Поиск по этому блогу

27 апреля, 2015

Наргиз Зокированинг фикри ҳақида

Бир латифа ёдимга тушди. Гуноҳ ва савоблари тенг келиб қолган бир бандага дўзах ёки жаннатдан бирини танлаш ҳуқуқини беришибти. Ҳар икки маконга шунчаки кўз югуртиришни сўраган ўша банданинг тилаги вожиб бўлиб, унга кичик дарчалардан мўралаш имкони яратилибди. Жаннат боғининг сўлим гўшасида соққоллари оппоқ, файзли бир нуроний най чалиб ўтирган экан. Дўзахда эса одамлар ўйин-кулгу, кайф-савога берилиб, тунги барда даврон суришар экан. Танлов имконияти бор банда бандалигига бориб, иккинчи маконни афзал билибди. Эшикдан кириши билан 4 та шайтон унинг қўлини қайириб, қайнаб турган қозон сари олиб кетаётганида банда дод солишни бошлабди: “Менга кўрсатилгани умуман бошқа нарса эди-ку?!” Шайтонлардан бири эса кулиб жавоб берибди: “У шунчаки реклама эди!”

Латифани ёзиб тугатгунимга қадар, мисолни нега айнан шундан бошлаганим ёдимдан чиқиб қолди. Балки блогпост якунида сабабини тушуниб қоларсиз, билмадим.

Бугун “Кун”да Ўзбекистонда туғилган машҳур хонанда Наргиз Зокирова ҳақида хабарга кўзим тушди. Тушга яқин эса Сайёд таҳаллуси билан танилган блогернинг ўз услубидаги ноласи лентамда кўриниш бериб, кейин уни охирига қадар ўқиб чиққандим. Блогпостга муштарийлар томонидан билдирилган фикрлардан кўриндики, мавзу жиддий. Орада Зокированинг инстаграмдаги саҳифасини ҳам айланиб чиқдим.

Мавзунинг жиддийлиги Наргиз Зокирова билдирган фикрларга бўлаётган муносабатда халос. Айтганлари эса мен учун сариқ чақалик аҳамиятга эга эмас. Менимча Ўзбекистон имиджи қандайдир қўшиқчининг тўрт оғиз гапига қараб қолмаган. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Наргиз Зокирова ўз инстаграмида қолдирган фикрларга сиёсий ёки бошқача тус бериш шахсан менга эриш туюлди. 

Қўшиқчи Россия телевидениесининг “Голос”ида чиқиш қилмагунига қадар, уни ҳеч ким эсламаётганди. Шу лойиҳадан кейингина бир қатор мамлакатлар, хусусан Ўзбекистонда ҳам Наргиз Зокировага бўлган қизиқиш ортди. Бунга асосий сабаб сифатида қўшиқчининг “Голос”да ўзбекистонлик эканини айтиб ўтганидир. Балки у биринчи саволдаёқ ўзини америкалик дея таништирганида, мавзу бироз чайналган, кейин Зокирова мавзуси унутилган бўларди. Чунки Тошкентда туғилиб, кейинчалик бу ҳақда буткул унутган кишилар Зокиравасиз ҳам талайгина ва бу ҳолат шахсан мени ажаблантирмайди.

Наргиз Зокировага Ўзбекистон ҳақида биринчи савол берилганидаёқ, қўшиқчи бу мамлакат ҳақида эслашни хоҳламаслигини айтиб ўтди. Шунинг ўзиданоқ унинг ўз ватанидан ҳафа эканини пайқаш қийин эмасди. Ортиқча изоҳ чиндан ҳам шарт эмас. Лекин кейинчалик ҳар жабҳада изоҳни ўзимизникилар сўраб олишди. Қўшиқчининг кийиниши ҳам, соч турмаги ҳам, нега ўз ватанини ёмон кўриши ҳам, эътиқоди ҳам эътибордан четда қолиб кетмади. Унинг шахсий ҳаётига аралашишлари табиийки Зокировага ёқмасди. Буни терс жавобларидан ҳам билиш қийин эмас. Энг охирида эса у “ёрилди”. 

Наргиз Зокирова Ўзбекистондан нега чиқиб кетгани ва бунинг сабаблари менга қоронғу. Билганим, демократик давлатда яшаётган ҳар бир инсон кейинчалик қаерда қўним топишини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқига эга. Наргиз Зокирова ҳам АҚШни афзал билди ва кўпчиликдан фарқли равишда кейинчалик бунинг учун афсус қилгани йўқ назаримда. Орада ОАВ ёрдамида Ўзбекистонга мағзава ағдарганми ёки йўқ, буниси ҳақида ҳам умуман билмайман. Усиз ҳам бу ишни бажонудил бажариб келаётган “ҳамюртларимиз” бор. Шу важдан олиб қараганда, Зокированинг АҚШ, Россия, Доғистон, Ҳиндистон ёки Хитойдан бирини танлаши унинг ҳуқуқи. У шу ҳуқуқидан фойдаланди ва биздан кетди. Оқ йўл. Қўшимча қилишим керакки, қандай кийиниш, нима иш билан машғул бўлиш, қайси динга эътиқод қилиш ҳам ҳар кимнинг ўз ҳуқуқи. Бунга монелик қила олмаймиз. Қаршилик қилишимиз ёки унинг тинчлигини, эркинлигини, танловини чеклашга уринишимиз бефойда ҳам имконсиз. Лоланинг кийими ёқмаса, Ўзбекнавога хат қоралаш мумкиндир балки. Лекин Зокирова биздан узоқда. У ўзбекликка ҳам, ўзбекистонлик бўлишга ҳам, миллийлик ёки бошқа масала учун ҳам ҳаракат қилаётгани йўқ. У ҳаммасидан бир йўла юз ўгирган.

Наргиз Зокирова ким бўлишидан қатъий назар, у хаттоки ўз ватани ҳақида салбий фикрлар билдирган бўлса ҳам, истеъдоди бор эканини ҳамма кўрди, тан олди. Унинг бир қатор яқинлари ҳали-ҳамон Ўзбекистонда истиқомат қилишади ва халқ эътиборида юришади. Шунчаки Наргиз Зокирова Тошкентда ўзи хоҳлагандек ҳаёт кечира олмаган. Бунинг сабаблари, унга нисбатан қилинган ишлар (агар шундай ишнинг ўзи бўлса) шахсан менга ҳам қизиқ. Билганим эса, ҳамманинг кўнглига бирдек ёқишнинг иложи йўқ. Каттагина мамлакатда ҳамма бирдек бахтли бўла олмайди. Мадомики, унинг ичидагини суғуриб оладиган киши топилмадими, қўшиқчини таъқиб қилишдан маъни кўрмадим. Қўяверинг, хоҳлаган жойида истаганича яшасин, хоҳлаганини қилаверсин. Унинг бизга зарари тегаётгани йўқ. Энг муҳими, у четдан туриб ҳокимият ёки ҳудуднинг маълум қисмига даъвогарлик ҳам қилмаяпти. Ўзи билганича ҳаёт кечирмоқда ва ҳамма жойда ўзи учун жавоб беради. Биргина айби, Тошкентда туғилгани бўлиб қолмаслиги керак. Қаерда туғилишни ахир инсон ўзи ҳал қилмайди. Уни шунчаки ўзбекистонликлар қаторидан ўчириб қўйинг, ўзи шуни хоҳлайди. 

Мен яшаб турган давлат, жамият ёки миллат ҳақида айтилган ҳар қандай ҳунук гап ҳамиятимга тегиб ўтади. Лекин қанчалик уринмай, кишилар оғзини ёпиш қўлимдан келмайди. Яхшиси тупуриб қўйишни ўрганинг. Нотўғри йўлда бўлса, жазоси барибир биз томондан берилмайди.

25 апреля, 2015

Ортиқча садоқат

“300 спартанцев” фильмини томоша қилаётгандим, мароқ билан. Режиссёр Зак Снайдернинг ишига тан бердим. Ҳозир бу ҳақда эмас. 

Леонид сиёсатчилар қаршилигига қарамай урушга жўнаб кетади. Унинг рафиқаси – малика Горго ўзининг оқила аёл экани билан бутун фильм давомида диққатимни тортиб турди. Эркак кишининг ҳар бир муваффақиятида фаросатли аёлнинг қўли бўлса бу бахтнинг ўзгинаси. Леонидга мана шундай бахт ато этилганди.

Спарталиклар қироли Леонид ўз ғурури деб билувчи ватани, оиласи, аёли ва умуман шунга ўхшаш муқаддас нарсалар учун жанг қилар, унинг садоқатли аёли эса қирол шаъни учун курашишни ўз бурчи деб биларди. Бу ажойиб уйғунлик. Бундай туйғулар олдида бош эгсанг арзийди.

Вазият шу даражага бориб етади, Спарта сиёсатчилари Леониддан юз ўгирмасликлари учун малика садоқатини қурбон қилади. Фероннинг бузуқ хулқи ҳақида яхши тасаввурга эга Горго уни ўз қароргоҳига чорлаб, битта тун эвазига қирол номини эртанги мажлисда оқлаб олишдан умид қилади. Азбаройи кучли садоқат ўша садоқатнинг дарз кетишига сабабдир.

Ичим музлаб қолди. Бедор тунларнинг бирида унинг ширин овозигина эшитилиб турар, атроф сув қуйгандек жим-жит эди. Ёнимда дея тасаввур қила олишим учун сочларини сийпаламаётганимгина сабаб эди. Уруш ҳақида сўз очилди. Ҳар қандай мавзуда фикрлаша олганимиз ва бунда ўзаро босим сезмаганимиз бир-биримиздан зерикмаслигимиз учун асосий омил эди ўшанда. Орзулар ҳақида гап кетганида сўзлар ожизлик қилса, бахт чизгилари акс этган суратлар ўртада сарсон бўлган ширин пайтлар. 

Ўзим муқаддас деб билан нарсалар учун урушдан қочмаслигим ҳақида айтдим. “Мени ташлаб кетасизми?” дея аразлаган оҳангдаги саволидан ич-ичимдан қувонсам ҳам, ростини айтиб қўя қолдим: йигит киши оиласини ҳимоя қилиш учун жангдан қочмайди! У мени кутишга ваъда берди. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ унга хат ёзишга келишиб олдик. Жавоб хати орқали фақатгина ундан келадиган ширин исни ҳис қилиш ҳақида ҳам ўйлаб кўрдим. 

Утопия хаёлни ҳар ёнга етаклаб кетаверади. Уруш ғалаба ёки мағлубият, ҳаёт учун курашдангина иборат эмас. Душман қўлида асир қолиш қисмати ҳам бор. Агар ёв қўлида қолсам, мени халос қилиш учун ўзи курашажаги ҳақида айтгани ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Хаёл осмонимни қора булут қоплади: ҳеч қачон! “Нима бўлганида ҳам мени уйда кутишинг керак!” Севгани учун ҳамма нарсага тайёр туриш улуғланар балки. Лекин мен ҳеч қачон бундай қурбонликка рози эмасман. Тўлиқ эркинликда бўлгани хаёллари билан давом этди: “бу йўлда ҳеч нарсадан тап тортмайман!” Мавзуни шу ерда тўхтатмасам бўлмасди. Чунки уни ўзгалар қўлида тасаввур қилиш қандай оғриқ эканин мен сўзлар билан тасвирлаб бера олмайман. 

У бугун ҳаётимда йўқ. Лекин айтган гаплари ҳали-ҳамон тош каби босиб туради. Горгонинг Леонидга бўлган садоқатига ўша аёл кўзи билан ҳеч қачон қарай олмайман, чунки мен эркак кишиман. Урушда енгилиб, танасига юзлаб пайконларни қабул қилган қиролнинг бахти – Горгонинг ҳиёнатининг кўрмаганида эди. Менинг маликам узоқларда бўлса ҳам эшитсин, мен ҳеч қачон бундай қурбонликни кечира олмайман. Ундан кўра учиб келаётган юзлаб пайконларга кўкрак тутиб берганим яхши...     

23 апреля, 2015

“Дильшод”

Эркак киши унга иснод келтириши мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида тасаввурга эга бўлгани яхши.

Индонезияда ўқиш асноси қарашларимга ўз таъсирини ўтказмади десам, сизни алдаган бўламан. Бир-бирига қарама-қарши фикрларнинг туғён уриши дунёқарашимни остин-устун қилиб юбормаган бўлсада, уларни солиштириш имкониятига ҳар қалай эга бўлгандим. Мени ҳайратга энг кўп солган жиҳат мамлакат туб аҳолисидаги толерантлик эди. Катта йўлнинг сўл томонида муҳташам черков қад ростлаб тургани, унинг қаршисида АСЕАН минтақасидаги энг катта масжиднинг қурилишига монелик қила олмасди ёки аксинча. Ўз навбатида, бошдан-оёқ либосга ўралиб олган оддий индонез қизининг ўта замонавий услубда кийинишни хуш кўрувчи ўзга дин вакиласи билан дугона тутинишига ҳам ҳеч нарса қаршилик қила олмайди.

Ислом динига эътиқод қилувчилар сони бўйича дунёнинг энг йирик мамлакати сифатида эътироф этиладиган Индонезияда қонунлардаги устуворлик механизми юқори эмас. Ўта бой қатлам ўз даромадига ҳамма нарсани сотиб олишига ишонса, жуда камбағал кишилар шунчаки ўлиб қолмаслик учун тирикчилик қилишади. Мана шу ҳаёт давомида кишилар ҳар қандай ишга кўз юмишлари мумкин. Негадир уларнинг асаб толалари бизникичалик таранг тортилмаган.

Мусофирчиликсиз ўтган талабалик йилларим Тошкентга келиб ўқиётган курсдошларимникидан қизиқарли деб айта олмасдим. Эрталаб ота-онам билан хайрлашиб уйдан чиқишим ва кечки пайт яна улар билан юзлашишим — уйидан пул келишини орзиқиб кутадиган ёки стипендиядан стипендияга қадар яшайдиган қадрдонларим ҳаётидан буткул фарқ қиларди. Мени қойил қолдирадиган жиҳат қийин бир шароитда бўлишига қарамасдан, бир неча фарзандини пойтахтдаги ўқиши, еб-ичиши, яшашига пул топиб беришидан ташқари, ўз тирикчилигига ҳам орттирадиган ота-оналарнинг борлиги эди. Нарх-навонинг тинимсиз ошиб бориши, контракт пулининг ҳар йили кўтарилиши уларни тинимсиз меҳнатдан қайтара олмасди.

Аҳолисининг катта қисми ислом динига эътиқод қилувчи Ўзбекистонда қонун устунворлиги асосий масала. Бойлар қатлами даромади бир умрлик эмаслигини онгли равишда тушуниб турса, бир амаллаб ҳаёт кечираётган кишилар қачонлардир ёруғ кун келишига албатта ишонишади. Мана шу ҳаёт давомида кишилар оч қорним, тинч қулоғим шиорига амал қилишлари мумкин, лекин сабрнинг ҳам чегараси мавжуд. Пичоқ суякка бориб тақалганида, кўзга ҳеч нарса кўринмай қолиши ҳам бор.

Жакартадан бироз четроқда таълим олаётган ўзбекистонлик талаба билан содир бўлган бир воқеани қисқача баён қилишим кимгадир эриш туюлмаслигидан умидворман. Аслида бўлиб ўтган воқеани бизга ҳикоя қилиб берганиёқ ҳайрон қолдирганди. 

Маҳаллий аҳоли оқ танли кишиларни ўзгача хурмат қилади, уларга бўлган қизиқиш бирмунча юқори. Энг қиммат меҳмонхоналарнинг энг олди ва энг қиммат вакилалари сенинг тилингда сўзлашувчилар бўлса, қаердан эканлигинг ҳақида билишлари билан албатта ўша жаноналарни ҳам эслаб ўтишади. Тилга олиб ўтилган талаба йигит мана шу устунлиги эвазига бир қатор қизларни илинтиришда қийинчиликка дуч келмади. Унинг навбатдаги ўлжаси ледибой бўлиб чиқишини ким ҳам билсин? Бу уят иш эди, жирканч иш эди. Эҳтиётсизликдан кўра кўпроқ, билимсизлик оқибати эди.

Кўча-кўйда бемалол юрган ледибойлар гуруҳига ҳар куни дуч келишингиз мумкин. Мижози шикоятга ўрин қолдирмайдиган кишилар буни оддий ҳол сифатида қабул қилишади. Толерантлик шу даражага етганки, ибодатини мутлақо кандай қилмайдиган йигитлар гомосекнинг олдидан индамай ўтиб кетишади. Ваҳоланки мамлакат аҳолисининг катта қисми бир жинслиларнинг никоҳ қуришига қарши. Бунга розилар сони бор йўғи 3 фоиз кўрсаткичга эга. 

Бизда аҳлоқ нормаларига тўғри келмайдиган ишлар қаттиқ қораланади, бунга мойил кишиларга нафрат бирмунча юқори. Энг қиммат нарсаларни ўзига раво кўриб, энг қиммат машиналарда таралабедод қилиб юрган қизлар ҳақида гап кетганида, уларнинг эҳтимолий ҳомийлари паст овозда эслаб ўтилади. Мана шундай вазиятда сўл томонга йўл очиб бериш ҳақида гапиришнинг ўзи аҳмоқлик. Бундай жамиятга фоҳишабозликни легаллаштириш ундан келадиган зарарни анча камайтириши мумкин эканини тушунтириш мутлақо ортиқча. Бизда ўша нарсага эҳтиёж сифатида эмас, аҳлоқсизлик нуқтайи назаридан қаралади. Уйланиш имкониятига ёки шароитига эга бўлмаган кишилар ўз истакларини қондириш учун сўл йўлга юришлари кундек равшан бўлсада, улар ўзларини худди роботдек кўрсатишга мажбур бўлишади. Ваҳоланки табиат инсоннинг бу хоҳишини инкор этмайди. 

Табиат инкор этадиган ҳилқат ледибойнинг орзуси эса бошқалар қатори эмин-эркин ҳаёт кечириш. Мижоз аслида нима экани ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган кишиларимиз эса буни ҳазм қила олишмайди. Нафрат шу даражага етганки, кескин ва тез фикрлаб қўя қоладиган йигитлар гомосекни турткилаб ўтишни ўз бурчлари деб билишади. Аҳоли ўртасида бир жинсли кишиларнинг никоҳ қуриши борасида сўровнома ўтказиш учун шунчаки жинни бўлиш керак. 

Ғоялар ҳам, қадриятлар ҳам секин-аста емирилади ва бу жараён тинмай давом этади. Оғишлилик эҳтимоли юқори бўлган жамият куч билан ушлаб турилса ва маърифат билан бошқарилса қадриятларнинг емирилиши қийин. Тўғри йўлни ҳис қила олиш учун билим керак. Динни жуда чуқур назокат билан тушуна оладиган алломалар мазҳаблардан юқоридир. Ўйлаб қаралса бир-бирини қириб ётган мусулмонлар ўша мазҳаблар ўртасидаги тафовут ва кимгадир оғишлилик сабаб диннинг асл моҳиятини унутишди. 

Индонезия бу босқичга шунчаки келиб қолмаган. Голландлар таъсири остида бир неча ўн йиллар қолиб кетган халқ мустамлака сифатида ўзига ёт қарашларни ҳазм қилишга мажбур бўлди. 1979 йилга келиб голландлар биринчилардан бўлиб бир жинслилар ҳуқуқини қонун даражасига олиб чиққанликларини шунчаки эслатиб ўтмоқчиман. Аҳоли сони бўйича жаҳоннинг тўртинчи мамлакати бўлган Индонезия бугун бор эътиборини иқтисодий томонга қаратган. Ғоявий курашга вақт ажрата олмаётган мамлакатда кичик-кичик гуруҳларнинг вужудга келиши учун шароит бор. Илмли ёшларни бирлаштириб, ўз маърифатини сингдираётган ёт кучлар бир неча ўн йиллик режаларини бамайлихотир амалга оширишлари мумкин. Уларнинг таъсирида илм олаётган етакчилар вақт ўтиб ҳокимият тепасига келса, бутун бир мамлакатга ғоявий томондан эгалик қилиш учун йўл очилади. 

Энди бу мавзудан бироз чекиниб, бошқаси ҳақида сўз очамиз. Оғиб кетишга мойиллик жуда катта хавф. Телеграм ёки ватсап ёрдамида оддий бир талабани ҳезалакка чиқариш ёки оддий бир қизни суюғоёқ сифатида машҳур қилиш тобора ҳеч гап эмас. Ахборотнинг тўғри ёки нотўғрилиги ҳақида ўйламай, уни тезроқ улашишга уриниш ёмон оқибатлар учун илк қадамдир.  

“Дильшод” калимаси билан машҳур бўлиб кетган кимсани мен ҳам қабул қила олмайман. Бундай кишилар ва уларга бўлган муносабат эътиборимдан четда қолиб кетмайди. Дин нуқтайи назаридан қараганда на ислом, на христианлик ва на бошқаси бесоқолбозликни оқлаган ҳолатни кўрмадим. Ривоят қилишларича, тўрт тоифа одамлар Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган ҳолда тонг оттириб, Аллоҳнинг қаҳрини келтирган ҳолда кунни кеч қиладилар. Улар: ўзларини эркакларга ўхшатувчи аёллар, ўзларини аёлларга ўхшатувчи эркаклар, ҳайвонга яқинлик қилувчи кимса ва эркакларга яқинлик қилувчи кимса, яъни, бачавоз. 

Тавба учун аслида тафаккур керак. Ледибойдан ким шуни кутади? Улардаги ҳолат онгдаги ўлат, онгий манқуртликка ўхшаш нарса. Мижози ўзгаришга юз тутган бундай кишилар орасида жуда оқиллари, донолари, кашфиётчи-ю истеъдодлари ҳам бор. Табиат инкор қиладиган ҳолат эса фақатгина яқинлик билан боғлиқ халос. Шу билан биргаликда улар ҳам жамиятнинг бир бўлаги. Қонунан рўйхатга олинган шахс сифатида улар давлат ҳимоясида. Бесоқолбозлик ҳақида эса жиноят кодексининг моддаси бор, тартиб рақами – 120. Бу шундай моддаки, уни фош қилиш қолган қонунбузарликларни аниқлашдан фарқ қилади. Биринчи навбатда унда иштирок этган шахс иккинчиси устидан шикоят қилиши лозим. Аёл ҳамда эркак ўртасидаги муносабатда зўрлаш ҳолати бўлса, бесоқолбозлар ўртасидаги алоқа келишилган ҳолда амалга ошади. Иккинчи томондан гомосекни озодликдан маҳрум қилиш унинг бу эҳтиёжларини ўзгартирмайди, шунчаки ундаги эҳтиёткорликни оширади халос. Шу томондан олиб қараганда, гомосекни ҳар куни дўппослашдан маъни йўқ. Дард уриб қўйган кимсага яна битта зарб тушириш ортиқча. Радикал руҳ муаммони ҳал этмайди, бошқа муаммоларни келтириб чиқаради. 

Медицина, ҳуқуқ ёки дин мезони билан қараганда бизда бесоқолбозни табиатан соғлом кишилар қаторига қўшиш мушкул иш. Уларни носоғлом кишилар қаторида кўриш бир жинслилар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи давлатларда норозиликка сабаб бўлиши катта эҳтимол. Чунки улар шахсга мутлақ эркинлик беришни афзал билишади. Бизда эса қонунлар ишлаб чиқилаётганда аҳлоқ нормалари ҳам инобатга олинади. 

Индонезлардаги толерантлик гомосекларга беэътибор муносабатга сабаб бўлди. Демак йиллар ўтиб биз айтиб ўтган 3 фоизлик кўрсаткич секин-аста ошиб бориши учун кичик бир шароит бор. Бир жинслиларни қўллаб-қувватлаётган мамлакатлар сони ошиб бораётгани, масалан, АҚШ штатлари босқичма-босқич бунга қўшилиб бораётганини оддий мисол сифатида келтириш ўринли. Бизда эса жамият ҳазм қила олмайдиган жараён ўз кетидан зўравонлик, кейинчалик бошқа жиноятларни етаклаб келиши мумкин. Табиат қовушишнинг бу кўринишини инкор этади. Табиат инкор этадиган ҳолатдан лаззат олувчиларнинг лаззати учун шароит яратилибгина қолмай, уларнинг фарзанд асраб олишларига ҳам кўмаклашаётган жамият бир қатор соҳалар бобида илгарилаб кетган бўлсада, маънавий томондан чириб бўлгандир. Шу ўринда унутмаслик керак, қонунларнинг қабул қилиниши аҳлоқ ёки дин масаласани ҳеч қачон биринчи ўринга олиб чиқмайди. 

Ҳар бир соҳада тажриба ўтказиб кўрадиган ривожланган мамлакатлар гомосекни касал сифатида эмас, тенгҳуқуқли фуқаро сифатида кўришни афзал билишдими, демак бунинг давоси йўқ. Улар каби кимсалар Луд қавми даврида ҳам, ундан олдин ва кейин бўлгани ҳам инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Масала тагига олиб кетмасидан унга қарши қонуний йўл билан курашиш маънили иш. Зеро, катта эҳтимол билан гуноҳсиз бир шахсни одамлар кўз ўнгида аҳлоқсизга чиқариб қўйишдан ийманмаётган, қўрқмаётган кишиларнинг жазони ўзларидан деб билишлари чамамда ақлсизлик. 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг тинч-тотув ҳаёт кечираётгани, 10 дан зиёд конфессияга мансуб дин вакиллари ўртасидаги зиддиятнинг йўқ эканига асосий сабаб қонунларнинг ишлаб тургани, шундай эмасми? Бизда ҳаммасига кўз юмиб кетиш тарғиб қилинмайди. Одатларимиз умуман бошқача. Мана шу жиҳат билан индонезлардан яхшигина фарқ қиламиз. Ёт ғояларга, маънавиятга таҳдид қилиши мумкин бўлган ҳолатларга қарши бизда курашилинади. Меҳмондўст, очиқкўнгил, самимий бўлган индонез халқидан асосий фарқимиз ҳам мана шунда. 

Бесоқолбозда ўзимизга мос келадиган ҳолатни кўра олмадим. Уларга нисбатан бўлаётган ёввойиларча муносабатни ҳам ҳазм қила олмадим. Қонунлар ишлаб турган мамлакатда уларни бузадиган мезонларнинг бўлиши огоҳлик талаб этадиган ҳолатдир. Чунки жинсий яқинлик истаймизми йўқми — эҳтиёж. Эҳтиёжни қондириш учун бўлган ҳаракат эса яхши оқибатларга олиб келмаслиги мумкин. Айтмоқчи бўлганим, мавжуд ҳолатни нафақат жамият қоралайди, балки давлат ҳам унга шароит яратиб бермайди. Табиат инкор этадиган яқинлик истайдиган кишиларнинг бор эканини эса табиатнинг ўзи инкор эта олмайди. Ўшандай кишилар эҳтиёжларини қондириш учун имкон берадиган мамлакатларга чиқиб кетганликлари яхшироқмикан? Фалокатнинг ариши учун битта йўл-да бу ҳам...      

05 апреля, 2015

Комментатор. Татимаган илтифот

Комментаторнинг ёши саксонга яқинлашиб қолган, ваҳоланки кўринишидан унинг ёшини таҳмин қилиб бўлмайди. Спорт билан мунтазам шуғуллангани учун бўлса керак, қариликни тан олиб улгурмаган. У тўп тепиш учун ҳафтада уч бор "Пахтакор" метроси томон қатнайди, пиёда. Босиб ўтиладиган йўлда автобус етти бор тўхтаган бўларди.
Тбилисининг "Динамо" ҳамда Тошкентнинг "Пахтакор" клуби фахрийлари ўртасидаги ўйинга уни таклиф қилишмади. Бунинг ўзига хос сабаблари бор бўлиб, уларни ўйлагани сайин комментатор аламини ичига юта олмаётганди. Унга нисбатан ўқилган "ҳукм"ни адолатсизлик деб биларди.
Грузиядан ташриф буюрган делегация аъзолари табиийки комментаторнинг қаерда экани билан қизиқишарди. Буни жуда яхши тушуниб турган кишилар уни касалга чиқаришди. Уларнинг бу баҳоналари комментаторнинг қулоғига етиб келиши мумкинлигини ўйлашни исташмади. Борди-ю етмиш етти ёшли чол ўзини таклиф қилмаганликларидан нолийдиган бўлса ҳам, "сизга алоҳида таклифнома керакмиди?!" деб ҳазилга буриб кетишади.
Грузия делегациясига раҳбарлик қилган киши комментаторни жуда яхши танирди. "Пахтакор" стадиони қошидаги федерация биносида ҳам, стадионнинг ўзида ҳам, ундан кейинги банкетда ҳам комментатор кўринмагач, маҳаллий кишилар иззат-эътиборида бўлаётган қариядан у ҳақда сўради. Бу саволга жавоб беришга борган-сари сабри чидамай кетаётган қария, комментаторнинг оғир бетоблигини мамнуният ила маълум қилди. Делегация раҳбари кутилмаган жавобдан хайрон бўлиб, "Динамо"нинг фахрий сардорига савол нигоҳи билан қаради. Лабига эндигина сигарета қистириб, уни ёқишга шайланаётган сардор бир зум тўхтаб, бошини кўтарди: "Ничего, поедем в больницу".
Қария тамомила эсанкираб қолди. Грузинларнинг бундай қарорга келишларини унинг ўзи ҳам, унга доимий хамроҳ собиқ футболчи ҳам кутмаганди, албатта. Юзидаги мамнунликдан асар ҳам қолмаган қарияни, ўша собиқ футболчи қутқариб қолди: "Он все равно в реанимации. К нему никого не пускают. Вчера я сам поехал проведать его и вернулся так и не увидев"...
Комментатор бу жавоблар ҳақида унга Тбилисидан келган хат орқали билди. Бу хат федерация биносининг биринчи қаватига келиб тушганида, балки эгасига қадар етиб келмасди. Комментаторнинг манзили ҳақида хаттоки тасаввурга ҳам эга бўлмаган грузинлар мактубни федерациянинг ўзига ёзиб, алоҳида конвертни эгасига етказишни илтимос қилишганди. Комментаторни жуда яхши биладиган иккинчи қаватдаги хатлар бўлими мудираси у кишининг набираси билан таниш эди. Мудира мактубни шу йўл орқали эгасига етказишга қарор қилганди.
Ҳакамлик даврларини қўмсаб, қолаверса қарилик кушандаси бўлган ҳаракатсизликдан қочиш учун ҳам ҳафтада уч бор футболга бориб турадиган комментатор аслида соппа-соғ эди. Ўйин куни грузиялик қадрдонларини кўриш учун ҳам "Пахтакор"га бормоқчи бўлди. Лекин ғурур йўл бермади. У атрофидаги ишларга шунчаки тупуриб қўя олмасди. Ҳамма нарсани юрагига яқин оладиган комментаторга қўл силтаб қўя қолиш бегона эмас. Бу сафар ҳам шундай қилди. Уни ёқтирмайдиган, унга бир қучоқ алам “совға” қилган, ҳаётининг мазмуни бўлган футболдан иложи борича четлаштиришга уринаётган кишилар юзини кўргиси келмади.
Татимаган илтифот
2011 йилнинг 29 октябрь санаси ўзбекистонлик футбол мухлисларининг ёдида узоқ муддат сақланиб қолади. Мамлакат жамоалари халқаро майдонда муносиб тўп суришсада, қандайдир турнир финалига етиб келиш жуда кам кузатиладиган холат. 17 йил муқаддам бош жамоа Хиросимадаги ҳал қилувчи беллашувда иштирок этган бўлса, уч йил олдин ёшлардан иборат сара таркиб Даммам шаҳридаги сўнгги ўйинда майдонга тушишга муваффақ бўлганди.
Бугунги финал аввалгиларига умуман ўхшамасди. Пойтахт жамоалари халқаро мусобақалар финалига бирор марта ҳам етиб келмаган бир пайтда воҳа етакчисининг ёриб чиқиши, ҳамманинг бирдек олқишига сазовор бўлди. Тўғри, мусобақанинг нуфузи биринчи рақамли эмас. Бироқ “Насаф” шундай ҳарактер намойиш қила олдики, бугун нуфузнинг мутлақо аҳамияти қолмаганди. Тошкент клублари гегемонлигидан тўйиб кетган халқ узоқ йил кутилган ўйинни Қарши шаҳрида томоша қилиш бахтига муяссар бўлаётганди. Ўзи чемпион бўла олмасада, чемпионлик масаласи ҳал этилишида муҳим рол тутувчи пойтахтдан ташқари ягона жамоага бу кун нафақат мамлакат аҳолиси, балки қўшни республикалар футбол ишқибозлари ҳам бирдек мухлислик қилишаётганди.
Декабрь кириб келишига бир ойдан ҳиёл кўпроқ вақт бўлсада, сўнгги икки кунни қишдан фарқлаш қийин. Табиат шу қадар гўзаллик билан ўзгардики, жазирама икки кун ичида қаҳратон билан алмашиб қолганини танадан совуқ ўта бошлагачгина тушуниб етиш мумкин эди. Аввалига илиқ ёмғир ёғди. Заминда гўёки қуруқ жой қолмагач, кўнгил илиқлик тусай бошлади, иссиққина чойнинг қадри ошди. Кечаси билан кучли шамол эсиб, ерга тикка тушаётган ёмғир томчиларини ширин уйқудагиларни уйғотиш учундек дераза ойнакларига буриб юборди. Уйқудан уйғонганлар қандайдир соатлар ичида илиқ кунлар билан бир неча ойга хайрлашганликларини тушуниб етишарди. Энди лайлак қор ёғиб берса ҳам, ҳеч ким ажабланмайди, хатто ноябрь кириб келмаган бўлса ҳам.
Қаршидаги ҳал қилувчи ўйин қор остида қолиши эҳтимоли соат сайин ошиб борди. Бугун рақибни енгиш учун табиат инъоми “Насаф”га мутлақо керак бўлмасада, футболчилар ҳам, мухлислар ҳам унинг инжиқлигидан қочиб қутула олишмасди.
Футбол федерацияси ҳам ҳал қилувчи ўйинга алоҳида тайёргарлик кўрди. Ташкилий ишларни қаршиликларнинг ўзлари дўндириб ташлаган бўлишса ҳам, бундай ўйинлар раҳбарият ташрифисиз ўтмайди. Бир неча йиллик меҳнатлари маҳсулини стадиондан туриб томоша қилиш ҳар қандай кишига ўзгача завқ бағишлайди. Бугун Қаршидаги ўйингоҳ мухлислар билан тўлишига шубҳа йўқ. Аввало маҳаллий ишқибозларнинг ўзи “Насаф”нинг финалгача бўлган ўйинларида бўш жой қолдирмасликка ҳаракат қилишди. Қўшимчасига қолган вилоятлардан ҳам футбол мухлислари Қарши сари оқиб келаётганди. Об-ҳаво мухлислар оқимини камайтиргани йўқ. Ҳосилини йиғиб олиш учун авзойи бундан-да бузуқ ҳавода меҳнат қилиб ўрганган кишилар учун финал вақтидаги изғирин чўт эмасди.
Федерация Тошкент-Қарши-Тошкент йўналиши бўйича чартер рейс буюртма бериб қўйган. Ташкилотнинг кўзга кўринган барча аъзолари қаторида, спортнинг бошқа турларига жавобгар кишилардан тортиб, миллионлар ўйинига иш юзасидан алоқаси йўқ бўлган раҳбар ходимлар ҳам алоҳида буюртма этилган самалётда учишади.
***
Футбол учун қўлидан келганини бериб, кейинчалик ёшларга ўрин бўшатишга мажбур бўлган кишилар учун федерациянинг биринчи қаватидан жой ажратилган. Ёши бир жойга бориб қолган хурматлиларнинг иккинчи қаватга кўтарилишда қийинчиликка дуч келмасликлари учун эмас, шунчаки ташкилотнинг асосий ишларидан панада, жимгина юришлари учун ҳам биринчи қаватдаги хона айнан уларга раво кўрилган. Бу қаватда фахрийлардан ташқари кичик буфет ходимаси, софдил фаррошлар ҳамда омборхона мудирини учратиш мумкин холос. Бугуннинг ҳурматлилари эса кунинг асосий ишлари билан иккинчи қаватда машғул бўлишади.
Биз айтиб ўтган фахрий кишиларга раислик қилиш вазифаси улар орасида энг хурматли бўлган Сулаймон Қаҳҳоровичга топширилганди. Бундай вазифаларни шараф билан уддалаб ўрганган Сулаймон акани футболдаги барча бирдек хурмат қилади. Биринчи навбатда унинг ёши қолганлардан катта бўлса, иккинчи томондан карьерасининг асосий қисмини раҳбарлик лавозимларида ўтказган. Фахрийларнинг бир нечтаси ўз вақтида иш юзасидан Сулаймон Қаҳҳоровичга бўйсунган. Мурожаатларини асосан “Товарищи друзья” жумласи билан бошлайдиган бу кишининг ҳеч кимга зарари тегмайди. Бўғиқ овоз билан жуда секин гапирадиган Сулаймон акада нотиқлик санъати йўқ. Гаплари хиёл чўзилиб кетса, тингловчилар зерикиб қолишлари мумкин. Аммо битта жихат борки, у киши кўпни кўрган, биз билган кўйлакларнинг кўпини йиртган, тажрибаси катта.
Сулаймон ака ҳазм қила олмайдиган фақат битта жихат бор: футбол мухлислари уни яхши танишмайди. Соҳа ичидаги кишиларнинг барчаси, хатто ўта машҳурлари ҳам Қаҳҳоровични кўрганда қўлини кўксига қўйиб турсада, унинг номини халқ ичида жуда машҳур деб бўлмайди. Мамлакатда хизмат кўрсатган мураббий унвони ҳам бир қатор шогирдлар етиштириб чиқаргани учун эмас, бир неча йил раҳбар сифатида фаолият кўрсатилгани учун берилган бўлса ажаб эмас. Чунки у майдон ичида футбол билан машғул бўла олмасди. Шу сабабли ҳам футболчи ёки мураббийларни камол топтирган деб бўлмайди. Аммо миллионлар ўйини атрофидаги бир қатор ишларга бош-қош бўлган.
Бугун Сулаймон Қаҳҳоровичнинг кайфияти жойида. У билан бирга Қарши томон учиши керак бўлганлар кишиларнинг ҳаммасида ҳам шу. Чартер рейс билан ўзга шаҳарга парвоз қилиб, финал учрашувини кўриб, кетидан яхши зиёфатда иштирок этиб қайтиш кимга ҳам ёқмайди? Ишчи кийимда йўлга чиқаверасиз, бир неча соатдан кейин эса иссиққина уйга қайтиб турибсиз. Ётиш, туриш, ювиниш, транспорт кутиш каби муаммолар йўқ.
Комментатор айтилган жойга ўз одатига кўра ҳаммадан эртароқ келди. Буфет ходимаси уни очиқ чеҳра билан қарши олди. Комментатор ҳазилни яхши кўради, лекин кимгадир қўполлик қилганини эслаш қийин. Унинг бу ҳарактерини федерациянинг оддий ишчилари қадрлашади. Буфетчи чаққонлик билан кофега унади. Сулаймон Қаҳҳорович иш жойига етиб келганида, комментатор кофесини ичиб бўлаётганди.
Қаҳҳорович хонасига кириб ўтирмади. Буфет чеккасида жойлашган диван четига ўтирди. Аввал шарфини, кейин эса спортчилар машғулот вақтида киядиган шапкасини ечди. Об-ҳавонинг кескин совиб кетгани ҳақида гап бошлаб, у “Насаф”га панд бермасинда қабилида бир-икки оғиз гапиргандек бўлди. Уч кун олдин бу икки қария ойда бир марта бўладиган фахрийлар йиғилишида кўришишганди. Финалдан икки кун олдин эса тўйга бирга боришганди.
- Тўйдан нега вақтли кетиб қолдингиз? – Сулаймон Қаҳҳорович бунинг сабабини билиб турсада, таомилга кўра комментаторнинг ўзига савол билан мурожаат қила қолди.
- Яхши ўтирдик. Биласиз-ку, баланд мусиқага тобим йўқроқ. Сизларга айтмоқчи ҳам бўлдим, мени деб безовта бўлишингизни хоҳламадим...
- Тўлабекнинг кайфи ошиб қолмаганда ўша мусиқага рақс ҳам тушиб кетардингиз! – Сулаймон Қаҳҳорович ўз гапидан ўзи мазза қилиб кулди. Мана шу кулгудан ҳам унинг кайфияти яхши эканини билиш қийин эмасди.
Уч кун олдин комментатор фахрийлар йиғилишига фотограф чақирди. Шавқатсиз ўлим айни пайтда буфетда ўтирган икки кишининг қадрдонларини бирин-кетин олиб кетаётганди. Сафнинг камайиб бораётгани энг кўп комментаторга таъсир қилади. Унинг бу ҳарактерини хатто яқинлари ҳам тушуна олишмайди. Ҳамма нарсани ўзига яқин олаверади. “Пахтакор” портлаб кетганидан кейин анчагина таъсирчан бўлиб қолган комментатор, севимли қизи оламдан ўтгач қандли диабетга ҳам чалинди. Икки йил муқаддам ярим асрдан кўпроқ бир ёстиққа бош қўйганини ҳам кўпга қўшгач, ўлимдан қўрқиб қолди.
Эсдалик учун рамсга тушиш комментатор учун одат тусига айланган. Зериккан вақтларида ширин онларини эслатадиган фотосуратларни томоша қилишни ёқтиради. Бугун ҳаётида йўқ кишиларнинг расмда акс этиб туриши унинг учун мўжизадек бир гап. Табиатан режали бўлган комментатор йиғилишга фотограф келиши ҳақида ҳаммага алоҳида-алоҳида сим қоқиб чиқди. Ҳар бир деталга эътиборли бўлгани учун тузукроқ кийиниб келишларини ҳам сўради. Фахрийларнинг катта қисми руслардан ташкил топган бўлиб, уларнинг аксари тарки дунё қилган кишиларни эслатиб юборади. На юриш-туришида ва еб-ичишида маъно қолган бу кишилар уларни олдинда ўлимдан бошқаси кутмаётганини онгли равишда тан олиб қўйишгани комментаторни янада кўпроқ хавотирга соларди.
Йиғилиш куни Сулаймон Қаҳҳоровичнинг бугунги кундаги ўнг қўли Тўлабек Исломовнинг қандайдир юмуши чиқиб қолди. Қолганлар эса бир сафда суратга тушишди. Кечга бориб фотограф эътиборидан четда қолиб кетгани Тўлабекка тегиб кетди. Эртаси куни тўйда барча аламини комментатордан олди. Спиртли ичимликлар истеъмол қилмайдиган, сигаретанинг яқинига ҳам йўламайдиган шарҳловчи бундай ҳунарли кишиларга ортиқча гапирмайди. Лекин ҳурмачасидан ортиқча ичиб, томоша кўрсатадиган кишиларни жини умуман суймайди. Тўй куни комментатор собиқ футболчининг инжиқликларига аввалига ҳазил билан жавоб берди, кейин эса унга ярашмаслигини тушунтирди, ҳафароқ оҳангда ҳам гапириб кўрди. Энг сўнггида тўйни жимгина тарк этишни афзал билди.
***
Хурматли меҳмонлар Қарши аэропортида кутиб олинди. Ташкилий ишларни яхши йўлга қўйган клуб вакиллари меҳмонларга финал учун чипталарни шу ернинг ўзида тезлик билан улашиб чиқишди. Улар учун алоҳида ўриндиқлар тайёрланган бўлиб, таклифномасифат чиптага исм-шарифлар ҳам ёзиб қўйилганди. Комментаторга на журналистлар учун чиқарилган ва на меҳмонлар учун аталга чипта насиб қилди. Ҳамма автобус томон юраётган бир пайтда “Насаф” клуби менеджери унинг қулоғига секингина шипшиди: “Сизга чипта йўқ. Сиз Ғанишер Саидаъзамович билан бирга томоша қиласиз. Ҳозирча ҳеч ким билмасин”.
Автобус ойналарига қор парчалари келиб урилаётганди. Бундай об-ҳавода қандай футбол бўлишини ҳеч ким тушунмаётганди. Ўйиннинг қолдирилиши мумкинлиги ҳақида ҳам гаплар бўлиб ўтди. Ўзбек футболининг энг олди кишилари қандай холатларда ўйин қолдириши мумкинлиги ҳақида баҳслашишарди. Яна кимлардир ўзи иштирок этган қорли футболлар ҳақида эслаб кетарди.  
Сулаймон Қаҳҳорович икки ёнидан ким жой олишини йўлда билиб олди. Кейин эса комментаторга юзланиб, унда чипта йўқлигини кўрди. Кўнгил кўтаргандек бўлиб, ёдларидан чиққан бўлиши мумкинлигини айтди. “Сиздек машҳур кишини ким ҳам стадионга қўймасди”, деб кулиб ҳам қўйди.
Стадион чиндан ҳам мухлислар билан тўла эди. Ҳаммада байрам кайфияти бўлсада, об-ҳаво барчанинг ишини бирдек қийинлаштирган. Тартиб посбонлари одамлар оқимини назорат қилишда қийинчиликка дуч келаётгани яққол кўриниб турибди. Автобус стадион ичкарисига ҳеч бир қийинчиликсиз кириб келди. Ундан бироз олдинроқ етиб келган иномаркаларда, умуман шу кортежда кимлар борлигини билиш учун бир қатор ишқибозлар тўхтаб, кузатишни бошлашди. Милиция ходимлари эса улардан оқиб келаётган бошқа мухлислар йўлини тўсиб қўймасликни тинмай талаб қилишарди.
Автобусдан ўзбек футболининг машҳур кишилари бирин-кетин тушиб кела бошлашди. Шу онда ҳамма бир овоз билан “Насаф, Насаф” дея бақиришни бошлади. Унга қадар асабийлашиб турган тартиб посбонлари ҳам энди бироз тин олиб, мавжуд вазиятни шунчаки кузатиб туришарди. Меҳмонларни енгил титроқ босди. Буни хавотир эмас, ўзига хос адреналин, ўзига хос завқ сифатида тасвирлаш мумкин. Мухлислар шу қадар самимий эдики, уларнинг хурмати учун ҳам бугун “Насаф” ютиши шарт эди! Ҳамманинг ичидан мана шу хаёл ўтаётганди.
Комментатор манзарадан чин дилидан хурсанд. Уни Қаршида кўриб турган мухлислар турлича саволлар билан мурожаат қилишарди. Ишқибозлар “Насаф”нинг ғалабасига умуман шубҳа қилишмас, шунчаки суюклилари финалда нечта гол фарқи билан зафар қучишини келиша олишмаётганди. Комментатор қий-чув ичидан аниқ-тиниқ эшитилган ва унинг манзили томон йўлланган саволга бармоқларида уч сонини ҳосил қилиб жавоб берди. Бу мухлисларни янада хурсанд қилиб юборди. Уларнинг ёш болалардек бақиришига жуда кам куладиган милиция ходимлари ҳам кулиб қўйишди. Ўзи вилоятларда тартиб посбонлари ҳам қандайдир самимийроқ бўлишади.
***
Сулаймон Қаҳҳоровичнинг бир неча соат илгариги кайфиятидан асар ҳам қолмаганди. Изғирин забтига олаётгани “Насаф”ни тинмай қўллаётган мухлисларга балки сезилмаётгандир, аммо ёши бир жойга бориб қолган қариягага финал умуман ёқаётгани йўқ. Танаси илиқлик билмаётган бир пайтда кўнгилга футбол сиғадими?
Тўлабек Исломовнинг ҳам кайфиятини зўр деб бўлмайди. Шунга қарамай у ўз ҳимоячисини ҳимоя қилишга интиларди. Аввалига уни таниб қолган тартиб посбонини ишга солиб, иккита ёпинчиқ топдирди. Кейин эса исиб олишнинг энг яхши йўли дея, қаердандир бир шиша ароқ опкелтирди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора бир вақтда ароқ топиб кела олган кишига ҳайкал қўйсанг арзийди. Лекин у ҳам шу топда пиёлани қаердан олсин?! Сулаймон Қаҳҳоровичнинг асаби баттар бузилди. Олдин шишани, кейин эса Тўлабекни сўкиб берди. Улар ўтирган жой мухлисларникидан анча яхши бўлсада, об-ҳаво бунга заррача эътибор қилмайди. Изғирин оддий сектор ёки СИП сектор деб ажратиб ўтирадими?
Бўлмади. Энг сўнгги чора сифатида Тўлабек Сарвар Асатуллаевга мурожаат қилди. Ўзидан чиқиб бир иш қилмайдиган бу киши Сулаймон Қаҳҳоровични шу совуқда қолдира олмасди. Уни етаклаб, ҳурматли меҳмонлар ўтирган хонага олиб кирди. Ноз-неъматлар билан безатилган столни ёшгина йигит тартибга келтириб қўяётганди. Стадионга тикилиб ўтирганлардан бир нечтаси янги меҳмонга бурилиб қарашди ва яна ўйинни томоша қилишда давом этишди. Қаҳҳорович эса стол чеккасига ўтирди. Энди ҳаммаси жойида бўлсада, унга фақатгина бир нарса умуман ёқмаётганди – комментатор мана шу меҳмонлар қаторида футбол томоша қилаётганди. Қандайдир киши билан фикр алмашаётгани учун у Қаҳҳоровичнинг ташрифини сезмай ҳам қолди. Бу жойгача комментаторни аэропортда унинг қулоғига бир нималар деган менеджер Ғанишер Саидаъзамовичнинг буйруғига кўра олиб келганди.  
***
Ўйиндан кейин ҳамманинг кайфияти чоғ. Ҳамма бир-бирини бағрига босиб табриклади, ҳазиллар қилишди. Сулаймон аканинг кайфияти эса об-ҳаводан андоза олганди. Қайтар чоғда ҳам унга берилган саволларга бошини қимирлатиш ёки базўр кулиш билан жавоб қайтарди. Тошкентга етиб келишгач, у чидай олмади. Комментаторга юзланиб, зўрға гапирди: “Сиз билан сафарга бошқа бормайман! Сиз бизни ёлғиз қолдирдингиз...”

Атрофдаги журналистлар буни ҳазилга буриб юборишди. Сулаймон аканинг ёш болаларча аразлаб гапиришига йўйишди. Қаҳҳоровични бир неча йилдан буён яхши биладиган комментатор эса бунинг ҳазил эмаслигини аллақачон пайқаб бўлганди. Шундан кейин унга Сулаймон ака билан сафарга чиқиш қайтиб насиб қилгани йўқ. Уни ҳеч қаерга чақиришмади. Грузинларнинг Тошкентга ташрифи комментатор бора олмаган тадбирларнинг навбатдагиси эди холос.   



Бундан аввалги ҳикоялар: Сохта реанимация

19 марта, 2015

Комментатор

Сохта реанимация

Футбол мухлисларининг тили “шарҳловчи”га кўнникунига қадар ҳамма уни “комментатор” деб биларди.

Бугун уйга хат келди, Тбилисидан. Грузияга қатор ташрифлари давомида бир қанча дўстлар орттирган комментаторнинг соғлиғи ҳақида чин юракдан қайғурилганди. Унга саломатлик ҳамда юз йиллик юбилейни бирга нишонлаш бахтини сўраб ёзишганди. Комментаторнинг кўзига ёш келди...

1964 йилнинг 18 ноябрь куни “Пахтакор” стадиони 70 мингдан зиёд мухлисни қабул қилди. Собиқ Иттифоқ чемпионлигини қўлга киритиш учун Москванинг “Торпедо” клуби Тбилиси “Динамо”си билан “олтин ўйин”да иштирок этади. Ҳар икки команда мавсумни 46 очко билан якунлаганликлари сабабли, чемпион номини Тошкентдаги машҳур стадионда кечадиган финал аниқлаб бериши керак эди. 

Ноябрнинг иккинчи декадасида 15 та республика футбол мухлисларининг диққат-эътиборлари Ўзбекистон пойтахтига қаратилгани тушунарли. Марказ клублари гегемонлиги шу даражага етгандики, ўн тўққиз чемпионатнинг фақатгина 1 тасида олтин медаллар Москвадан ташқарига чиқиб кетди. 1961 йил Киев “динамочилар”и ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатиб, мамлакат чемпионлигини тантана қилишди. Орадан уч йил ўтиб эса грузин клуби катта шов-шув кўтариб, иккинчи сенсация остонасида турганди. Москвичларнинг “Спартак”, “Динамо”, “ЦСКА” клубларидан фарқли ўлароқ “Торпедо” бош совринга фақатгина бир марта – 1960 йилдагина эга чиққан бўлиб, бу сафар иккинчи чемпионликни “Пахтакор” стадионида нишонлашни мақсад қилиб, Тошкентга етиб келди. Тарихий тўқнашувда тбилисиликлар асосий вақтни 1:1 ҳисобида якунлашди. Қўшимча вақтда эса Москва клуби ўз дарвозасидан яна 3 та тўп ўтказиб юборди. “Динамо” (Тбилиси) биринчи бор мамлакат чемпиони! 

Кеч кузда бўлиб ўтган қизиқарли финални тўрт нафар комментатор шарҳлаб борди: Москвадан Николай Озеров, Тбилисидан Котэ Махарадзе, шунингдек, ўзбекистонлик футбол мухлислари учун яхши таниш бўлган Роман Турпишев ҳамда Ахбор Имомхўжаев. Орадан 50 йил ўтиб, улар орасидан фақатгина биттаси, бугун Тбилисидан хат олган комментаторгина ҳаёт эди.

2014 йилнинг 22 ноябрь куни грузинлар тарихий чемпионликнинг 50 йиллигини ўзлари учун қадрли бўлган “Пахтакор” стадионида нишонлашга қарор қилишди. Дастурдан шунингдек “Пахтакор-79” ёдгорлигини зиёрат қилиш ҳам ўрин олганди. Тошкент клубида тўп тепиб элга танилган фахрий футболчилар Тбилиси клуби фахрийларига қарши учрашувда иштирок этаётган бир вақтда комментатор ўз хонасига қамалиб олганди. Уйидан унча узоқ бўлмаган стадионда қадрдонлари тўп тепаётганини билиб турсада, уни қийнаётган алам ҳафтада уч бор пиёда қатнайдигани – “Пахтакор” сари отланишига йўл бермади. Комментатор аҳволидан хабар олишни истаган яқинларини ҳам қабул қилгани йўқ. Бу кун у азият чекишда ёлғизликни афзал билганди.
Комментатор қўлидаги хатни қайта-қайта ўқиб чиққанига шубҳа йўқ: 

“Қадрдонимиз, Ахбор Рустамович... 


...биз Сиз билан “Пахтакор” стадионида яна кўришишга умид боғлаган эдик...


...биз ўтмишнинг ширин хотираларини бир-биримиз билан баҳам кўраётганимизда Сиз реанимацияда ҳаёт учун курашда эканингиз...


...режамизни ўзгартириб, шифохонада бўлсада дийдор кўришиш ниятимиз...


...дўстларингиз эса, олдингизга ҳеч кимни қўймаётганликлари ҳақида айтиб..


...Сизга соғлиқ, ирода, яна умр ва албатта дийдор учрашувимизни тилаб грузиялик дўстларингиз...”

Комментаторни “Пахтакор”га чақиришмади. У алоҳида илтифот кутиб ўтирадиганлар тоифасидан эмас. Биргина илтимослари учун қандайдир стадиончани очиш учун 78 ёшида ҳам бутун республикани айланиб юради. Нафақасида зерикаётган бир пайти мана шундай таклифлар унга далда. Шунчаки “Пахтакор”да уни кутмаётганликларини яхши биларди. Чунки стадион ёнидаги катта футбол ташкилоти фахрийлари хонаси уни истамай қўйганига анча бўлиб қолди...  

11 марта, 2015

Шайхни кузатдик

Фанатизмни жуда ёмон кўраман.

Ҳаётда шундай инсонлар бўлади, сен улар билан қўл бериб кўришмайсан, сени танишмайди, балки умуман дуч ҳам келмагансан. Яқинингда эканликлари сени хотиржам қилади, яқинликни дилингда сезасан. Уларнинг йўқликлари гарчи бегона бўлсанг ҳам таъсир қилади. Узоқ сафарга кетишлари ўйлантириб қўяди, хавотирга солади.

Шайх шундай инсон эди. Илмларидан баҳраманд бўлган вақтларим ўзимни ҳимояда сезардим. Савиясиз саволларга битта сўз билан берадиган жавоблари ҳам, ҳар қандай ҳақиқатни ётиғи билан, кимгадир текказмаган бир холда тушунтириб ўтишлари ҳам наъмуна эди.

Амру-маъруфларда кўплаб маърузалар эшитганман. Имомнинг айтаётганларига қулоқ тутиш баробарида, улар афзал билган услуб ҳам эътиборимдан четда қолиб кетмайди. Жуда чиройли маъруза қиладиганларни ҳам, гажакдор сўзлардан кўп фойдаланганини ҳам, сўзлари жуда ўткир нотиқларни ҳам кўрдим. Шайх услуби эса буткул бошқача эди, барчаси оддийликка йўғирилганди. Ҳақиқатлар барча учун тушунарли бўлиб, ортиқча ҳашамлардан ҳоли эди.

Ақл-у ожизлигим билан тушунганим, шайх ўрта йўлни афзал билгандилар. Радикал руҳга хуши йўқ, содда, илми кучли, одоби наъмуна, амаллари солиҳ инсон сиймосини ўзим учун гавдалантириб олгандим. Бугун шу кишининг жаноза намозларида уларни мендан кам билмайдиган юз минглаб кишилар жам бўлишди. Шайх таратиб турган нурдан бир қисм бўлсада баҳраманд бўлган инсонлар орасида, ўша нур ҳақида унутиб қўйганлар борлигини кўриб ачиндим. Энди уларни ким тартибга солиб туради?

Оламон сўзига ҳушим йўқ, худди уни бошқаришнинг имкони йўқ бўлгани каби. Инсон ўзини-ўзи бошқара олиши керак деб ҳисоблайман холос. Инсоннинг ҳайвондан фарқи ҳам онги бор эканида. Шайх вафоти ҳақида эшитганимда ўкирганим йўқ, сочимни ҳам юлмадим, тан оламан кўзимдан ёш ҳам чиқмади. Шунчаки ичимдан бир нималар узилди. Бугун мен кўрган оламонни бошқариш учун куннинг маъюс қаҳрамони қолдирган нур етарли бўлармикан?

Кабатуллоҳ сари интилаётган кишилар унинг бир парчасига жилла қурса бармоқ текказиб кўриш учун ҳаракат қилишади. Оламонни тартибга солиб турадиган посбонлар бўлмаганида бу даргоҳнинг бугунги ҳоли қандоқ бўларди, билиш менга эмас. Унику балки тушунарман, аммо бандасининг тобути сари онгсизларча интилаётган ва бу билан вазиятни чигаллаштириб, кўпчиликка озор бераётганларни йўқ. Тириклар учун шум, аммо қачондир муқаррар бўлган хабар тарқалиши ҳамоноқ ҳазратни сўнгги йўлга кузатиш истагида бўлган минглаб кишилар борлини билиб суюндим. Шу кишилар орасида маданиятсизлари борлигини кўриб, ачиндим.

Кабатуллоҳга минглаб чақирим йўл босиб келган кишиларнинг бармоғи унга етмай қолса ҳаж қабул бўлмаганида эди... Кўп нарса инсоннинг ниятига боғлиқ. Жаноза намозини жамоат билан ўқиб, сўнгги йўл олдидан чиройли тиловат қилиб қайтиш қаёқда-ю, ўзини оламон ичига уриб, тобут сари интилиш қаёқда. Қўлларини дуога очиб, яхши ният қилиш қаёқда-ю, қўлга телефон олиб, селфи қилиш қаёқда...

Дилдаги ниятимиз эгасига етиб бориши учун осмон ёки бир жисмни ушлаш шарт эмас. Кўпроқ савоб олиш учун қабр ёнига ёхуд лаҳад оғзига яқин бориш шарт эмас. Инсонларни лол қолдириш учун биринчи қаторда туриш ёки кўп гапириш шарт эмас. Қийналаётганини кўрсатиш учун буни ошкор қилиш шарт эмас.

Инсон ўзини тўла бошқара олса қандай гўзал. Инсонларни куч билан бошқариб турмасликлари учун ҳам бу жуда муҳим. Бугун билдимки ўша куч ҳамиша керак. Фанатизм асири бўлганлар, қилаётганини идрок эта олмайдиганлар, қаршиликка сабри йўқ, компромиссни мағлубият ўрнида билувчилар бор экан куч керак.

Шайх илм излашдан 63 ёшларида ҳам тўхтамагандилар. Ўзини илмли билиб, нотўғри хулосалар ила яшаб ўтаётганларни инсофга тинмай чақирган киши бугун орамизда йўқ. У кишини шундайлар ҳам сўнгги йўлга кузатишди. Ҳаётда шундай инсонлар бўлади, сен улар билан қўл бериб кўришмайсан, сени танишмайди, балки умуман дуч ҳам келмагансан. Яқинингда эканликлари сени хотиржам қилади, яқинликни дилингда сезасан. Уларнинг йўқликлари гарчи бегона бўлсанг ҳам таъсир қилади. Узоқ сафарга кетишлари ўйлантириб қўяди, хавотирга солади.

03 марта, 2015

Our place


Yo‘lning o‘zgalardan holi ekani naqadar yoqimli. Huddi hamma sendan yuz o‘girib, shaharni bir o‘zingga qoldirib ketgandek. Quyoshning so‘ngganiga ancha bo‘lganida ham ma’no bordek. Go‘yoki tabiat ichingdagilarni bilib turgandek.

Uyim tomon eltadigan so‘l yo‘ldan ogohlantirib chiroq yoqdim. Qo‘llarim esa shturvalni beixtiyor o‘ngga burishdi. Aqlim meni boshqara olmagach, yurak tanimni o‘z izmiga to‘la olgandi.

Mana o‘sha ko‘prik. Yana o‘ngga. Keyin yana o‘ngga. Allaqachon kesib tashlangan daraxt o‘rni menga yod bo‘lib ketgan. Chiroq nurida borliqni ko‘rishga qiynalib, o‘zimni zulmatda qoldirdim. Bunda esa hammasi tiniq ko‘rinib turgandi. Allalayotgan musiqa tovushi tobora pasayib borayotgani cho‘chitib yubordi. Uni orqaga qaytardim, qayta-qayta allalashini so‘rab, kerakli tugmani bosib qo‘ydim.

Shamollarda sinmading lolam
Bo‘ronlarga dosh bera olding.
Qor tagida qolganda olam
Ko‘zlarimda yosh bo‘lib qolding..   

Qo‘shiq so‘zlarini yoddan bilmay turib hirgoyi qilish har doim ham kuzatilmaydi. Pley listda shu qo‘shiq o‘rniga boshqasi bo‘lganida balki Ko‘kchaga yetib olardim. Lekin kun sovug‘ida uning doimiyga aylangan uyi yonidan o‘tish oson emas. Muzlagan yerda o‘zini zaxga berib yotibdi. Men esa ustiga iliqlik to‘shay olmayman. Onda-sonda o‘qib o‘tadiganimni ozgina iliqlik deb bilish bilan cheklanaman.

Shamol turdi. Ovozini ham eshittirib o‘tdi. Oynaklar ustiga mayday tomchilar kelib urilayotganini ko‘rayotgan ko‘zlarim ko‘proq ichimga nazar solib turibdi.

Titrayverdim sovuqdan yupun
Izg‘irinda tentirab yurdim.
Seni qamrab oldi qor, quyun
Yonginangda tikilib turdim.

**

Hammasi qalban o‘lib bo‘ldi. Hammasiga guvoh daraxtni kesib yuborishgan. Ortga qaytarish imkonsiz. Menga tikilgan ko‘zlar, barmoqlarimni qattiq siqqan uning qo‘llari, oynakka tinimsiz urilgan yomg‘ir tomchilari, dimoqni yomg‘ir isi aralash qitiqlagan uning yoqimli iffori. Xatlarini saqlab qo‘yganman. Sog‘inib o‘qiganimda o‘qib bo‘lishimni kutib menga qarab turgandek bo‘ladi. Chunki uning shu nigohlarini eslab qolganman. Unutishimga katta shubham bor.,

Lolajon, mening lolam
Seni sig‘dirolmadi nahotki yorug‘ olam?
Lolajon, meni lolam
Bizga torlik qildi hammaga keng bu olam.

Shu onda vaqtni to‘xtatish mumkin emasligi alam qiladi. Ortga qaytishni so‘ramayabman-ku. Soat millari o‘ngga qarab intilgani sari shirin xotiralar uzoqlashib boraveradi. Uni ko‘rgani borishimni kutarmikan? 1-qavatdagi derazasidan qarab ketishimni so‘raganida, ich-ichidan yana bir pas qolishimni istarmikan?

Yangi yil kuni bergan sovg‘asini siypalash odatim. Huddi shunda qo‘llaridan tutgandek bo‘laman. Menda saqlanib qolgan isi uni qayta ko‘rgunimcha yo‘qolib qolmasligiga umid qilaman, bunday bo‘lmasligini bilib turib. Umidlar esa intixoda o‘ladi.

Nechun mendek bir bag‘ri toshni
Yagonamsan, mardimsan deding?
Qahratondan qo‘rqqan bir toshni
Unutilmas dardimsan deding.     

**

Inson hayotga bir marta keladi. “Lolajon” nechinchi marta aylanayotgani tushunarsiz. 10 tadan keyin sanoqda adashib ketdim. Chunki qo‘lim ham, xayolim ham yozayotganim bilan band. Tezlik yo‘q. Barmoqlarim boshqa harfga tushib qolayotgani hozir asabimga tegmayapti, asablarim dam olishmoqda.

Men o‘tmish bilan qolib ketmadim. Shu bilan birga uni o‘chirishni istamadim. Bugun ham fikrimni o‘zgartirganim yo‘q. Ichida uzilib bo‘lgan rishtalarini umidlarim bilan tiklashga urinaman.

Lolam, meni kechirgin, lolam
Gunohkorman sening yoningda.
Qor tagida qolganda olam
Asrolmadim seni bag‘rimda..

Ularga kerak bo‘lganim insonlarim ko‘p emas. Muhimi bor ekanliklari. Mayli unga kerak bo‘lmay qolay. Mayli hammasini unutsin. Meni chiqarib tashlasin. Uning yo‘li endi boshqa. Men esa chaqirishini, oldiga kelishim istashini kutaman. Voz kechib yuborishiga ishonishim qiyin.

**

Telefon yondi: onajonim. Hozir boraman. Oxirgi marta eshitib olay:

Lolajon, mening lolam
Seni sig‘dirolmadi nahotki yorug‘ olam?
Lolajon, meni lolam

Bizga torlik qildi hammaga keng bu olam.

10 февраля, 2015

Kichik majlisdan kichik blogpost

Har seshanba kanalda majlis. Har bir redaksiya alohida-alohida majlis o'tkazadi.

Translatsiya studiyasi qolgan redaksiyalardan ajralib turadi. Efir soatlarining 80-85 foizini qamrab oladigan bu studiya doimo diqqat markazda. Maqtovni ham va ko'pincha so'kishni ham shu studiya eshitadi.
Hozir majlislarning navbatdagisi davom etmoqda. Bugun kun ijrochisi Murod Rizayev. So'nggi bir hafta davomida nimalar bo'lgani, kim sharhida qanday xatoga yo'l qo'ygani eslab o'tilmoqda.

Men esa bu paytda o'zimga tegishli bo'lgan, bosh muharrir ko'zidan pana, telefonimni zaryad bilan to'ldirish imkonini beradigan burchagimda zerikib o'tiribman. Imkoni bo'lganida majlisdan on-line translatsiya qilardim. Juda qiziq gaplar bo'ladi. Lekin siz bilasizki, uyning gapi ko'chaga to'g'ri kelmaydi. Ko'chaga chiqishiga mening vijdonim yo'l qo'ymaydi va ko'chaga chiqsa meni kechirishmaydi, ishonmay qo'yishadi.

O'tgan hafta kun ijrochisi bo'lganimda asosan tashkiliy masalalar, muammolar, ularning yechimi va jamoatchilikning biz haqimizdagi fikriga to'xtalib o'tdim. Yakunda esa umumiy gaplar bilan cheklanganimni tekkazishdi. Uning o'rniga sharhlovchilarning sharh paytida yo'l qo'yayotgan xatolarini sanashim kerakligi ta'kidlandi.

Bu albatta yaxshi. Sharhlovchidan xushyorlikni talab qiladi va albatta har bir sharhlovchining bitta sharh davomidagi o'nlab xatolarini topish mumkin. Ammo mening qarashim biroz boshqacharoq. Sharh jonli chiqishi uchun sharhlovchi ruhiy tomondan erkin bo'lishi kerak.

Men sharhlovchilarning juziy kamchiliklariga ko'z yumib ketishni lozim ko'raman. Berilayotgan axborot xato bo'lsa, sharhlovchi yangiliklar oqimidan qolib ketayotgan bo'lsa, vaziyatga baho berishni bilmasa, umuman saviya bobida tanqidiy fikrga loyiq bo'lsa, bu haqda albatta fikr bildirish kerak. Bu har bir sharhlovchining vijdoniga havola. Ammo uning har bir gapini tahlil qilib chiqishlarini tushunmayman. Jonli efirda, asablar tarang paytda, sharoit bir alfozda bo'lganida, emotsiyalar cho'qqiga chiqqanida, sharhlovchi o'yin ichiga kirib ketganida u gap tuzish yoki so'z qo'llashda xatoga yo'l qo'yishi juda ham mumkin. Rus sharhlovchisi ham, inglizi ham, og'zi tinmay sharhlaydigan arab sharhlovchisi ham, ustoz sharhlovchilar ham xato qilishadi. Shunchaki maydalashmaslik yaxshi. Matn yozishda, jonli bo'lmagan efirda qilinayotgan xatolar uchun albatta sharhlovchi javobgar. Shu vajdan olib qaraganda burchak to'pi yoki burchak zarbasi, out yoki yon chiziq, balki korner kabi so'zlarni tahlil qilishni yoqtirmayman. Va albatta o'z ustida ishlamaydigan, ijodi qotib qolgan sharhlovchining sharhdagi xatosi aytilganda, u ijodini keskin o'zgartirishiga ishonmayman. Raqobat kerak hammasiga. Sharhlovchiga ham, kanalga ham, boshqasiga ham. O'sish uchun eng yaxshi mezon shu.

...majlis tugay deb qoldi. Telefonim energiyasi 100 foiz. Bugungi mavzuda hali ko'p fikr almashamiz. Kuningiz xayrli o'tsin!

17 ноября, 2014

Дипломли қиз

Аниқ манзилсиз совчилик халқимиз қон-қонига сингиб кетган жуда яхши ва мен мутлақо ёқтирмайдиган анъаналарнинг бири.

Эски удумларнинг янгича қарашларга жуда бирикиб кетмаётгани, унга диний нуқта-назарнинг қўшилиб, добавкасига ота-оналар орзуси ила қориштирилаётгани менга ўхшаган яна кимларнидир қийнаб қўйган бўлса ҳеч ажабланиш йўқ. Тан оламан, ўша орзу-ҳавасларнинг енгил кўчишига бизнинг энса қотирар талабларимиз жиддий ҳалал бераётган бўлиши мумкин, аммо осонлик билан келган бахтнинг давомий бўлмаслигини ҳам кўриб турибмиз.
Қоралаётганларим билан қизнинг уйидан чиқиши ҳамоноқ стол устидаги ноз-неъматлар-у, уй деворига ёпиштирилган қоғозлардан тортиб, қизнинг ота-онаси қандай иш қилишидан гап бошлайдиган аёлларимизни танқид қилмоқчи эмасман. Бахтни 100 минглик шоколад ва уйнинг ҳашами билан ўлчайдиганларни қораламоқчи ҳам эмасман. Гап куёв бўлмишнинг ўз келажагини мана шундай яна бир қиз билан боғламаслик учун бел боғлагани ҳақида кетмоқда холос.

“Знакомства”нинг интернетдан мутлақо ҳоли тизими бир-бирини кўрмаётган ёки кўриб қолиш эҳтимоли анча кам бўлган, кўришиб қолганида ҳам бир-бири билан гаплашиб кўриш учун ўзида журъат топа олмайдиган ёшларнинг бахти учун яхши бир сабаб. Аммо инсон ўз қарашлари ва хоҳишларини амалга тадбиқ қилиши учун ўзгалар ҳаётини ўйин қилмаслиги керак. Айниқса ўз фарзандининг. Яхши бир қизга уйланиш, ота-онаси айтган қизга уйланиш, севган қизига уйланиш, мажбуран уйланиш, шармандаликдан қутулиш учун уйланиш, ўз талабларига мос қизга уйланиш – буларнинг бари бир-биридан тубдан фарқ қилади, шундай эмасми? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, сизга қайси бири маъқул вариантлигини?

Бугун “ўқиган қиз” ибораси катта саҳнага чиқиб бўлди. Афсусли томони шундаки, бу ўқиган қизлар ва ўқимаган қизлар ўртасида тафовут ёки табақаланишнинг вужудга келтираётгани. Агар гап икки жилддан иборат диплом ҳақида кетаётган бўлса, жуда қўпол қилиб айтганда уни сотиб олиш мумкин. Моддий томондан қийинчилиги йўқ оила фарзандининг талаба бўлишига қарашиб юбориши, тўрт йиллик контрак пулини тўлаб, ўша икки жилдлик дипломига сабабчи бўлиши катта эҳтимол. Умуман бунинг ёмон томони йўқ.

Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор – талаба ўқишда нима билан машғул бўлган-у, ўқишдан мақсади аслида нима эди? Мен бир қизни биламан. Университет таълимини олмаган, коллеж билан чекланган холос. Аммо 4та тилда бемалол сўзлаша олади. Яна шундай курсдошларим бор эдики, “Анна Каренина”ни ким ёзганини ҳам билишмайди, олийгоҳни амаллаб тугатишган, аммо нега айнан шу масканда ўқиётганликларини конкрет фикрлари ила тушунтириб бера олишмайди. Бизнинг удумлар эса биринчи қизга “ўқимаган қиз” мақомини бериб бўлди. Ваҳоланки у ўқиган адабиётлари ва билганлари билан айрим ўқиган қизлардан бир пағона устун туришга ҳақли. Шунчаки тақдир уни бошқа йўлдан етаклаган холос.

Ҳаёт сўқмоқлари тушунарли ва самимий бўлиши керак. Дипломи бор-у, миясида ҳеч вақоси йўқ қизлар, понт учун қизи билан дўстининг машинасида кўришадиган йигитлар, ўқиган қиз истаб, контракт пулини қизнинг ота-онасига тўлатадиганлар ёки келинининг тоби қочса, онасининг уйига жўнатиб юборадиган қайноналар – сизларни тушуниш қийин. Киши ё асли каби кўриниши ёки кўрингани каби бўлиши керак чамамда. Ҳавойи талабларга учиб, асл нарсалар унилаётгани чиндан ҳам ачинарли.

Ўқиган қизга бўлган эҳтиёж Қодирий таъбири билан айтганда “Ўзбекойимга ўхшаш чаладумбул хотинлар”дан қутулиш учунми ёки бунинг бошқа сабаби борми, аниқ айтиб бериш қийин. Аслида ўша Ўзбекойимни танқид қилишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Она фарзанди учун шундай ишлар қилиб қўйдики, ўз орзу-ҳаваси учун курашишга тўла ҳақли, бу борада гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Она ва фарзандининг истак-хоҳишлари бир ердан чиқиши қандай яхши-а? Ўқиган қиз талабида бўлиб, кейин ўша қизни уй бекасига айлантираётганлар камми? Умуман ўқиган қиз олишдан мазмун ва моҳият нимага бориб тақалиши ҳақида кимдир ўйлаб кўрганми? Қовуннинг сарасини ит ейди деган ўта ҳунук ҳақиқат бу борада ҳам катта саҳнага чиқиб қолса, у ҳолда ўқиган қизнинг тақдири не бўлади? Унинг ота-онаси қизини қайсидир чаласавод ёки бўлажак келиннинг қадамидан умид қиладиган оила учун тарбия қилмагандир.

Афсуски, гап барибир бир парча қоғозга бориб тақалмоқда. Бугун илм олиш учун имконият кенг бўлгани билан, илм олишга бўлган хоҳиш бутунлай бошқа масала эканлигини қачондир тушуниб етиш керак. Университетдаги тўрт йиллик умрини бекор ўтказаётган йигит-қизларнинг жамият кўзи учун талабалик армонида бўлган бошқа ёшларга нисбатан табақалашиб бораётгани ачинарли эмасми? Шахснинг жамиятда тутган ўрнини диплом, уй-жой, машина, жарақ-жарақ пул, паспортга тушган виза ёки унинг эгнидаги кийим билан ўлчайдиган кишилар эмасми аслида ўқимаган? Кимга қандай билмадим-у, пединститутнинг сирқти бўлимини бир амаллаб тугатган қиздан кўра, ўз интилиши билан тўрт йилдан буён абитуриент бўлиб юрган, ўқишга кириш учун бошини китобдан кўтармаган қиз мен учун минг марта афзал. Келин билан яшаш учун алоҳида квартираси бўлмаса ҳам, шу квартира учун тиним билмай меҳнат қилаётган йигит тайёр квартираси бор боқимандасидан минг марта афзал. Кира қилиш учун ота-онасини машина олишга кўндириб, йўлида учраган таннозни манзилига текин элтадиган йигитдан кўра, ҳар ой ўз пулига проездной сотиб оладигани афзал. Уст-бошини ҳар куни алмаштирмасада, ўзига ярашган кийимни танлай биладиган қиз минг марта афзал.

Айтмоқчи бўлганларим, икки ёшнинг дунёқараши ва ҳаётий принципларида якдиллик бўлиши асосий масала бўлмас экан, мустаҳкам оила ҳақида ширин хаёл суриш абсурд тушунча. Яхши, ишончли, ақлли, фаросатли, пазанда, ширинсўз жуфт ҳақида орзу қилиб, ўзи дуч келган юбкага осилиб юрган йигит – ўз орзусидаги қизга муносиб эмас. Келажаги бор, принциплари қатъий, ўз кучига ишонган йигит ҳақида орзу қилиб, ўтмишига киши билмас доғ тушириб юрган қизлар ҳам истаганига муносиб эмас.

Ва албатта ҳеч ким фарзандига ёмонлик раво кўрмайди. Хуллас аниқ манзилсиз совчилик халқимиз қон-қонига сингиб кетган жуда яхши ва мен мутлақо ёқтирмайдиган анъаналарнинг бири. Ундан кўра конкрет манзилдаги сиз истаётган қиз учун курашган минг марта афзал. Севинг, севилинг, севгингиз учун курашинг. Йўқса ноаниқ манзилдаги “ўқиган қизлар” билан кўришиб, вақт кетказганингиз қолади.

Оғайничалиш

10 ноября, 2014

romantika.uz

Шундай пайтлар бўлиб туради, матбуот учун мақола сўраб қолишади. Аммо кейинроқ уни босмасликка қарор қилишади. Қуйидаги мақола ҳам заказ асосида ёзилган. Бу шунчаки мавзу очиш учун қилинган сунъий бир иш. Ундаги барча фикрлар умумийликдан нарига ўтмайди. Қисқа қилиб айтганда, шундай нарсалар ёзиш ҳеч қачон ўзимга ёқмаган. Шу боисдан ҳам уни таҳаллус билан чоп этишларини сўрагандим. Шунчаки ўқиб кўринг ва фикрларга жиддий эътибор берманг.

“Бебош бош бош, ҳали ёш ёш ёш, энди ўн олтими, ўн етти, севаман деб ким айтди?..”
“Баён” йигитлари шу қўшиқни куйлаганида неча ёшда бўлгани ҳозир муҳим эмас. Лекин улар айтган ёшда ўсмир чиндан ҳам бебош бўлади. Тан оламан, улар фақатгина бебош бўлиб қолмай, ҳам қаламқош, ҳам юввош, ҳам думбул...бош!

Қаламқош бўлиш бугун муаммо эмас. “Винтаж” қўшиқларига ёлғондакам касал бўлиб, лаб ва қошни татуаж, юзни макияж қилиш, яна сочни укладка, эгнига удобная шмотка, нозиккина походка и все. Қўйдек юввош кўриниш ҳам қийин эмас. Майин табассум ва йигитлар наздида камгапдек бўла олиш. Аммо юздаги бу ниқобсиз уни кўра олишингиз учун бир пақир сув билан 1та танқидий фикр етарли. Сув ёрдамида гўзаллик ажиб бир краска мисол ерга оқиб кетса, ярашмаган кийими ҳақидаги фикрингиздан кейин камгап дилбарнинг луғат бойлиги очилиб кетади: “дамини огин ў, турш...”

Ойнага қараб нозланадиган эмас, селфидан лаззатланадиган даврда яшаб турибмиз. Лабинни чўччайтириб, кўзига маъюслик бериб, декольтени кичрайтириб, ака-укасига даюслик бериб турган қизлар билан яшаяпмиз, QaYSarKa, Adajonisining erkasi, Onasi o‘pmagan qiz, Qora ko‘z, Popush, Mani o‘rash sangamas, Asalka кабиларни гўёки илинтиряпмиз. Улар яшаб турган Qattaligimni topomisan, Sevgi shahri, Ancha uzoq, Nima ishin bor, Baribiramasmi каби маконларни излаяпмиз.

Романтика яхши нарса. Қизнинг йигитда кўнгли бўлса, йигит унинг учун курашса. Қиз йигит ҳақида кундаликларига, йигит эса оташин хатлар ёзса. Қиз йигитни рашк қилса, йигит қизни танҳо билса. Эртакнинг кульминациясида файзли бир тўй бўлса.

Европа уйғониш даврида қанчалик ўзгариб кетган бўлса, биз ўзликни англаш онида шунчалик қизариб кетдик. Уятдан! Никоҳига 5 ой тўлмай кўзи ёриётган, қизнинг отаси қуда олдида бўйин эгаётган, бахт уйига қўл ушлашиб кириб, айро чиқаётган, чимилдиқни рўё кўраётганлар дастидан-ку ҳаммаси. Романтиканинг эротикадан фарқи катта эканини тушуниш учун кучли фаросат шарт бўлсин экан.

Эҳ, ўша қайсаркалар дастидан ўзбекча Дон Жуанлар пайдо бўлишди. Аниқроғи, бизнинг “романтик” йигитларимизнинг кўнгли қайсаркаларни тусаб қолди. Қизнинг кийим кийишдан уялмай, туртилиб кетган кишининг эҳтиётсизлигига чидолмайдиган йигитларнинг айби бу.

Бир марталик маҳсулотлар ҳақида сўз очишга уялиб, бир марталик жононга айланиб қолишдан қўрқмаётган қизлар хайрон қолдиришади. Боғча даврида холакасим ўйнаб катта бўлиб, мактабга қадам қўйиб ҳам уни унутмаган ва коллеж даврида бу овунчоқни санъат даражасига олиб чиқа олган қизлар бор. Отаси рухсат бермаган жой учун онасини бир амаллаб кўндириб, йигитининг биргина “йўқ”жавоби учун уйда қоладиган қизлар бор.

Йигитининг кўзида оқила бўлиб кўринаётганига шубҳаси бўлмаган бу қизлар, орзулари учун эмас, сароб учун қизлик ғурурларини аллақачон битта олифтага бой бериб қўйганликларини кўпинча билишмайди, тан олишмайди. Ваҳоланки ўша ахмоқ қизнинг қайноқ селфилари ҳақида ўзига ўхшаган қовоқларга мақтаниб юрганини улар билишмайди. Интернет оламида ҳар куни ўзбек қизлари кашф этилаётганини кўра туриб, ўзларини босиб олишмайди. Худдики кимнингдир бошига тушаётган бу кулфат улар учун бегонадек.

Фақат нолиш бўлиб қолмасин, ғурурини хатто ўзидан устун кўриб, юриш-туриши отасининг юзи эканин билиб, не-не йигитларни ишқида сарсон қилиб юрган қизларимиз ҳам бор. Бир тийин топмай туриб, сигарета тутатадиган, уйга 1та нон кўтариб кирмай, оғзидан сассиқ носи тушмайдиган болалар ҳам бундай қизларга хурмат кўзи билан қарашади. Бу каби йигитларга уларни истаётганини яққол билинтириб қўядиган, кечаси эшигини қулфлаб олиб, телефонни тутатадиган, расмини сўраса, хурсанд бўлиб расмга тушиб юборадиган қизлар билан гаплашиш осонроқ. Чунки уларда ғурур камроқ, кайф кўпроқ, ақл озроқ, фаросат танқисроқ. Хаттоки шундай йигитлар барчаси чўпчак эканини тушуниб турганларида, бебош қайсаркаларимиз гулдек умрларига 1та доғ туширишаётгани кимга алам қилмайди? Хуллас “китоби йўқ, ўқимаган, қушдек қўнар ҳар юракка, ҳеч қаёнга кетмас учиб, кетаверар жонни қучиб..”

Сўзим охирида 1та аччиқ ҳақиқатга изн беринг: қиз боланинг ўтмиши, йигит кишининг эртаси яхши бўлсин! Боланинг бугун одноклассникда одноклассницаси билан ёзишган хатлари-ю, ўша қизнинг ғунчадек лабидан олган бўсаси эргага кечирилиб кетади. У 5 дақиқалик шаҳвоний истагини 1та яхши қизнинг бадном бўлишидан устун кўради.

Оғайничалиш  

04 ноября, 2014

Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача

Табиатан шеъриятга катта қизиқишим йўқ. Аниқроқ қилиб айтганда, кўнглим шеър тусаб қолган пайтни эслай олмайман. Аммо яхши асарга хурматим ҳамиша баланд бўлган. Савияли шоирнинг маъноли шеърлари йўлимдан чиқиб қолса, эътиборимдан четда қолиб кетмайди.

Инсон кўнглига яқин сатрларни излайди. Қуйидаги шеърни қачонлардир фейсбук ижтимоий тармоғида кўриб қолгандим. Уни твиттердаги саҳифамга қўйишим билан юзерлардан бири электрон почтасига юборишимни илтимос қилди. Яқиндагина шу киши шеърни менинг почтамга қайтиб юборганини кўрдим. Икки ўртада шеър муаллифи тушиб қолган кўринади. Излаб тополмадим.

Бу шеър менга Чарос исмли бир қизни эслатиб юборади. Уни сизга ҳам илингим келди.

Ўнг қўлингизда тобут, кўзларингиз ёш,
Ҳақиқат олдида эгилганда бош,
Тобутда ётарман маъюс қора қош,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Ётарман жим, кўзларим очиқ,
Ётарман жилмайиб, кулгулар сочиб.
Кўзингиздан ёш оқар тинмайин очиқ,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Хатто кирмагандим йигирмага ҳам,
Энди қўйган эдим ҳаётга қадам,
Карахт бўлиб қолар эшитган одам,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Онам оҳ, дод, дейди, ҳушин йўқотиб,
Отам не қилишин билмайин қотиб,
Мен видолашдим, индамай ётиб,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Сеплар йиғган эди орзулар қилиб,
Безатиб қўярлар либослар илиб,
Онажоним йиғлайди бағрини тилиб,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Тақдирим қаранг-а, ёш кетдим эссиз,
Зурриёдим қолмади, ўтдим-ку изсиз,
Оқ либос кийволиб, ётарман ҳушсиз,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Балки орзуларга энди етарман,
Қўлингизда жон бердим, жонсиз ётарман.
Кўзингиздан кўзим узмай кетарман,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Шундай кенг дунёга сиғмадим нетай,
Соғинчим кўксингиздан маҳкамроқ тутай,
Кўзингиз ёшламай мен тезроқ кетай,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Тириклик чоғимда билмадиз қадрим,
Юрагимга сиғмай, қийнарди дардим,
Ёлғиз яшаб мен нима қилардим,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Мана сўнгги йўлга кузатдиз азал,
Сўнгги бор қўлимиз туташсин жоним.
Бу дунёдан кўра у дунё афзал,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

P.S. Кейинроқ айтиб қолишди. Шеър муаллифи миллий университетнинг журналистика факультети талабаси Дилфуза Аҳмедова экан.