Поиск по этому блогу

17 ноября, 2014

Дипломли қиз

Аниқ манзилсиз совчилик халқимиз қон-қонига сингиб кетган жуда яхши ва мен мутлақо ёқтирмайдиган анъаналарнинг бири.

Эски удумларнинг янгича қарашларга жуда бирикиб кетмаётгани, унга диний нуқта-назарнинг қўшилиб, добавкасига ота-оналар орзуси ила қориштирилаётгани менга ўхшаган яна кимларнидир қийнаб қўйган бўлса ҳеч ажабланиш йўқ. Тан оламан, ўша орзу-ҳавасларнинг енгил кўчишига бизнинг энса қотирар талабларимиз жиддий ҳалал бераётган бўлиши мумкин, аммо осонлик билан келган бахтнинг давомий бўлмаслигини ҳам кўриб турибмиз.
Қоралаётганларим билан қизнинг уйидан чиқиши ҳамоноқ стол устидаги ноз-неъматлар-у, уй деворига ёпиштирилган қоғозлардан тортиб, қизнинг ота-онаси қандай иш қилишидан гап бошлайдиган аёлларимизни танқид қилмоқчи эмасман. Бахтни 100 минглик шоколад ва уйнинг ҳашами билан ўлчайдиганларни қораламоқчи ҳам эмасман. Гап куёв бўлмишнинг ўз келажагини мана шундай яна бир қиз билан боғламаслик учун бел боғлагани ҳақида кетмоқда холос.

“Знакомства”нинг интернетдан мутлақо ҳоли тизими бир-бирини кўрмаётган ёки кўриб қолиш эҳтимоли анча кам бўлган, кўришиб қолганида ҳам бир-бири билан гаплашиб кўриш учун ўзида журъат топа олмайдиган ёшларнинг бахти учун яхши бир сабаб. Аммо инсон ўз қарашлари ва хоҳишларини амалга тадбиқ қилиши учун ўзгалар ҳаётини ўйин қилмаслиги керак. Айниқса ўз фарзандининг. Яхши бир қизга уйланиш, ота-онаси айтган қизга уйланиш, севган қизига уйланиш, мажбуран уйланиш, шармандаликдан қутулиш учун уйланиш, ўз талабларига мос қизга уйланиш – буларнинг бари бир-биридан тубдан фарқ қилади, шундай эмасми? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, сизга қайси бири маъқул вариантлигини?

Бугун “ўқиган қиз” ибораси катта саҳнага чиқиб бўлди. Афсусли томони шундаки, бу ўқиган қизлар ва ўқимаган қизлар ўртасида тафовут ёки табақаланишнинг вужудга келтираётгани. Агар гап икки жилддан иборат диплом ҳақида кетаётган бўлса, жуда қўпол қилиб айтганда уни сотиб олиш мумкин. Моддий томондан қийинчилиги йўқ оила фарзандининг талаба бўлишига қарашиб юбориши, тўрт йиллик контрак пулини тўлаб, ўша икки жилдлик дипломига сабабчи бўлиши катта эҳтимол. Умуман бунинг ёмон томони йўқ.

Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор – талаба ўқишда нима билан машғул бўлган-у, ўқишдан мақсади аслида нима эди? Мен бир қизни биламан. Университет таълимини олмаган, коллеж билан чекланган холос. Аммо 4та тилда бемалол сўзлаша олади. Яна шундай курсдошларим бор эдики, “Анна Каренина”ни ким ёзганини ҳам билишмайди, олийгоҳни амаллаб тугатишган, аммо нега айнан шу масканда ўқиётганликларини конкрет фикрлари ила тушунтириб бера олишмайди. Бизнинг удумлар эса биринчи қизга “ўқимаган қиз” мақомини бериб бўлди. Ваҳоланки у ўқиган адабиётлари ва билганлари билан айрим ўқиган қизлардан бир пағона устун туришга ҳақли. Шунчаки тақдир уни бошқа йўлдан етаклаган холос.

Ҳаёт сўқмоқлари тушунарли ва самимий бўлиши керак. Дипломи бор-у, миясида ҳеч вақоси йўқ қизлар, понт учун қизи билан дўстининг машинасида кўришадиган йигитлар, ўқиган қиз истаб, контракт пулини қизнинг ота-онасига тўлатадиганлар ёки келинининг тоби қочса, онасининг уйига жўнатиб юборадиган қайноналар – сизларни тушуниш қийин. Киши ё асли каби кўриниши ёки кўрингани каби бўлиши керак чамамда. Ҳавойи талабларга учиб, асл нарсалар унилаётгани чиндан ҳам ачинарли.

Ўқиган қизга бўлган эҳтиёж Қодирий таъбири билан айтганда “Ўзбекойимга ўхшаш чаладумбул хотинлар”дан қутулиш учунми ёки бунинг бошқа сабаби борми, аниқ айтиб бериш қийин. Аслида ўша Ўзбекойимни танқид қилишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Она фарзанди учун шундай ишлар қилиб қўйдики, ўз орзу-ҳаваси учун курашишга тўла ҳақли, бу борада гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Она ва фарзандининг истак-хоҳишлари бир ердан чиқиши қандай яхши-а? Ўқиган қиз талабида бўлиб, кейин ўша қизни уй бекасига айлантираётганлар камми? Умуман ўқиган қиз олишдан мазмун ва моҳият нимага бориб тақалиши ҳақида кимдир ўйлаб кўрганми? Қовуннинг сарасини ит ейди деган ўта ҳунук ҳақиқат бу борада ҳам катта саҳнага чиқиб қолса, у ҳолда ўқиган қизнинг тақдири не бўлади? Унинг ота-онаси қизини қайсидир чаласавод ёки бўлажак келиннинг қадамидан умид қиладиган оила учун тарбия қилмагандир.

Афсуски, гап барибир бир парча қоғозга бориб тақалмоқда. Бугун илм олиш учун имконият кенг бўлгани билан, илм олишга бўлган хоҳиш бутунлай бошқа масала эканлигини қачондир тушуниб етиш керак. Университетдаги тўрт йиллик умрини бекор ўтказаётган йигит-қизларнинг жамият кўзи учун талабалик армонида бўлган бошқа ёшларга нисбатан табақалашиб бораётгани ачинарли эмасми? Шахснинг жамиятда тутган ўрнини диплом, уй-жой, машина, жарақ-жарақ пул, паспортга тушган виза ёки унинг эгнидаги кийим билан ўлчайдиган кишилар эмасми аслида ўқимаган? Кимга қандай билмадим-у, пединститутнинг сирқти бўлимини бир амаллаб тугатган қиздан кўра, ўз интилиши билан тўрт йилдан буён абитуриент бўлиб юрган, ўқишга кириш учун бошини китобдан кўтармаган қиз мен учун минг марта афзал. Келин билан яшаш учун алоҳида квартираси бўлмаса ҳам, шу квартира учун тиним билмай меҳнат қилаётган йигит тайёр квартираси бор боқимандасидан минг марта афзал. Кира қилиш учун ота-онасини машина олишга кўндириб, йўлида учраган таннозни манзилига текин элтадиган йигитдан кўра, ҳар ой ўз пулига проездной сотиб оладигани афзал. Уст-бошини ҳар куни алмаштирмасада, ўзига ярашган кийимни танлай биладиган қиз минг марта афзал.

Айтмоқчи бўлганларим, икки ёшнинг дунёқараши ва ҳаётий принципларида якдиллик бўлиши асосий масала бўлмас экан, мустаҳкам оила ҳақида ширин хаёл суриш абсурд тушунча. Яхши, ишончли, ақлли, фаросатли, пазанда, ширинсўз жуфт ҳақида орзу қилиб, ўзи дуч келган юбкага осилиб юрган йигит – ўз орзусидаги қизга муносиб эмас. Келажаги бор, принциплари қатъий, ўз кучига ишонган йигит ҳақида орзу қилиб, ўтмишига киши билмас доғ тушириб юрган қизлар ҳам истаганига муносиб эмас.

Ва албатта ҳеч ким фарзандига ёмонлик раво кўрмайди. Хуллас аниқ манзилсиз совчилик халқимиз қон-қонига сингиб кетган жуда яхши ва мен мутлақо ёқтирмайдиган анъаналарнинг бири. Ундан кўра конкрет манзилдаги сиз истаётган қиз учун курашган минг марта афзал. Севинг, севилинг, севгингиз учун курашинг. Йўқса ноаниқ манзилдаги “ўқиган қизлар” билан кўришиб, вақт кетказганингиз қолади.

Оғайничалиш

10 ноября, 2014

romantika.uz

Шундай пайтлар бўлиб туради, матбуот учун мақола сўраб қолишади. Аммо кейинроқ уни босмасликка қарор қилишади. Қуйидаги мақола ҳам заказ асосида ёзилган. Бу шунчаки мавзу очиш учун қилинган сунъий бир иш. Ундаги барча фикрлар умумийликдан нарига ўтмайди. Қисқа қилиб айтганда, шундай нарсалар ёзиш ҳеч қачон ўзимга ёқмаган. Шу боисдан ҳам уни таҳаллус билан чоп этишларини сўрагандим. Шунчаки ўқиб кўринг ва фикрларга жиддий эътибор берманг.

“Бебош бош бош, ҳали ёш ёш ёш, энди ўн олтими, ўн етти, севаман деб ким айтди?..”
“Баён” йигитлари шу қўшиқни куйлаганида неча ёшда бўлгани ҳозир муҳим эмас. Лекин улар айтган ёшда ўсмир чиндан ҳам бебош бўлади. Тан оламан, улар фақатгина бебош бўлиб қолмай, ҳам қаламқош, ҳам юввош, ҳам думбул...бош!

Қаламқош бўлиш бугун муаммо эмас. “Винтаж” қўшиқларига ёлғондакам касал бўлиб, лаб ва қошни татуаж, юзни макияж қилиш, яна сочни укладка, эгнига удобная шмотка, нозиккина походка и все. Қўйдек юввош кўриниш ҳам қийин эмас. Майин табассум ва йигитлар наздида камгапдек бўла олиш. Аммо юздаги бу ниқобсиз уни кўра олишингиз учун бир пақир сув билан 1та танқидий фикр етарли. Сув ёрдамида гўзаллик ажиб бир краска мисол ерга оқиб кетса, ярашмаган кийими ҳақидаги фикрингиздан кейин камгап дилбарнинг луғат бойлиги очилиб кетади: “дамини огин ў, турш...”

Ойнага қараб нозланадиган эмас, селфидан лаззатланадиган даврда яшаб турибмиз. Лабинни чўччайтириб, кўзига маъюслик бериб, декольтени кичрайтириб, ака-укасига даюслик бериб турган қизлар билан яшаяпмиз, QaYSarKa, Adajonisining erkasi, Onasi o‘pmagan qiz, Qora ko‘z, Popush, Mani o‘rash sangamas, Asalka кабиларни гўёки илинтиряпмиз. Улар яшаб турган Qattaligimni topomisan, Sevgi shahri, Ancha uzoq, Nima ishin bor, Baribiramasmi каби маконларни излаяпмиз.

Романтика яхши нарса. Қизнинг йигитда кўнгли бўлса, йигит унинг учун курашса. Қиз йигит ҳақида кундаликларига, йигит эса оташин хатлар ёзса. Қиз йигитни рашк қилса, йигит қизни танҳо билса. Эртакнинг кульминациясида файзли бир тўй бўлса.

Европа уйғониш даврида қанчалик ўзгариб кетган бўлса, биз ўзликни англаш онида шунчалик қизариб кетдик. Уятдан! Никоҳига 5 ой тўлмай кўзи ёриётган, қизнинг отаси қуда олдида бўйин эгаётган, бахт уйига қўл ушлашиб кириб, айро чиқаётган, чимилдиқни рўё кўраётганлар дастидан-ку ҳаммаси. Романтиканинг эротикадан фарқи катта эканини тушуниш учун кучли фаросат шарт бўлсин экан.

Эҳ, ўша қайсаркалар дастидан ўзбекча Дон Жуанлар пайдо бўлишди. Аниқроғи, бизнинг “романтик” йигитларимизнинг кўнгли қайсаркаларни тусаб қолди. Қизнинг кийим кийишдан уялмай, туртилиб кетган кишининг эҳтиётсизлигига чидолмайдиган йигитларнинг айби бу.

Бир марталик маҳсулотлар ҳақида сўз очишга уялиб, бир марталик жононга айланиб қолишдан қўрқмаётган қизлар хайрон қолдиришади. Боғча даврида холакасим ўйнаб катта бўлиб, мактабга қадам қўйиб ҳам уни унутмаган ва коллеж даврида бу овунчоқни санъат даражасига олиб чиқа олган қизлар бор. Отаси рухсат бермаган жой учун онасини бир амаллаб кўндириб, йигитининг биргина “йўқ”жавоби учун уйда қоладиган қизлар бор.

Йигитининг кўзида оқила бўлиб кўринаётганига шубҳаси бўлмаган бу қизлар, орзулари учун эмас, сароб учун қизлик ғурурларини аллақачон битта олифтага бой бериб қўйганликларини кўпинча билишмайди, тан олишмайди. Ваҳоланки ўша ахмоқ қизнинг қайноқ селфилари ҳақида ўзига ўхшаган қовоқларга мақтаниб юрганини улар билишмайди. Интернет оламида ҳар куни ўзбек қизлари кашф этилаётганини кўра туриб, ўзларини босиб олишмайди. Худдики кимнингдир бошига тушаётган бу кулфат улар учун бегонадек.

Фақат нолиш бўлиб қолмасин, ғурурини хатто ўзидан устун кўриб, юриш-туриши отасининг юзи эканин билиб, не-не йигитларни ишқида сарсон қилиб юрган қизларимиз ҳам бор. Бир тийин топмай туриб, сигарета тутатадиган, уйга 1та нон кўтариб кирмай, оғзидан сассиқ носи тушмайдиган болалар ҳам бундай қизларга хурмат кўзи билан қарашади. Бу каби йигитларга уларни истаётганини яққол билинтириб қўядиган, кечаси эшигини қулфлаб олиб, телефонни тутатадиган, расмини сўраса, хурсанд бўлиб расмга тушиб юборадиган қизлар билан гаплашиш осонроқ. Чунки уларда ғурур камроқ, кайф кўпроқ, ақл озроқ, фаросат танқисроқ. Хаттоки шундай йигитлар барчаси чўпчак эканини тушуниб турганларида, бебош қайсаркаларимиз гулдек умрларига 1та доғ туширишаётгани кимга алам қилмайди? Хуллас “китоби йўқ, ўқимаган, қушдек қўнар ҳар юракка, ҳеч қаёнга кетмас учиб, кетаверар жонни қучиб..”

Сўзим охирида 1та аччиқ ҳақиқатга изн беринг: қиз боланинг ўтмиши, йигит кишининг эртаси яхши бўлсин! Боланинг бугун одноклассникда одноклассницаси билан ёзишган хатлари-ю, ўша қизнинг ғунчадек лабидан олган бўсаси эргага кечирилиб кетади. У 5 дақиқалик шаҳвоний истагини 1та яхши қизнинг бадном бўлишидан устун кўради.

Оғайничалиш  

04 ноября, 2014

Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача

Табиатан шеъриятга катта қизиқишим йўқ. Аниқроқ қилиб айтганда, кўнглим шеър тусаб қолган пайтни эслай олмайман. Аммо яхши асарга хурматим ҳамиша баланд бўлган. Савияли шоирнинг маъноли шеърлари йўлимдан чиқиб қолса, эътиборимдан четда қолиб кетмайди.

Инсон кўнглига яқин сатрларни излайди. Қуйидаги шеърни қачонлардир фейсбук ижтимоий тармоғида кўриб қолгандим. Уни твиттердаги саҳифамга қўйишим билан юзерлардан бири электрон почтасига юборишимни илтимос қилди. Яқиндагина шу киши шеърни менинг почтамга қайтиб юборганини кўрдим. Икки ўртада шеър муаллифи тушиб қолган кўринади. Излаб тополмадим.

Бу шеър менга Чарос исмли бир қизни эслатиб юборади. Уни сизга ҳам илингим келди.

Ўнг қўлингизда тобут, кўзларингиз ёш,
Ҳақиқат олдида эгилганда бош,
Тобутда ётарман маъюс қора қош,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Ётарман жим, кўзларим очиқ,
Ётарман жилмайиб, кулгулар сочиб.
Кўзингиздан ёш оқар тинмайин очиқ,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Хатто кирмагандим йигирмага ҳам,
Энди қўйган эдим ҳаётга қадам,
Карахт бўлиб қолар эшитган одам,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Онам оҳ, дод, дейди, ҳушин йўқотиб,
Отам не қилишин билмайин қотиб,
Мен видолашдим, индамай ётиб,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Сеплар йиғган эди орзулар қилиб,
Безатиб қўярлар либослар илиб,
Онажоним йиғлайди бағрини тилиб,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Тақдирим қаранг-а, ёш кетдим эссиз,
Зурриёдим қолмади, ўтдим-ку изсиз,
Оқ либос кийволиб, ётарман ҳушсиз,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Балки орзуларга энди етарман,
Қўлингизда жон бердим, жонсиз ётарман.
Кўзингиздан кўзим узмай кетарман,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Шундай кенг дунёга сиғмадим нетай,
Соғинчим кўксингиздан маҳкамроқ тутай,
Кўзингиз ёшламай мен тезроқ кетай,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Тириклик чоғимда билмадиз қадрим,
Юрагимга сиғмай, қийнарди дардим,
Ёлғиз яшаб мен нима қилардим,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

Мана сўнгги йўлга кузатдиз азал,
Сўнгги бор қўлимиз туташсин жоним.
Бу дунёдан кўра у дунё афзал,
Ёр-ёр айтиб борасиз қабристонгача.

P.S. Кейинроқ айтиб қолишди. Шеър муаллифи миллий университетнинг журналистика факультети талабаси Дилфуза Аҳмедова экан.

27 октября, 2014

Онамни соғиндим

Уйда меҳмон бор учун нисбатан совуқ хонада мен тунайдиган бўлдим. Кўзимни юмишга улгурдим-у, ҳали уйқуга кетмагандим. Устимга иссиқ кўрпа тушганидан кўзимни очдим: “Жоним бўлсин санга! Асалтойим...” Онам зўр бериб, кўрпа билан мени чирмаётганди. Тўнғичи кечаси совуққотса, онам бечора қандай ухласин? 25 ёш боласини қолган оналар ҳам шундай эркалармикин?

Онам ҳаммадан барвақт уйғонади. Уйғоткич товушини мен ҳам эшитаман-у, кўзларимни янада қаттиқроқ юмиб оламан. Худди шундай қилсам, уйқуга тўйиб оладигандек. Онам эса туриб нонушта тайёрлаши керак. Кечаси устимга кўрпа тўшанганидан кейин яна ўша кичкина ошхонасига йўл олиб, меҳмондорчилик сабаб бир неча соат ичида қалашиб кетган идиш-товоқларини ювишга тушган. Хойнахой отамнинг ва ўзи умрини бағишлагани уч ўғлининг кийимларига дазмол урган. Ҳафтада олти кун ишлайдиган онам ўзини хурмат қиладиган аёл. Кеч ётса ётадики, аммо ўзига қарашни унутмайди. Қўна-қўшни уни ўзига эътиборсиз бир холда кўрганига ишонмайман. Ишларини тугатгани ҳамоноқ, душанба учун тайёргарлик кўрганига шубҳам йўқ.

У ҳамшира. Йўлагимизга тез ёрдам машинаси онда-сонда келиб туради. Бизникига келганини эслолмайман. Биринчи ёрдамимиз ҳамиша онам. Нафақат йўлак, “Титаник”ни эслатиб юборадиган каттагина уйнинг қолган кишилари ҳам бетоб пайти онамни қидириб қолади.

Ишхонасида эса бир дақиқа тиними йўқ. Палатама-палата кириб чиқишидан ташқари, қайси беморга қандай дори бергани-ю, қайси уколни неча граммдан қилганигача битиб қўйиши керак. Шанбалик, якшанбалик, пахта каби ишларга ҳам улгуришини талаб қилиб туришади.

Ишидан шошиб келади-ю, ош-овқатига унайди. Ҳар икки кунда бир меҳмони бор. Уларнинг кўнглини олиши керак. Ёши 50га яқинлашиб қолган-у, қайни эгачилари учун ҳали ҳам келин! Уларнинг қош-қовоғига ҳам қараши керак. Овқати тайёр бўлаётганда катта ўғли ишдан кеч келадиган, ўртанчаси дўстининг туғилган кунига кетадиган бўлиб қолади. Кенжаси ҳам катта йигит бўлиб қолди. Ошналари билан чойхона ёки улфатчилиги бор. Бечора онам шунча овқатни кимга қилдим деб ичидан ўтказиб қўяди...

Ҳа, у ҳали ҳам келин. Ўзи келин қиламан деб икки йилдан буён оввора. Ҳар икки гапнинг бирида ўғлининг тўйи ҳақида ширин орзуга берилади. Ҳамиша дуоларига йўқ келинини қўшиб қўяди: “у бизни эшик орқасида кутиб турибди...” Яхши манзил чиқиб қолса, шунча ташвишидан вақт топиб, ўша ерга ошиқади. Муҳими инжиқ ўғлининг бахти чопса бас. Тез орада набирасини тиззасига ўтказса, унинг кашасини ўзи едириб қўйса, қондошларининг тадбирларига келинини фахр билан етакласа.

Мен онамни яхши кўраман. Лекин у буни ҳис қилиши учун жуда кам ҳаракат қиламан. Нега? Дилини оғритиб қўйган кунларим кўп бўлган. Афсус чекаман. Лекин бундан на фойда? У ҳаммасини унутиб юборади. У фарзандларига нисбатан дилида гина сақламайди. Онда-сонда соғинчим ичимга сиғмай, уни қучиб ўпганимда, у ўзини дунёдаги энг бахтли инсон дея ҳис қилади. Мен нодон эса шуни билиб туриб, шугина бахтни ҳам унга раво кўришни пайсалга соламан.

Мен эсимни танибманки, онам санаторий ёки маданий ҳордиқ чиқариши мумкин бўлган масканда дам олмаган. Онам самалётда ҳали учмаган. 1 марта поездга чиққанида шу қадар қувонгандики, тасвирлаб бериш қийин. У эса узоқ сафарга, ётиб кетадиган поездда йўлга чиқишни орзу қилади. Файзли ҳовлилар олдидан ўтаётганда, уй эгасига ҳавас қилиб, ўзи учун ҳам шундай ватан сўраб, қўлларини дуога очади. Икки тарафи ҳам кўчага қараган уй ҳақида орзу қилади.

Тонгда одатдаги каби ҳаммани ишга ташладим. Онам кириб кетаётганида унга узоқ тикилиб турдим. Ҳозиргина мен билан гаплашиб турган онамни соғина бошладим. Ҳозир ҳам уни соғиниб, нималардир қоралаяпман.

Мен жуда кўп хато қилдим. Беайб Парвардигор. Ҳали кўп хатолар қилсам керак. Хатоларим ичида онамни ранжитиш бўлмаслигини хоҳлардим. Мен уни керагидан кўп ранжитдим ахир. Шулар ҳақида ўйласам ўзимдан нафратланаман...

06 сентября, 2014

Ўзбекистон футболи учун 1та яхши ҳакам етарлими?

Бечора Валентин Коваленко.

Қайсидир ўйинни бошқариб боргани учун молиявий жаримага тортилган ҳакам ҳақида эшитганмисиз? Мен эса йўқ. Балки бордир. Билмадим. Агар фақат бизда бўлса ҳам ажабланмайман. ПФЛнинг қарорларига анча ўрганиб қолдим.

“Локомотив” ва “Бунёдкор” клублари ўртасидаги ўйинда ҳакам бир қатор хатоларга йўл қўйди. “Футбол шарҳи” кўрсатувида улар такрорий лавҳалари билан намойиш этилди. Ўша лавҳанинг 1та камчилиги бўлиб, унда Вадим Абрамовнинг матбуот-анжуманида билдирган фикрлари йўқ эди. Аслида матбуот-анжуманидан лавҳани топа олганим, аммо техник сабабларга кўра уни эфирга қўйишмагани бошқа масала. Режага кўра аввал Абрамовнинг сўзлари тақдим этилиб, кейин унинг фикрлари учун ўйиндан лавҳалар намойиш этилиши керак эди. Яъни, шарҳдан мақсад Валентин Коваленко фақатгина “Локомотив” зарари учун адашмаганлигини кўрсатиб бериш эди.

Учрашувни бевосита стадиондан туриб шарҳлаб борган киши сифатида Коваленко қайсидир жамоа учун яққол ён босди деган фикрдан мутлақо  йироқман. Рост, у ўйин тизгинини ўз қўлидан чиқариб юборди. Меҳмонлар дарвозаси томон белгиланган пенальтидаги қарори у қадар ишончли эмаслиги ҳақида керагидан кўп ўйлагани сабаб, қолган хатоликлар келиб чиқаверди деб ўйладим. Бундай ҳакамлик доим бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Футболда ҳамма нарса айни пайтдаги вазиятга боғлиқ. Биз ҳакамлардан талаб қилишимиз мумкин бўлган энг тайинли нарса – қайсидир тарафга ён босмаслик ва беллашувни холис бошқариб бориш.

“Локомотив” марказий ўйинни бой бергани учун клуб вакилларининг кайфияти жойида эмасди. Буни яққол эшитилиб турган эътирозлардан ҳам билиш мумкин. Ўша эътирозлар ўйин вақтида ҳам, ундан кейин ҳам асосан Фарход Магомедов манзили томон бўлаётганини тушуниш қийин эмасди. Натижа ўзини кўп куттирмади ва ЎФФ ҳакамлар департаменти Валентин Коваленкони 4та ўйинга четлатди ҳамда моддий жаримага (!) тортди.

Мени таажубга солган жиҳат ПФЛ қарорининг биринчи бўлиб “Локомотив” клуби расмий веб-сайтида эълон қилингани бўлди. Бу ташкилот обрўси учун жуда ҳунук иш. Агар футболда натижани ўзгартириш мумкин бўлганида эди, ПФЛ бир қатор ўйинлар натижасини бекор қилиб юборса ҳам ажабланмасдим. Натижа тарихда қолди. “Локомотив” рахбарияти кўнглини хотиржам қилиш учун эса учрашув ҳакамига чора кўрилди. Худдики қолган ҳакамлар “Локомотив”га қарши ўйинда эҳтиёт бўлишлари кераклигини кўрсатиб қўйгандек хол эди бу.

Валентин Коваленко Осиё ўйинлари таснифидаги футбол турнирида ҳакамлик қилиш учун Жанубий Кореяга жўнаб кетади. Бу орада Олий лиганинг 4та тури ўтиб кетади. Яъни, унга барчаси ётиғи билан тушунтирилади. Вазият қалтис экани, 4та ўйин билан ҳеч нарса ўзгармаслиги ва барчаси босди-босди бўлиб кетишини уқтиришади.

Қайсидир футболчи ёки мураббийни 4та ўйинга четлатишни мен тушунаман. Чунки унинг жамоаси қандайдир мусобақа таснифида 4та ўйин ўтказади. Аммо ҳакамлик масаласида бу бироз бошқачароқ. Агар ЎФФ ҳакамлар департаменти мавсумдаги барча ўйинлар учун йил бошида ҳакамлар тайин қилганида эди, Коваленко ўз чекига тушган 4та ўйиндан олиб ташланишини тушунардим. Аммо ҳакамлар департаменти учрашувларга бир неча кун қолгандагина ҳакамлар номини ошкор қилади. Демак, Коваленко 4та ўйинни ўтказиб юбориши учун у аввал 4та ўйинга тайинланиши, кейин эса олиб ташланиши керак. “Локомотив” клуби расмий веб-сайтида эълон қилинган хабарда Коваленконинг жазоси 4та тур эмас, айнан 4та ўйин шаклида кўрсатиб ўтилган. Бу 4та тур вақтида ҳам юқорида айтиб ўтганимиз каби Коваленко мамлакат ташқарисида бўлади. Демак ЎФФ ҳакамлар департаментининг қарори хўжа кўрсиндан бошқа нарса эмас.

Мен “Локомотив” – “Бунёдкор” ўйинини шарҳлаб бордим, унинг такрорий лавҳаларини камида 10 мартадан кўриб чиқиб, кейин унинг учун шарҳ ёздим. Магомедовга эътироз билдираётганликларини ўз кўзим билан кўрдим (ваҳоланки у ПФЛ учун жавоб беради, ҳакамлар департаменти учун эмас), якунда эса ҳакамлар департаментининг қарорини “Локомотив” клубининг расмий веб-сайтида кўрдим.

Мен “Бунёдкор” клуби мураббийи Мурод Отажоновнинг ФИФА ҳаками ҳақида билдирган фикри учун моддий жаримага тортилганини яхши эслайман. Аммо Валентин Коваленко ҳақида ундан-да кескинроқ фикр билдирган Вадим Абрамов моддий жаримага тортилганини кўрмадим. Мен учрашув инспектори Ғайрат Каримовнинг Валентин Коваленкога 8,5 (яхши) балл қўйганини кўрдим. Аммо яхши баҳо олган ҳакамга нега жазо чораси кўрилганини тушунмадим. Агар инспектор хато баҳо қўйган бўлса, унга нисбатан чора кўрилмаганлигини ҳам тушунмадим. Мен ПФЛни ҳам, ҳакамлар департаментини ҳам умуман тушунмайман. Ва бундай ташкилотларни ҳеч қачон хурмат қилмайман. Қила олмайман!  

30 августа, 2014

Шанель

Когда люди знакомятся, они в первую очередь видят лицо,  или может другую часть тела, которая привлекла внимание. Если брать за основу привлечения лицо, то это могут быть глаза, губы, а может родинка или нос с горбинкой. Если рассмотреть другие части тела, то вполне возможно, что это … (мужчины поняли), плечи, руки, пальцы и прочее. Но в любом случае окончательный итог вы принимаете только тогда, когда вы провели визуально полное внешнее знакомство с человеком. У меня же немного иная история.

Мне сначала довелось увидеть ее ноги.  Ее педикюр был аккуратен, и уже этим сводил с ума. Просто представьте, красивые, стройные белоснежные ноги и 10 пальчиков идеально горящие красным цветом лака. Думаю, этой части тела  достаточно, чтобы иметь приятное представление о хозяйке.

Прошло больше двух лет,  перед тем как я вновь увидел эту картинку. Все это перед глазами выстроилось так, будто было вчера. Чувства, которые я вновь испытал, моменты, когда ради того, чтобы ее увидеть, я был готов лишиться многого – это все пронеслось перед моими глазами. Это как старая карусель. Когда-то ты на ней катался в детстве, а вот теперь пришел посмотреть, чтобы вспомнить веселые секунды счастья. Я возвращаюсь к ее ногам, которые сводили с ума так, что вызывали желание припасть на одно колено перед ней.

Если вы считаете, что гордость падает к ногам только в случае красивых внешних параметров, то вы пустой, да еще и недалекий человек, который готов падать перед всеми ногами девушек, которые выделяются своими милыми мордашками и не более. До того как я увидел ее образ, я уже успел узнать весь ее богатый и такой необычный внутренний мир.

Эта девушка, своей мудростью была выше всех женщин. Именно этим она просто свела меня с ума, похитив все мои мысли.

Своим мировозрением и глубиной души она меня просто заколдовала.  Она много читала, ее мысли были всегда мудрыми и попадали в самый центр души. Она никому не подчинялась, жила по своим принципам, а после каждого ее ответа на любой вопрос, ваша душа просто переворачивалась.  Вот таким был ее внутренний мир, на фоне которого, любая мировая звезда всего лишь маленькая искра. Обычно, бывает так, что незнакомый внешний образ вас не сможет так заколдовать. Однако, только лишь ее ноги, могли отвергнуть полностью мое вышеуказанное предложение.

Для того, чтобы увидеть остальную часть ее тела, мне понадобился ровно год.

За один год, она полностью завладела мной,  даже несмотря на расстояние.  Чтобы я полностью растворился в ней, и потерял ум, мне нужно было всего лишь одно – ее увидеть.

Я ее увидел. На фото. Она сидела за партой рядом с маленькой девочкой и весело улыбалась. Она улыбалась мне. Говорят, что когда человек улыбается, то под владение улыбки попадают и глаза. Однако, ее глаза не улыбались. Она этого никогда не сможет признать. А все потому, что она никогда не сможет посмотреть на себя моими глазами. Она никогда не поймет, что боль в ее глазах, еще больше усилила мою боль.

Сегодня я с ней встретился. На ней была совсем другая прическа нежели на той фотографии. Может быть этим она хотела поиграть на моих нервных струнах. Однако, эта прическа мне так пришлась по душе, что я был готов на  все, лишь бы она никогда не расспускала свои волосы. Она приблежалась ко мне, я ждал ее на площади, смотрел как она идет и пытался успокоится, так как несмотря на жару меня бросало в холодный пот.

Она села на переднее сидение машины, а ее запах который распространился вокруг сделал меня умалишенным. Шанель! Я полюбил ее из за красоту ног. А запомнил теперь благодаря ее личному запаху. Никогда мне  не забыть смотрящие на меня веселые глаза, и эту детскую прическу.

Дия О‘Лен (Dia O'len)

14 августа, 2014

КТСни ишлатиш керак

Жамият барқарорлиги учун қонунларнинг ҳамиша устун бўлиши яхши нарса.

Танганинг, деворнинг, тоғнинг икки тарафи бор. Ҳар бир ҳаракат, қарор, ишдан кўзланган мақсад 1та бўлса ҳам, унинг оқибатлар турлича бўлиши катта эҳтимол. Захарли ҳашаротларни қириш мақсадида олиб келиниб, кейин эса экин далаларини пайҳон қилишда айбланган қушлар ҳақида эшитгансиз. Кейин эса шу қушларни қирганлар рағбатлантирила бошланди ва уни сунъий кўпайтириб, кейин қириш бизнес даражасига кўтарилди. Хуллас...

Аслида КТС ҳақида яна нимадир қоралашни ният қилгандим. “Насаф” клуби ўзининг яхши замонлари вақтида яхши бир КТС ҳарид қилингувчи эди. КТСни ким, қайси пулга, нега ҳарид қилганини мен билмайман. Лекин КТС фақатгина 1та ёки бир нечта шахс учунгина хизмат қиладиган техника эмаслигини яхши биламан. Шунингдек сотиб олинган бу молни ортга қайтариб бўлмаслигини ҳам.

Ҳозир шу КТС жамоат жойи бўлмаган бир жойда ишсиз турган бўлиши катта эҳтимол. Ваҳоланки ундан фойдаланиш эвазига қатор ишларни битириш, унинг махсулотлари билан аудиториянинг талабини қисман қондириш мумкин. Тушунишим бўйича КТСнинг Ўзбекистонга кириб келиши тарихи жиддий ўрганиб чиқилмоқда. Жамият барқарорлиги учун қонунларнинг ҳамиша устун бўлиши яхши нарса. Қонунбузарликка йўл қўйган жисмоний ёки юридик шахслар жазоланишларига шубҳа қилмайман. Биз қонунлари устувор мамлакатда яшаяпмиз.

Мени қонун ижроси ва КТСнинг кириб келиши тарихи эмас, унинг ишсиз ётгани кўпроқ безовта қилади. Кун келиб шу КТС мусодара қилинган тақдирида ҳам, қилинмаган тақдирида ҳам бир хил ишни бажараверади. Масала унинг кимга хизмат қилишида қолгани КТС ишини тўхтатиб қўймаслиги керак чамамда. Масалан унинг учун буюртмалар бўлса, буюртмачи пулни тўлаб бериши учун давлат банкларидан бирида ҳисоб рақам очиш ва КТСни ҳам маълум муддат (иш кўриб чиқилгунига қадар) шу банк ихтиёрига топшириш мумкин. КТС иши ҳал бўлганидан кейин банк кўрсатган хизмати учун ўз фоизини олиб қолиб, мулкни эгасига топшираверади.

Бундай дейишимнинг боиси “Насаф”га яқин бўлган бу КТС клубдан ташқари давлатнинг бир қатор тадбирларидан ташқари давлат ичида давлатчага айланиб қолган ташкилотлар учун ҳам хизмат қилиб келди. Яъни, керак пайтда уни барибир ишлатишди. Умуман КТС ишлаб туриши керак. Унинг ишлаши ишсиз турганига қараганда узоқроққа етиши учун хизмат қилади. Мадомики уни ишлата олиш мумкин экан, ишлатиш керак.

КТСнинг бизнинг ҳудудга кириб келиши яхши нарса. Бу телевидение ривожи учун хизмат қилади. “Насаф”дан ташқари “Бунёдкор” футбол клубига тегишли КТС ҳақида ҳам эшитганим бор. Бу икки КТС МТРКга қарашли КТСлардан яхшироқ, замонавийроқ ва фойдалироқ. Олий лиганинг қолган клублари соясида қўшимча КТСларнинг сотиб олиниши мени хурсанд қиларди. Чунки айтиб ўтганимдек, КТС шахсий завқни қондириш учун ҳарид қилинмайди. Уни ҳарид қилишга қарор қилган кишилар катта эҳтимол билан ниманидир ривожлантириш истагида ҳам бўлишган. Уларнин бу истаклари яхши. Ҳаракатлари ноқонуний бўлган эрса – қонунларимиз бор.

Жамият барқарорлиги учун қонунларнинг ҳамиша устун бўлиши яхши нарса.

12 августа, 2014

Олий лига ўйинларининг трансляцияси ҳақида

Телевидение ривожланмагунига қадар Ўзбекистонда футбол ривожланмайди.

“Спорт” телеканали олий лига иштирокидаги ўйинларни тўғридан-тўғри транслация қилиши мумкин. Фақатгина танлов асосида. 1та турдаги барча учрашувни жонли намойиш қилишнинг имконияти йўқ, жуда истасак ҳам. Бунинг учун КТС (кўчма телевизион станция) етишмайди.

Бизнинг шароитда мен 5та КТС ҳақида биламан. Шуларнинг 3таси МТРКга тегишли бўлса, яна 2таси “Насаф” ва “Бунёдкор” футбол клублари сабаб Ўзбекистонга олиб кирилган. Агар “Спорт” канали уларнинг барчасидан максимум даражада фойдалана олса ҳам, 1та турнинг 5та учрашувини трансляция қилиши мумкин.

Лекин “Спорт” уларнинг ҳаммасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас. Ҳеч бўлмаганда МТРКга тегишли бўлган КТСларнинг ўзи ҳам айни бир вақтда 1та каналга насиб қилиши қийин масала. Боиси МТРК фақатгина “Спорт”дан ташкил топган эмас. Унинг зиммасида яна 11та телеканал бор. Телемарказ эса буюртмага кўра иш кўради. Телемарказ учун “Пахтакор” ёки “Бунёдкор”нинг муҳим ўйини мутлақо аҳамият касб этмайди. У берилган КТС учун жавоб беради ва буюртмачидан пулни қабул қилиб олади.

“Спорт” эса 3та КТСнинг барчасини бир вақтда олиши учун биринчи навбатда ўз буюртмаси қолган буюртмаларга қараганда долзарброқ эканлигини исботлаб бериши керак бўлади. Агар КТСлар қандайдир жиддийроқ тадбирга жалб қилинган бўлса, олий лига ўйинлари ҳеч қачон асосий план бўла олмайди. Иккинчи томондан эса канал ҳар бир баюртмаси учун пул топиб бериши керак бўлади. 1та КТСнинг телевидение ҳудудидан чиқиб, маълум трансляцияни амалга ошириб, яна ортга қайтиб келиши яхшигина суммани ташкил этади. Агар бунда масофа катталашса (пойтахтдан четга чиқилса) нарх ҳам ўз-ўзидан кўпаяверади.

Олий лига учрашувлари трансляцияси учун бақувват ҳомийларни топиш қийин масала. Агар гап жаҳон ёки Европа чемпионати, ҳеч бўлмаганда Осиё Кубоги ўйинлари ҳақида кетаётган бўлса реклама берувчилар ўз-ўзидан пайдо бўлиши табиий. Аммо ПФЛнинг ўзи бир неча йиллардан буён Олий лига учун бош ҳомий топа олмаётган бир вақтда, унинг трансляцияси учун телевидение бақувват кимнидир топиши жуда иложсиз бўлмасада, ҳар холда қийин иш. Олайлик, олий лиганинг бир ойда 4та тури бор. Канал МТРКга тегишли бўлган КТСлардан максимум фойдаланиб, 12та учрашувни трансляция қилса, ўзига ажратилган суммадан кескин чиқиб кетади. Яъни, 12та футбол учрашуви учун бир ойлик бюджетининг каттагина қисмини йўқотиб қўяди.

Яна бир томони борки, наврўз, мустақиллик каби байрамлар вақтига ёки бўлмаса баркамол авлод, универсиада каби мусобақалар пайтига олий лига ўйинлари тўғри келиб қолса, КТСга пул топилган пайтда ҳам трансляцияни амалга ошириш иложсиз бўлиб қолади. Хавфсизлик масаласида КТСлар бир неча кун аввал бу объектларга жўнаб кетса, долзарблилик бобида олий лига ўйинларидан устунлик қилади.

Халқаро футбол мусобақалари эса бундан мустасно. Масалан МТРК Осиё чемпионлар лигаси доирасидаги клубларимизнинг сафар учрашувларини тўғридан-тўғри трансляция қилиб келади. Бунинг эвазига шу клубларнинг Тошкентда ўтадиган учрашувларини WSG (World sport group)га ўз техникаси билан узатиб беради. Халқаро даражадаги бу келишувга иложи борича қатъий амал қилинади. Осиё Кубоги ва жаҳон чемпионати саралаш учрашувлари трансляция ҳуқуқини ОФК ҳамда ФИФА федерацияларнинг ўзига тақдим этади (ЖЧ сўнгги саралаш босқичи бундан мустасно).

Агар КТСлар етарли бўлса ва уларни ишлатиш учун маблағ топилса, республиканинг исталган нуқтасидан туриб трансляцияни амалга ошириш мумкин. Оптик толали кабель вилоятлардаги барча телевидениеларга тортиб чиқилган. Универсиада, баркамол авлод каби мусобақаларнинг, “Шарқ тароналари” каби фестивалларнинг тўғридан-тўғри кўрсатилгани мазкур фикрга исбот бўла олади. Бироқ айни пайтдаги мавжуд техника билан Олий лига ўйинларининг ҳаммасини трансляция қилишнинг иложи йўқ.

Вазиятдан келиб чиққан холда вилоятлардаги бир қатор ўйинларни ҳеч бўлмаганда 2та камера билан суратга тушириш мумкин. Бунда тўғридан-тўғри эфир имконияти йўқолади. Такрорий лавҳалар бойлиги ҳам кучини йўқотади. КТСлар банд бўлган вақтда Тошкентдаги бир қатор учрашувлар 2та камера билан тасвирга туширилган. Кейин улар телемарказда монтаж қилиниб, эфирга узатилган. Вилоятларда ҳам бу ишни амалга ошириш учун камералар сони кўпроқ бўлиши ва албатта футбол долзарб мавзуга айланиши керак бўлади. Айрим вилоят телевидениелари раҳбарлари баъзи пайтлар фақатгина лавҳа учун 1 дона камерани стадионга юборишни пайсалга солишади.

Хуллас футбол ривожланиши учун телевидение ривожланиши керак. Телевидение уни трансляция қилиши учун футбол ривожланиши керак. Агар олий лигага бўлган қизиқиш ҳеч бўлмаганда Англия чемпионатига бўлган қизиқиш каби бўлганида эди, балки МТРК футбол трансляциялари масаласига жиддийроқ эътибор қаратган бўларди.

10 августа, 2014

Аслзода

Аранг етиб келди. Жазирамадан ичи қизиб кетганди. Юрак уриши тўхтагач енгил тин олди.

Қуёш ўзини босиб олган пайт кўча одамларга тўла бошлади. У эса чангиб кетганди, чарчаганди. Нигоҳлардан ўзини олиб қоча олмасди. Сувсаб қолган баданига совуқ сув тегиши билан мудраётган кўзлар очилгандек бўлади. Елкадаги юк тушаётгандек худди. Ўзими шунча гардни кўтариб туриш, ҳар куни ўнгга, чапга бурилиш, радари йўқ кўчаларда мингга қўйиб югуриш?

#np Ace of Base – Wonderful life 

Хира тортган ранглар очила, дил эса яйрай бошлади. Кичик кўчанинг шу пайтдаги асосий йўловчилари пайдо бўлишди. Кимдир қўшнисининг чақалоғини коляскага солиб олган, яна кимдир кун бўйи тўкилмаган, тўкилган бўлса челакка яна “қўққисдан” тушиб қолган kent пачкасини чиқиндихонага ташлаб келиш учун сайрга чиққан. Дўкон баҳона ҳаво алмаштириб оладиганлари эса нон ҳарид қилишга тушишди. 5 дақиқадан кейин макарон, 10 дақиқадан кейин албатта чистол керак бўлиб қолади, ишонинг. Чистолга пул етмай қолса яна бахт...

Резина гиламчалар асл рангини қайтиб олаётганди. Оппоқ кўпикларга бурканган бу ишланмалар ўткинчиларнинг нигоҳини ўзига қаратмасдан қолмасди. Унинг олдидан оқаётган сувнинг эси қадри йўқ. Чунки у нон шаҳрида оқиб турибди. Бу ерда оч қолишнинг ҳам, сувсашнинг ҳам иложи кам. Увол сўзи бензин ва нақд пулга синоним бўлиб кетган. Қолгани VIP.

Бу вақтда кўчага чиқиш байрам. Яхши футболка, почалари тепага қайирилган женси, томоқ ҳамда қулоқ орқаларига урилган adidas’нинг ҳушбўй томчилари-ю, чап қўлда ялтираб турган браслет. Буларнинг бари ва енгил тортаётган арава ўткинчиларни ўзига ром қилади. Чунки уларнинг кўпи домнинг орқа тарафидаги мактаб, муюлишдаги ахлат хона, Тошқин аканинг чала буткаси ва пластик карточкага ҳамма нарса ҳарид қилиш мумкин бўлган мини-маркетни билишади. Қолганини Navo’дан ёки одноклассникидан кўриб туриш мумкин. Кўрилганларнинг кўпи эса сув билан ўйнашаётган чувакка жуда ўхшаб кетади.

У эса ойналарни жуда чиройли артади. Дельфин латтанинг энг тозасини тўрт буклаб, икки тарафи бор ойналарни уч томондан тозалайди. Кўзининг қири билан ўткинчиларнинг аҳволини кузатади ёки ойнанинг ўзидан уларга маъноли боқиб қўяди. Шундай боқадики, ўткинчилар бу боқишларни илғамай, унинг биргина назарига зор бўлиб ўтишади. Жуда эътиборталаблари уловдан таралаётган куйни сездирмайгина ҳиргойи қилишади. Балки шунинг учундир, жиддий эътибордан кейин танловдан жуда осон тушиб қолишади, яна ким билади...

Бир неча дақиқадан кейин яна чанг кўчадан юриб кетадиган резина балонлар ҳидли геллар билан қорайтирилгач, тоза ҳавода қуриб турган гиламчалар ўз жойини эгаллайди. Машина ҳам одамдек гап. Ширин сўз ва яхши муносабатга худди шундай жавоб қайтаради, синаб кўришингиз мумкин. Ундан нолиманг, унга харажат қилишдан қочманг, уни тоза сақланг. Яхши хизмат қилади, жавоб!

Энди эса энг ёқимли пайт келди. У жуда тезда ўтиб кетади, аммо шу онлар учун соатлаб тайёргарлик кўрилади.

#np Enrique Iglesias feat Sean Paul – Bailando 
Volume – 1, 2, 3, 4… 30
Қора кўзойнак, ён ва ёрдамчи ойналар созланади, биринчи скорость, иккинчи скорость, учинчи скорость...

Энди унинг ўзи ўткинчи. Фақат ўзга маҳаллада. Бу томонларнинг ҳам ўз ўткинчилари бор. Аммо бу ўткинчилар фақатгина понт, кўзни қувнатиш, завқни ошириш учун. Ҳаёти учун эса 1-қаватда турадиган, ўткинчиларга қўшилмайдиган, лекин кетидан 20та ўткинчини зор етаклайдигани керак. Чунки тайёри ширин бўлмайди, курашилмайдигани, азоб бермайдигани, ўйлантирмайдигани, тушларида сайр қилмайдигани, рашк ўтида ёндирмайдигани вақтинчалик. 1-қаватдаги қиз эса мутлақо бошқача. У ўткинчи эмас. Балкон деразаси олдида пайдо бўлиши юракларни тезроқ урдиради, ён-атрофга алангламай юриши ўзига тортади. Унга қўпол ҳазил қилинмайди, шилта чуваклар иккинчи марта яқинлашишмайди.

Фақат шуниси борки, бу аслзоданинг кўнглини овлаш учун тоза женси, ойналари ялтираб турган, ичидан майин ҳид таралаётган тачка, 50 қўқонга тушган очки-ю, кўришганингизда қўлингизда қолиб кетадиган adidas иси камлик қилади. Аслзодалар фақатгина асл нарсаларни ўзларига раво кўришади. 1-қаватдаги қиз шундай қиз... 

31 июля, 2014

Ким нима ғамда

Финал тугади.

Дуо бошланди: “Яна тўрт йилдан кейин ҳам жаҳон чемпионати финалини худди шу даврада, худди шу уйда, соғ-саломатликда кўриш насиб қилсин!”

Сўнгги жумласидан бошқа барчасига ўзгартириш киритайлик, илтимос. Нега шу даврада? Балки кўпайишармиз? Нега шу уйда? Балки яхшироғига кўчармиз? Балки Россияни ўзида томоша қилармиз?!

Ким нима ғамда. Дуо қилиш ёшига етган киши яшаш  ҳақида, дуога қўл очгани яхши яшаш ҳақида ўйлаб қоларкан. Дуо қилаётганларнинг кўпига Москванинг классик кўчалари ёд бўлиб кетган бир пайтда, қўл очиб ўтирганлар ўша кўчалар ишқи билан яшаркан.

Олдин ЖАРга бормоқчи бўлдик, кейин Бразилияга, энди Россияга. Келгусида Қатарга боришга ҳаракат қиламиз. Орзу қилишда давом этамиз. Бунинг учун балки дуони ўзгартирармиз? Ёки дуо қилиш ёшига етганда биз ҳам ёшларнинг орзу-ҳаваси ҳақида унутиб қўямизми?

Узоқ умр кўринг бахтимизга. Доим дуогўйимиз бўлинг. Сизни суяб юриш бахтини тақдим этгани учун минг шукр. Фақат илтимос, шу дуога озгина ўзгартириш киритайлик, озгина.

19 июля, 2014

Руслан Чагаев танлови ҳақида

Руслан Чагаевга ҳомий керак бўлган бир пайтда Рамзан Қодиров унга ёрдам қўлини чўзди ва боксчи буни қабул қилди. Ишончим комилки, Чагаев Қодировнинг сиёсий ёки бошқа доирадаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун эмас, карьерасининг давомидаги муваффақиятлари учун бу ишга қўл урди. Айтмоқчи бўлганим, Қодировнинг рингдан ташқаридаги ишлари Чагаев учун матлақо аҳамиятсиз бўлиши ҳам мумкин (катта эҳтимол).

Чагаев ўзининг сўнгги жангини Чеченистон пойтахти – Грозний шаҳрида ўтказди. Ёрдам қўли қайси томондан чўзилганини инобатга олганда, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Ажаблантириши мумкин бўлган томони эса Чагаевнинг Россия байроғи остида рингга чиқиб келганидир. Аммо бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Чагаев бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтмаган ва биз ҳам ўша сабаб ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмасак-да, боксчининг бу чиқиши ўз-ўзидан эмаслигини биламиз. Шахсан мен Русланнинг Ўзбекистонга қасдма-қасдликда Россия байроғи остида чиқиб келганига ишонмайман. Бу унинг танлови ва мен уни хурмат қиламан. У шунчаки Россия байроғига қарши бора олмайдиган аҳволда қолган бўлиши ҳақиқатга кўпроқ яқин.

Руслан Чагаев ҳақидаги гаплар пайдо бўла бошлаганидан кейин у америкалик Майк Шеппард (22 март, 2013 йил) ҳамда сербиялик Йово Пудар (5 октябрь, 2013)га қарши жанглар ўтказди. Шу йилнинг 6 июль санасидаги жанггача у Ўзбекистон байроғи остида рингга чиқиб келди. Мен билганим, Шеппард ҳамда Пударга қарши жанг тафсилотлари Ўзбекистон телевилениеси ва радиоларида ёритилгани йўқ. Мана шунинг ўзиёқ, Руслан Чагаев ва унинг фаолиятини Ўзбекистонда чеклаш қудратига эга бўлган қандайдир шахс ёки ташкилот ўртасидан қора мушук ўтгани учун исботдир. Боксчи эса ўз интервьюларида ўзбекистонлик эканига урғу беришда давом этарди.

Руслан Чагаев пуэрто-рикалик Фрес Окендога қарши жангни Россия байроғи остида ўтказганидан кейин айрим ўзбекистонликлар уни сотқинга чиқаришди. Шу ўринда ватан ва ҳокимият тушунчалари бир-биридан тубдан фарқ қилишини айтиб ўтмоқчи эдим. Руслан Чагаев ватанини сотгани ёки юз ўгиргани йўқ. Шунчаки унга маълум чекловларни қўйган томонда туришни истамади. Унинг бу қарорини хурмат қилишга мажбурмиз. Жанглари учун тайёргарликни асосан Европада олиб борадиган ва ўша мактаб меҳнати эвазига шуҳрат қозонган йигит унга тўсиқ бўлмаган бир вақтда ўзига қадрдон байроқ ҳақида унутган эмасди. Унинг ўзбекистонлик мухлиси сифатида мен навбатдаги ғалабасидан хурсанд бўлдим ва Россия байроғи остида жангга чиққанига ачиндим. Бу ачиниш ҳисси ҳам Чагаевга, ҳам уни бой берган томонга. Чагаев ҳар қандай вазиятда ҳам Ўзбекистон учун содиқ қолиши мумкин эди ва чин дилдан истаса бу унинг қўлидан келарди. Шунингдек унда танлов ҳуқуқи бор эди ва танлов уни ватан хоинига чиқариш учун асос бўла олмайди.

Шу ўринда сўнгги тўрт олимпиаданинг 3тасини олтин ва дастлабкисини кумуш медал билан якунлаган Артур Таймазов номини ҳам тилга олиб ўтмоқчиман. Украинада таваллуд топган бу йигит Россия кураш мактаби тарбияланувчиси бўлсада, 2000 йилдан буён Ўзбекистон байроғи остида жанг қилиб келди ва унинг муваффақиятлари халқаро майдонда мамлакатимиз учун катта шуҳрат келтирди. Агар Таймазовга украинлар сотқин, руслар эса кўрнамак тамғасини қўймасликлари учун курашчи ҳеч нимани ўзгартирмаганида, балки у бу қадар катта муваффақиятга эриша олмасди. Унинг ютуқлари эса миллионлаб ўзбекистонликларда фахр ҳиссини уйғотди. Таймазов учун қарсак чалиб турган қўллар, бугун Чагаевни сотқинга чиқараётган бўлса, бу қўл эгаларини тушунишга менинг ақлим ожизлик қилади. Чунки бу икки спортчи танловида мен катта фарқ кўрганим йўқ. Шунчаки танловга асос бўлиб хизмат қилган сабаблар турлича холос.

Энди эса Сочи олимпиадасида Россия терма жамоасига 3та олтин ва 1та бронза тақдим этган, асли кореялик Виктор Анни олайлик. У Россия фуқаролигини қабул қилгунига қадар Жанубий Корея делегацияси учун ҳам олимпиада ўйинларида 3та олтин ва 1та бронза тақдим этганди. Жаҳон чемпионатларида эса 19та олтин, 8та кумуш ва 4та бронзага эга чиққан. Аммо корейслар унинг жиддий жароҳати учун қайғуришмади. Натижада Ан Россия кўмагида унинг мадади, кейин эса фуқаролигини олишга қарор қилди. Шунинг эвазига корейслар Анни сотқинга чиқаришлари адолатдан бўлмасди. Жилла қурса унинг Жанубий Корея учун қилган меҳнатларини қадрламоқ керак чамамда.

14 июля, 2014

Бразилиянинг муваффақиятсизлиги тасодиф эмас

Бразилиянинг немислардан қабул қилиб олган 7та голини тасодиф деб қабул қилиш мумкин эди, агар кейинги учрашувда Голландия 3та жавобсиз тўп киритмаганида. Ахир бу Бразилиянинг бугунги кундаги ҳақиқий аҳволи эмасми?

Камерунга қарши ўйинни инобатга олмаганда Сколари йигитлари кучли тарафлари билан хайрон қолдира олишмади. Аммо Камерун билан ким хоҳлаган ишини қилмади?

Хорватия билан ўйинда ҳакамнинг қарори учрашув темпига таъсир кўрсатди. Мексика ҳамда Чилига қарши учрашувларда босими Бразилияникидан анча кам бўлган рақиблар мазмунлироқ футбол кўрсата олишди. Ҳа, бу икки терманинг жамоавий кучи Бразилияникидан кўпроқлиги кўриниб турганди. Давомида мухлислар олқишига сазовор бўлган Колумбиянинг мағлуб этилиши. Тамом. Бразилиянинг ўз майдонларида 7та ўйин ўйнаши таъминланганди. Мен ҳакамлар тўлиқ мазкур мамлакат учун ишлашди дейиш фикридан йироқман. Шунчаки мундиалда ярим финалга етиб келишга нисбатан ҳақлироқ бўлган жамоалар борлигини биз кўрдик.

Сколарининг мушкули қолган мураббийларникидан анча қийин эди. Масалан иштирокчи мамлакатлар саралаш турнирлари ва уларга бўлган тайёргарлик орқали жаҳон чемпионатига қадар етиб келишди. Бразилия эса ўзи учун катта мактаб вазифасини ўтаб бериши керак бўлган саралашдан четда қолган. Масалан Аргентина терма жамоасининг ўйини ҳам мақташга арзигулик эмас. Месси билан бошқа, Мессисиз бошқа жамоага айланиб қоладиган Аргентина саралаш турнирида етарлича тажриба тўплади. Бразилия эса бу вақтда ўртоқлик ўйинлари билан чекланиб турди.

Пентакампионларнинг нурсиз иштирокларига сабаб сифатида шунингдек Сколарининг қарорларини ҳам кўрсатиш мумкин. Россия чемпионатида тўп сураётган юлдузлар-у, асосий таркибда имкониятларни кўкка совуриш билан банд бўлган футболчилари билан Бразилия жаҳон чемпиони бўлишига ишониш қийин эди. Масалан Германия “Бавария”, Испания “Барселона”, Англия “Ливерпуль”, Италия терма жамоаси “Ювентус” ўйини асосида ҳаракат қилишга уринган бўлишса, Сколарида бундай танлов ҳам, имконият ҳам йўқ эди. Европанинг турли бурчакларига сочилиб кетган футболчилардан 1та яхлит жамоа ташкил қилиш учун мураббийга КОНМЕБОЛ саралаш турнири айни муддао бўлиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтилди, лекин мезбонлик мақоми Бразилияга бундай имконият бермади.

Қолаверса Сколари терма жамоага муносиб футболчиларни саралаб олиш ва улар ичидан энг керакли ўн битталикни танлашда ҳам хатоларга йўл қўйди. 2002 йилги жаҳон чемпионатида у жароҳатларини тузатиш билан банд бўлган Роналдога имкон бериб, адашмаганди. Айнан Роналдонинг голлари Бразилияга жаҳон чемпиони бўлишда ёрдам берди. Ва айтишни истардимки, Бразилия терма жамоасининг бешинчи чемпионлигида таркибдаги юлдуз футболчилар муҳим ўрин тутишди. Тан олиш керак, уларнинг роли мураббийникидан кўпроқ эди. Бразилия финалга қадар Туркия, Хитой, Коста-Рика, Бельгия, Англия каби мамлакатлар билан дуч келганди. Ўша вақтда Бразилия уларнинг умумий терма жамоасидан ҳам бир бош устун бўлганини инкор этиш қийин.

Ваҳоланки 2002 йилда Роналдони таркибга жалб қилган Сколари “Васко де Гама”, “Флуминенсе” каби жамоаларда тинимсиз голлар ураётган Ромариога имконият бермаганди. Бу сафар у жаҳон чемпионатида иштирок этиш илинжида Европадан воз кечиб, Бразилияга қайтиб келган Роналдиньо, омадсиз мавсумни ўтказган Кака каби футболчилар билан ўйнамасликка қарор қилди. Мен шу футболчилар Бразилияга навбатдаги чемпионликни тақдим этишарди демоқчи эмасман. Аммо улар билан Бразилия терма жамоасининг умумий руҳияти балки мутлақо бошқача бўларди. Ҳозир бу икки футболчининг мухлислари Сколарига тинмай ташаккур изҳор қилишмоқдаким, улар бундайин шармандали натижага муносиб эмаслар.

Ва ниҳоят мезбонлик босими ҳақида. Бразилиялик мухлислар иккинчи бўлишни-да хазм қила олмайдиганлар қаторига киришади. Уларга ғалабадан бошқаси керак эмас, боз устига жаҳон чемпионати Бразилиянинг ўзида ўтаётган бўлса. Терма жамоа футболчилари Конфедерациялар Кубогидаги эйфория билан қолиб кетишганди. Шу тариқа Бразилия у қадар шарт бўлмаган ғалабаси билан қолди. Чунки Конфедерациялар Кубогида Германия, Голландия каби рақиблар йўқ эди.

Бразилиянинг муваффақиятсизлиги тасодиф эмас.

10 мая, 2014

Эркакча футбол ҳақида

Араб футболи мавзуси анча эскирди, ўртоқлар. Уни чайнаб ётган бир пайтимизда Қатар, БАА каби футболга қарашларини замонавийлаштириб бораётган мамлакатлар секин-аста бу каби иллатлардан чекинишмоқда. Улар хатто футбол инфротузилмаси ва структураси борасида биздан ўзиб кетишди.
Бу холат менга Болливуд устидан кулганимиз сайин ҳинд киноси Ўзбеккинони ҳам савия, ҳам молия бобида ортда қолдириб кетганини эслатади.

Араб футболчиларининг ўйинни сунъий чўзишлари ҳаддан ташқари умумий мавзу бўлиб кўринади. Чунки ўша араблар орасида ҳам бу ишдан ийманадиган футболчилар борлигига ишонаман ва албатта ўзбек футболчилари ҳам бундан мустасно эмаслигини тан оламан. Чилилик Хосе Луис Вильянеэванинг бир гапи ёдимдан чиқмайди: “Ўзбекистонлик футболчилар хаддан ташқари нозик бўлиб кўринди. Улар сал нарсага ҳам ерга ётиб олишади. Бизда футбол дегани бундай ўйналмайди”.

Ортиқча оҳ-воҳ билан ўйин вақтини чўзиш динга бориб тақалмайди. Футбол шунчаки джентльменлар ўйини бўлиш керак. Англия футболини ҳуш кўрувчи кишилар нима демоқчи бўлганимни яхши тушуниб туришибди. Кези келганда ўша Пепе-ю, Бескетс, Марсело ва Маскерано кабилар намойиш қилаётган футболни ҳам алоҳида мавзу сифатида ўрганиш мумкин. Уларнинг ўйиндан ташқари холатлардаги ҳаракатларини дин ўрганмайди. Ва албатта бу футболчиларнинг қатор қилмишларидан кейин улар тўп сураётган жамоа мухлислари ҳам кўп холларда тилларини тишлаб қолишади. Ўша Диего Симеоне ва Матерацци каби футболчиларнинг провакациясини бутун дунё билиб бўлди. Ва шулар борлиги учун ҳам миллионлар ўйини иҳлосмандлари Стивен Джеррард, Пирло, Тотти, Лэмпард ва улар қаторида бўлган футболчиларни ўзгача хурмат қилишади. Сабаби бу номлар провакация эмас футбол ҳақида ўйлашади, мағлуб чоғларини тан ола билишади ва арзимаган иш учун номларини булғашмайди.

Афсуски, ўйин вақтини эркакларга хос бўлмаган тарзда чўзувчи футболчилар бор қитъамизда. Улар орасида ўзбекистонлик футболчилар ҳам салмоқли ўрин тутишади. Фақат араб жамоаларига қарши ўйиндагина бу ишга қўл уришлари билан бизнинг футболчилар ўзларини оқлашолмайди. Эркак ҳамма жойда шундайлигича қолиши керак. Динимиз эркак кишининг бадани нозик жинс вакиллариники каби майин бўлиб қолмаслиги учун ипак матолардан фойдаланишдан тийинлишни маслахат берганидек, ҳатти-ҳаракатларимиз ҳам шундан андоза олиши керак. Зеро аёллар футболида ҳам бу каби пасткашликлар эркаклар футболиникидан камроқ эканини ҳамма кўриб турибди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпионати саралаш босқичини Тошкентда ўтказди. Тимур Олимхўжаев мураббийлик қилган футболчиларимиз Яман ва Фаластин термаларига қарши кураш олиб боришди. Учрашувлар вақтида араб ҳамкасбларимиз олдида қандай мулзам бўлганимни сўз билан таърифлаб бера олмайман. Куч бобида рақибларимиз биздан анча ортда эканликлари маълум бўлсада, катта футболга эндигина кириб келаётган ўсмирларимиз ўйин вақтини шу қадар безбетларча чўзишардики, ундан кўра Осиё чемпионатидан четда қолганимиз минг марта афзал эди. Афсуски, ёш авлодни мана шундай футбол руҳида тарбия қилаётганлар ҳам бор. Демак, айрим араб футболчиларидаги бу иллатни мавзу қилиб, уни дин масаласига тақаш шарт эмас. Боиси тақаш  провакациядан бошқа нарса эмас. Ҳамкасбларимизнинг бу борадаги саволлари юқорида тилга олинган футболчиларнинг майдондаги провакациялари кабидир. Савол провакациядан фарқли ўлароқ жавоб сифатида ахборот ва маълумот талаб этади. Араб мураббийи “ҳа, биз жуҳудларга қарши тўп сурдик” ёки “менинг футболчиларим мусулмон эмас” деган ахборот беришини ақлга сиғдириб бўлмайди, шундай эмасми?

Биз аллақачон араб жамоаларига қарши ўйнаш иммунитетига эга бўлишимиз керак эди. Масалан ҳисобда ортда бораётган араб жамоаси ҳеч қачон ўйин вақтини чўзган эмас. Мадомики шундай экан, 20та имкониятдан 1та гол урадиган ва 1та ҳужумни эплаб қайтара олмайдиган легионер футболчилар нима қилиб юргани-ю, нега уларнинг ойлик-маошлари улардан кам бўлмаган ўзбек футболчилариникидан юқори эканлиги борасидаги саволларни бериш мумкин. Бизнинг жамоалар мағлуб бўлганида айбни рақиб жамоадан излаш ва унга таъма қилиш ҳар холда яхши иш эмас.            

08 мая, 2014

Совуқ душ

Бир танишимнинг омонатини бериш учун бугун футбол федерациясига бордим. Шошилаётганим важидан ичкаридаги яқинлар олдига ҳам кирмай, омонатни қоравулда қолдирдим. Унга нималарнидир тушунтираётган қария “Ҳозир қаерга кетяпсиз, мени катта йўлга ташлаб кетинг”, деб қолди.

Бадбўй ис анқиётган бу кишига раҳмим келди. Федерацияда ишлаётганимда Мираброр Усмонов билан кўришиш учун кунда одам келар, ҳар бири ўз дардини айтиб, федерация президентининг моддий ёрдамидан умид қиларди. Яқин орада баданига сув тегмаган бу кекса ёш киши ҳам қийинчиликда кун кечириши кўриниб турибди. Фарзандлари эътиборида эмаслигини пайқаш қийин эмасди. Ҳассага таяниб олган, кўзи эса чамамда яхши кўрмайди. Шу аснода бадбўй ҳидга юзимни тириштирмай чидардим, ахир унга осон эмас, нима ҳам қилсин? Инсонга савоб ҳам керак.

Мен “Қора-қашиш”га боришим керак!

Мен эса шошилаётгандим, лекин бу инсонни шунчаки кўчада ҳам қолдира олмайман. Машинагача қоравул кузатиб қўйганидан кейин, у менга омонат эди. Унга шошилаётганимни, агар ҳафа бўлмаса бошқа машинага чиқариб юборишимни айтдим. Розилик берди.

Мен билан тўп тепганларнинг ҳаммаси ўлиб кетди. 1та мен қолдим! Равшан Муқимовни танийсан-а?, “Локомотив”да ишлаган. Шунга ишониш керак ҳаммасини. У боплайди! Абрамовни олиб ташлаш керак! Йўқотиш керак! У Ўзбекистонда футбол ўйнамаган! Тўлаганни тополмадим мана ҳозир...

У негадир тез гапирарди. Юриши анча секин бўлсада, гапириши жонли эди. Машинани кўрмагандек бўлиб қоравул эшик очиб берганида унга ўтирган бу киши, эшикни очиб бергунимча машинадан тушиб бўлганди.

Мен тўхтатган биринчи такси нархини ҳам келишди-ю, “ўтиринг, дода” дейишим билан кўздан ғойиб бўлди. Иккинчи машина эса ҳаммасига рози бўлди. Ўзимдан бироз каттароқ йигит “пулингиз кўп, розимисиз ишқилиб?” деб сўрашни ҳам унутмади.

Отангга раҳмат!
Соғ болинг, дода! Ахбор акани танийсизми?
Ахбор мени уйимда дарс қиларди! Футболнинг “ф” ҳарфини тушунмайди. Уни ҳам йўқотиш керак! Агар ҳаммаси менга қолганида...

Ҳеч қачон кимнинг набираси эканимни биринчи бўлиб айтмагандим. Айтган куним афсусландим. Унинг раҳмати аслида кимга эканлигини футбол кишиларини танийдиган отахонга айтмоқчи бўлгандим. Қолган гаплари қулоғимга кирмади, машина юриб кетди.

Кейинроқ “мен ўша Ахборнинг набирасиман” дея олмаганимни эсладим, холос.     

03 мая, 2014

Оғайничалиш

Унинг учун мен шунчаки оғайничалишман. Зўр-а?

Билишимча у онамдан 2та ўғил сўраган. Бутун умр фақатгина уники бўлиб яшаган онам эса 3та ўғилни дунёга келтирди. Орасида фақат мен оғайничалишман.

Ҳозиргача отамдан фарқ қилишга ҳаракат қилиб, кўп томондан унга ўхшашимдан фахрланаман. Парадокс. Унинг ким учун қандай экани мени кам қизиқтиради. У мен учун ҳамма нарса ва шундай бўлиб қолади.

“Ҳарактери оғир бу инсон билан ишлаш осон эмас” дея ўзимга кўп марта айтишган. Индамайман, ҳафа бўлмайман, уялмайман. Муҳими у шу томонлама қолганлардан ажралиб туради. Принципларини қаттиқ ҳимоя қилиши-ю, онасидан ўзгага бош эгмаслиги керак бўлса ўзига мафтун этади. У шундай туғилган ва ўзгармайди. Точка!
Ахир одамлар унинг кўнгли бўш томонларини билишмайди. Суюкли жиянини ёр-ёр билан олиб кетишаётганда худди қиз узатгандек кўз ёшларини ҳаммадан беркитганини-ю, қувончини яширолмаган вақтлари кула туриб юзларини ишқаб қўйишини кўришмаган.

Мен эса оғайничалишман. Унинг қувонч-у дардини ҳис қилишга маҳкум этилганман. У бўлмаганида хаёлларим етиб боролмайдиган қайси бир бўшлиқда эдим ақлим етмайди. Менининг яралашим учун миллион одам ичидан айнан у сабабчи қилинган, шукр.

Ҳаммасини эслаб қолганман. Биринчи марта сақич очиб берганини, 3 ёшга тўлган куним ўзимдан катта машина совға қилганини, биринчи марта футболга олиб тушганини, шўҳликларим учун юзларимга тушган тарсаки-ю, муваффақиятларимдан хурсанд бўлиб бағрига босишини ҳам.

Яна тўрт кундан кейин у 50 ёшга тўлади. Сочида қора деярли қолмаган. Оғайничалишни одам қиламан деб ўзини нималарга урмаган... 

Вақти келиб унинг дашномларинида соғинишимни биламан. Ҳар тонг ишида қолдираётганда қўлидаги сумкаси билан секин юриб кетиши-ю, айни пайтда ичидан нималар ўтаётганини ҳис қила оламан. Шу он унинг барча дардини суғуриб оладиган машина бўлиб, сочларига қораликни қайтаришни жуда хоҳлардим. Оғайничалиш эса шошиб кетаяпти... Жудаям...      

24 марта, 2014

Шарҳловчиликда муҳаррир ўрни

“Спорт” телерадиоканалида фаолият олиб борувчи шарҳловчилар етарлича танқид остига олинган. Бунда танқид қилаётган томон биринчи навбатда рус шарҳловчиларини мисол тариқасида келтириб ўтади. Солиштириш албатта яхши. Аммо бу нарса “Ласетти”ни “Тико” билан солиштириш каби бўлиб қолмаслиги керак.

Рус шарҳловчилари фаолиятида муҳаррир муҳим ўрин тутади. Умуман шарҳ жонли чиқиши, воқеалар эътибордан четда қолмаслиги, ахборотнинг тўлиқ ва аниқ бўлишида муҳаррир муҳим фигура ҳисобланади. Ўзбекистонлик спорт шарҳловчиларида эса бу омил йўқ ҳисоби. Муҳаррирликка ёндошув бизда Россия ёки бошқа хорижий мамлакат телевидениелариникидан фарқ қилади.

Ахбор Имомхўжаев, Роман Турпишев каби ўзбек спорти журналистикасига тамал тошини қўйган шарҳловчилар даврида ҳам муҳаррир тушунчасига катта эътибор қаратилган. Сўзларни тўғри талаффус қилишдан тортиб, шарҳловчи эътиборидан четда қолган вазиятларга қадар муҳаррир назоратида бўлган.

Муҳаррир овоз, пафос ёки ораторлик бобида шарҳловчидан устун бўлмайди. Бироқ у ҳар доим шарҳловчи томонидан йўл қўйилаётган хатоларни билиб, тузатиб туради. Шарҳловчи эътиборидан четда қолган вазиятлар, параллел давом этаётган спорт ўйинлари ҳақидаги ахборот, спортчи ёки ўйин борасида айни вақтда керак бўлиб қолган маълумотни излашда ҳам шарҳловчига яқиндан кўмак беради. Унда корректорлик қобиляти юқори бўлади.

Рус комментаторларининг бугунги муваффақиятида муҳаррирлар катта ўрин тутишини инкор қилиб бўлмайди. Муҳаррирлар Уткин ёки Черданцев каби машҳурлик чўққисига чиқа олишмасада, шарҳловчиларни тартибга солиб туришлари билан энг керакли шахс ҳисобланишади. “Спорт” телерадиоканалида эса муҳаррирлик тушунчаси рус телевидениесиникидан фарқ қилади.

“Спорт” телерадиоканалида Давлат Турдиалиев, Рихстилла Умаров, Ғанишер Раҳматуллаев, Мирзаҳаким Тўхтамирзаев каби ўндан ортиқ спорт турини бемалол шарҳлай оладиган ва бу спорт турлари ҳақида ўша рус комментаторларидан кам нарса билмайдиган тажрибали шарҳловчилар бор. Даврон Файзиев, Дилшод Тўхтабеков, Зохид Каримов сингари кейинги авлод вакилларида юқоридагилар каби тажриба бўлмасада (тажриба ва ахборот базаси йиллар давомида шаклланиб боради), ўзлари учун асосий спорт турини уларни танқид қилаётганлар ўйлагани каби ёмон билишмайди. Шарҳнинг айрим вақтларда жонли чиқмаслигида эса бир қатор омиллар бор. Улардан бири муҳаррирлар танқислиги муаммоси.

Сўнгги вақтларда спорт шарҳловчилари учун муҳаррир керак эмас дея топилгани ачинарли холат. Вахоланки шарҳловчи билан бирга шарҳга кириш, стадионлардаги жонли репортажлар давомида уларга кўмак бериши керак бўлган фигура бу муҳаррир эди. Гонорар тақсимлаш тизимидан муҳаррирлар тушиб қолгач эса, шундоқ ҳам ҳавас қилиб бўлмайдиган шароитда шарҳ олиб бориши керак бўлган шарҳловчининг вазифаси янада қийинлашиб кетди.

Масалан шарҳ давомида шарҳловчи бор диққат эътиборини монитор ёки стадионга қарата олмайди. Компьютер ёки шарҳ учун тўпланган маълумотлардан ахборот қидириш, ўйиндан ташқари холатда юз бераётган жараёнларни ҳам кузатиб бориш эндиликда шарҳловчининг ўзида қолган (баъзан интернет ўчиб қолиши ёки компьютер ишламай қолиши ҳам мумкин). Бир вақтнинг ўзида стадиондаги воқеани кузатиб бориш ва бунинг баробарида қолган ишларга ҳам улгуриш осон иш эмас. Буни тўғридан-тўғри эфирда қандайдир жараённи шарҳлаб кўрганларгина тушуниши мумкин.

Айни вақтда “Спорт” телерадиоканали барча репортажларни воқеа жойидан туриб ёритиш имкониятига эга эмас. Масалан хорижда бўлаётган спорт мусобақаларининг 99 фоизи телевидениенинг ўзидан туриб шарҳланади. Хаттоки шу холатда ҳам шарҳловчи муҳаррир ёрдамига мухтож. Бироқ гонорар тизимидан бу нарса ҳам олиб ташланди.

Муҳаррир шунингдек эфир пультида, КТС (кўчма телевизион станция)да ҳам бўлиши фойдадан ҳоли бўлмайди. Бу биринчи навбатда экранда кўриниш бераётган титрлар тўғрилиги ва аниқлиги учун хизмат қилса, иккинчи томондан спортни яхши тушунмайдиган режиссёрлар (айниқса бизнинг шароитда) учун ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Стадионнинг бир бурчагида ўтирган машҳур шахсларни кўра билиш, айнан қайси инсоннинг руҳий кечинмаларини умумий планда кўрсатиб бериш ва бошқа бир қатор масалаларни ҳал қилишда ҳам муҳаррирнинг режиссёрдан устун томонлари талайгина.

Юқорида айтганимдек, муҳаррир кўриниши, овози ёки ораторлик қобилятига эга бўлмагани сабабли, шарҳловчи ёки диктор вазифасини уддалай олмаслиги мумкин. Аммо шарҳловчини шарҳловчи, дикторни диктор қиладиган киши бу муҳаррирдир. Муҳаррир матнни сухандон каби ўқиб бера олмагани каби, сухандон ҳам матнни муҳаррир каби тайёрлай олмайди.

Шарҳловчининг шарҳга тайёргарлик кўрмасдан шарҳга киришиши эса биринчи навбатда ўзига, кейинги ўринда аудиторияга нисбатан хурматсизликдир. 

11 марта, 2014

Хавфсизлик камари ҳақида

Адашмасам Саудия Арабистонида бўлса керак, светафорнинг қизил чироғидан ўтиш натижасида ҳалок бўлган кишига жаноза намози ўқилмайди, деб эшитгандим. Боиси бу ўз жонига қасд қилиш дея баҳоланади. Қўшимчасига қизил чироқни кесиб ўтган ҳайдовчи, яшил чироқ ёниб турган йўлдаги ҳайдовчининг ҳаққига ҳиёнат қилди деб ҳисобланади. Йўл бировнинг ҳаққи.

Умуман светафорнинг қизил чироғидан ўтиб кетиш нафақат ўз, балки бировнинг ҳаёти учун ҳам хавфли иш. Демак бу — қоидабузарлик. Ҳозир мен тўхталмоқчи бўлган нарса эса ҳайдовчининг хавфсизлик камари масаласидир. Олдиндан айтиш керакки, хавфсизлик камарининг тақилмаслиги бировнинг ҳаётига зомин бўлиш эмас.

Ривожланган мамлакатларда рул ва унинг ён томонига ўтирган кишининг хавфсизлик камарини тақиб олиши одатий хол, худдики ҳайдовчи машинани бошқариш учун рулни ушлаши керак бўлгани каби. Бизнинг айрим ҳайдовчиларда эса камар тақиб олиш эндигина маданият даражасига кўтарилди. Ҳозирча шунинг ўзи ҳам ёмон кўрсаткич эмас. Бироқ аксар ҳайдовчилар хавфсизлик камарини ДАН ходимларининг кўзи учун тақиб олишади. Жумладан ўзим ҳам. Кутилмаган ҳалокат вақтида хавфсизлик камари ҳаётимни сақлаб қолиш учун яхши восита эканлигини тан олганим холда, унда ўзимни ноқулай ҳис қиламан ва кўп холларда тақмасликни афзал биламан.

ДАН ходимининг кўзи учун хавфсизлик камарини тақиб олишимга эса бу ишим учун белгиланган жарима сабаб бўлади. Яъни, йўл патрул хизмати ходими бунинг эвазига 19 минг сўм жарима ёзиб бериши мумкин. Ёзилган жарима 15 кун мухлат ичида тўланмаса, 300 минг сўмга айланади. Бундан келиб чиққан холда, мен авваламбор хавфсизлигим ҳақида эмас, жарима ҳақида ўйлашга мажбур бўламан. Агар йўл патрул хизмати ходимларининг қўлига ҳар куни тушиб қолсам, бир ойлик маошим аниқки, жариманинг ўзи учун ҳам етарли эмас.

Мен буни мантиқсизлик деб атаган бўлардим. Боиси бизнинг шароитда жаримадан қутулиб қолишнинг йўллари талайгина. Аниқроқ қилиб айтганда, мен бир ой ичида 30 марта хавфсизлик камари учун жарима ёздиришим ҳам, омадим келса умуман ёздирмаслигим ҳам мумкин. Ҳозир мен хавфсизлик камарини барча онгли равишда тақиб олиши керак деган фикрни илгари сурмоқчи эмасман. Мадомики тақмаганлик учун жарима жорий этилган экан, бу холат барча учун бирдек бўлиши керак. Масалан қайсидир чоррахани хавфсизлик камарини тақмай кесиб ўтаётганим суратга олинган расм уйимга келиши муқаррарлигини ҳис қилиб турсам, ҳеч бўлмаганда ўша жаримадан қўрқиб ҳам ҳар куни хавфсизлик камари тақиб олардим.

Хавфсизлик камари тақиб олишимни сўрайдиган ДАН ходими менинг ҳаётим ҳақида қайғураётганига ишонгим келади. Масалан ёт бегона инсон хаётини сақлаб қолишга тўғри келса ҳам, мен бу ишни пул учун қилмасдим. Ишонаманки, ДАН ходими ҳам мен каби инсон. Агар у учун ёт бегона инсон хаётини сақлаб қолиш чиндан ҳам шарафли бўлса, у холда ҳайдовчининг ёнида ўтирган йўловчидан ҳам хавфсизлик камарини тақиб олишни сўраган (талаб қилган) бўларди. Чунки кутилмаган ҳалокат вақтида йўловчи ҳайдовчидан ҳам оғирроқ жароҳат олмаслигига у мени ишонтира олмайди.

Хулоса ўрнида айтишим керакки, хавфсизлик камари тақмаганлик учун тўланаётган жарималар яхшигина суммани ташкил қилмоқда ва ишонаманки, жаримадан қўрқиб хавфсизлик камарини тақиб юрадиганлар сони кескин ошди. Демак, ҳалокат вақтида хавфсизлик даражасида ҳам ўсиш бўлди. Шу билан бирга ДАН ходими ёки жарима ҳақидаги қарорни қабул қилганлар учун йўловчи хавфсизлиги бир пул эканига ҳам ишонаман. Ва яна қўшимча қиламанки, хавфсизлик камарини тақиш ёки тақмаслигим борасидаги танловимда чеклов бор: мен танлаш ҳуқуқидан маҳрум этилганман.

Блогпостнинг юқоридаги сўнгги жумласига аҳамият бермаслигингизни илтимос қиламан. Хавфсизлик камари тақмаганлигим эвазига жарима тўлашга нақд пулсиз борганимда “ҳозир он-лайн пластик карта қабул қилолмайсиз, аппаратимиз ишламаяпти”, деган жавобни эшитганимдан кейин уни ёздим. Онлайн картам орқали жаримани онлайн тўлашим мумкинлиги ёки ишхонамдан бир тийин ҳам нақд пул олмаслигим қатор муаммоларни келтириб чиқариши эса бутунлай бошқа блогпост мавзуси.     

22 февраля, 2014

Футбол ва туризм

Туркия ажойиб мамлакат. Бормаганман. Сериалларда кўрганларим ва эшитганларим орқасидан ҳеч бўлмаса Истанбулга боргим келади. Орзудошларим кам эмаслигига ишончим комил.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббий Алексей Евстафеев билан ўқув-машғулот йиғини ўтказиш учун Туркияга жўнаб кетди. Бу мураббийнинг катта эҳтимол билан мазкур мамлакатга биринчи ташрифи эмас. Ёшларимиздан айримлари ҳам аллақачон Туркияда бўлишган. Терма жамоалар маркази ҳам жамоаларни асосан Туркияга, ундан кейин Австрияга жўнатишни хуш кўради. Зўрми?

Албатта зўр! Ҳорижда йиғин ташкил қилиш қачонлардир миллий терма жамоа учун орзу бўлган-у, имконият бўлмаган. Энди имконият бор-у, мантиқ йўқ. Терма жамоалар маркази ёшларимизни ҳар ой Туркияга юбориши ҳам мумкин. Лекин чамамда бу нарса менинг Туркияга бориш орзуимдан фарқ қилади.

Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати стартига ярим йилдан зиёд вақт бор. Аммо мураббий йўқ. Жамоада ишлашни хоҳламаган мутахассис Туркияда шу жамоа билан ишлайди. Туркиядан кейин бошқа мураббий шу жамоа билан ишлайди. Натижада Туркиядаги "иш" ишдан чиқади.

Туркияда Туркия билан ҳам ўйнай олмасак керак. Бошқа мамлакат ёшлар терма жамоаларига қарши ўйнаш имкони Туркия билан ўйинникидан икки марта кам. Хуллас на мураббий бор, на пухта режа ва мантиқ. Расмий мусобақаларга бир қатор мухлисларнинг боришини миллий терма жамоага ўртоқлик ўйинлари ташкил этиб беришдан яхшироқ уддалаётган терма жамоалар маркази туристик фирмани кўпроқ эслатиб юбораяпти.  

20 февраля, 2014

Евстафеев, Мочинов ва Ўзбекистон ёшар терма жамоаси ҳақида

Алексей Евстафеев билан шахсан таниш эмасман.

У ҳақда ишончли одамларнинг ишонса бўладиган фикрлари орқали биламан. Шунинг ўзи уни хурмат қилишим учун етарли. Хаттоки бир одам уни "терма жамоалар мураббийлари орасида энг яхшиси" деб атаганди.

Ўсмир ва ёшлар терма жамоалари мураббийлари олдига турлича вазифалар қўйиш мумкин. Биз аввалига жаҳон чемпионатига йўл олишни ўзимиз учун максимал натижа деб қабул қилган бўлсак, Евстафеев шарофати билан мундиал чорак финали биз етиб боришимиз мумкин бўлган пағонага айланди. Мутахассис бу йўлни осон босиб ўтгани йўқ. Унинг энг катта ютуғи "Пахтакор"нинг 1994 йил жамоасини бошқарганида эди. Яъни, шаҳар биринчилиги орқали у шу ёшдаги футболчиларни қолган мураббийлардан яхшироқ биларди.

Биз жаҳон чемпионати, чорак финал, ярим финал каби вазифаларни қўйиб ўргандик. Аммо 1та жамоадан катта футболда ўз ўрнини топиб кета оладиган нечта футболчи чиқариш мумкин-у, қанча чиқиши қандай кўрсаткич бўлиши мумкинлиги ҳақида унутдик. Европанинг топ клублари ўз академияларига мана шу нуқта-и назар билан қарашларини эътибордан қочирдик. Ҳозир бу ҳақда эмас.

Евстафеевга икки марта ачиндим. Биринчисида у 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаши учун Непалга борди. Иккинчисида эса 1995 йилда туғилган футболчилардан ташкил топган Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини бошқарди. Ҳар иккисида ҳам унга осон бўлгани йўқ. Евстафеевга хурматим янада ошиши учун унинг сўнгги қарори туртки бўлди. Бир вақтнинг ўзида икки жамоани бошқариш осон ҳам, тўғри иш ҳам эмас. Шу боисдан мураббий Ўзбекистон олимпия терма жамоасида Мақсудовга ёрдамчилигини сақлаб қолиб, Осиё чемпионати чиптасига эга чиқиб бўлган Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидан кетишга қарор қилди.

1995 йилда туғилган футболчилар ўртасидаги Тошкент шаҳар биринчилигини кузатиб борганман. Уч мураббий бошқарувидаги уч жамоа чемпионлик учун кураш олиб борарди: Мурод Исмоилов, Шуҳрат Раҳмонқулов ва Рашид Ғофуров. Мен улар орасидан қай бири ғолиб бўлгани-ю, қайсиниси қандай ишлаганига тўхталиб ўтмоқчи эмасман. Билганим, шу ёшдаги бугуннинг энг сара футболчиларини тарбиялашда бу трионинг хизмати катта.

ЎФФ терма жамоалар маркази ўсмир ва ёшлар терма жамоасига мураббий тайин қилиш системасини мен эшитишни ҳам хоҳламайдиган сабаб билан амалга оширади. Яъни, шаҳар биринчилигида жамоаси чемпион бўлган ёки кўп эхтимол билан терма жамоага номзод футболчилари кўп жамоа мураббийини терма жамоага бош этиб тайинлайди. Бу марра учун мураббийларнинг шаҳар биринчилигида қандай рақобат ҳосил қилишлари, бу йўлда нималардан тап тортмасликлари ҳақида ҳозир тўхталмоқчи эмасман. Бу алоҳида муаммоли мавзу. Ваҳоланки ЎФФ терма жамоалар маркази ўзининг бу системасини ўзгартириш имконига эга. Бу система мавжудлари орасида энг яхшиси ва ишончлиси эканини терма жамоалар марказидан кимдир жўяли қилиб тушунтириб бера олишига ишонмайман.

Ўзбекистонда ўсмир ва ёшлар билан яхши ишлайдиган ва ишлашда тажрибаси бор, кўп эҳтимол билан ишсиз юрган мутахассислар талайгина. Ислом Аҳмедов, Рауф Инилеев ва бошқа бир қатор мураббийларнинг шунчаки ишсиз юриши керак бўлса футболимизнинг энг оғриқли нуқтасидир.

1995 йилда туғилган футболчилардан иборат Ўзбекистон терма жамоасида бош мураббий бўлиб ишлаётганида Алексей Евстафеев ёрдамчи сифатида Александр Мочиновни ишга таклиф қилганди. Мочиновни бир вақтлар "Оқ-тепа"да ишлаб юрган вақтидан буён таниганим ва ундаги мураббийлик потенциалига шубҳа қилмаганим сабабли Евстафеевнинг қароридан қувондим. Бироқ улар узоқ вақт бирга ишлай олишмади. Ҳар икки мутахассис бунинг сабабини бошқача тушунтирган бўлишлари мумкиндир. Аммо мен буни бир қозонда икки қўчқор калласининг қайнамаслиги билан изоҳлашни хоҳлардим. Евстафеевни мундиал чорак финалига қадар етаклаб борган футбол тактикаси ва Мочиновнинг "Бунёдкор" ўринбосарларини Ёшлар лигаси чемпиони қилган тактикаси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Блогпостни шу ерга қадар чидаб ўқиб келаётган кишилар буни яхши тушунишади. Мен бу тактикалардан қай бирининг устунроқ экани борасида ким биландир бахслашмоқчи эмасман. Футболда ҳукмрон тактиканинг ўзи йўқ. Шунчаки уларнинг даври бор. Евстафеев ва Мочиновнинг бирга ишлай олмагани ҳафсаламни пир қилгани ҳам йўқ. Ўз қарашлари ва хоҳишларини ҳимоя қила оладиган кишиларга хурматим бор.

Бугун Евстафеев 1995 йил терма жамоасидан воз кечди. Ғофуров "Бунёдкор" академиясида, Раҳмонқулов "Пахтакор" оталиғида бўлган футбол мактаби директори, Исмоилов эса "Нефтчи"да фаолият олиб боришмоқда. Ёшлар лигасида чемпион бўлган Мочинов "Оқ-тепа"да. Унинг нима учун "Бунёдкор"дан кетгани ҳозир мавзу эмас. Аммо айтишни хоҳлайдиганим, у икки йил давомида "Бунёдкор" асосий таркибига ўндан зиёд футболчи етиштириб берди: Акбар Тўраев, Ҳасан Асқаров, Камрон Кападзе, Жавлон Мирабдуллаев, Сардор Собирхўжаев, Миржамол Қосимов, Алибобо Раҳматуллаев, Сардор Рашидов... Бу футболчиларнинг биринчи мураббийи ва шаҳар биринчилигида уларни бошқарган мураббийлар умуман бошқа-бошқа, тўғри. Лекин уларнинг катта футболга қадамларида Мочиновнинг хизмати катта.

Мен "Оқ-тепа"даги янги фаолиятида ҳам Мочиновни кузатиб бораман. Унинг иш услуби ҳам, футболга қараши-ю, майдондаги тактикаси ҳам менга ёқади. Терма жамоалар ва унга бошчилик қиладиганлар ҳақида ҳали бир қатор блогпостлар ёзиш ниятим бор. Бугунгиси билан шунчаки терма жамоалар марказига мурожаат қилмоқчиман. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси учун номзодлар излаётганда Мочинов номзодини ҳам кўриб чиқишлари мумкин. У ҳозир на "Пахтакор"да ва на "Бунёдкор"да эмас. Ва табиийки, ҳар икки томоннинг терма жамоа ишига аралашишларига йўл қўймаслиги ва ўзи билганича яхши жамоа шакллантириши мумкин. Мен унда терма жамоада ишламаслиги учун бирор бир сабаб кўрмаяпман. Ўз вақтида Евстафеев ҳам уни терма жамоада кўришни хоҳлаганини сиз яхши биласиз.

Мен Мочинов билан шахсан таниш эмасман.