Поиск по этому блогу

25 декабря, 2015

Чемпионлар лигаси хавф остида

Ушбу мақолани ёзишдан бир неча дақиқа олдин клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати чорак финал учрашувларини томоша қилдим. Бирида Хитой чемпиони Мексика етакчисига чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйди, иккинчисида мезбон – Япония чемпиони қора қитъанинг энг кучли жамоаларидан бирини йирик ҳисоб билан таслим қилди.

Ўз вақтида Ўзбекистон жамоаларининг бу турнирда иштирок этишларига қандайдир ишонч бор эди. Ҳозир эса умиднинг ўзини ҳам йўқотиб қўймоқдамиз. Ўтган ҳафта Осиё чемпионлар лигасининг 2016 йилги мавсумига қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Унда мамлакат шарафини ҳимоя қилувчи жамоаларимиз ўз рақибларини билиб олишди.

Бизнинг энг яхши натижа ҳозирча ярим финал. Келинг, бунга қандай қилиб муваффақ бўлганимизни бир эслаб кўрайлик. Терма жамоа базаси сифатида “Пахтакор” танлаб олинди ҳамда олий лиганинг энг кучли футболчилари бир ерда жамланишди. Ярим финалнинг Таиландда ўтган беллашувида қандай хатоларга йўл қўйганимизни кўпчилик билади. Ваҳоланки “Пахтакор” “Бек Теро”дан кучсиз эмасди. Пойтахтнинг бошқа бир клуби “Бунёдкор” биринчи уринишда “пахтакорчилар” ишини такрорлади. Иккинчисини эса кўпчилик кутмаганди. Қосимов ўзининг севимли услуби билан финал остонасига қадар иккинчи марта етиб борди.

Бугунга келиб эса чемпионлик у ёқда турсин, ярим финал босқичига чиқиш ҳам амримаҳол. Бунда ўзбек клубларининг кучсизланиши ва ҳориж жамоаларининг олдинга силжиши сабаб сифатида кўрсатилиши ўринли. “Локомотив” ҳамда “Насаф” олдинги ҳолатидан яхшироқ кўринишга келгандир балки. Аммо бу чемпионлар лигасида муваффақиятли тўп суриш учун камлик қилади. Тошкентнинг қолган икки жамоасида эса аксинча ҳолат. Фикримга кўра ярим финалларга етиб борган олдинги “Пахтакор” ва “Бунёдкор” бугунгиларидан кучлироқ эди.

ОФК бизга 3+1 квотасини икки йилга суғурталаб берганди. Биринчи мавсум бунга шармандали натижалар билан жавоб бердик. Тўртта жамоанинг бирортаси гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўта олмади. Ўша натижалар фонида келаси йилги ҳолатни чамалайдиган бўлсак, биргина “Локомотив”нинг ишлари бироз жойидадек. Қолганларда эса аксинча.

Қаршининг “Насаф” клуби Рўзиқул Бердиев бошчилигида биринчи титулини ютиб олди. Бунга жамоа босқичма-босқич етиб келди. Аниқроғи, яхлит таркиб узоқ вақт давомида тобланиб келаётганди. “Насаф” энг камида ўз футболчиларини сақлаб қолган тақдирида ҳам ўтган йилдагидан тузукроқ қатнашишига ишониш мумкинми? Қуръа Бердиев жамоасини нисбатан қийинроқ гуруҳга рўбаро қилди. Бугунги “Ал-Айн” ва Саудиянинг “Ал-Аҳли”си қандай кучга эга эканлигини билиш учун статистикага мурожаат этишнинг ўзи кифоя. Тан олиш керак, бу жамоалар “Насаф”дан кучли. Тасдиқланмаган хабарларга кўра бир қатор етакчи фигуралар Қаршни тарк этишга яқин туришибди. Тошкент жамоалари муваффақиятларга катта ҳисса қўшиб келаётган қанот ҳимоячиларига совчи бўлиб улгуришган. Мураббийлар штаби уларнинг ўрнини янги номлар билан тўлдириши мумкин. Бироқ номлар ўйин услубига кўникиб улгургунларига қадар катта эҳтимол билан қаршиликлар чемпионлар лигасини “қурбон” қилиб юборишларичи? “Ал-Айн” ёки “Ал-Аҳли” ўзига раво кўраётган легионер футболчилар ҳарид қилинишига ҳозирча ишонмайман.

“Бунёдкор” катта ўзгаришлар арафасида турибди. Раҳбарият икки йилни тажриба учун сарфлаб юборди. Клуб ихтиёрига янги футболчилар келиб қўшилиши мумкин. Аммо ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, бу сафар Сардор Рашидов “қалдирғочлар” билан бирга эмас, бу катта йўқотиш. Унинг ўрнини боса оладиган футболчи олий лигада ҳозирча йўқ. Ва ҳозирги раҳбарият кучли легионер футболчини олиб келишига ишониш қийин. Қолаверса “Бунёдкор” ўзи учун бутунлай янги бўлган сербиялик мутахассисни таклиф қилиш арафасида турибди. Тўғри, мураббий учун ўзбек футболи бегона эмас ва унинг иш услуби ҳақида илиқ фикрлар билдириш ўринли. Аммо “Бунёдкор”ни Қосимов каби билмайди. Бу ерда гап икки мутахассисни солиштиришда эмас. Шунчаки янгиси иш жойига кўникиб, футболчиларни ўзи истаган кўринишга келтиргунига қадар энг камида мавсумнинг ярми ўтиб кетади.

“Пахтакор” кетма-кет икки бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритгани рост. Бироқ жамоа иқтисодий томондан қийинчиликларга эга. Бунинг натижасида “пахтакорчилар” деярли ҳар йили камида биттадан яхши футболчи билан хайрлашишга мажбур бўлишмоқда. Одил Аҳмедовдан бошланган иш келаси мавсум олдидан ҳам давом этиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Сергеевга Япония клублари қизиқиш билдирган, жамоа етакчиси Махарадзе эса бизнинг клублардан 3-4 баробар кўпроқ тўлаётган Малайзия ёки Таиландга жўнаб қолиши мумкин. Бор йўғи икки футболчи билан нимадир ўзгариб қолмайди дейдиган аҳволда эмас бизнинг жамоаларимиз. Заҳираси шундоқ ҳам кучли бўлмаган “шерлар” учун бу катта йўқотиш. Ва катта эҳтимол билан “Пахтакор”ни ҳам янги мураббий қабул қилиб олади. Ҳозиргиси жамоада қолганида ҳам чемпионлар лигасида нимадир каромат кўрсатишига ишониш қийин. “Пахтакор”нинг кучига шубҳа қилмаган ҳолда айтиш керакки, жамоа ҳеч бўлмаганда ўтган мавсумдаги асосини сақлаб қола билмаётгани барибир хавотирли.

Фақатгина “Локомотив” бошланган ишни давом эттираётган клуб бўлиб турибди. “Темирйўлчилар” иқтисодий аҳволни бир неча йилдан буён мўтадил ушлаб туришибди. Вадим Абрамов жиддий йўқотиш бўлиши мумкин. Бироқ унинг истеъфосидан кейин “Локо” кетма-кет 5 та ўйинда зафар қучганлигини ҳам унутмаслик керак. Карленович ўтган мавсум халқаро майдонда яхшироқ иштирок этиши учун камида 2014 йилги жамоа асоси сақлаб қолиниши лозим эди. “Темирйўлчилар” ўша хатодан тегишли хулоса чиқарганлари ҳолда бор эътиборларини асосий фигураларни жамоада олиб қолишга қаратишган. Қўшимчасига лиганинг бир қатор истеъдодли футболчилар ҳам сафга келиб қўшилишлари мумкин. Нисбатан олиб қараганда “Локомотив”га осонроқ гуруҳ ҳам насиб қилди.

Ҳозирча фақат битта хулосага: тўртта жамоамиздан бирортасининг ҳеч бўлмаганда ярим финалга етиб боришига ишониш мушкул. Чемпионлар лигасида асосий юкни легионер футболчилар ўз зиммаларига олиб келишмоқда. Бизнинг квартет эса бу билан умуман мақтана олмайди. Боз устига миллий терма жамоа асосини ташкил қилаётган футболчиларнинг катта қисми ҳориж чемпионатларига кетиб бўлишган. Уларнинг иштирокисиз клубларимиз кўп нарса йўқотишади. Бироз ғалати бўлса ҳам айтиш керак, тўртта клубни қўшиб, битта яхлит жамоа шакллантирсак балки ярим финални кўзлаш мумкиндир, шунда ҳам финални эмас. Чунки Аҳмедов, Рашидов, Жепаров каби йигитлар барибир йўқ. Тўртта клубнинг мавжуд футболчиларидан халқаро майдонда муносиб иштирок эта оладиган фақатгина битта жамоа етгудек таркиб бордек таассурот қолдирмоқда.

Хулоса анчагина қўпол: Япония, Жанубий Корея, Хитой, Қатар, БАА, Саудия Арабистони чемпионатлари билан солиштирганда бизнинг лига 3+1 квотасига муносиб эмас. Ҳақиқат ўзининг аччиқлиги билан ажралиб туради. Биз деярли ҳамма жабҳада юқорида номлари зикр этилган мамлакатлардан ортда қолиб кетдик. Навбатдаги мавсумнинг муваффақиятсиз келиши эса табиийки квоталаримиз сонига таъсир кўрсатади. Кўпчилик 1+2 кўринишини таҳмин қилмоқда. Балки шунда “Насаф” кубокни олганидан кейин ҳам консентрацияни йўқотиб қўймас, балки шунда “Бунёдкор” 4-пағонани қўлга киритиб, “ҳайрият” калимасини ишлатмас.

Мақола "Эрудит" газетасининг 17.12.2015, №151 сонида чоп этилган

1 комментарий:

  1. "Қозонга бори, чўмичга чиқади" Аммо ўша қозондагини тайёрлаш футболимиз мутасаддиларининг қўлида. На чора кутамиз. "Юзинг хунук бўлса ойнадан ўпкалама" дейишадику. Керакли хулосани мутахассисларимиз чиқаради

    ОтветитьУдалить