Поиск по этому блогу

22 декабря, 2015

Бензин масаласида кичик муаммо

Очилмаган АЁҚШга навбатда туришибди, соат тонгги 6, ҳали қуёш чиқиб улгурмаган. 7 да шаҳар чироқлари ўчирилади, кун ҳали ёришмаган бўлади. АЁҚШ шу вақтда балки очилар, навбат эса анча масофага чўзилиб улгуради.

Партиялар йилда кўплаб учрашувлар ташкил этишади. Шуларнинг бирида кишига умид берувчи жавобга дуч келгандим, свет масаласида. Чиқиш қилган кишининг гаплари қанчалик ҳақиқатга яқин экани менга қоронғу, аммо у ишонч билан фикр билдирди. 2018 йилга бориб свет муаммосига деярли дуч келмаслигимиз катта эҳтимол экан. Айни вақтда бир эмас иккита вилоятда йирик қуёш электр станциялари қурилаётгани ва бу ҳолат бугунги кун муаммолари учун яхшигина ечим бўлишини лўнда қилиб тушунтириб берди.

Бугун бензин билан боғлиқ масалани мана шундай тушунтириб беришларига муҳтожмиз. Uzneftmahsulot ўзининг расмий веб-сайтида ҳеч қандай бензин тақчиллиги мавжуд эмаслиги ҳақида маълум қилганида узунгина навбатда тургандим. Одатда Қоратошда жойлашган АЁҚШларга кириб ўтаман. Навбат АЁҚШдан 1-шаҳар клиник шифохонасига қадар чўзилган бўлса ва сен бу каби хабарни ўқиб турсанг, устингдан кулишаётгандек ҳис қиласан ўзингни. Бу худди “В СССР секса нет” иборасига ўхшаб кетади.

Бензин қишга ғамлаб қўядиган маҳсулот эмас, ҳар ҳолда оддий одам учун. Бир ойда 3-4 марта ёки ундан кўпроқ бензин ҳарид қиладиган инсон ёқилғининг камайиб кетишидан ҳайиқиб, уни томорқасига ғамлаб қўймайди. Бензин тақчиллигини вужудга келтиришда фаол иштирок этаётган ва бунинг орқасидан ноқонуний даромад олиш илинжида бўлган кишилар етарлича топилиши кундек равшан. Бироқ айрим АЁҚШлар 24 соат фаолият олиб боргани ҳолда бензин тақчиллиги юзага келишига ишониш қийин.

Қоратошдаги АЁҚШлардан бирида куннинг исталган вақтида бензин топса бўлади. Ҳозир эса у маълум вақтдан сўнг ишни тўхтатади. Хавфсизлик назари билан қараганда ярим тунда АЁҚШларнинг ишламаслигини тушуниш мумкин. Ёки бўлмаса ёқилғи қуйиш шаҳобчасида бензин тугаши унинг маълум вақтга ёпилишига сабаб бўлади. АИ-80 автобензини қолмаган бир пайтда, ҳаридорлар АИ-91 га мурожаат қилишади, унинг ҳам таги кўринса, табиийки АЁҚШ бекилади.

Автомашинада вилоятларга сафар этиш масаласини етти ўлчаб бир кесиш керак бўлади, бензин муаммоси сабаб. Тижорат нархида ёқилғи сотиляпти, лекин шундай пайтлар бўлганки, тижорат нархига ҳам бензин топиш мушкул эди. Қўлдан олиш масаласи эса ҳаммага тушунарли. Айни вақтда АЁҚШлар ёпилиши билан ва айрим пайтларда ёпилмай туриб ҳам қўлда бензин сотаётган олиб-сотарларни исталганча учратиш мумкин. Шошаётган кишилар, бензини қолмаган ҳайдовчилар учун бу айни муддао. Аммо Uzneftmahsulot бунга ҳожат қолдирмаслиги керак, агар чиндан ҳам компания ташкил этган сайёр гуруҳлар кеча-ю кундуз назорат ва таҳлил олиб бораётган бўлишса. Ва чиндан ҳам нефт хомашёси нафақат мамлакатимиз ички эҳтиёжини қондириш учун, балки муайян миқдордаги ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини экспорт қилиш учун ҳам етарли миқдорда қазиб чиқарилаётган бўлса.

Навбат кўриняпти, бензин қўлга чиқиб кетаётганини ҳам пайқаш қийин эмас. Шунчаки кимдир бундай ҳолат қачонгача давом этишини содда қилиб тушунтириб бериши лозимдек. Узун навбатда турган вақтингизда Uzneftmahsulot навбат йўқ деса, сиз хабарга барибир ишонмайсиз. Лекин вазият ҳозирча шундай, фалон йилга мўлжал қилинган лойиҳамиз бор, ёки бўлмаса довондаги темирйўл қурилиши якунига етса, қачондир ҳаммаси жойига тушади ва муаммо бўлмайди қабилида тушунтирса, одамлар умид билан яшашади. Қачонлардир кўраётган нарсангиз йўқлигига ишонтиришга уриниш, уринаётганларга бўлган ишончингиз йўқолишига олиб келишини тушуниб етишлари керак. Шундай тушунаман.

11 комментариев:

  1. Bizda Xorazmda ham shunday xolat! Bundan 2yil oldin dadam ham erta sahardan uyimiz yonidagi benzin quyish shahobchasiga navbatga borar edi! Bu kutishlar! Benzin kelsa mayli...ammo kelmay qolsa shuncha kutish besamar bo'lardi.Oxir oqibat dadam prapan gaz qo'ydirdilar.Aytishlari bo'yicha uni ham xujjat asosida qo'yilar ekan. Siz ham shunday usuldan foydalanib ko'ring. Albatta xavfsizlik qoidalariga amal qilgan xolda! Bu eng muhimi! Xa aytganday Axa) deganingiz bu xa men deganimi? Mahliyo

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Охирги саволга жавоб яна аха)
      Ман бензинни афзал биламан. Машина яхшироқ тортади. Чунки у заводдан бензинда юриши учун чиқарилган, газ эса айрим нарсаларига таъсир этади. Заводнинг ўзидан газ билан чиққанида бошқа гап эди. Кейин хавфсизлик қоидалари ҳам муҳим манга

      Удалить
  2. Долзарб ва муаммоли ажойиб мақола тайёрлабсиз.

    Бизда кўпроқ "Оч қорним, тинч қулоғим" ақидасига ўрганиб қолишган инсонлар. Ҳаттоки ўзи учун белгилаб берилган ҳақ ҳуқуқлариниям талаб этишга ботинолмайди. Бундан эса айрим "ақлли"лар чўнтагини тўлдиришади. Ўзларича ҳақлигини исботлайди. Қачон биз ўз ҳуқуқимизни қўрқмасдан талаб қилишни ўрганамиз, ҳайронман.

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Ўргандик.
      Мусулмончилик - аста секинчилик

      Удалить
  3. Komiljon akani fikrlariga sal qo'shilmayman. maqolaning dolzarbligi qolmagan nazdimda, yana bilmadim. Siyqasi chiqib ketdi bu mavzuni ))) Bir mard jurnalist topilmayapti shu muammoning boshi qatta, kim yoki nima bunday bo'lishiga sababchiligini biladigan!

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Бунинг сабабини журналист билиши керак эмас, соҳа мутахассислари билади

      Удалить
  4. Албатта фикримга қўшилмасликка ҳаққингиз бор, инкор этмайман.
    Аммо бу менинг шахсий фикрларим, аҳоли учун халқ учун муаммо бўлиб турган ҳар қандай мавзу ДОЛЗАРБ ҳисобланади ва долзарб мавзу ҳеч қачон эски эмас (менинг фикрим)
    Чунки бу халқ муаммоси, уни бартараф этиш эса ҳамиша долзарб

    ОтветитьУдалить
  5. Komiljon Arslonov va Diyor ham o'z fikrlarini bildirganlar.Bu fikrlarga qo'shilish yoki aksincha... bu har kimning o'ziga xavola! Menimcha ular haq gapni aytishgan.Agar sabablar, yechim va javoblar kerak bo'lsa hurmatli ananim! Tegishli joylarga yo bo'lmasa telekanallarga murojat qilishingiz mumkin.Ana o'shanda biz ham bu savollarga javob olamiz. Birovning fikrini hurmat qilish kerak.Mahliyo

    ОтветитьУдалить
  6. Fikrlar hamisha hurmatda bo'lgan Mahliyoxon! hafagarchilik bo'lmasin! shuning uchun ham gapimning boshida "sal qo'shilmayman" deb aytib ketdim. Albatta Diyorning blogidan bu masalani yechimini so'rash hatto bo'ladi. Shunchaki bartaraf qilish kerak deysizlaru shunga o'xshagan bloglarda yoki ijtimoiy tarmoqlarda u bu narsa yozasila va shu bilan boshqa hech qanday harakat qilinmaydi. Diyorga bu masalani ko'taring deyish ham noo'rin bo'ladi, lekin adashmasam sizlar ham jurnalistikaga yaqin insonsizlar yoki jurnalistsizlar. bu mavzuni balki OAV ning boshqa turlariga olib chiqish vaqti yetkandur...Faqatgina kimningdur fikriga qo'shilaman deb turishdan u bu narsaning yoki benzinnig muammosi yechilib qolmaydiku. Uzr so'riman sizlardan agar noo'rin biror fikr bildirgan bo'lsam. Hurmat ila Anonim!!!)

    ОтветитьУдалить
    Ответы
    1. Исм қўйиб ёзмайсизларми-е, ҳамма жой Аноним)

      Удалить