Поиск по этому блогу

29 декабря, 2015

“Қирол ўлди. Яшасин қирол!”

Бевосита Самарқандга тегишли бўлган нашрда шу шаҳарнинг бош жамоаси мухлисларига ёқмайдиган мақола битаётганимдан ғоятда қайғудаман, ишонинг. Бу одоб чегараларига зинҳор тўғри келмасада, умумий истакларимиз муштараклиги йўлида ас қотишидан умидворман. Авф этгайсиз...

“Динамо” келаси йил ўзининг 55 йиллик тўйини нишонлашини унинг мухлислари томонидан федерация президентига қилинган мурожаатда ўқиб билдим. Буни бепарволикка йўйишингизни истамасдим, шунчаки бизнинг шароитда мен учун жамоа ёшининг заррача қиммати йўқ. Қонун ёш-у қари учун баробар бўлгани каби, клубларимизнинг қачон пайдо бўлганлари ҳам ўзлари учун сийлов бўла қолсин.

55 йиллик баҳона мухлислар Самарқанд клубини олий лигада олиб қолишда амалий ёрдам беришни Мираброр Усмоновдан сўрашибди. Ул зот амалий ёрдам бермайди: ё олиб қолади, ёки беэътибор бўлади. Ҳозирги шароитда иккинчи йўл ҳам адолатли, ҳам оқилона бўлур эди. Тушунтиришга ҳаракат қиламан.
                     
Ўтган йил андижонлик футбол мухлислари жамоанинг ярим асрлик тўйини рўкач қилиб, деярли шундай чиқиш қилишганди. Тўй эмас, “Андижон” клубининг юрак ҳовучлаб тўп сурган ўйинларини кўрдик. Бу йил “Бунёдкор” 10 ёшга тўлди ва фаолиятидаги энг паст натижалардан бирини қайд этди. Айни ташкил топган кунида жамоа “Шўртан” билан ўйнади ва мухлислар ташрифи борасида антирекордини янгилади. Орада Шотландиянинг “Селтик” клуби Тошкентга келиши ҳақида бонг уришганди, Қирғизистоннинг “Абдиш-Ата”си ҳам келмади. Агар Андижон клубидан кейин сизнинг мурожаатингиз ҳам кўриб чиқилса, унда футболни йиғиштириб, жамоалар шажараси ҳамда қоғозбозликка кенг урғу берганимиз ҳам яхши. Битта хат билан клуб элитада олиб қолинадиган чемпионат билан бутун умр қолиб кетишни истамасангиз, синовли йилларда тишни тишга қўйишни ҳам ўрганиш керак. Ахир нимагадир эришиш учун бошқа нимадандир воз кечилади.      

Агар 55 йиллик катта воқелик сифатида кўрилиб, унинг рағбати жонсиз танага жон ато этиш бўлса, унда 10 йиллик учун “Бунёдкор”га чемпионликни “Пахтакор”дан олиб берайлик. Буни қарангки, “Пахтакор” келаси йил 60 ёшга тўлади, чемпионлиги қайтарилади. Кейин Бекободдаги завод юбилейини нишонлайди, темирйўлчилар қадаҳ кўтаришади, Сурхондарёда профессионал клуб қолмаганлигининг 10 йиллиги, Хоразм клублари олий лигани кўрмаганига 10 йил тўлгани, Қўқон футболи юз ёшдан ошиб кетгани ва ҳоказо. Биз эса раис бува акса урганида инженерлар қарс-қарс қилиб қарсак чалгани каби қўллаб-қувватлаб турамиз, нима дедингиз?

Кулгули, тўғрими? Мурожаатнома ёзиш фикри чиққан одамни билмадим-у, лекин ўзининг содиқлиги, ҳалоллиги билан меҳрга лойиқ Самарқанд кишилари соғлом рақобат ва чиройли футбол исташларига юз фоиз ишонаман. Бундан чиқди хат Мираброр Усмоновга эмас, вилоят ҳокимига ёзилиши керак. “Динамо” нега мавсумни яхши бошлаганида Агамуродов ва унга қўшиб бешта футболчи кетиб қолгани, ўшалар қандай қилиб “Бухоро”ни қутқариб қолишди-ю, “Динамо”га нима жин урганини тушунтиришни талаб қилишсин. Ҳоким эътиборни кучайтирган бўлса, федерация президенти футболни юқори савияга олиб чиққан бўлса-ю, “Динамо” тап этиб олий лигадан йўқолиб қолса, буниси қанчадан тушди? Демак клуб ичида биз билмаган бир нималар бор. Мухлислар шу ишларни очиб беришни сўраб мурожаат қилишсин. Усмоновга мактуб ёзилганида ҳам спорт принципларини бузиб, қолиб кетган жамоани сақлаб қолиш ҳақидаги шармандали чиқиш қилмасдан, Самарқанд футболининг замонавий структурасини бунёд этишга амалий ёрдам сўрашсин. Не-не баҳодирлар кўз тикканида ғурурини ер қилмаган Самарқанд аҳлининг кўнгли сунъий меҳр билан кўтарилиб қолишига асло ишонмайман. Ахир “Динамо” элитадан биринчи марта тушиб кетаётгани йўқ. Ва бундай синовларни клуб қандай енгиб ўтишни билади.

Ўзбекистон футболи умумий планда кўкка бўй чўзаётгани билан, аслида ишлари таг-томиридан чириб кетяпти, буни кўриб турибмиз. Китоби йўқ ўқимаган қушдек қўнар ҳар юракка дейилгани каби, “путбол пропессори” бўлмаса ҳам унинг курсисига қўниб олган ва ҳар не “ғоя”га таянч бўлаётган одамларимиз бор экан, бу фикримни ўзимни мажбурлаб ҳам ўзгартиролмайман. 1996 йил Урганчнинг “Динамо”сига қўшилиб Сурхоннинг “АСК” клуб учирма бўлишганди. Кейинги йил олийда жамоалар сони 2 тага кўпайтирилди, масала ҳал. Икки йил ўтиб бир йўла тўртта клуб оут. Бир йилдан кейин Гулистоннинг “Янгиер” клубига шароит қилишди, қандай пайдо топган бўлса, шундай йўқолди. 2004 йилда “Сурхон”дан очко олиб ташлашди, кейин умуман футболни олиб қўйишди. “Динамо” эса элитада қолган. 2007 йил ёрдам қўллари “Металлург”га чўзилди. “Трактор”нинг мотори бузилди, “Тўпаланг” тўс-тўполонсиз йўқ бўлди. 1-лигада анқайиб юрган “ОТМК” бир юмалаб ўзини олий лигада кўрди.
                                 
2008 йил “Дўстлик-2008” олий лигада ўйнамайман деганини Бухорода қувонч кўз ёшлари билан қарши олишди. 2011 йил “Гулистон” “отказ” тугмасини босиб юборди, байрам “Қизилқум” базасида нишонланди. Ўтган йил эса яна ўша гап – “Андижон”нинг 50 йиллиги. Водий клуби олиб қолинганида унга қўшилиб, жиззахликлар ҳам омон қолишди. Хўш, кимнинг ақли кирди? Даврон Файзиев шогирдларинингми? Ҳеч нарса ўзгармади. “Динамо” ҳам олиб қолинар балки, аммо ўзгармайди, ўзгара олмайди. Шунчаки мен ва менга ўхшаган кишиларнинг футболдан кўнгли қолиб, циркни миллионлар ўйинидан устун кўришни бошлаймиз. Масқарабоз асли кимлигини тан олиб, цикрда рол ўйнайди, ҳеч кимга кўринмайдиган маскасини тақиб, футболни бошқаришга даъвогарлик қилмайди.  

Ҳа, “Динамо”нинг сўнгги натижалари киши дилини ҳира қилади, хатто мени ҳам. Аммо бунга ечим жамоани олиб қолиш эмас, шуниси аниқ, шунга кўпроқ ишонаман. Ваҳоланки Самарқанддек гўзал ва навқирон шаҳарнинг ўзига ярашадиган суперклуби бўлиши керак, чин дилдан шуни хоҳлардим. Яна бир кулгули жиҳати бор, кўнгилни хотиржам қилингки, Самарқанд клубининг 1-лигага тушиб кетиши “бугунги кунда жадал ривожланаётган ўсмирлар ва ёшлар футболининг тараққий этишига” ҳеч қандай тўсқинлик қилмайди. Футболнинг ичида юрган одам сифатида буни сизга айтаман. Сўнгги сўзимда кичик илтимосим бор: футболга ёрдам беринг, уни сунъийлаштирманг. Сиз-у бизсиз ҳам ПФЛ раҳбарияти бу ишни қойиллатиб уддалаяпти. Мени кечиринг...

Мақола "Эрудит" газетасининг 24.12.2015, №152 сонида чоп этилган     

Комментариев нет:

Отправить комментарий