўз маъносида ўқинг! ...хоҳламасангиз ҳафа бўлиш йўқ). Халқаро журналистика факультети магистратурасида спорт журналистикаси йўналиши ташкил этилди. Қай тариқа?

Ўйиндан ташқари холат

1993 йилнинг 18 мартида Вазирлар Маҳкамасининг футболни ривожлантиришга қаратилган қарори эълон қилинган. Орадан роппа-роса бир йил ўтиб “Ўзбекистон футболи” газетасида “Ўйиндан ташқари холат” деган мақола чоп этилди. Унда бир йил аввалги қарор ижроси қай тариқа кечгани, қайси бандлар умуман бажарилмай қолгани ҳақида сўз борган. Шов-шувли мақола. Кўпчилик фикри билан мақола муаллиф номи билан эмас, таҳририят нуқтаи назари сифатида босилди.
Мақолага энг йирик муносабат қўнғироқ орқали бўлди. Шундан кейин унинг муаллифига газетадан чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйилган. Таҳририят нуқтаи-назарига мос мақола ёзгани учун икки кун аввал мақтов эшитган журналист, қўнғироқдан кейин мақтаган инсон томонидан ишдан бўшатилган.
Спорт журналистикаси факультетига қўйилган дастлабки қадамлар ҳақида ёзишим шунинг такрори бўлиб қолмасмикан?

Loading…

Яқиндагина Ўзбекистон футбол федерацияси президенти футболдаги келишилган ўйинлар ва таниш-билишчиликка барҳам бериш кераклиги ҳақида гапирди. Мана мавзу! Демак бизда келишилган ўйинлар бор! Йўқ бўлса нимасига барҳам беришади, тўғрими?

Доимо ҳалол ўйнанг!

“Футбол” деган газета бўларди 2002 йилларда. Шиорини кичик сарлавҳа қилиб ёзиб қўйдим. Футболни тушунадиган кучли ижодкорлар жамланишганди унда. Келишилган ўйинлар ҳақида гап кетганида эсимга тушиб қолди. Қайсидир йили аллақачон чемпионликни нишонлаб бўлган “Пахтакор” 1-лигага тушиб кетмаслик учун курашаётган “Трактор”ни қабул қилиб, барчанинг кўз-ўнгида 1:4 ҳисобида енгилиб берган. Ўша “Футбол” газетаси ўйин шарҳи чоп этилган саҳифада каттагина жойни шунчаки очиқ қолдирган. Аслида очиқ жойда ўйиндан фоторепортаж бўлиши керак эди. Таҳририят буни 1та жумла билан тушунтириб берган: “Мазкур ўйин шарҳи газетамиз шиорига мос келмагани учун расм қўймасликка қарор қилдик”. Шундан кейин “Футбол” газетасини қайтиб ўқимадим. ОАВ демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Тошкент вилояти бўлими муассислигида чоп этилаётган газета Тошкент шаҳрида ҳам сотилаётгани учун уни ҳеч ким қайтиб ўқимаган. 14та ҳудудий бирликда Тошкент шаҳри Тошкент вилоятидан алоҳида кўрсатилган, биламан. Шунчаки айтдим...

Loading…

Ҳаёлга берилиш учун энг яхши нарсалардан бири 8-қаватдан кўчага қараш. “...в чилле бывает хилле...”. Хилла деганлари шу бўлса керак. Одамлар шу пайтда ҳам тўй қилади. Ажойиб. Рамантика. Рўпарадаги дом келин чиқарди. Куёв бола ё “Қашқирлар макони”ни севиб томоша қилган ёки Рамзан Қодировнинг кортежига ҳаваси кетган. Бир неча соат олдин 1та келин ва унинг 10та дугонасини 15та машинада олиб кетганди. Энди келин яшайдиган йўлакни безатиб турган саҳналар олиб ташланмоқда. Шундай чиройли санъат асарини бузиб олиб кетишяпти. Орзу ҳавасли онам бу гўзаллик қанчага тушганига қизиқиб қолгандилар...

“Одамлар орасида”

Қанча кетгани маҳалладаги бир қатор аёллар учун ҳам қизиқ. Ўзбекмиз. Орзу-ҳаваслимисиз. Улар болаларини мана шундай тўйлар учун оқ ювиб, оқ тарашмоқда. Бутун умр йиғганларини 1та тўйда сочиб юборишади. Улар Ланкавини билишмайди, Маккага болалари юборади, агар улар ҳам орзу-ҳавас қулига айланиб қолишмаса...
Мен ҳам орзу-ҳаваслиман, ишонинг. Инсон баҳр-у дилини очадиган нарсалар қандоқ ҳам яхши. Аммо ахмоқона ҳаражатларга тоқатим йўқ. Мен онам учун, болам учун, яхшилик учун ҳеч қачон пулдан қочмайман. Аммо қайсидир хонанданинг 4та жонсиз қўшиғига 1000 доллар беришни тушунмайман. Тушунтириш керак эмас. Агар кимдир бераётган бўлса мен қарши эмасман. Баракасини берсин.
“Одамлар орасида” деган газета бўларди. Жамиятни мана шундай масалалар ҳақида ўйлашга, фикрлашга, бахслашишга ундарди. Исталган киши учун очиқ минбар бўла оларди. Рости бўлмағур нарсалар қули бўлиб қолдик. Ўлган одамни ҳам камида 2 йил тинч қўймаймиз. уч, ўн, йигирма, қирқ, йил ва ҳоказо. Хурсандчилик учун берилган ҳайитни ҳам бел боғлаб ўтказамиз. Хуллас яхши газета эди. Жамият учун хавфли деб топмагунларича. Юқоридаги фикрларим ҳам ўша қаричда бўлиб қолди. Аслида мени хавфсизлик тарафдориман...

Loading…

Ҳайитда бел боғлаш дедим-у, ёдимга бир кампир тушди. Раҳматли ойимни кўпга қўшганимизда уйимизга келганди. Ҳамма аёлларни оёққа турғазганди: “кўздан йиринг чиққунча йиғлаш керак”, дея.

“Нозик хилқат”

Шундай эшиттириш бўларди. Бугуннинг чиройлилари ёш ўтганидан кейин ўша кампир мисол қаримасликлари учун жаранг сочарди. Аёлларнинг жамиятда тутган ўрнидан тортиб, уларнинг оилага, турмуш ўртоғига, фарзандларига, ота-онасига бўлган муносабатларигача эътибордан четда қолдирмасди. Феъли бузуқ аёллар, уларнинг танлаган йўли ва тақдири ҳақида ибратли ҳикоялар эфирда ўқиб эшиттириларди...

Loading…

“Холислик сари”

Индама жим...
Тепароққа қайтамиз. Келишилган ўйинлар... Таниш-билишчилик... Иймоннинг сусайиб кетганиданми бу ёки пора-ю, ноҳақ келишувлар санъат даражасига кўтарилганиданми? Ақлим етмайди. Холис бўлолмасман балки. Кишилар жиноятдан, бировнинг ҳаққидан қўрқишмаяпти. Қонунлар ишлаб турибди. Лекин айрим жойларда уни бузишяпти. Бузаётганлар қонундан қўрқишмайдими? Билмадим...

Loading…

Мавзу тополмай ҳалакман. Ароқ ҳақида ёзайми? Уни нега ичишлари яхши мавзу. Кимдир дардини унутиш учун, кимдир аламини босиш учун, кимдир ўзлигидан кечиш учун. Ҳамманинг ўз варианти бор. Ўз танлови бор: пиво, виски, коньяк, вино... Аммо блогерлар ичида бу мавзуда мени чепуха қилиб қўядиганлари ҳам бор. Улар билан бахслашиш эмас, улфатчилик қилиш яхшироқ вариант.

Loading…

Сариқ касалнинг ОИТСдан хавфлироқ эканлиги ҳақида ёзайми? Докторликка даъвойим йўқ. Аммо ОИТС қай тариқа юқишини биламан. Ундан ўзимни бир амаллаб ҳимояларман. Сариқ касалданчи? Тинчгина юриб ҳам юқтиришим мумкин, шундай эмасми? Лекин жамият биринчисига ачиниш билан қарайди, иккинчисини қоралайди? Нега?

“Куёв жўра”

Шундай дастур бўларди. Мавзуси сабаб фақатгина тунда эфирга узатиларди. Ёшларга секс аслида нима, ОИТС нима, у қандай юқади, нималарга эътибор бериш керак, қайси иш аблахлик, қайси бири нонкўрлик, яна қайси бири хавфли, зарарли, нима бидъат-у, яна нима суннат ўргатарди. Мавзуга фан томонидан, ақли етса эътиқод томонидан ҳам, аҳлоқ томонидан ҳам ёндошарди. Ҳозир йўқ. Бизнинг аҳлоқимизга тўғри келмайдиган дастур экан.

Loading…
Веб-страница недоступна
Ошибка 105 (net::ERR_NAME_NOT_RESOLVED): Не удается преобразовать DNS-адрес сервера.
Рахмат, “Beeline”, рахмат!

Агар аҳлоқ билимсизлик бўлса, касаллик, ўлат ёки аҳлоқсизлик ўша билимсизлик натижаси бўлса, мен мавзу изламай қўя қолай. Чунки мени аҳлоқсизга чиқарадиганлар тайёр туришибди.
Агар инсонлар қонундан қўрқмай қўйган бўлса, уларни тинимсиз жазолашдан наф кўраётганим йўқ. Иймони бор киши биринчи навбатда Худодан қўрқади. Агар ундан қўрқиш мумкин бўлмаса, мен яхшиси мавзу қидирмай. Холис бўлолмайман деб қўрқаман.
Агар тўғри сўзнинг якуни кўнгилсизлик бўлса, мен мавзу ахтармай. Ўша сўзим деб ишсиз қолишни хоҳламайман...
Агар ёзганларим сариқ чақа бўлса, унда мен мавзу деб оввора бўлмай. Лекин иккинчи босқичда қолиб кетишни ҳам истамайман...