Поиск по этому блогу

31 декабря, 2015

Тунги хизматчи

Кун оғишни бошлади. Йўл четига чиқиб туришибди, бир чиройли бўлиб. Клиентларни жалб қилмаса бўлмайди, айниқса байрам кунидан унумли фойдаланиб қолиш керак. Опытныйлари аллақачон режаларни тузиб бўлишган. Осон иш бўлмасада, қанча кўпига улгурса, шунча яхши.

Қаторлашиб турган машиналар кетига тўхтадим. Эътиборимни жалб қилиш учун дарҳол биттаси пайдо бўлди.
- Қанча бўвотти?
- Берадигани ўзи билан бўса 100 минг. Фақат яна шетга опкеб ташаш шарти билан.
- Ўзизда йўқми?
- Ана, анетта сотишвотти. Ҳар хилидан бор, тўғри кеганини овурас.

Негадир ёқмади. Ҳаддан ташқари озғин, кийимлари осилиб ётибди. Хуллас ўхшатишига ишонмадим. Машинадан тушиб, ичкарироқ киришга қарор қилдим. Ҳамма клиент талашиш билан банд. Замон шундай, оғзингни очиб ўтирсанг, қолиб кетаверасан.
- Ока, хизмат кере бўса тайёрмиз, атак.
- Намунча қиммат бўп кетилла – сўрадим кулиб.
- Доллар ошиб ётибди-ку, укам – тўлачадан келган аёл писта чақиб, бақрайиб қараб турганди.
- Ўзим опкетаман, ўзим опкеламан, нарсалариниям қибераман кенайи, но була этвотган нарх вапше-ку!
- Булаям совуда туриптиде, укам. Осон тутма. Кўпи уйига қайтишга пул топомасдан, 2-3 сўм ишлаб қолилик деб чиққан.

Орқада 2-3 та йигит бошқасини ўраш билан банд:
- Бир мартага бўса бораман, ока.
- Санга нима фарқи бор? Ўйин-кулги қилиб, кечасигача бирга бўласан, стол тайёр, оч қомисан, ўзим уйинга ташаб кетаман.
- Хоп, ҳич бўмаса яна 1-2 тасини қўшилик ока, бир ўзимга ғалатиде шунча одамни ичида.

Кўпига кўнгил тортмайди. Фигураси умуман ўхшамаган. Бозор экан деб чиқиб олаверган. Ошна-оғайнинг олдида точно уялтиради. “Қаттан топдинг буни?!” деб тана қиладиганлари чиқади барибир. Атрофни бироз кузатдим. Зўрини кўриб қолдим. Бақувватгина, қувноқ, овози ҳам ёқимли. Кулишларини айтмайсизми, хуллас уялтирмайди. Нима бўлса бўлсин, қанча сўраса сўрасин, шунисини банд қиламан деб югурдим.
- Янги йилиз билан!
- Рахмат, ўзизгаям, бирга бўсин!

Хушмуомала экани ҳам ёқди, атрофида клиент кўплиги учун ҳаммасига бирдек жавоб қайтаришга улгуряпти. Олдида турган аёлга юзлана қолдим.
- Биргамисиз кенайи?
- Да, бирга. Қатга борамиз?
- Ман-ку опкетвураман, нархини келишсе бўлди.
- Агар сифатига қарасез шундан яхшиси йўқ, бемалол айланиб чиқинг, нархи ҳам шунга яраша.
- Ҳаммани дилини ёзолса бўлди-де, байрам кайфияти ҳар холда.
- Бунисига жоввоб! Санъатни битирган, гап-сўзидан тортиб, юриш-туришигача талант. Хоҳласез ашула этади, истасез рақсиям бор.
Кулиб юбордим. Аёл ҳам қўшилиб кулди.
- Сиз яхши менежеракансиз!
- Ман онасиман буни, ўхшамидими манга?
- Йўғе?! Анча ёш кўринасиз-у!
- Оо, рахмат комплимент учун! Ўзи ёнида ёрдамам бермоқчи бўлдим, кейин қўяқо дидим. Дугонамни қизи бор хоҳласез, пара қилиб оборса бўлади.
- Вапше зўр бўларди кенайи, аксига олиб олдиндан закас қимагандик. Бугун байрам байрамда бўсин дб...
- Ээ чотки қиберишади.

Дугонасини қизи бамисоли Золушка, сутга чайилгандек оппоқ. Кийимлари ўзига ярашиб турибди. Бундай гўзал янги йил куни бозорда эмас, катта-катта балларда маликалардек юрса арзийди. Кайфиятим кўтарилди. Аёл айтган нархга тортишиб ўтирмай рози бўлдим-у, икки кишини олиб йўлга тушдим. Кичкинтойлар хурсанд бўлишади. Қорбобо ва қорқизни уйда суюкли жиянларим орзиқиб кутиб туришибди, уларга атаб шеърлар ёдлашган. Аксига олиб ҳар йилги қорбобо – синфдошим тўсатдан бошқа шаҳарга кетадиган бўлиб қолди. Келаси йил ҳаммасини яхшилаб режалаштириб оламиз. 

Ҳакамлар "Реал"га ошнами ёки айиққа?

Кеча “Реал” иштирокидаги ўйинни кўрдим, дўстларим билан. Кейинчалик Роналду нишонни аниқ ола билмаган пенальти ҳақида ўзимизча баҳслашган бўлдик, ҳазил қилдик. Ва бу нарсанинг ҳазил чегарасидан четга чиқиб кетмагани ёқимли ҳолат, аслида шундай бўлиши ҳам керак.

Дўстларимнинг ҳаммасида қайсидир клубга симпатия бор, албатта. Лекин улар фанат эмас, компромиссга бориш қийин кечмайди. Футбол деганда кўз олдига биринчи бўлиб “Реал” ёки “Барселона” келадиган қатлам эса умуман бошқа. Футболни гўзаллаштириб турадиган ҳам, керак пайтда булғашни қойиллатадиганлар ҳам аслида шулар, борларига шукр.

“Реал” бир тур аввал “Райо Вальекано” дарвозасига 10 та гол урганида ҳам ўйинни томоша қилгандим. Беллашувдан кейинги комментлар, изоҳлар, нола-ю фиғонлар эътиборимдан четда қолмади. Қўшиламан: ҳакам ўйинни “ўлдирди”. Ўша ғалаба ғолиб томон футболчиларининг ўзига ҳам таътимаган деб умид қиламан. “Қироллик клуби” фанати бўлсада баҳсдан кейин кўнглида ғашлик сезган ва кўп ҳам қувонмаган кишиларнида кўрдим.

Бунда битта жиҳатни унутмаслик яхши, аслида “Реал”нинг кучи “Вальекано” каби ўртамиёна жамоаларни таслим қилиш учун бемалол етади. 30-дақиқага қадар 2 та қизил ва 1 та пенальти — ҳатто шунга тортган тақдирида ҳам ҳисобга бевосита таъсир этишдир. Боз устига футболчилар сонидаги тенгликда рақиб томоннинг қўли баланд келаётган бўлса. Қолган 1 соат давомида меҳмонлар ҳам 11 киши бўлиб ўйнаганларида ҳисоб қандоқ бўларди деб, абсурдга берилмоқчи эмасман.

Шундай пайтлар бўлади, ҳатто сенинг фойдангга чиқарилган қарор ҳам таъбингни ҳира қилади. Чунки у бевосита шаънинг билан боғлиқ бўлиши мумкин. “Реал”га айрим пайтлар ҳакамлар ёрдам бериб юбораётгани рост. Агар шу гапнинг ўзидан келиб чиқилса, бунга кўп ҳам клубни айбдор қилиб кўрсатиш адолатдан бўлмасди. “Реал” ва “Барселона” шундай буюк клубларки, бу каби вазиятларда ҳакамлар бир четга чиқиб қолади. Аслида ўйин тизгинини қўлдан чиқараётган ёки кучлироқ клубга қарши қарор чиқаришга юраги ҳадеб бетлайвермайдиган ҳакамлар ҳам мавзу бўлиши керакдек, билмадим...

“Барселона”нинг бугунги ютағи шундаки, у ҳакамлар мавзуси учун повод қолдирмаяпти. “Реал” керагича ўйинларни ютаётган бўлсада, “Барса”дагидан фарқли равишда унинг ишига ҳакамлар таъсир этишга улгуришяпти. Бу соғлом рақобатга жиддий таъсир кўрсатадиган ҳолатдир ва бунда ҳакамлар каттагина масъулиятни ўз зиммаларига олишлари керак.

Қора PR ҳақида кўпчилик яхши билади. Рақобат кучайиб боргани сайин, замон янги тактикаларни ишга солишни тақазо этади. Бугун фақатгина ўз PR’и ҳақида эмас, рақобатчи ташкилот PR’и бўйича ишлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Тасаввур қилинг, менинг жамоам катта фарқ билан олдинга ўтиб кетди. Ғалабанинг шугина қисмидан кўнглим таскин топмасдан, ашаддий душманимни бирйўла ботқоққа ботиришни ҳам истадим. Бу ҳолатда ҳакамлар билан ишлаб, рақобатчи жамоага ён босишлари учун таъсир этишим, шу йўл билан рақибим номига доғ туширишга интилишим мумкин эмасми? Ва умуман менсиз ҳам рақибимни ёқтирмайдиган учинчи бир куч шунга интилиши-чи?

Бу фикрлар билан ҳеч нарса демоқчи эмасман, уни фараз ўрнида қабул қилишингиз мумкин. Айтиб ўтганимдек, “Реал”нинг кучи ҳакамлар ёрдамисиз ҳам ютишга етади. Мен испан клубларидан бирортасига мухлис эмасман. “Барса”ни ҳам, “Реал”ни ҳам бирдек тан оламан. Қўшимча қиламан, Роналдунинг ўрнида бўлганимда шунча танқидларга қарамасдан, пенальти тепишда давом этардим. Биринчидан бу футболнинг бир қисми, иккинчи томондан эса пенальтисиз ҳам гол ура олишимни бутун дунё билишини ҳис қилиб турардим.

Хуллас, янги йилингиз билан!

29 декабря, 2015

“Қирол ўлди. Яшасин қирол!”

Бевосита Самарқандга тегишли бўлган нашрда шу шаҳарнинг бош жамоаси мухлисларига ёқмайдиган мақола битаётганимдан ғоятда қайғудаман, ишонинг. Бу одоб чегараларига зинҳор тўғри келмасада, умумий истакларимиз муштараклиги йўлида ас қотишидан умидворман. Авф этгайсиз...

“Динамо” келаси йил ўзининг 55 йиллик тўйини нишонлашини унинг мухлислари томонидан федерация президентига қилинган мурожаатда ўқиб билдим. Буни бепарволикка йўйишингизни истамасдим, шунчаки бизнинг шароитда мен учун жамоа ёшининг заррача қиммати йўқ. Қонун ёш-у қари учун баробар бўлгани каби, клубларимизнинг қачон пайдо бўлганлари ҳам ўзлари учун сийлов бўла қолсин.

55 йиллик баҳона мухлислар Самарқанд клубини олий лигада олиб қолишда амалий ёрдам беришни Мираброр Усмоновдан сўрашибди. Ул зот амалий ёрдам бермайди: ё олиб қолади, ёки беэътибор бўлади. Ҳозирги шароитда иккинчи йўл ҳам адолатли, ҳам оқилона бўлур эди. Тушунтиришга ҳаракат қиламан.
                     
Ўтган йил андижонлик футбол мухлислари жамоанинг ярим асрлик тўйини рўкач қилиб, деярли шундай чиқиш қилишганди. Тўй эмас, “Андижон” клубининг юрак ҳовучлаб тўп сурган ўйинларини кўрдик. Бу йил “Бунёдкор” 10 ёшга тўлди ва фаолиятидаги энг паст натижалардан бирини қайд этди. Айни ташкил топган кунида жамоа “Шўртан” билан ўйнади ва мухлислар ташрифи борасида антирекордини янгилади. Орада Шотландиянинг “Селтик” клуби Тошкентга келиши ҳақида бонг уришганди, Қирғизистоннинг “Абдиш-Ата”си ҳам келмади. Агар Андижон клубидан кейин сизнинг мурожаатингиз ҳам кўриб чиқилса, унда футболни йиғиштириб, жамоалар шажараси ҳамда қоғозбозликка кенг урғу берганимиз ҳам яхши. Битта хат билан клуб элитада олиб қолинадиган чемпионат билан бутун умр қолиб кетишни истамасангиз, синовли йилларда тишни тишга қўйишни ҳам ўрганиш керак. Ахир нимагадир эришиш учун бошқа нимадандир воз кечилади.      

Агар 55 йиллик катта воқелик сифатида кўрилиб, унинг рағбати жонсиз танага жон ато этиш бўлса, унда 10 йиллик учун “Бунёдкор”га чемпионликни “Пахтакор”дан олиб берайлик. Буни қарангки, “Пахтакор” келаси йил 60 ёшга тўлади, чемпионлиги қайтарилади. Кейин Бекободдаги завод юбилейини нишонлайди, темирйўлчилар қадаҳ кўтаришади, Сурхондарёда профессионал клуб қолмаганлигининг 10 йиллиги, Хоразм клублари олий лигани кўрмаганига 10 йил тўлгани, Қўқон футболи юз ёшдан ошиб кетгани ва ҳоказо. Биз эса раис бува акса урганида инженерлар қарс-қарс қилиб қарсак чалгани каби қўллаб-қувватлаб турамиз, нима дедингиз?

Кулгули, тўғрими? Мурожаатнома ёзиш фикри чиққан одамни билмадим-у, лекин ўзининг содиқлиги, ҳалоллиги билан меҳрга лойиқ Самарқанд кишилари соғлом рақобат ва чиройли футбол исташларига юз фоиз ишонаман. Бундан чиқди хат Мираброр Усмоновга эмас, вилоят ҳокимига ёзилиши керак. “Динамо” нега мавсумни яхши бошлаганида Агамуродов ва унга қўшиб бешта футболчи кетиб қолгани, ўшалар қандай қилиб “Бухоро”ни қутқариб қолишди-ю, “Динамо”га нима жин урганини тушунтиришни талаб қилишсин. Ҳоким эътиборни кучайтирган бўлса, федерация президенти футболни юқори савияга олиб чиққан бўлса-ю, “Динамо” тап этиб олий лигадан йўқолиб қолса, буниси қанчадан тушди? Демак клуб ичида биз билмаган бир нималар бор. Мухлислар шу ишларни очиб беришни сўраб мурожаат қилишсин. Усмоновга мактуб ёзилганида ҳам спорт принципларини бузиб, қолиб кетган жамоани сақлаб қолиш ҳақидаги шармандали чиқиш қилмасдан, Самарқанд футболининг замонавий структурасини бунёд этишга амалий ёрдам сўрашсин. Не-не баҳодирлар кўз тикканида ғурурини ер қилмаган Самарқанд аҳлининг кўнгли сунъий меҳр билан кўтарилиб қолишига асло ишонмайман. Ахир “Динамо” элитадан биринчи марта тушиб кетаётгани йўқ. Ва бундай синовларни клуб қандай енгиб ўтишни билади.

Ўзбекистон футболи умумий планда кўкка бўй чўзаётгани билан, аслида ишлари таг-томиридан чириб кетяпти, буни кўриб турибмиз. Китоби йўқ ўқимаган қушдек қўнар ҳар юракка дейилгани каби, “путбол пропессори” бўлмаса ҳам унинг курсисига қўниб олган ва ҳар не “ғоя”га таянч бўлаётган одамларимиз бор экан, бу фикримни ўзимни мажбурлаб ҳам ўзгартиролмайман. 1996 йил Урганчнинг “Динамо”сига қўшилиб Сурхоннинг “АСК” клуб учирма бўлишганди. Кейинги йил олийда жамоалар сони 2 тага кўпайтирилди, масала ҳал. Икки йил ўтиб бир йўла тўртта клуб оут. Бир йилдан кейин Гулистоннинг “Янгиер” клубига шароит қилишди, қандай пайдо топган бўлса, шундай йўқолди. 2004 йилда “Сурхон”дан очко олиб ташлашди, кейин умуман футболни олиб қўйишди. “Динамо” эса элитада қолган. 2007 йил ёрдам қўллари “Металлург”га чўзилди. “Трактор”нинг мотори бузилди, “Тўпаланг” тўс-тўполонсиз йўқ бўлди. 1-лигада анқайиб юрган “ОТМК” бир юмалаб ўзини олий лигада кўрди.
                                 
2008 йил “Дўстлик-2008” олий лигада ўйнамайман деганини Бухорода қувонч кўз ёшлари билан қарши олишди. 2011 йил “Гулистон” “отказ” тугмасини босиб юборди, байрам “Қизилқум” базасида нишонланди. Ўтган йил эса яна ўша гап – “Андижон”нинг 50 йиллиги. Водий клуби олиб қолинганида унга қўшилиб, жиззахликлар ҳам омон қолишди. Хўш, кимнинг ақли кирди? Даврон Файзиев шогирдларинингми? Ҳеч нарса ўзгармади. “Динамо” ҳам олиб қолинар балки, аммо ўзгармайди, ўзгара олмайди. Шунчаки мен ва менга ўхшаган кишиларнинг футболдан кўнгли қолиб, циркни миллионлар ўйинидан устун кўришни бошлаймиз. Масқарабоз асли кимлигини тан олиб, цикрда рол ўйнайди, ҳеч кимга кўринмайдиган маскасини тақиб, футболни бошқаришга даъвогарлик қилмайди.  

Ҳа, “Динамо”нинг сўнгги натижалари киши дилини ҳира қилади, хатто мени ҳам. Аммо бунга ечим жамоани олиб қолиш эмас, шуниси аниқ, шунга кўпроқ ишонаман. Ваҳоланки Самарқанддек гўзал ва навқирон шаҳарнинг ўзига ярашадиган суперклуби бўлиши керак, чин дилдан шуни хоҳлардим. Яна бир кулгули жиҳати бор, кўнгилни хотиржам қилингки, Самарқанд клубининг 1-лигага тушиб кетиши “бугунги кунда жадал ривожланаётган ўсмирлар ва ёшлар футболининг тараққий этишига” ҳеч қандай тўсқинлик қилмайди. Футболнинг ичида юрган одам сифатида буни сизга айтаман. Сўнгги сўзимда кичик илтимосим бор: футболга ёрдам беринг, уни сунъийлаштирманг. Сиз-у бизсиз ҳам ПФЛ раҳбарияти бу ишни қойиллатиб уддалаяпти. Мени кечиринг...

Мақола "Эрудит" газетасининг 24.12.2015, №152 сонида чоп этилган     

25 декабря, 2015

Чемпионлар лигаси хавф остида

Ушбу мақолани ёзишдан бир неча дақиқа олдин клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати чорак финал учрашувларини томоша қилдим. Бирида Хитой чемпиони Мексика етакчисига чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйди, иккинчисида мезбон – Япония чемпиони қора қитъанинг энг кучли жамоаларидан бирини йирик ҳисоб билан таслим қилди.

Ўз вақтида Ўзбекистон жамоаларининг бу турнирда иштирок этишларига қандайдир ишонч бор эди. Ҳозир эса умиднинг ўзини ҳам йўқотиб қўймоқдамиз. Ўтган ҳафта Осиё чемпионлар лигасининг 2016 йилги мавсумига қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Унда мамлакат шарафини ҳимоя қилувчи жамоаларимиз ўз рақибларини билиб олишди.

Бизнинг энг яхши натижа ҳозирча ярим финал. Келинг, бунга қандай қилиб муваффақ бўлганимизни бир эслаб кўрайлик. Терма жамоа базаси сифатида “Пахтакор” танлаб олинди ҳамда олий лиганинг энг кучли футболчилари бир ерда жамланишди. Ярим финалнинг Таиландда ўтган беллашувида қандай хатоларга йўл қўйганимизни кўпчилик билади. Ваҳоланки “Пахтакор” “Бек Теро”дан кучсиз эмасди. Пойтахтнинг бошқа бир клуби “Бунёдкор” биринчи уринишда “пахтакорчилар” ишини такрорлади. Иккинчисини эса кўпчилик кутмаганди. Қосимов ўзининг севимли услуби билан финал остонасига қадар иккинчи марта етиб борди.

Бугунга келиб эса чемпионлик у ёқда турсин, ярим финал босқичига чиқиш ҳам амримаҳол. Бунда ўзбек клубларининг кучсизланиши ва ҳориж жамоаларининг олдинга силжиши сабаб сифатида кўрсатилиши ўринли. “Локомотив” ҳамда “Насаф” олдинги ҳолатидан яхшироқ кўринишга келгандир балки. Аммо бу чемпионлар лигасида муваффақиятли тўп суриш учун камлик қилади. Тошкентнинг қолган икки жамоасида эса аксинча ҳолат. Фикримга кўра ярим финалларга етиб борган олдинги “Пахтакор” ва “Бунёдкор” бугунгиларидан кучлироқ эди.

ОФК бизга 3+1 квотасини икки йилга суғурталаб берганди. Биринчи мавсум бунга шармандали натижалар билан жавоб бердик. Тўртта жамоанинг бирортаси гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўта олмади. Ўша натижалар фонида келаси йилги ҳолатни чамалайдиган бўлсак, биргина “Локомотив”нинг ишлари бироз жойидадек. Қолганларда эса аксинча.

Қаршининг “Насаф” клуби Рўзиқул Бердиев бошчилигида биринчи титулини ютиб олди. Бунга жамоа босқичма-босқич етиб келди. Аниқроғи, яхлит таркиб узоқ вақт давомида тобланиб келаётганди. “Насаф” энг камида ўз футболчиларини сақлаб қолган тақдирида ҳам ўтган йилдагидан тузукроқ қатнашишига ишониш мумкинми? Қуръа Бердиев жамоасини нисбатан қийинроқ гуруҳга рўбаро қилди. Бугунги “Ал-Айн” ва Саудиянинг “Ал-Аҳли”си қандай кучга эга эканлигини билиш учун статистикага мурожаат этишнинг ўзи кифоя. Тан олиш керак, бу жамоалар “Насаф”дан кучли. Тасдиқланмаган хабарларга кўра бир қатор етакчи фигуралар Қаршни тарк этишга яқин туришибди. Тошкент жамоалари муваффақиятларга катта ҳисса қўшиб келаётган қанот ҳимоячиларига совчи бўлиб улгуришган. Мураббийлар штаби уларнинг ўрнини янги номлар билан тўлдириши мумкин. Бироқ номлар ўйин услубига кўникиб улгургунларига қадар катта эҳтимол билан қаршиликлар чемпионлар лигасини “қурбон” қилиб юборишларичи? “Ал-Айн” ёки “Ал-Аҳли” ўзига раво кўраётган легионер футболчилар ҳарид қилинишига ҳозирча ишонмайман.

“Бунёдкор” катта ўзгаришлар арафасида турибди. Раҳбарият икки йилни тажриба учун сарфлаб юборди. Клуб ихтиёрига янги футболчилар келиб қўшилиши мумкин. Аммо ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, бу сафар Сардор Рашидов “қалдирғочлар” билан бирга эмас, бу катта йўқотиш. Унинг ўрнини боса оладиган футболчи олий лигада ҳозирча йўқ. Ва ҳозирги раҳбарият кучли легионер футболчини олиб келишига ишониш қийин. Қолаверса “Бунёдкор” ўзи учун бутунлай янги бўлган сербиялик мутахассисни таклиф қилиш арафасида турибди. Тўғри, мураббий учун ўзбек футболи бегона эмас ва унинг иш услуби ҳақида илиқ фикрлар билдириш ўринли. Аммо “Бунёдкор”ни Қосимов каби билмайди. Бу ерда гап икки мутахассисни солиштиришда эмас. Шунчаки янгиси иш жойига кўникиб, футболчиларни ўзи истаган кўринишга келтиргунига қадар энг камида мавсумнинг ярми ўтиб кетади.

“Пахтакор” кетма-кет икки бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритгани рост. Бироқ жамоа иқтисодий томондан қийинчиликларга эга. Бунинг натижасида “пахтакорчилар” деярли ҳар йили камида биттадан яхши футболчи билан хайрлашишга мажбур бўлишмоқда. Одил Аҳмедовдан бошланган иш келаси мавсум олдидан ҳам давом этиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Сергеевга Япония клублари қизиқиш билдирган, жамоа етакчиси Махарадзе эса бизнинг клублардан 3-4 баробар кўпроқ тўлаётган Малайзия ёки Таиландга жўнаб қолиши мумкин. Бор йўғи икки футболчи билан нимадир ўзгариб қолмайди дейдиган аҳволда эмас бизнинг жамоаларимиз. Заҳираси шундоқ ҳам кучли бўлмаган “шерлар” учун бу катта йўқотиш. Ва катта эҳтимол билан “Пахтакор”ни ҳам янги мураббий қабул қилиб олади. Ҳозиргиси жамоада қолганида ҳам чемпионлар лигасида нимадир каромат кўрсатишига ишониш қийин. “Пахтакор”нинг кучига шубҳа қилмаган ҳолда айтиш керакки, жамоа ҳеч бўлмаганда ўтган мавсумдаги асосини сақлаб қола билмаётгани барибир хавотирли.

Фақатгина “Локомотив” бошланган ишни давом эттираётган клуб бўлиб турибди. “Темирйўлчилар” иқтисодий аҳволни бир неча йилдан буён мўтадил ушлаб туришибди. Вадим Абрамов жиддий йўқотиш бўлиши мумкин. Бироқ унинг истеъфосидан кейин “Локо” кетма-кет 5 та ўйинда зафар қучганлигини ҳам унутмаслик керак. Карленович ўтган мавсум халқаро майдонда яхшироқ иштирок этиши учун камида 2014 йилги жамоа асоси сақлаб қолиниши лозим эди. “Темирйўлчилар” ўша хатодан тегишли хулоса чиқарганлари ҳолда бор эътиборларини асосий фигураларни жамоада олиб қолишга қаратишган. Қўшимчасига лиганинг бир қатор истеъдодли футболчилар ҳам сафга келиб қўшилишлари мумкин. Нисбатан олиб қараганда “Локомотив”га осонроқ гуруҳ ҳам насиб қилди.

Ҳозирча фақат битта хулосага: тўртта жамоамиздан бирортасининг ҳеч бўлмаганда ярим финалга етиб боришига ишониш мушкул. Чемпионлар лигасида асосий юкни легионер футболчилар ўз зиммаларига олиб келишмоқда. Бизнинг квартет эса бу билан умуман мақтана олмайди. Боз устига миллий терма жамоа асосини ташкил қилаётган футболчиларнинг катта қисми ҳориж чемпионатларига кетиб бўлишган. Уларнинг иштирокисиз клубларимиз кўп нарса йўқотишади. Бироз ғалати бўлса ҳам айтиш керак, тўртта клубни қўшиб, битта яхлит жамоа шакллантирсак балки ярим финални кўзлаш мумкиндир, шунда ҳам финални эмас. Чунки Аҳмедов, Рашидов, Жепаров каби йигитлар барибир йўқ. Тўртта клубнинг мавжуд футболчиларидан халқаро майдонда муносиб иштирок эта оладиган фақатгина битта жамоа етгудек таркиб бордек таассурот қолдирмоқда.

Хулоса анчагина қўпол: Япония, Жанубий Корея, Хитой, Қатар, БАА, Саудия Арабистони чемпионатлари билан солиштирганда бизнинг лига 3+1 квотасига муносиб эмас. Ҳақиқат ўзининг аччиқлиги билан ажралиб туради. Биз деярли ҳамма жабҳада юқорида номлари зикр этилган мамлакатлардан ортда қолиб кетдик. Навбатдаги мавсумнинг муваффақиятсиз келиши эса табиийки квоталаримиз сонига таъсир кўрсатади. Кўпчилик 1+2 кўринишини таҳмин қилмоқда. Балки шунда “Насаф” кубокни олганидан кейин ҳам консентрацияни йўқотиб қўймас, балки шунда “Бунёдкор” 4-пағонани қўлга киритиб, “ҳайрият” калимасини ишлатмас.

Мақола "Эрудит" газетасининг 17.12.2015, №151 сонида чоп этилган

22 декабря, 2015

Бензин масаласида кичик муаммо

Очилмаган АЁҚШга навбатда туришибди, соат тонгги 6, ҳали қуёш чиқиб улгурмаган. 7 да шаҳар чироқлари ўчирилади, кун ҳали ёришмаган бўлади. АЁҚШ шу вақтда балки очилар, навбат эса анча масофага чўзилиб улгуради.

Партиялар йилда кўплаб учрашувлар ташкил этишади. Шуларнинг бирида кишига умид берувчи жавобга дуч келгандим, свет масаласида. Чиқиш қилган кишининг гаплари қанчалик ҳақиқатга яқин экани менга қоронғу, аммо у ишонч билан фикр билдирди. 2018 йилга бориб свет муаммосига деярли дуч келмаслигимиз катта эҳтимол экан. Айни вақтда бир эмас иккита вилоятда йирик қуёш электр станциялари қурилаётгани ва бу ҳолат бугунги кун муаммолари учун яхшигина ечим бўлишини лўнда қилиб тушунтириб берди.

Бугун бензин билан боғлиқ масалани мана шундай тушунтириб беришларига муҳтожмиз. Uzneftmahsulot ўзининг расмий веб-сайтида ҳеч қандай бензин тақчиллиги мавжуд эмаслиги ҳақида маълум қилганида узунгина навбатда тургандим. Одатда Қоратошда жойлашган АЁҚШларга кириб ўтаман. Навбат АЁҚШдан 1-шаҳар клиник шифохонасига қадар чўзилган бўлса ва сен бу каби хабарни ўқиб турсанг, устингдан кулишаётгандек ҳис қиласан ўзингни. Бу худди “В СССР секса нет” иборасига ўхшаб кетади.

Бензин қишга ғамлаб қўядиган маҳсулот эмас, ҳар ҳолда оддий одам учун. Бир ойда 3-4 марта ёки ундан кўпроқ бензин ҳарид қиладиган инсон ёқилғининг камайиб кетишидан ҳайиқиб, уни томорқасига ғамлаб қўймайди. Бензин тақчиллигини вужудга келтиришда фаол иштирок этаётган ва бунинг орқасидан ноқонуний даромад олиш илинжида бўлган кишилар етарлича топилиши кундек равшан. Бироқ айрим АЁҚШлар 24 соат фаолият олиб боргани ҳолда бензин тақчиллиги юзага келишига ишониш қийин.

Қоратошдаги АЁҚШлардан бирида куннинг исталган вақтида бензин топса бўлади. Ҳозир эса у маълум вақтдан сўнг ишни тўхтатади. Хавфсизлик назари билан қараганда ярим тунда АЁҚШларнинг ишламаслигини тушуниш мумкин. Ёки бўлмаса ёқилғи қуйиш шаҳобчасида бензин тугаши унинг маълум вақтга ёпилишига сабаб бўлади. АИ-80 автобензини қолмаган бир пайтда, ҳаридорлар АИ-91 га мурожаат қилишади, унинг ҳам таги кўринса, табиийки АЁҚШ бекилади.

Автомашинада вилоятларга сафар этиш масаласини етти ўлчаб бир кесиш керак бўлади, бензин муаммоси сабаб. Тижорат нархида ёқилғи сотиляпти, лекин шундай пайтлар бўлганки, тижорат нархига ҳам бензин топиш мушкул эди. Қўлдан олиш масаласи эса ҳаммага тушунарли. Айни вақтда АЁҚШлар ёпилиши билан ва айрим пайтларда ёпилмай туриб ҳам қўлда бензин сотаётган олиб-сотарларни исталганча учратиш мумкин. Шошаётган кишилар, бензини қолмаган ҳайдовчилар учун бу айни муддао. Аммо Uzneftmahsulot бунга ҳожат қолдирмаслиги керак, агар чиндан ҳам компания ташкил этган сайёр гуруҳлар кеча-ю кундуз назорат ва таҳлил олиб бораётган бўлишса. Ва чиндан ҳам нефт хомашёси нафақат мамлакатимиз ички эҳтиёжини қондириш учун, балки муайян миқдордаги ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини экспорт қилиш учун ҳам етарли миқдорда қазиб чиқарилаётган бўлса.

Навбат кўриняпти, бензин қўлга чиқиб кетаётганини ҳам пайқаш қийин эмас. Шунчаки кимдир бундай ҳолат қачонгача давом этишини содда қилиб тушунтириб бериши лозимдек. Узун навбатда турган вақтингизда Uzneftmahsulot навбат йўқ деса, сиз хабарга барибир ишонмайсиз. Лекин вазият ҳозирча шундай, фалон йилга мўлжал қилинган лойиҳамиз бор, ёки бўлмаса довондаги темирйўл қурилиши якунига етса, қачондир ҳаммаси жойига тушади ва муаммо бўлмайди қабилида тушунтирса, одамлар умид билан яшашади. Қачонлардир кўраётган нарсангиз йўқлигига ишонтиришга уриниш, уринаётганларга бўлган ишончингиз йўқолишига олиб келишини тушуниб етишлари керак. Шундай тушунаман.

18 декабря, 2015

Жиддий таваккал

Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Рио-де-Жанейро олимпиадаси учун имкониятлари қандай деган саволга жуда оддий жавоб бериш мумкин: яхши. Ҳозирча ҳеч нарса йўқотмаганмиз ва бу йўлда кураш олиб борувчи 16 терма жамоа билан назарий жиҳатдан имкониятларимиз тенг. Мавзунинг амалий қисми эса бир қатор хавотирли фикрларни келтириб чиқаради.

Энг йирик спорт фестивалининг футбол турнирида бирор марта иштирок этмаганмиз. Саралашдаги натижаларимиз босқичма-босқич яхшиланиб келди. Бироқ аввалги талаб билан бугунгиси бир-биридан жиддий фарқ қилади. Сабаби Миллий олимпия қўмитасини энди Мираброр Усмонов бошқариб бормоқда.

Рио олимпиадасига Ўзбекистон делегацияси иложи борича кўпроқ спортчи билан бориши лозим. Параолимпиячиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда таҳминан 100 га яқин спортчи мусобақага йўлланма ютиб олишидан умид қилинаётган бир пайтда 23 нафар футболчи бунда катта аҳамият касб этади. Яъни, футбол терма жамоасининг муваффақиятсизлиги ишлаб чиқилган янги дастурнинг тўлиқ бажарилишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.

Йил аввалида Ўзбекистон футбол федерацияси президентлиги учун сайловлар бўлиб ўтганида бежизга Мираброр Усмонов номзоди қайтадан илгари сурилмади. Пировардида Зуфарович терма жамоалар маркази олдига каттагина талаб қўйиб, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси нима қилиб бўлсада Риога бориши кераклигини уқтирди. Навбатдаги муваффақиятсизлик марказ директори Асқар Толибжоновдан тортиб, ўша вақтларда экспертлар гуруҳи аъзоси бўлган Самвел Бабаянгача футболдан четлатилишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Бангладешда бўлиб ўтган саралаш мусобақасини ёдга олинг. Вакилларимиз биринчи ўйинда Ҳиндистонни 2:0 ҳисоби билан мағлуб этишди, 2-турда эса мезбонлар дарвозаси жавобсиз тўрт бор ишғол этилди. Сурия билан ўйинда дуранг натижа ҳам бизга Осиё чемпионатининг финал босқичини кафотлаб берарди. Лекин жамоамиз 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Натижада тақдиримиз ўз қўлимиздан чиқиб кетди (Сурияни 2012 йил ёшларимиз ЖЧдан мусово қилишганди, саралашда эса уларда ўсиш кўринди).

“В” гуруҳи ўйинлари бир ярим ойдан кейин ташкил этилар ва унда қайд этилажак натижалар олимпиячиларимизнинг кейинги фаолиятини белгилаб берарди. Иордания, Кувайт, Покистон, Қирғизистон каби термалар жой олган гуруҳ ўйинларини кузатиш учун шахсан Толибжоновнинг ўзи учиб кетди. Ён қўшниларимиз Кувайтдан 1 очко олишмаганида ва ўзи учун керак бўлмаган ўйинда Иордания бошқа бир араб терма жамоаси Кувайт билан охиригача курашмаганида ҳаммаси тамом эди. Бахтимизга иорданияликлар туриб беришди, биз йўлимизда давом этадиган бўлдик.

Миллий терма жамоа билан боғлиқ ўзгаришлардан кейин олимпиячилар мураббийлар штабида ҳам ўзгариш юз берди. Унга кўра Виктор Жалиловга Дилшод Нуралиев ёрдам бериши керак эди. Романович кўп ҳолларда миллий жамоа билан овора бўлиб, олимпиячиларга етарли вақт ажрата олмади. Словакияда бўлиб ўтган турнирга жамоа бош мураббийсиз йўл олди. Ўша мусобақанинг йўлимиздан чиқиб олгани яхши-ю, аммо марказ унга жиддий эътибор қаратмади. Ўйинлар ҳисобини билиб турдик, тўлиқ ҳолат билан танишишнинг имкони бўлмади. Кейинчалик Дилшод Нуралиев ҳам олимпиячилар сафини тарк этганидан кейин Словакиядаги турнир нима учун керак бўлганди деган савол қалқиб чиқди. Чунки бугун жамоани бутунлай бошқа штаб қабул қилиб олди.

Самвел Бабаян бош жамоани бошқарган мураббийлар ичида энг яхши дебютни амалга ошира олганидан кейин унга бўлган ишонч ортди. Ўзбекистон футбол федерацияси президентининг қарорига кўра энди олимпиячилар учун ҳам Бабаяннинг шахсан ўзи жавоб берадиган бўлди, Осиё чемпионати стартига 45 кун (!) вақт қолганида.

Тўғри, миллий терма жамоа олдида шу билан март ойига қадар жиддий синовлар йўқ. Бу орада эса олимпиячилар тақдири ҳал бўлиб улгуради. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор: асосий жамоада наъмунали натижа қайд этиб келаётган мутахассис олимпиячилар билан нима қила олади? Ҳар икки жамоага битта мураббийнинг жавоб бериши бизнинг тажрибада янгилик эмас. Буни биринчи бўлиб Вадим Абрамов бошлаб берганди. Бироқ унутмайлик, Карленович фаолиятидаги энг эсда қоларли мағлубият ҳам айнан олимпиячилар билан боғлиқ. Лондон олимпиадасига бир қадам қолганида 2:0 ҳисобида олдинда бораётган жамоанинг якунда 3 та гол ўтказиб юбориши Абрамовнинг миллий терма жамоадаги кейинги фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатди.

Кейинроқ Миржалол Қосимовда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди. Миллий терма жамоа билан параллел равишда Қўшоқович 23 ёшгача бўлган футболчилар билан Осиё ўйинларига борди. Таркиб ва ўйин чакки бўлмаса ҳам, ним чорак финалда тўлиқ ҳимояда ўйнаган Саудия Арабистонидан мағлубият қабул қилиб олинди. Чиройли футбол ўз йўлига. Хатто чорак финалга ҳам чиқа олмаслик барибир муваффақиятсизлик.

Энди эса Самвел Бабаянда деярли шундай, кези келганда янада оғирроқ ҳолат. Бор эътиборини миллий терма жамоага қаратган мутахассис олимпиячиларни кеч қабул қилиб олаяпти. Қолаверса Осиё чемпионатидаги рақиблар ҳам анчагина жиддий. Гуруҳда Яман, Ироқ ва Жанубий Корея билан дуч келамиз. Ярим финал йўлида эса катта эҳтимол билан Иордаия, Австралия ёки БАА термаларидан бири рақиб бўлади. Кичик мундиаллар саралашидан фарқли ўлароқ, бу сафар ярим финалнинг ўзи кифоя эмас. 3-ўрин учун беллашувда ҳам ғолиб чиқишимиз талаб этилади.

2012 йил БААда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати 2016 йилнинг январида Қатарда бўлиб ўтадиган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги чемпионатга ибтидо бўлиб хизмат қилган. Аниқроғи, асосан 1993 йилда туғилган футболчиларимиз жамоа асоси бўлишади. Ўша 2012 йилги биринчиликда Ироқ ҳамда Жанубий Корея терма жамоалари финалга қадар етиб боришган. Аҳмад Мусаев жаҳон чемпионатининг чорак финалига қадар чиққан бўлса, ўша босқичда Жанубий Корея ва Ироқ ўзаро беллашишган. Ироқ ярим финалда ўйнаган, бизнинг дарвозани жавобсиз тўрт бор аниқ нишонга олган Уругвай билан пенальтилар сериясига қадар етиб борган. Ним чорак финалда биз Грецияни мағлуб этганимизда, Ироқ ва Жанубий Корея Парагвай ҳамда Колумбияни мусобақадан чиқариб юборишган. Эътибор беринг, Осиё чемпионатидаги мушкулимиз анча жиддий.

Терма жамоалар маркази Амирликларда бўлиб ўтадиган йиғин давомида Япония, КХДР, БАА, Қатар, Хитой, Иордания каби термалар билан ўртоқлик учрашувини келишиб қўйди. Бу албатта яхши. Осиё кубогидаги асосий рақибимиз Хитой, Жанубий Корея каби термалар бўлишини билиб туриб, асосан араб термаларига қарши ўйнаганимиз бизга панд берганини ҳамма кўрди. Бу борада кўнгилни бироз тўқ қилиш мумкин. Лекин яна битта жиҳат борки, уни четлаб ўтиш қийин. Бу турнирдаги эҳтимолий муваффақиятсизлик. Олимпия терма жамоаси Риога ўта олмаса кимлар ишдан кетишини юқорида айтиб ўтгандик. Наҳотки бош жамоада муваффақиятли ишлаётган Бабаяннинг тақдирини ўша турнир ҳал қилиб берса?

Биласизми нима, Бабаяннинг битта жиҳатига қойил қолиш керак. У жимгина четга чиқиб, барчасини Жалиловнинг ўзига қолдириши ҳам мумкин эди. Ютса барибир Бабаян ютар, ютқазса танқид Жалиловга қараб кетарди. Лекин у олимпия термасини қўрқмасдан қабул қилиб олди, анчагина қийин вазиятда. Футболчиларимиз кучига шубҳа қилмаган ҳолда айтиш керак, турниргача бўлган йўл давомида марказ кўп хатога йўл қўйиб берди. Сурия олдинга қадам ташлаганини кўрдик, бизни эса Қирғизистон, Иордания каби термалар қутқариб қолишди. Ишқилиб охири баҳайр бўлсин...

Мақола "Эрудит" газетасининг 10.12.2015, №150 сонида босилган

15 декабря, 2015

Амақим

Оиламизни яхши биладиган кишилар додам ёки адамга ўхшаш жиҳатларим ҳақида гапиришади. Улар гўёки амақимдан олганларим ҳақида билмайдигандек таассурот қолдиришади.

Ҳа, амаки деб эмас, амақи деб ўргандим, шу инсонни таниганимдан буён, унинг менга қондош эканлигини тушунган вақтимдан бошлаб. Адашмасам 4 ёшда эдим, туғилган кунимда оиламиз жам бўлганди. Амақим ҳали уйланмаган, менинг ҳозирги ҳолатим каби ориқдан келган, бўйлари балки узунроқ бўлгандир, ҳар ҳолда мендан баланд эди (: Эшик қўнғироғи босилиши билан уни очадиган одамга эргашиб борадиган вақтим. Амақим кириб келди, бир неча сониядан кейин қўлларида тургандим. Эркалаб саволлар берди, кайфиятим яхши бўлгани учун ҳаммасига жавоб бердим, юзимдан ўпиб ерга қўяркан, қўйнида турган нарсани онамга тутқазди.

Ўша куни ухлашга у олиб келган пижама билан ётдим. Ҳалигача аниқ эслайман, пижамада бир нечта машиналар акс этганди. Ухлаш олдидан онамга бу қайси машина деб ҳаммасини сўраб чиқардим, онам эса тагига ёзиб қўйгани бўйича айтиб берарди. Аниқ эсимда қолгани, пижамамда “Фиат” бор эди.

Додам қаттиққўл инсон, аммо кўнгли жуда бўш, тонгда уришиб берса, тушдан кейин яхши латифа айтиши мумкин. Отам додамдан кўра қаттиққўлроқ, ўйлашиб гаплашиш керак бўлган одам. Амаким уларга ўхшамаган, балки оилада кенжа фарзанд бўлгани учундир, балки ойижоним кенжасини кўпроқ ҳимоя қилгани учундир... Берадиган жазолари ҳам ёқарди. Аммамнинг катта ўғли бошчилигида ҳали ҳам битмаган эски қурилишда сакраб юрардик. Осилиб турган шланкаси 3-қаватли уй билан баробар бўлган кранда арғимчоқ учардик, катталар билиб қолишса тамом, оқибатини ўзимиз ҳам тасаввур қила олмаймиз (ваҳоланки додамнинг 9-қаватдаги уйидан нима қилаётганимиз ойдек кўриниб туради). Биринчи бўлиб амақимнинг кўзи тушар ва ҳуштак чалиб, уйга чақирарди. Бўйма-бўй, ёшга қараб ҳаммани тикка турғазар, стройкада ўйнаганимиз учун урушгандек бўларди. Кейин энг қизиғи бошланарди. Кимдир 50 та отжимания, яна кимдир 30 та приседания, хуллас ёш ва имкониятга қараб. Бўйи бир-бирига яқинлар кураш тушадиган ҳолатлар ҳам учрарди, хуллас қий-чув. Ойим келиб, амақимнинг ўзини урушиб бермагунларича давом этарди.

Меҳмон келса, додамнинг набираларига энага – амақим, “Зафар, болаларга қара!” Шунинг учун бўлса керак, болагимиздаги гапларимиздан тортиб, қилиқларимизгача энг яхши амақим билади, ҳали-ҳануз қондошлар йиғилганимизда эслаб кулишамиз.

1996 йил йил. Амақим келинойимга уйланаётган кун. Эски “Полёт” ресторани. Олдидаги кафтдек ҳовузчада келин кириб келаётганида ҳам набиралар кийимни ечиб, чўмилиб юрибмиз. Токи аммам ташқарига чиқиб, “вой менгина ўлай, Саидахооон, Мадинааа”, деб ҳамманинг онасини чақирмагунича кимнингдир сирпаниб оёғи қонаган, яна кимдир оёқ кийим ичини сув қилиб юборган. Ёрдамчилар югуриб чиққунича барчамиз қочиб қолдик. Кўзим олдимда турибди, амақим рафиқасининг қўлидан ушлаб, тўйхонага кириб келаётганди, аҳволимизни кўриб, ўзини кулгудан зўрға ушлаб тургандаги қиёфаси.

Бугун унинг ўзи 40 ёшга қадам қўйди. Бу пайтга келиб отамнинг сочига оқ оралаганди, додамга тортгани учун бўлса керак. Амақим эса раҳматли ойимнинг ўзгинаси – сочида на оқ бор, на юзида ажин. Ҳаммамиз учун бирдек ёқимли. Ўша тўйига ҳали кўп бўлмагандек, лекин унинг фарзандлари – сингилларимнинг бўйи етиб қолди. Уй эшигини совчилар тақиллатаётган пайт, вақт тез ўтиб кетибди.

Ҳозирги ютуқларимнинг кўпида амақимнинг ҳиссаси бор, камчиликларим эса ўзимники, шахсий (: Адамни ТВга додам, амақимни адам, мени эса амақим олиб келди. Деярли ҳар куни кўришганим учун, оддий сўрашамиз, қўл бериб. Йилда бир марта уни бағримга босишим мумкин – 15 декабрда. Ростини айтганда мен уни яхши кўраман. Буни ўзи ҳам ҳис қилмаса керак.

Ўзимга нима раво кўрсам, амақимга ҳам шуни тилайман. Ширин оиласи, икки фарзанди бор, улар қатори биз ҳам доимо ёнида турайлик, елкама-елка (унинг бўйи анча баланд, кейин сезиб қолганман). С днём варенья, амақи.

Ҳа, айтганча, мактаб ёки коллежда қандайдир ишкал иш қилганимизда, ҳеч қачон адамга айтмаганмиз. “Эртага отанг билан кел!” калимасига биринчи ёрдам амақим бўлган. Устозларимиздан узр сўраш ҳам, кетидан койиш ҳам унга қолган. Шунчаки жазолари ёқимли бўлгани учун, у кўп томондан ойимга тортган.   

12 декабря, 2015

Санъатимиз плагиати ва плагиат санъати

Kun.uz сайтида “Зийнат” гуруҳи қизлари плагиатда айбланган хабарга кўзим тушиб қолди. Кўчирмакашликда айблаш мумкин бўлган шунча хонанда турганида нега айнан шу гуруҳ танлаб олингани қизиқ туюлди. Билдимки, бу ҳақда биринчи бўлиб Canal3.md телеканали маълумот берган, молдовалик хонанда Клеопатра Страта (қўшиқнинг асл эгаси)нинг отаси эса ижтимоий тармоқларда плагиатга нисбатан фикр ҳам билдирган. Кейинроқ хабар kun.uz’да негадир йўқолиб қолди. Балки гуруҳ продюссери томонидан тушунтириш хати келиб тушгани учундир, билмадим.

“Хоп-ша” таронасини кетма-кет эшитиб юрган вақтим бўлганди. “Зийнат” гуруҳининг шу қўшиғидан бошқа ижод наъмунаси ҳақида маълумотга эга ҳам эмасман. Айтмоқчи бўлганим, плагиатга қарши курашни аллақачон бошлаш мумкин эди. Ҳеч қандай Canal3.md ёки муаллифлик ҳуқуқини бутун дунёда ҳимоя қилувчи Сергей Рогожинсиз.

Кўчирмакашлик рағбат топиши мумкин бўлган жамиятда яшаб турибмиз. Номларини айтиш шарт бўлмаса ҳам, керагидан кўп қўшиқчиларимиз плагиатга қўл урганликларини яхши биламиз. “Зийнат” гуруҳи продюссери воситачи орқали вазиятни тушунтириб бера олган. Лекин ишонаманки, бунга муваффақ бўла олмайдиган қўшиқчилар бизда етарли.

Шоу-бизнеси халқаро миқёсга деярли чиқмайдиган мамлакат хонандалари жуда бўлмаганда рухсат сўраб, ижод наъмунасини текинга олишлари ҳам мумкин. Мавлуда Асалхўжаева туркча қўшиқларни маълум нархга сотиб олиб куйлагани ҳақида эшитганим бор. Бу яхши иш ҳар қалай. Муаллифлик ҳуқуқини хурмат қилиш, ошни ҳалоллаб қўйиш. Ачинарли томони эса ўзбек шоу-бизнесида машҳурлик чўққисига чиққан талайгина хонандаларнинг плагиатга бемалол қўл уриши.

Шунга ўхшаш блогпост ёзиш фикри Дилдора Ниёзованинг қўшиғидан кейин келганди, россиялик машҳур хонанда София Ротарунинг “Аист на крыше” қўшиғининг ўзбекча вариантига ишланган клипни кўрганимдан сўнг. Унга қадар эса Алла Пугачеванинг “Миллион алых роз” қўшиғи ҳам айни вариантда куйлаб ўтирганди. Ўзбекистонлик хонанда бунинг учун Ротару ёки Пагачевадан рухсат олган бўлса, бошқа гап. Акси бўлса, уни икки марталаб тушунмайман. Биринчиси плагиат учун, иккинчиси ўғирлангани аниқ бўлган машҳур таронага бемалол клип ишлаб, ТВга олиб чиққани учун.

Ўзбек тўйларида муаллифлик ҳуқуқига умуман амал қилинмайди. Ўзимизнинг хонандалар бошқа хонанда қўшиқларини мини-дискка ёзиб, бемалол тирикчилик қилишади. Россия ёки туркиялик хонандалардан берухсат олинган қўшиқларнинг тўйларда жаранг сочишини майли тушунайлик. Ахир Boney M ёки Modern talking’нинг ўзини Тошкентга олиб келиш иложсиз, бу гуруҳлар аллқачон тарқалиб кетган. Аммо уларнинг машҳур қўшиқларини кайф учун куйлабгина қолмай, ТВ ёки радиода айлантиришлари тушунарсиз. Оригиналидан яхшироқ куйланган бўлса ҳам майли эди. Аслини олганда бундай ҳолатлар кўчирмакашлар ижоди ва уларга бўлган муносабатга салбий таъсир кўрсатиши керак.

Юлдуз Усмонованинг “Санамгина”сини биргина мисол сифатида келтириб ўтайлик. Оригинал ижро Ғиёс Бойтоевга тегишли. Лекин такрор куйлангани биринчисидан кескин фарқ қилади. Ижросидан тортиб, сайқалига қадар. Мана буни ижод дейиш мумкин. Ижодкор бошқа бир ҳамкасбининг наъмунасидан илҳомланиб, унга рухсат билан ўзгартириш киритиши жуда ҳам мумкин, керак бўлса яхши бир ҳолат. Кўр-кўрона кўчириш эса уятдан бошқа нарса эмас.

Ўзбекнаво ижодкорларнинг танлов ҳуқуқларидан бири бўлган кийиниш услубига аралашгунча, плагиат масалаларига эътибор қаратиб ўтгани яхшироқ, фикримча. Давлат ва нодавлат телеканаллар, радиостанциялар ҳам бунга эътиборда бўлишларини истардим. ОАВ бунинг орқасидан иқтисодий фойда кўраётгани учун ҳам, уни тушунса бўлар. Бироқ бу масалага ўзимиздан қайси ташкилот жавобгар бўлиши керак, тушунарсиз.    

03 декабря, 2015

"Соккер клуб"даги ҳакам учун аталган фикрлар ҳақида

Баъзида скриншотлар, баъзида қандайдир перепискалар келиб қолади, ўзим таниган, билган ва ёқтирмаган одамларга тегишли. Юбориб туришади, юборадиганлар ўшаларнинг асл башарасини билиб қўйишимни хоҳлашар балки, билмадим. Юборишлари ҳам тўғри иш эмас аслида, лекин билмай ўтиб кетмаётганим учун индамай қабул қилиб тураман. Буни ўртага адоват солиш учун қилишади деб ўйламайман, чунки етарли даражада нафратланиб улгурганман, адоватга ўрин қолмаган.

“Соккер клуб” эфир юзини кўрганига кўп вақт бўлмади. Бор йўғи еттита сонга улгурдик, ҳалос. Кўп ҳолларда лойиҳани ёпиб юбориш фикри ҳам келади, футболдаги кишилар билан доим кўришишга мажбурман, ёқмаяпман кўпчиликка, одамлар ишонмай қўйишлари хавотирга солади. Бироқ бошлаётганимда буларга тайёр туришим кераклигини билганман. Ҳозир канал раҳбарияти дастур учун шароит яратиб беряпти, МТРК раҳбарияти ҳимоя қилиб келяпти. Шароит вақти келиб бўлмаслиги мумкин-ку, нега борида фойдаланмаслик керак? Муҳими алдаётганим, закасга ишлаётганим, лаганбардорлик қилаётганим йўқ, оддий журналист нима қилиши керак бўлса қўлимдан келганича қилишга уриняпман.

Ҳозир гап бу ҳақда эмас, гап умуман бошқа жойда. Кўрсатувнинг 7-сонини якунлашда меҳмон ҳакам ҳақида қуйидаги фикрларни қўшиб қўйдим: “Холмат Мирзааҳмедов ичидагиларни тўкиб сочгани рост. У ҳозир ҳакамлик соҳасида эмас. Рефери бўлиб ишлаганида қандай ишларга қўл урганини унинг ўзидан эшитдингиз. Бундай номақбулчиликларга аралашган кишининг ҳамма гапига ишониш ҳам ярамайди. Ҳаётда шундай инсонлар бўлади, битта гапига ўнта гувоҳ керак. Биз авваламбор қўрқмасдан фикр бергани учун унга миннатдорчилик изҳор қиламиз. Ва айтиб ўтамизки, унинг ўзи минбар сўраб чиқмаганида, биз уни кўрсатувга таклиф қилиб ўтирмасдик. “Соккер клуб” шиори “доимо ҳалол ўйнанг” бўлганидан кейин унда чиқиш қиладиган кишилар ҳам бу талабларга жавоб беришларини истардик. Холмат ака кўпни кўргани учун ҳам, балки ўзидан кейингилар бундай йўлга кирмасликлари учун ҳам микрафон сўраб олгандир. Умид қиламизки, қолганлар ўрнак олишмайди”.

Ҳа, меҳмоним ҳақида яхши якун эмас. Аммо вақт орқага қайтарилса худди шу сатрларни яна бир марта қўшиб қўяман. Холмат ака “Футбол шарҳи” кўрсатувида ҳам меҳмон бўлганини эслайман. “Соккер клуб” мавзусида қўнғироқлашганимизда бу ҳақда гаплашиб олдим. Аямаслигимни, хоҳлаган саволимни беришимни ва кейин ҳеч нимани ўзгартирмаслигим ҳақида огоҳлантириб, кейин кўришдим. Битта инсонга нисбатан турли томондан қарай оламан. Қўрқмасдан айтганлари учун ҳакам кўз олдимда – мужик. Хатто ўзидан ўтганларини ҳам беркитиб ўтирмади. Фикрларига ёлғон аралаштирмади, борини тўкиб сочди ва шунинг учун ҳам унга рахмат айтиб қўйдим. Лекин у ким бўлишидан қатъий назар қилган амалларига қараб баҳо бераман, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Эсини таниб олган инсон қинғир йўлга билмай кириб қўйдим деса, энсам қотади. Аммо ақлини йиғиб олганида қилганларидан афсусда бўлса, унга нисбатан хурматим ошади. Энди кўрсатув сўнггида айтилган фикрларни ким қандай тушунса тушунаверсин. Мен исмлар аниқ айтилган жойда овозни ўчирганим рост (чунки буниси туҳмат бўлиши мумкин. Ҳали исботланмаган масалани дуч келган одамнинг гапига ишониб эфирга олиб чиқа олмасдим), бироқ ҳакам айтганлари ва мухлислар эшитганлари учун ортиқча исбот шарт эмас. Муҳими, фикрларини бера олганимиз.

Кулгули жиҳати шундаки, бу борада танқид ва провакация бошлаётганлар орасида айрим ҳамкасбларим ҳам бор. Аниқ билганим учун айтдим. Мухлислар учун аталган изоҳли жойларга нотаниш никлар билан кирадиган, писиб туриб овоз чиқарадиган, бировга ёмонлик, касаллик ва муваффақиятсизликни соғинадиган журналистларимиз борлиги ҳам аслида яхши – улар янада кучли бўлишинг учун ҳам керак (ва шу ўринда бир-бирига далда бўладиган, қўллаб-қувватлайдиганларга рахмат айтаман). “Соккер клуб” ва умуман ўзимга тегишли лавҳаларнинг ҳар бир сатри учун жавобим бор. Мен юзимни, кимлигимни яшириб писмайиб чиқиш қилаётганим йўқ. Айтиб ўтганим каби ҳамкасбларим ёки фанатизм дардида чалинган аллақандай кишилар бўлса -   юзларини очиб чиқишсин. Соғлом муҳитда, маданиятли кўринишда, эркакка ўхшаб фикр алмашишимиз мумкин. Бунинг учун ижтимоий тармоқлар ва қатор воситалар бор.

Ҳа, айтганча, Мираброр Усмонов Холмат Мирзааҳмедовнинг биргина рост гапи учун бош ҳакам қилиб қўйганини ортиқча чайнаш шарт эмас. Чунки ўша ҳакамлик биринчи ва охиргиси эди, буни унутмаслик лозим. Тан оламан, федерация президентининг ўша сиёсати маъқул бўлди. Чунки унда рост гап учун рағбат, қинғирликлар учун эса кичик бир жазо ҳам бор. Назаримда тушунтира олдим.

Пасткашликдан тийилинг, ҳеч қанақасига ярашмайди.