Поиск по этому блогу

31 декабря, 2015

Тунги хизматчи

Кун оғишни бошлади. Йўл четига чиқиб туришибди, бир чиройли бўлиб. Клиентларни жалб қилмаса бўлмайди, айниқса байрам кунидан унумли фойдаланиб қолиш керак. Опытныйлари аллақачон режаларни тузиб бўлишган. Осон иш бўлмасада, қанча кўпига улгурса, шунча яхши.

Қаторлашиб турган машиналар кетига тўхтадим. Эътиборимни жалб қилиш учун дарҳол биттаси пайдо бўлди.
- Қанча бўвотти?
- Берадигани ўзи билан бўса 100 минг. Фақат яна шетга опкеб ташаш шарти билан.
- Ўзизда йўқми?
- Ана, анетта сотишвотти. Ҳар хилидан бор, тўғри кеганини овурас.

Негадир ёқмади. Ҳаддан ташқари озғин, кийимлари осилиб ётибди. Хуллас ўхшатишига ишонмадим. Машинадан тушиб, ичкарироқ киришга қарор қилдим. Ҳамма клиент талашиш билан банд. Замон шундай, оғзингни очиб ўтирсанг, қолиб кетаверасан.
- Ока, хизмат кере бўса тайёрмиз, атак.
- Намунча қиммат бўп кетилла – сўрадим кулиб.
- Доллар ошиб ётибди-ку, укам – тўлачадан келган аёл писта чақиб, бақрайиб қараб турганди.
- Ўзим опкетаман, ўзим опкеламан, нарсалариниям қибераман кенайи, но була этвотган нарх вапше-ку!
- Булаям совуда туриптиде, укам. Осон тутма. Кўпи уйига қайтишга пул топомасдан, 2-3 сўм ишлаб қолилик деб чиққан.

Орқада 2-3 та йигит бошқасини ўраш билан банд:
- Бир мартага бўса бораман, ока.
- Санга нима фарқи бор? Ўйин-кулги қилиб, кечасигача бирга бўласан, стол тайёр, оч қомисан, ўзим уйинга ташаб кетаман.
- Хоп, ҳич бўмаса яна 1-2 тасини қўшилик ока, бир ўзимга ғалатиде шунча одамни ичида.

Кўпига кўнгил тортмайди. Фигураси умуман ўхшамаган. Бозор экан деб чиқиб олаверган. Ошна-оғайнинг олдида точно уялтиради. “Қаттан топдинг буни?!” деб тана қиладиганлари чиқади барибир. Атрофни бироз кузатдим. Зўрини кўриб қолдим. Бақувватгина, қувноқ, овози ҳам ёқимли. Кулишларини айтмайсизми, хуллас уялтирмайди. Нима бўлса бўлсин, қанча сўраса сўрасин, шунисини банд қиламан деб югурдим.
- Янги йилиз билан!
- Рахмат, ўзизгаям, бирга бўсин!

Хушмуомала экани ҳам ёқди, атрофида клиент кўплиги учун ҳаммасига бирдек жавоб қайтаришга улгуряпти. Олдида турган аёлга юзлана қолдим.
- Биргамисиз кенайи?
- Да, бирга. Қатга борамиз?
- Ман-ку опкетвураман, нархини келишсе бўлди.
- Агар сифатига қарасез шундан яхшиси йўқ, бемалол айланиб чиқинг, нархи ҳам шунга яраша.
- Ҳаммани дилини ёзолса бўлди-де, байрам кайфияти ҳар холда.
- Бунисига жоввоб! Санъатни битирган, гап-сўзидан тортиб, юриш-туришигача талант. Хоҳласез ашула этади, истасез рақсиям бор.
Кулиб юбордим. Аёл ҳам қўшилиб кулди.
- Сиз яхши менежеракансиз!
- Ман онасиман буни, ўхшамидими манга?
- Йўғе?! Анча ёш кўринасиз-у!
- Оо, рахмат комплимент учун! Ўзи ёнида ёрдамам бермоқчи бўлдим, кейин қўяқо дидим. Дугонамни қизи бор хоҳласез, пара қилиб оборса бўлади.
- Вапше зўр бўларди кенайи, аксига олиб олдиндан закас қимагандик. Бугун байрам байрамда бўсин дб...
- Ээ чотки қиберишади.

Дугонасини қизи бамисоли Золушка, сутга чайилгандек оппоқ. Кийимлари ўзига ярашиб турибди. Бундай гўзал янги йил куни бозорда эмас, катта-катта балларда маликалардек юрса арзийди. Кайфиятим кўтарилди. Аёл айтган нархга тортишиб ўтирмай рози бўлдим-у, икки кишини олиб йўлга тушдим. Кичкинтойлар хурсанд бўлишади. Қорбобо ва қорқизни уйда суюкли жиянларим орзиқиб кутиб туришибди, уларга атаб шеърлар ёдлашган. Аксига олиб ҳар йилги қорбобо – синфдошим тўсатдан бошқа шаҳарга кетадиган бўлиб қолди. Келаси йил ҳаммасини яхшилаб режалаштириб оламиз. 

Ҳакамлар "Реал"га ошнами ёки айиққа?

Кеча “Реал” иштирокидаги ўйинни кўрдим, дўстларим билан. Кейинчалик Роналду нишонни аниқ ола билмаган пенальти ҳақида ўзимизча баҳслашган бўлдик, ҳазил қилдик. Ва бу нарсанинг ҳазил чегарасидан четга чиқиб кетмагани ёқимли ҳолат, аслида шундай бўлиши ҳам керак.

Дўстларимнинг ҳаммасида қайсидир клубга симпатия бор, албатта. Лекин улар фанат эмас, компромиссга бориш қийин кечмайди. Футбол деганда кўз олдига биринчи бўлиб “Реал” ёки “Барселона” келадиган қатлам эса умуман бошқа. Футболни гўзаллаштириб турадиган ҳам, керак пайтда булғашни қойиллатадиганлар ҳам аслида шулар, борларига шукр.

“Реал” бир тур аввал “Райо Вальекано” дарвозасига 10 та гол урганида ҳам ўйинни томоша қилгандим. Беллашувдан кейинги комментлар, изоҳлар, нола-ю фиғонлар эътиборимдан четда қолмади. Қўшиламан: ҳакам ўйинни “ўлдирди”. Ўша ғалаба ғолиб томон футболчиларининг ўзига ҳам таътимаган деб умид қиламан. “Қироллик клуби” фанати бўлсада баҳсдан кейин кўнглида ғашлик сезган ва кўп ҳам қувонмаган кишиларнида кўрдим.

Бунда битта жиҳатни унутмаслик яхши, аслида “Реал”нинг кучи “Вальекано” каби ўртамиёна жамоаларни таслим қилиш учун бемалол етади. 30-дақиқага қадар 2 та қизил ва 1 та пенальти — ҳатто шунга тортган тақдирида ҳам ҳисобга бевосита таъсир этишдир. Боз устига футболчилар сонидаги тенгликда рақиб томоннинг қўли баланд келаётган бўлса. Қолган 1 соат давомида меҳмонлар ҳам 11 киши бўлиб ўйнаганларида ҳисоб қандоқ бўларди деб, абсурдга берилмоқчи эмасман.

Шундай пайтлар бўлади, ҳатто сенинг фойдангга чиқарилган қарор ҳам таъбингни ҳира қилади. Чунки у бевосита шаънинг билан боғлиқ бўлиши мумкин. “Реал”га айрим пайтлар ҳакамлар ёрдам бериб юбораётгани рост. Агар шу гапнинг ўзидан келиб чиқилса, бунга кўп ҳам клубни айбдор қилиб кўрсатиш адолатдан бўлмасди. “Реал” ва “Барселона” шундай буюк клубларки, бу каби вазиятларда ҳакамлар бир четга чиқиб қолади. Аслида ўйин тизгинини қўлдан чиқараётган ёки кучлироқ клубга қарши қарор чиқаришга юраги ҳадеб бетлайвермайдиган ҳакамлар ҳам мавзу бўлиши керакдек, билмадим...

“Барселона”нинг бугунги ютағи шундаки, у ҳакамлар мавзуси учун повод қолдирмаяпти. “Реал” керагича ўйинларни ютаётган бўлсада, “Барса”дагидан фарқли равишда унинг ишига ҳакамлар таъсир этишга улгуришяпти. Бу соғлом рақобатга жиддий таъсир кўрсатадиган ҳолатдир ва бунда ҳакамлар каттагина масъулиятни ўз зиммаларига олишлари керак.

Қора PR ҳақида кўпчилик яхши билади. Рақобат кучайиб боргани сайин, замон янги тактикаларни ишга солишни тақазо этади. Бугун фақатгина ўз PR’и ҳақида эмас, рақобатчи ташкилот PR’и бўйича ишлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Тасаввур қилинг, менинг жамоам катта фарқ билан олдинга ўтиб кетди. Ғалабанинг шугина қисмидан кўнглим таскин топмасдан, ашаддий душманимни бирйўла ботқоққа ботиришни ҳам истадим. Бу ҳолатда ҳакамлар билан ишлаб, рақобатчи жамоага ён босишлари учун таъсир этишим, шу йўл билан рақибим номига доғ туширишга интилишим мумкин эмасми? Ва умуман менсиз ҳам рақибимни ёқтирмайдиган учинчи бир куч шунга интилиши-чи?

Бу фикрлар билан ҳеч нарса демоқчи эмасман, уни фараз ўрнида қабул қилишингиз мумкин. Айтиб ўтганимдек, “Реал”нинг кучи ҳакамлар ёрдамисиз ҳам ютишга етади. Мен испан клубларидан бирортасига мухлис эмасман. “Барса”ни ҳам, “Реал”ни ҳам бирдек тан оламан. Қўшимча қиламан, Роналдунинг ўрнида бўлганимда шунча танқидларга қарамасдан, пенальти тепишда давом этардим. Биринчидан бу футболнинг бир қисми, иккинчи томондан эса пенальтисиз ҳам гол ура олишимни бутун дунё билишини ҳис қилиб турардим.

Хуллас, янги йилингиз билан!

29 декабря, 2015

“Қирол ўлди. Яшасин қирол!”

Бевосита Самарқандга тегишли бўлган нашрда шу шаҳарнинг бош жамоаси мухлисларига ёқмайдиган мақола битаётганимдан ғоятда қайғудаман, ишонинг. Бу одоб чегараларига зинҳор тўғри келмасада, умумий истакларимиз муштараклиги йўлида ас қотишидан умидворман. Авф этгайсиз...

“Динамо” келаси йил ўзининг 55 йиллик тўйини нишонлашини унинг мухлислари томонидан федерация президентига қилинган мурожаатда ўқиб билдим. Буни бепарволикка йўйишингизни истамасдим, шунчаки бизнинг шароитда мен учун жамоа ёшининг заррача қиммати йўқ. Қонун ёш-у қари учун баробар бўлгани каби, клубларимизнинг қачон пайдо бўлганлари ҳам ўзлари учун сийлов бўла қолсин.

55 йиллик баҳона мухлислар Самарқанд клубини олий лигада олиб қолишда амалий ёрдам беришни Мираброр Усмоновдан сўрашибди. Ул зот амалий ёрдам бермайди: ё олиб қолади, ёки беэътибор бўлади. Ҳозирги шароитда иккинчи йўл ҳам адолатли, ҳам оқилона бўлур эди. Тушунтиришга ҳаракат қиламан.
                     
Ўтган йил андижонлик футбол мухлислари жамоанинг ярим асрлик тўйини рўкач қилиб, деярли шундай чиқиш қилишганди. Тўй эмас, “Андижон” клубининг юрак ҳовучлаб тўп сурган ўйинларини кўрдик. Бу йил “Бунёдкор” 10 ёшга тўлди ва фаолиятидаги энг паст натижалардан бирини қайд этди. Айни ташкил топган кунида жамоа “Шўртан” билан ўйнади ва мухлислар ташрифи борасида антирекордини янгилади. Орада Шотландиянинг “Селтик” клуби Тошкентга келиши ҳақида бонг уришганди, Қирғизистоннинг “Абдиш-Ата”си ҳам келмади. Агар Андижон клубидан кейин сизнинг мурожаатингиз ҳам кўриб чиқилса, унда футболни йиғиштириб, жамоалар шажараси ҳамда қоғозбозликка кенг урғу берганимиз ҳам яхши. Битта хат билан клуб элитада олиб қолинадиган чемпионат билан бутун умр қолиб кетишни истамасангиз, синовли йилларда тишни тишга қўйишни ҳам ўрганиш керак. Ахир нимагадир эришиш учун бошқа нимадандир воз кечилади.      

Агар 55 йиллик катта воқелик сифатида кўрилиб, унинг рағбати жонсиз танага жон ато этиш бўлса, унда 10 йиллик учун “Бунёдкор”га чемпионликни “Пахтакор”дан олиб берайлик. Буни қарангки, “Пахтакор” келаси йил 60 ёшга тўлади, чемпионлиги қайтарилади. Кейин Бекободдаги завод юбилейини нишонлайди, темирйўлчилар қадаҳ кўтаришади, Сурхондарёда профессионал клуб қолмаганлигининг 10 йиллиги, Хоразм клублари олий лигани кўрмаганига 10 йил тўлгани, Қўқон футболи юз ёшдан ошиб кетгани ва ҳоказо. Биз эса раис бува акса урганида инженерлар қарс-қарс қилиб қарсак чалгани каби қўллаб-қувватлаб турамиз, нима дедингиз?

Кулгули, тўғрими? Мурожаатнома ёзиш фикри чиққан одамни билмадим-у, лекин ўзининг содиқлиги, ҳалоллиги билан меҳрга лойиқ Самарқанд кишилари соғлом рақобат ва чиройли футбол исташларига юз фоиз ишонаман. Бундан чиқди хат Мираброр Усмоновга эмас, вилоят ҳокимига ёзилиши керак. “Динамо” нега мавсумни яхши бошлаганида Агамуродов ва унга қўшиб бешта футболчи кетиб қолгани, ўшалар қандай қилиб “Бухоро”ни қутқариб қолишди-ю, “Динамо”га нима жин урганини тушунтиришни талаб қилишсин. Ҳоким эътиборни кучайтирган бўлса, федерация президенти футболни юқори савияга олиб чиққан бўлса-ю, “Динамо” тап этиб олий лигадан йўқолиб қолса, буниси қанчадан тушди? Демак клуб ичида биз билмаган бир нималар бор. Мухлислар шу ишларни очиб беришни сўраб мурожаат қилишсин. Усмоновга мактуб ёзилганида ҳам спорт принципларини бузиб, қолиб кетган жамоани сақлаб қолиш ҳақидаги шармандали чиқиш қилмасдан, Самарқанд футболининг замонавий структурасини бунёд этишга амалий ёрдам сўрашсин. Не-не баҳодирлар кўз тикканида ғурурини ер қилмаган Самарқанд аҳлининг кўнгли сунъий меҳр билан кўтарилиб қолишига асло ишонмайман. Ахир “Динамо” элитадан биринчи марта тушиб кетаётгани йўқ. Ва бундай синовларни клуб қандай енгиб ўтишни билади.

Ўзбекистон футболи умумий планда кўкка бўй чўзаётгани билан, аслида ишлари таг-томиридан чириб кетяпти, буни кўриб турибмиз. Китоби йўқ ўқимаган қушдек қўнар ҳар юракка дейилгани каби, “путбол пропессори” бўлмаса ҳам унинг курсисига қўниб олган ва ҳар не “ғоя”га таянч бўлаётган одамларимиз бор экан, бу фикримни ўзимни мажбурлаб ҳам ўзгартиролмайман. 1996 йил Урганчнинг “Динамо”сига қўшилиб Сурхоннинг “АСК” клуб учирма бўлишганди. Кейинги йил олийда жамоалар сони 2 тага кўпайтирилди, масала ҳал. Икки йил ўтиб бир йўла тўртта клуб оут. Бир йилдан кейин Гулистоннинг “Янгиер” клубига шароит қилишди, қандай пайдо топган бўлса, шундай йўқолди. 2004 йилда “Сурхон”дан очко олиб ташлашди, кейин умуман футболни олиб қўйишди. “Динамо” эса элитада қолган. 2007 йил ёрдам қўллари “Металлург”га чўзилди. “Трактор”нинг мотори бузилди, “Тўпаланг” тўс-тўполонсиз йўқ бўлди. 1-лигада анқайиб юрган “ОТМК” бир юмалаб ўзини олий лигада кўрди.
                                 
2008 йил “Дўстлик-2008” олий лигада ўйнамайман деганини Бухорода қувонч кўз ёшлари билан қарши олишди. 2011 йил “Гулистон” “отказ” тугмасини босиб юборди, байрам “Қизилқум” базасида нишонланди. Ўтган йил эса яна ўша гап – “Андижон”нинг 50 йиллиги. Водий клуби олиб қолинганида унга қўшилиб, жиззахликлар ҳам омон қолишди. Хўш, кимнинг ақли кирди? Даврон Файзиев шогирдларинингми? Ҳеч нарса ўзгармади. “Динамо” ҳам олиб қолинар балки, аммо ўзгармайди, ўзгара олмайди. Шунчаки мен ва менга ўхшаган кишиларнинг футболдан кўнгли қолиб, циркни миллионлар ўйинидан устун кўришни бошлаймиз. Масқарабоз асли кимлигини тан олиб, цикрда рол ўйнайди, ҳеч кимга кўринмайдиган маскасини тақиб, футболни бошқаришга даъвогарлик қилмайди.  

Ҳа, “Динамо”нинг сўнгги натижалари киши дилини ҳира қилади, хатто мени ҳам. Аммо бунга ечим жамоани олиб қолиш эмас, шуниси аниқ, шунга кўпроқ ишонаман. Ваҳоланки Самарқанддек гўзал ва навқирон шаҳарнинг ўзига ярашадиган суперклуби бўлиши керак, чин дилдан шуни хоҳлардим. Яна бир кулгули жиҳати бор, кўнгилни хотиржам қилингки, Самарқанд клубининг 1-лигага тушиб кетиши “бугунги кунда жадал ривожланаётган ўсмирлар ва ёшлар футболининг тараққий этишига” ҳеч қандай тўсқинлик қилмайди. Футболнинг ичида юрган одам сифатида буни сизга айтаман. Сўнгги сўзимда кичик илтимосим бор: футболга ёрдам беринг, уни сунъийлаштирманг. Сиз-у бизсиз ҳам ПФЛ раҳбарияти бу ишни қойиллатиб уддалаяпти. Мени кечиринг...

Мақола "Эрудит" газетасининг 24.12.2015, №152 сонида чоп этилган     

25 декабря, 2015

Чемпионлар лигаси хавф остида

Ушбу мақолани ёзишдан бир неча дақиқа олдин клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати чорак финал учрашувларини томоша қилдим. Бирида Хитой чемпиони Мексика етакчисига чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйди, иккинчисида мезбон – Япония чемпиони қора қитъанинг энг кучли жамоаларидан бирини йирик ҳисоб билан таслим қилди.

Ўз вақтида Ўзбекистон жамоаларининг бу турнирда иштирок этишларига қандайдир ишонч бор эди. Ҳозир эса умиднинг ўзини ҳам йўқотиб қўймоқдамиз. Ўтган ҳафта Осиё чемпионлар лигасининг 2016 йилги мавсумига қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Унда мамлакат шарафини ҳимоя қилувчи жамоаларимиз ўз рақибларини билиб олишди.

Бизнинг энг яхши натижа ҳозирча ярим финал. Келинг, бунга қандай қилиб муваффақ бўлганимизни бир эслаб кўрайлик. Терма жамоа базаси сифатида “Пахтакор” танлаб олинди ҳамда олий лиганинг энг кучли футболчилари бир ерда жамланишди. Ярим финалнинг Таиландда ўтган беллашувида қандай хатоларга йўл қўйганимизни кўпчилик билади. Ваҳоланки “Пахтакор” “Бек Теро”дан кучсиз эмасди. Пойтахтнинг бошқа бир клуби “Бунёдкор” биринчи уринишда “пахтакорчилар” ишини такрорлади. Иккинчисини эса кўпчилик кутмаганди. Қосимов ўзининг севимли услуби билан финал остонасига қадар иккинчи марта етиб борди.

Бугунга келиб эса чемпионлик у ёқда турсин, ярим финал босқичига чиқиш ҳам амримаҳол. Бунда ўзбек клубларининг кучсизланиши ва ҳориж жамоаларининг олдинга силжиши сабаб сифатида кўрсатилиши ўринли. “Локомотив” ҳамда “Насаф” олдинги ҳолатидан яхшироқ кўринишга келгандир балки. Аммо бу чемпионлар лигасида муваффақиятли тўп суриш учун камлик қилади. Тошкентнинг қолган икки жамоасида эса аксинча ҳолат. Фикримга кўра ярим финалларга етиб борган олдинги “Пахтакор” ва “Бунёдкор” бугунгиларидан кучлироқ эди.

ОФК бизга 3+1 квотасини икки йилга суғурталаб берганди. Биринчи мавсум бунга шармандали натижалар билан жавоб бердик. Тўртта жамоанинг бирортаси гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўта олмади. Ўша натижалар фонида келаси йилги ҳолатни чамалайдиган бўлсак, биргина “Локомотив”нинг ишлари бироз жойидадек. Қолганларда эса аксинча.

Қаршининг “Насаф” клуби Рўзиқул Бердиев бошчилигида биринчи титулини ютиб олди. Бунга жамоа босқичма-босқич етиб келди. Аниқроғи, яхлит таркиб узоқ вақт давомида тобланиб келаётганди. “Насаф” энг камида ўз футболчиларини сақлаб қолган тақдирида ҳам ўтган йилдагидан тузукроқ қатнашишига ишониш мумкинми? Қуръа Бердиев жамоасини нисбатан қийинроқ гуруҳга рўбаро қилди. Бугунги “Ал-Айн” ва Саудиянинг “Ал-Аҳли”си қандай кучга эга эканлигини билиш учун статистикага мурожаат этишнинг ўзи кифоя. Тан олиш керак, бу жамоалар “Насаф”дан кучли. Тасдиқланмаган хабарларга кўра бир қатор етакчи фигуралар Қаршни тарк этишга яқин туришибди. Тошкент жамоалари муваффақиятларга катта ҳисса қўшиб келаётган қанот ҳимоячиларига совчи бўлиб улгуришган. Мураббийлар штаби уларнинг ўрнини янги номлар билан тўлдириши мумкин. Бироқ номлар ўйин услубига кўникиб улгургунларига қадар катта эҳтимол билан қаршиликлар чемпионлар лигасини “қурбон” қилиб юборишларичи? “Ал-Айн” ёки “Ал-Аҳли” ўзига раво кўраётган легионер футболчилар ҳарид қилинишига ҳозирча ишонмайман.

“Бунёдкор” катта ўзгаришлар арафасида турибди. Раҳбарият икки йилни тажриба учун сарфлаб юборди. Клуб ихтиёрига янги футболчилар келиб қўшилиши мумкин. Аммо ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, бу сафар Сардор Рашидов “қалдирғочлар” билан бирга эмас, бу катта йўқотиш. Унинг ўрнини боса оладиган футболчи олий лигада ҳозирча йўқ. Ва ҳозирги раҳбарият кучли легионер футболчини олиб келишига ишониш қийин. Қолаверса “Бунёдкор” ўзи учун бутунлай янги бўлган сербиялик мутахассисни таклиф қилиш арафасида турибди. Тўғри, мураббий учун ўзбек футболи бегона эмас ва унинг иш услуби ҳақида илиқ фикрлар билдириш ўринли. Аммо “Бунёдкор”ни Қосимов каби билмайди. Бу ерда гап икки мутахассисни солиштиришда эмас. Шунчаки янгиси иш жойига кўникиб, футболчиларни ўзи истаган кўринишга келтиргунига қадар энг камида мавсумнинг ярми ўтиб кетади.

“Пахтакор” кетма-кет икки бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритгани рост. Бироқ жамоа иқтисодий томондан қийинчиликларга эга. Бунинг натижасида “пахтакорчилар” деярли ҳар йили камида биттадан яхши футболчи билан хайрлашишга мажбур бўлишмоқда. Одил Аҳмедовдан бошланган иш келаси мавсум олдидан ҳам давом этиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Сергеевга Япония клублари қизиқиш билдирган, жамоа етакчиси Махарадзе эса бизнинг клублардан 3-4 баробар кўпроқ тўлаётган Малайзия ёки Таиландга жўнаб қолиши мумкин. Бор йўғи икки футболчи билан нимадир ўзгариб қолмайди дейдиган аҳволда эмас бизнинг жамоаларимиз. Заҳираси шундоқ ҳам кучли бўлмаган “шерлар” учун бу катта йўқотиш. Ва катта эҳтимол билан “Пахтакор”ни ҳам янги мураббий қабул қилиб олади. Ҳозиргиси жамоада қолганида ҳам чемпионлар лигасида нимадир каромат кўрсатишига ишониш қийин. “Пахтакор”нинг кучига шубҳа қилмаган ҳолда айтиш керакки, жамоа ҳеч бўлмаганда ўтган мавсумдаги асосини сақлаб қола билмаётгани барибир хавотирли.

Фақатгина “Локомотив” бошланган ишни давом эттираётган клуб бўлиб турибди. “Темирйўлчилар” иқтисодий аҳволни бир неча йилдан буён мўтадил ушлаб туришибди. Вадим Абрамов жиддий йўқотиш бўлиши мумкин. Бироқ унинг истеъфосидан кейин “Локо” кетма-кет 5 та ўйинда зафар қучганлигини ҳам унутмаслик керак. Карленович ўтган мавсум халқаро майдонда яхшироқ иштирок этиши учун камида 2014 йилги жамоа асоси сақлаб қолиниши лозим эди. “Темирйўлчилар” ўша хатодан тегишли хулоса чиқарганлари ҳолда бор эътиборларини асосий фигураларни жамоада олиб қолишга қаратишган. Қўшимчасига лиганинг бир қатор истеъдодли футболчилар ҳам сафга келиб қўшилишлари мумкин. Нисбатан олиб қараганда “Локомотив”га осонроқ гуруҳ ҳам насиб қилди.

Ҳозирча фақат битта хулосага: тўртта жамоамиздан бирортасининг ҳеч бўлмаганда ярим финалга етиб боришига ишониш мушкул. Чемпионлар лигасида асосий юкни легионер футболчилар ўз зиммаларига олиб келишмоқда. Бизнинг квартет эса бу билан умуман мақтана олмайди. Боз устига миллий терма жамоа асосини ташкил қилаётган футболчиларнинг катта қисми ҳориж чемпионатларига кетиб бўлишган. Уларнинг иштирокисиз клубларимиз кўп нарса йўқотишади. Бироз ғалати бўлса ҳам айтиш керак, тўртта клубни қўшиб, битта яхлит жамоа шакллантирсак балки ярим финални кўзлаш мумкиндир, шунда ҳам финални эмас. Чунки Аҳмедов, Рашидов, Жепаров каби йигитлар барибир йўқ. Тўртта клубнинг мавжуд футболчиларидан халқаро майдонда муносиб иштирок эта оладиган фақатгина битта жамоа етгудек таркиб бордек таассурот қолдирмоқда.

Хулоса анчагина қўпол: Япония, Жанубий Корея, Хитой, Қатар, БАА, Саудия Арабистони чемпионатлари билан солиштирганда бизнинг лига 3+1 квотасига муносиб эмас. Ҳақиқат ўзининг аччиқлиги билан ажралиб туради. Биз деярли ҳамма жабҳада юқорида номлари зикр этилган мамлакатлардан ортда қолиб кетдик. Навбатдаги мавсумнинг муваффақиятсиз келиши эса табиийки квоталаримиз сонига таъсир кўрсатади. Кўпчилик 1+2 кўринишини таҳмин қилмоқда. Балки шунда “Насаф” кубокни олганидан кейин ҳам консентрацияни йўқотиб қўймас, балки шунда “Бунёдкор” 4-пағонани қўлга киритиб, “ҳайрият” калимасини ишлатмас.

Мақола "Эрудит" газетасининг 17.12.2015, №151 сонида чоп этилган

22 декабря, 2015

Бензин масаласида кичик муаммо

Очилмаган АЁҚШга навбатда туришибди, соат тонгги 6, ҳали қуёш чиқиб улгурмаган. 7 да шаҳар чироқлари ўчирилади, кун ҳали ёришмаган бўлади. АЁҚШ шу вақтда балки очилар, навбат эса анча масофага чўзилиб улгуради.

Партиялар йилда кўплаб учрашувлар ташкил этишади. Шуларнинг бирида кишига умид берувчи жавобга дуч келгандим, свет масаласида. Чиқиш қилган кишининг гаплари қанчалик ҳақиқатга яқин экани менга қоронғу, аммо у ишонч билан фикр билдирди. 2018 йилга бориб свет муаммосига деярли дуч келмаслигимиз катта эҳтимол экан. Айни вақтда бир эмас иккита вилоятда йирик қуёш электр станциялари қурилаётгани ва бу ҳолат бугунги кун муаммолари учун яхшигина ечим бўлишини лўнда қилиб тушунтириб берди.

Бугун бензин билан боғлиқ масалани мана шундай тушунтириб беришларига муҳтожмиз. Uzneftmahsulot ўзининг расмий веб-сайтида ҳеч қандай бензин тақчиллиги мавжуд эмаслиги ҳақида маълум қилганида узунгина навбатда тургандим. Одатда Қоратошда жойлашган АЁҚШларга кириб ўтаман. Навбат АЁҚШдан 1-шаҳар клиник шифохонасига қадар чўзилган бўлса ва сен бу каби хабарни ўқиб турсанг, устингдан кулишаётгандек ҳис қиласан ўзингни. Бу худди “В СССР секса нет” иборасига ўхшаб кетади.

Бензин қишга ғамлаб қўядиган маҳсулот эмас, ҳар ҳолда оддий одам учун. Бир ойда 3-4 марта ёки ундан кўпроқ бензин ҳарид қиладиган инсон ёқилғининг камайиб кетишидан ҳайиқиб, уни томорқасига ғамлаб қўймайди. Бензин тақчиллигини вужудга келтиришда фаол иштирок этаётган ва бунинг орқасидан ноқонуний даромад олиш илинжида бўлган кишилар етарлича топилиши кундек равшан. Бироқ айрим АЁҚШлар 24 соат фаолият олиб боргани ҳолда бензин тақчиллиги юзага келишига ишониш қийин.

Қоратошдаги АЁҚШлардан бирида куннинг исталган вақтида бензин топса бўлади. Ҳозир эса у маълум вақтдан сўнг ишни тўхтатади. Хавфсизлик назари билан қараганда ярим тунда АЁҚШларнинг ишламаслигини тушуниш мумкин. Ёки бўлмаса ёқилғи қуйиш шаҳобчасида бензин тугаши унинг маълум вақтга ёпилишига сабаб бўлади. АИ-80 автобензини қолмаган бир пайтда, ҳаридорлар АИ-91 га мурожаат қилишади, унинг ҳам таги кўринса, табиийки АЁҚШ бекилади.

Автомашинада вилоятларга сафар этиш масаласини етти ўлчаб бир кесиш керак бўлади, бензин муаммоси сабаб. Тижорат нархида ёқилғи сотиляпти, лекин шундай пайтлар бўлганки, тижорат нархига ҳам бензин топиш мушкул эди. Қўлдан олиш масаласи эса ҳаммага тушунарли. Айни вақтда АЁҚШлар ёпилиши билан ва айрим пайтларда ёпилмай туриб ҳам қўлда бензин сотаётган олиб-сотарларни исталганча учратиш мумкин. Шошаётган кишилар, бензини қолмаган ҳайдовчилар учун бу айни муддао. Аммо Uzneftmahsulot бунга ҳожат қолдирмаслиги керак, агар чиндан ҳам компания ташкил этган сайёр гуруҳлар кеча-ю кундуз назорат ва таҳлил олиб бораётган бўлишса. Ва чиндан ҳам нефт хомашёси нафақат мамлакатимиз ички эҳтиёжини қондириш учун, балки муайян миқдордаги ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини экспорт қилиш учун ҳам етарли миқдорда қазиб чиқарилаётган бўлса.

Навбат кўриняпти, бензин қўлга чиқиб кетаётганини ҳам пайқаш қийин эмас. Шунчаки кимдир бундай ҳолат қачонгача давом этишини содда қилиб тушунтириб бериши лозимдек. Узун навбатда турган вақтингизда Uzneftmahsulot навбат йўқ деса, сиз хабарга барибир ишонмайсиз. Лекин вазият ҳозирча шундай, фалон йилга мўлжал қилинган лойиҳамиз бор, ёки бўлмаса довондаги темирйўл қурилиши якунига етса, қачондир ҳаммаси жойига тушади ва муаммо бўлмайди қабилида тушунтирса, одамлар умид билан яшашади. Қачонлардир кўраётган нарсангиз йўқлигига ишонтиришга уриниш, уринаётганларга бўлган ишончингиз йўқолишига олиб келишини тушуниб етишлари керак. Шундай тушунаман.

18 декабря, 2015

Жиддий таваккал

Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Рио-де-Жанейро олимпиадаси учун имкониятлари қандай деган саволга жуда оддий жавоб бериш мумкин: яхши. Ҳозирча ҳеч нарса йўқотмаганмиз ва бу йўлда кураш олиб борувчи 16 терма жамоа билан назарий жиҳатдан имкониятларимиз тенг. Мавзунинг амалий қисми эса бир қатор хавотирли фикрларни келтириб чиқаради.

Энг йирик спорт фестивалининг футбол турнирида бирор марта иштирок этмаганмиз. Саралашдаги натижаларимиз босқичма-босқич яхшиланиб келди. Бироқ аввалги талаб билан бугунгиси бир-биридан жиддий фарқ қилади. Сабаби Миллий олимпия қўмитасини энди Мираброр Усмонов бошқариб бормоқда.

Рио олимпиадасига Ўзбекистон делегацияси иложи борича кўпроқ спортчи билан бориши лозим. Параолимпиячиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда таҳминан 100 га яқин спортчи мусобақага йўлланма ютиб олишидан умид қилинаётган бир пайтда 23 нафар футболчи бунда катта аҳамият касб этади. Яъни, футбол терма жамоасининг муваффақиятсизлиги ишлаб чиқилган янги дастурнинг тўлиқ бажарилишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.

Йил аввалида Ўзбекистон футбол федерацияси президентлиги учун сайловлар бўлиб ўтганида бежизга Мираброр Усмонов номзоди қайтадан илгари сурилмади. Пировардида Зуфарович терма жамоалар маркази олдига каттагина талаб қўйиб, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси нима қилиб бўлсада Риога бориши кераклигини уқтирди. Навбатдаги муваффақиятсизлик марказ директори Асқар Толибжоновдан тортиб, ўша вақтларда экспертлар гуруҳи аъзоси бўлган Самвел Бабаянгача футболдан четлатилишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Бангладешда бўлиб ўтган саралаш мусобақасини ёдга олинг. Вакилларимиз биринчи ўйинда Ҳиндистонни 2:0 ҳисоби билан мағлуб этишди, 2-турда эса мезбонлар дарвозаси жавобсиз тўрт бор ишғол этилди. Сурия билан ўйинда дуранг натижа ҳам бизга Осиё чемпионатининг финал босқичини кафотлаб берарди. Лекин жамоамиз 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Натижада тақдиримиз ўз қўлимиздан чиқиб кетди (Сурияни 2012 йил ёшларимиз ЖЧдан мусово қилишганди, саралашда эса уларда ўсиш кўринди).

“В” гуруҳи ўйинлари бир ярим ойдан кейин ташкил этилар ва унда қайд этилажак натижалар олимпиячиларимизнинг кейинги фаолиятини белгилаб берарди. Иордания, Кувайт, Покистон, Қирғизистон каби термалар жой олган гуруҳ ўйинларини кузатиш учун шахсан Толибжоновнинг ўзи учиб кетди. Ён қўшниларимиз Кувайтдан 1 очко олишмаганида ва ўзи учун керак бўлмаган ўйинда Иордания бошқа бир араб терма жамоаси Кувайт билан охиригача курашмаганида ҳаммаси тамом эди. Бахтимизга иорданияликлар туриб беришди, биз йўлимизда давом этадиган бўлдик.

Миллий терма жамоа билан боғлиқ ўзгаришлардан кейин олимпиячилар мураббийлар штабида ҳам ўзгариш юз берди. Унга кўра Виктор Жалиловга Дилшод Нуралиев ёрдам бериши керак эди. Романович кўп ҳолларда миллий жамоа билан овора бўлиб, олимпиячиларга етарли вақт ажрата олмади. Словакияда бўлиб ўтган турнирга жамоа бош мураббийсиз йўл олди. Ўша мусобақанинг йўлимиздан чиқиб олгани яхши-ю, аммо марказ унга жиддий эътибор қаратмади. Ўйинлар ҳисобини билиб турдик, тўлиқ ҳолат билан танишишнинг имкони бўлмади. Кейинчалик Дилшод Нуралиев ҳам олимпиячилар сафини тарк этганидан кейин Словакиядаги турнир нима учун керак бўлганди деган савол қалқиб чиқди. Чунки бугун жамоани бутунлай бошқа штаб қабул қилиб олди.

Самвел Бабаян бош жамоани бошқарган мураббийлар ичида энг яхши дебютни амалга ошира олганидан кейин унга бўлган ишонч ортди. Ўзбекистон футбол федерацияси президентининг қарорига кўра энди олимпиячилар учун ҳам Бабаяннинг шахсан ўзи жавоб берадиган бўлди, Осиё чемпионати стартига 45 кун (!) вақт қолганида.

Тўғри, миллий терма жамоа олдида шу билан март ойига қадар жиддий синовлар йўқ. Бу орада эса олимпиячилар тақдири ҳал бўлиб улгуради. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор: асосий жамоада наъмунали натижа қайд этиб келаётган мутахассис олимпиячилар билан нима қила олади? Ҳар икки жамоага битта мураббийнинг жавоб бериши бизнинг тажрибада янгилик эмас. Буни биринчи бўлиб Вадим Абрамов бошлаб берганди. Бироқ унутмайлик, Карленович фаолиятидаги энг эсда қоларли мағлубият ҳам айнан олимпиячилар билан боғлиқ. Лондон олимпиадасига бир қадам қолганида 2:0 ҳисобида олдинда бораётган жамоанинг якунда 3 та гол ўтказиб юбориши Абрамовнинг миллий терма жамоадаги кейинги фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатди.

Кейинроқ Миржалол Қосимовда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди. Миллий терма жамоа билан параллел равишда Қўшоқович 23 ёшгача бўлган футболчилар билан Осиё ўйинларига борди. Таркиб ва ўйин чакки бўлмаса ҳам, ним чорак финалда тўлиқ ҳимояда ўйнаган Саудия Арабистонидан мағлубият қабул қилиб олинди. Чиройли футбол ўз йўлига. Хатто чорак финалга ҳам чиқа олмаслик барибир муваффақиятсизлик.

Энди эса Самвел Бабаянда деярли шундай, кези келганда янада оғирроқ ҳолат. Бор эътиборини миллий терма жамоага қаратган мутахассис олимпиячиларни кеч қабул қилиб олаяпти. Қолаверса Осиё чемпионатидаги рақиблар ҳам анчагина жиддий. Гуруҳда Яман, Ироқ ва Жанубий Корея билан дуч келамиз. Ярим финал йўлида эса катта эҳтимол билан Иордаия, Австралия ёки БАА термаларидан бири рақиб бўлади. Кичик мундиаллар саралашидан фарқли ўлароқ, бу сафар ярим финалнинг ўзи кифоя эмас. 3-ўрин учун беллашувда ҳам ғолиб чиқишимиз талаб этилади.

2012 йил БААда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати 2016 йилнинг январида Қатарда бўлиб ўтадиган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги чемпионатга ибтидо бўлиб хизмат қилган. Аниқроғи, асосан 1993 йилда туғилган футболчиларимиз жамоа асоси бўлишади. Ўша 2012 йилги биринчиликда Ироқ ҳамда Жанубий Корея терма жамоалари финалга қадар етиб боришган. Аҳмад Мусаев жаҳон чемпионатининг чорак финалига қадар чиққан бўлса, ўша босқичда Жанубий Корея ва Ироқ ўзаро беллашишган. Ироқ ярим финалда ўйнаган, бизнинг дарвозани жавобсиз тўрт бор аниқ нишонга олган Уругвай билан пенальтилар сериясига қадар етиб борган. Ним чорак финалда биз Грецияни мағлуб этганимизда, Ироқ ва Жанубий Корея Парагвай ҳамда Колумбияни мусобақадан чиқариб юборишган. Эътибор беринг, Осиё чемпионатидаги мушкулимиз анча жиддий.

Терма жамоалар маркази Амирликларда бўлиб ўтадиган йиғин давомида Япония, КХДР, БАА, Қатар, Хитой, Иордания каби термалар билан ўртоқлик учрашувини келишиб қўйди. Бу албатта яхши. Осиё кубогидаги асосий рақибимиз Хитой, Жанубий Корея каби термалар бўлишини билиб туриб, асосан араб термаларига қарши ўйнаганимиз бизга панд берганини ҳамма кўрди. Бу борада кўнгилни бироз тўқ қилиш мумкин. Лекин яна битта жиҳат борки, уни четлаб ўтиш қийин. Бу турнирдаги эҳтимолий муваффақиятсизлик. Олимпия терма жамоаси Риога ўта олмаса кимлар ишдан кетишини юқорида айтиб ўтгандик. Наҳотки бош жамоада муваффақиятли ишлаётган Бабаяннинг тақдирини ўша турнир ҳал қилиб берса?

Биласизми нима, Бабаяннинг битта жиҳатига қойил қолиш керак. У жимгина четга чиқиб, барчасини Жалиловнинг ўзига қолдириши ҳам мумкин эди. Ютса барибир Бабаян ютар, ютқазса танқид Жалиловга қараб кетарди. Лекин у олимпия термасини қўрқмасдан қабул қилиб олди, анчагина қийин вазиятда. Футболчиларимиз кучига шубҳа қилмаган ҳолда айтиш керак, турниргача бўлган йўл давомида марказ кўп хатога йўл қўйиб берди. Сурия олдинга қадам ташлаганини кўрдик, бизни эса Қирғизистон, Иордания каби термалар қутқариб қолишди. Ишқилиб охири баҳайр бўлсин...

Мақола "Эрудит" газетасининг 10.12.2015, №150 сонида босилган

15 декабря, 2015

Амақим

Оиламизни яхши биладиган кишилар додам ёки адамга ўхшаш жиҳатларим ҳақида гапиришади. Улар гўёки амақимдан олганларим ҳақида билмайдигандек таассурот қолдиришади.

Ҳа, амаки деб эмас, амақи деб ўргандим, шу инсонни таниганимдан буён, унинг менга қондош эканлигини тушунган вақтимдан бошлаб. Адашмасам 4 ёшда эдим, туғилган кунимда оиламиз жам бўлганди. Амақим ҳали уйланмаган, менинг ҳозирги ҳолатим каби ориқдан келган, бўйлари балки узунроқ бўлгандир, ҳар ҳолда мендан баланд эди (: Эшик қўнғироғи босилиши билан уни очадиган одамга эргашиб борадиган вақтим. Амақим кириб келди, бир неча сониядан кейин қўлларида тургандим. Эркалаб саволлар берди, кайфиятим яхши бўлгани учун ҳаммасига жавоб бердим, юзимдан ўпиб ерга қўяркан, қўйнида турган нарсани онамга тутқазди.

Ўша куни ухлашга у олиб келган пижама билан ётдим. Ҳалигача аниқ эслайман, пижамада бир нечта машиналар акс этганди. Ухлаш олдидан онамга бу қайси машина деб ҳаммасини сўраб чиқардим, онам эса тагига ёзиб қўйгани бўйича айтиб берарди. Аниқ эсимда қолгани, пижамамда “Фиат” бор эди.

Додам қаттиққўл инсон, аммо кўнгли жуда бўш, тонгда уришиб берса, тушдан кейин яхши латифа айтиши мумкин. Отам додамдан кўра қаттиққўлроқ, ўйлашиб гаплашиш керак бўлган одам. Амаким уларга ўхшамаган, балки оилада кенжа фарзанд бўлгани учундир, балки ойижоним кенжасини кўпроқ ҳимоя қилгани учундир... Берадиган жазолари ҳам ёқарди. Аммамнинг катта ўғли бошчилигида ҳали ҳам битмаган эски қурилишда сакраб юрардик. Осилиб турган шланкаси 3-қаватли уй билан баробар бўлган кранда арғимчоқ учардик, катталар билиб қолишса тамом, оқибатини ўзимиз ҳам тасаввур қила олмаймиз (ваҳоланки додамнинг 9-қаватдаги уйидан нима қилаётганимиз ойдек кўриниб туради). Биринчи бўлиб амақимнинг кўзи тушар ва ҳуштак чалиб, уйга чақирарди. Бўйма-бўй, ёшга қараб ҳаммани тикка турғазар, стройкада ўйнаганимиз учун урушгандек бўларди. Кейин энг қизиғи бошланарди. Кимдир 50 та отжимания, яна кимдир 30 та приседания, хуллас ёш ва имкониятга қараб. Бўйи бир-бирига яқинлар кураш тушадиган ҳолатлар ҳам учрарди, хуллас қий-чув. Ойим келиб, амақимнинг ўзини урушиб бермагунларича давом этарди.

Меҳмон келса, додамнинг набираларига энага – амақим, “Зафар, болаларга қара!” Шунинг учун бўлса керак, болагимиздаги гапларимиздан тортиб, қилиқларимизгача энг яхши амақим билади, ҳали-ҳануз қондошлар йиғилганимизда эслаб кулишамиз.

1996 йил йил. Амақим келинойимга уйланаётган кун. Эски “Полёт” ресторани. Олдидаги кафтдек ҳовузчада келин кириб келаётганида ҳам набиралар кийимни ечиб, чўмилиб юрибмиз. Токи аммам ташқарига чиқиб, “вой менгина ўлай, Саидахооон, Мадинааа”, деб ҳамманинг онасини чақирмагунича кимнингдир сирпаниб оёғи қонаган, яна кимдир оёқ кийим ичини сув қилиб юборган. Ёрдамчилар югуриб чиққунича барчамиз қочиб қолдик. Кўзим олдимда турибди, амақим рафиқасининг қўлидан ушлаб, тўйхонага кириб келаётганди, аҳволимизни кўриб, ўзини кулгудан зўрға ушлаб тургандаги қиёфаси.

Бугун унинг ўзи 40 ёшга қадам қўйди. Бу пайтга келиб отамнинг сочига оқ оралаганди, додамга тортгани учун бўлса керак. Амақим эса раҳматли ойимнинг ўзгинаси – сочида на оқ бор, на юзида ажин. Ҳаммамиз учун бирдек ёқимли. Ўша тўйига ҳали кўп бўлмагандек, лекин унинг фарзандлари – сингилларимнинг бўйи етиб қолди. Уй эшигини совчилар тақиллатаётган пайт, вақт тез ўтиб кетибди.

Ҳозирги ютуқларимнинг кўпида амақимнинг ҳиссаси бор, камчиликларим эса ўзимники, шахсий (: Адамни ТВга додам, амақимни адам, мени эса амақим олиб келди. Деярли ҳар куни кўришганим учун, оддий сўрашамиз, қўл бериб. Йилда бир марта уни бағримга босишим мумкин – 15 декабрда. Ростини айтганда мен уни яхши кўраман. Буни ўзи ҳам ҳис қилмаса керак.

Ўзимга нима раво кўрсам, амақимга ҳам шуни тилайман. Ширин оиласи, икки фарзанди бор, улар қатори биз ҳам доимо ёнида турайлик, елкама-елка (унинг бўйи анча баланд, кейин сезиб қолганман). С днём варенья, амақи.

Ҳа, айтганча, мактаб ёки коллежда қандайдир ишкал иш қилганимизда, ҳеч қачон адамга айтмаганмиз. “Эртага отанг билан кел!” калимасига биринчи ёрдам амақим бўлган. Устозларимиздан узр сўраш ҳам, кетидан койиш ҳам унга қолган. Шунчаки жазолари ёқимли бўлгани учун, у кўп томондан ойимга тортган.   

12 декабря, 2015

Санъатимиз плагиати ва плагиат санъати

Kun.uz сайтида “Зийнат” гуруҳи қизлари плагиатда айбланган хабарга кўзим тушиб қолди. Кўчирмакашликда айблаш мумкин бўлган шунча хонанда турганида нега айнан шу гуруҳ танлаб олингани қизиқ туюлди. Билдимки, бу ҳақда биринчи бўлиб Canal3.md телеканали маълумот берган, молдовалик хонанда Клеопатра Страта (қўшиқнинг асл эгаси)нинг отаси эса ижтимоий тармоқларда плагиатга нисбатан фикр ҳам билдирган. Кейинроқ хабар kun.uz’да негадир йўқолиб қолди. Балки гуруҳ продюссери томонидан тушунтириш хати келиб тушгани учундир, билмадим.

“Хоп-ша” таронасини кетма-кет эшитиб юрган вақтим бўлганди. “Зийнат” гуруҳининг шу қўшиғидан бошқа ижод наъмунаси ҳақида маълумотга эга ҳам эмасман. Айтмоқчи бўлганим, плагиатга қарши курашни аллақачон бошлаш мумкин эди. Ҳеч қандай Canal3.md ёки муаллифлик ҳуқуқини бутун дунёда ҳимоя қилувчи Сергей Рогожинсиз.

Кўчирмакашлик рағбат топиши мумкин бўлган жамиятда яшаб турибмиз. Номларини айтиш шарт бўлмаса ҳам, керагидан кўп қўшиқчиларимиз плагиатга қўл урганликларини яхши биламиз. “Зийнат” гуруҳи продюссери воситачи орқали вазиятни тушунтириб бера олган. Лекин ишонаманки, бунга муваффақ бўла олмайдиган қўшиқчилар бизда етарли.

Шоу-бизнеси халқаро миқёсга деярли чиқмайдиган мамлакат хонандалари жуда бўлмаганда рухсат сўраб, ижод наъмунасини текинга олишлари ҳам мумкин. Мавлуда Асалхўжаева туркча қўшиқларни маълум нархга сотиб олиб куйлагани ҳақида эшитганим бор. Бу яхши иш ҳар қалай. Муаллифлик ҳуқуқини хурмат қилиш, ошни ҳалоллаб қўйиш. Ачинарли томони эса ўзбек шоу-бизнесида машҳурлик чўққисига чиққан талайгина хонандаларнинг плагиатга бемалол қўл уриши.

Шунга ўхшаш блогпост ёзиш фикри Дилдора Ниёзованинг қўшиғидан кейин келганди, россиялик машҳур хонанда София Ротарунинг “Аист на крыше” қўшиғининг ўзбекча вариантига ишланган клипни кўрганимдан сўнг. Унга қадар эса Алла Пугачеванинг “Миллион алых роз” қўшиғи ҳам айни вариантда куйлаб ўтирганди. Ўзбекистонлик хонанда бунинг учун Ротару ёки Пагачевадан рухсат олган бўлса, бошқа гап. Акси бўлса, уни икки марталаб тушунмайман. Биринчиси плагиат учун, иккинчиси ўғирлангани аниқ бўлган машҳур таронага бемалол клип ишлаб, ТВга олиб чиққани учун.

Ўзбек тўйларида муаллифлик ҳуқуқига умуман амал қилинмайди. Ўзимизнинг хонандалар бошқа хонанда қўшиқларини мини-дискка ёзиб, бемалол тирикчилик қилишади. Россия ёки туркиялик хонандалардан берухсат олинган қўшиқларнинг тўйларда жаранг сочишини майли тушунайлик. Ахир Boney M ёки Modern talking’нинг ўзини Тошкентга олиб келиш иложсиз, бу гуруҳлар аллқачон тарқалиб кетган. Аммо уларнинг машҳур қўшиқларини кайф учун куйлабгина қолмай, ТВ ёки радиода айлантиришлари тушунарсиз. Оригиналидан яхшироқ куйланган бўлса ҳам майли эди. Аслини олганда бундай ҳолатлар кўчирмакашлар ижоди ва уларга бўлган муносабатга салбий таъсир кўрсатиши керак.

Юлдуз Усмонованинг “Санамгина”сини биргина мисол сифатида келтириб ўтайлик. Оригинал ижро Ғиёс Бойтоевга тегишли. Лекин такрор куйлангани биринчисидан кескин фарқ қилади. Ижросидан тортиб, сайқалига қадар. Мана буни ижод дейиш мумкин. Ижодкор бошқа бир ҳамкасбининг наъмунасидан илҳомланиб, унга рухсат билан ўзгартириш киритиши жуда ҳам мумкин, керак бўлса яхши бир ҳолат. Кўр-кўрона кўчириш эса уятдан бошқа нарса эмас.

Ўзбекнаво ижодкорларнинг танлов ҳуқуқларидан бири бўлган кийиниш услубига аралашгунча, плагиат масалаларига эътибор қаратиб ўтгани яхшироқ, фикримча. Давлат ва нодавлат телеканаллар, радиостанциялар ҳам бунга эътиборда бўлишларини истардим. ОАВ бунинг орқасидан иқтисодий фойда кўраётгани учун ҳам, уни тушунса бўлар. Бироқ бу масалага ўзимиздан қайси ташкилот жавобгар бўлиши керак, тушунарсиз.    

03 декабря, 2015

"Соккер клуб"даги ҳакам учун аталган фикрлар ҳақида

Баъзида скриншотлар, баъзида қандайдир перепискалар келиб қолади, ўзим таниган, билган ва ёқтирмаган одамларга тегишли. Юбориб туришади, юборадиганлар ўшаларнинг асл башарасини билиб қўйишимни хоҳлашар балки, билмадим. Юборишлари ҳам тўғри иш эмас аслида, лекин билмай ўтиб кетмаётганим учун индамай қабул қилиб тураман. Буни ўртага адоват солиш учун қилишади деб ўйламайман, чунки етарли даражада нафратланиб улгурганман, адоватга ўрин қолмаган.

“Соккер клуб” эфир юзини кўрганига кўп вақт бўлмади. Бор йўғи еттита сонга улгурдик, ҳалос. Кўп ҳолларда лойиҳани ёпиб юбориш фикри ҳам келади, футболдаги кишилар билан доим кўришишга мажбурман, ёқмаяпман кўпчиликка, одамлар ишонмай қўйишлари хавотирга солади. Бироқ бошлаётганимда буларга тайёр туришим кераклигини билганман. Ҳозир канал раҳбарияти дастур учун шароит яратиб беряпти, МТРК раҳбарияти ҳимоя қилиб келяпти. Шароит вақти келиб бўлмаслиги мумкин-ку, нега борида фойдаланмаслик керак? Муҳими алдаётганим, закасга ишлаётганим, лаганбардорлик қилаётганим йўқ, оддий журналист нима қилиши керак бўлса қўлимдан келганича қилишга уриняпман.

Ҳозир гап бу ҳақда эмас, гап умуман бошқа жойда. Кўрсатувнинг 7-сонини якунлашда меҳмон ҳакам ҳақида қуйидаги фикрларни қўшиб қўйдим: “Холмат Мирзааҳмедов ичидагиларни тўкиб сочгани рост. У ҳозир ҳакамлик соҳасида эмас. Рефери бўлиб ишлаганида қандай ишларга қўл урганини унинг ўзидан эшитдингиз. Бундай номақбулчиликларга аралашган кишининг ҳамма гапига ишониш ҳам ярамайди. Ҳаётда шундай инсонлар бўлади, битта гапига ўнта гувоҳ керак. Биз авваламбор қўрқмасдан фикр бергани учун унга миннатдорчилик изҳор қиламиз. Ва айтиб ўтамизки, унинг ўзи минбар сўраб чиқмаганида, биз уни кўрсатувга таклиф қилиб ўтирмасдик. “Соккер клуб” шиори “доимо ҳалол ўйнанг” бўлганидан кейин унда чиқиш қиладиган кишилар ҳам бу талабларга жавоб беришларини истардик. Холмат ака кўпни кўргани учун ҳам, балки ўзидан кейингилар бундай йўлга кирмасликлари учун ҳам микрафон сўраб олгандир. Умид қиламизки, қолганлар ўрнак олишмайди”.

Ҳа, меҳмоним ҳақида яхши якун эмас. Аммо вақт орқага қайтарилса худди шу сатрларни яна бир марта қўшиб қўяман. Холмат ака “Футбол шарҳи” кўрсатувида ҳам меҳмон бўлганини эслайман. “Соккер клуб” мавзусида қўнғироқлашганимизда бу ҳақда гаплашиб олдим. Аямаслигимни, хоҳлаган саволимни беришимни ва кейин ҳеч нимани ўзгартирмаслигим ҳақида огоҳлантириб, кейин кўришдим. Битта инсонга нисбатан турли томондан қарай оламан. Қўрқмасдан айтганлари учун ҳакам кўз олдимда – мужик. Хатто ўзидан ўтганларини ҳам беркитиб ўтирмади. Фикрларига ёлғон аралаштирмади, борини тўкиб сочди ва шунинг учун ҳам унга рахмат айтиб қўйдим. Лекин у ким бўлишидан қатъий назар қилган амалларига қараб баҳо бераман, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Эсини таниб олган инсон қинғир йўлга билмай кириб қўйдим деса, энсам қотади. Аммо ақлини йиғиб олганида қилганларидан афсусда бўлса, унга нисбатан хурматим ошади. Энди кўрсатув сўнггида айтилган фикрларни ким қандай тушунса тушунаверсин. Мен исмлар аниқ айтилган жойда овозни ўчирганим рост (чунки буниси туҳмат бўлиши мумкин. Ҳали исботланмаган масалани дуч келган одамнинг гапига ишониб эфирга олиб чиқа олмасдим), бироқ ҳакам айтганлари ва мухлислар эшитганлари учун ортиқча исбот шарт эмас. Муҳими, фикрларини бера олганимиз.

Кулгули жиҳати шундаки, бу борада танқид ва провакация бошлаётганлар орасида айрим ҳамкасбларим ҳам бор. Аниқ билганим учун айтдим. Мухлислар учун аталган изоҳли жойларга нотаниш никлар билан кирадиган, писиб туриб овоз чиқарадиган, бировга ёмонлик, касаллик ва муваффақиятсизликни соғинадиган журналистларимиз борлиги ҳам аслида яхши – улар янада кучли бўлишинг учун ҳам керак (ва шу ўринда бир-бирига далда бўладиган, қўллаб-қувватлайдиганларга рахмат айтаман). “Соккер клуб” ва умуман ўзимга тегишли лавҳаларнинг ҳар бир сатри учун жавобим бор. Мен юзимни, кимлигимни яшириб писмайиб чиқиш қилаётганим йўқ. Айтиб ўтганим каби ҳамкасбларим ёки фанатизм дардида чалинган аллақандай кишилар бўлса -   юзларини очиб чиқишсин. Соғлом муҳитда, маданиятли кўринишда, эркакка ўхшаб фикр алмашишимиз мумкин. Бунинг учун ижтимоий тармоқлар ва қатор воситалар бор.

Ҳа, айтганча, Мираброр Усмонов Холмат Мирзааҳмедовнинг биргина рост гапи учун бош ҳакам қилиб қўйганини ортиқча чайнаш шарт эмас. Чунки ўша ҳакамлик биринчи ва охиргиси эди, буни унутмаслик лозим. Тан оламан, федерация президентининг ўша сиёсати маъқул бўлди. Чунки унда рост гап учун рағбат, қинғирликлар учун эса кичик бир жазо ҳам бор. Назаримда тушунтира олдим.

Пасткашликдан тийилинг, ҳеч қанақасига ярашмайди.    

18 ноября, 2015

Кичик пулитцер

Ностальгия

Охирги марта мандатни кўриб кетганим жойга орадан 4 йил ўтиб яна келдим. Ҳаммаси ўша-ўша. Талабалар гавжумлиги эвазига файзли, улар йўғида қаровсиз райончани ёдга соладиган литературный. Ўзини кўрганимдан буён сувини кўрмаганим фонтанни ярим айланиб, студентлик йиллари ништяк ўтганлар кўзига “Истиқлол”дан ҳам кўркам кўринувчи актовый залга кириб бордим. Қўлимга пресс-релиз келтириб беришди. 11 дан 5 дақиқа кечикканим учун ҳижолат бўлишга тақдирлаш маросимининг 40 дақиқа кечиккани ҳожат қолдирмади.

Қадрдон чеҳраларни кўрдим. Оқ кўйлак, қора шимдагилар орасида амортизатор кроссовки ва енгсиз майкада юрган олифтани кўриши билан эшак ёки ҳўтик ҳақидаги мисраси эсига тушиб қоладиган Акбар акадан тортиб, ярим семестр дарси билан бир умрга эсда қолувчи инсонга айланадиган Ҳалим акагача. Бутун умр илм кетидан қувиб, ҳали ҳам оддийлиги йўқотмаган, жанозага шошилганидан шалвар ва кедида чиқиб кетаверадиган ва шунинг учун ҳам ёқимли Файзулла акагача. Қўполлашганингда ҳам жилмайиб туравериб баттар асабинга тегадиган, лекин керак пайтда поддержка қиладиган Амрулло Каримовгача.

Халқаро журналистика факультетига адашмасам 1999 йил асос солинган. Унда ўқиган талабаларнинг ҳаммаси ўз даврини ўзидан кейингисидан анча яхши деб ҳисоблаши одат тусига кирган. Ва унда ўқиганларнинг ҳаммаси факультетни миллий журналистикадан яхшироқ деб қараши ҳам ота мерос. 2002-2009 йиллар давомида факультет чиндан ҳам жонли кўринарди. Кейин бироз зерикарли туюлди. Орада кўчманчиларни бағрига олиб, карвонсаройга айланди. Тушунишим бўйича чанг об-ҳавода сарғайиб кетаётганига қарамай оқ рангда қурилишда давом этаётган биноларнинг навбатдагиси ишга тушганида ҳам журналистика жойидан жилмайди. Аслида шуниси ҳам тинч, факультет бир оилалигини сақлаб қолади.

Ўзим ҳам ўз давримни ўзимдан кейингиларидан анча яхши ҳисоблаб келганман. Қилганларимизни кейингиларга тўлиб, тошиб гапириш кишига қисман кайф бағишлайди. Бугун эса биринчи бор бошқача ҳислар кечди. Биздан кейин таҳсил олаётган талабалардаги ҳаракатни кўриб ҳам қувондим, ҳам аламландим. Хурсанд қиладиган томони, бизда бор йигит-қизлар кейингиларида ҳам борлигига ишончим комил бўлди. Алам қилгани улар қилган ишни қачонлардир биз амалга ошира олмаганимиз.

Ёзги амалиёт даврида фаол бўлган талабаларнинг энг яхшилари тақдирланди. 1042 та ишдан энг яхши 45 таси танлаб олинганди. Ва улар 10 та номинация бўйича кураш олиб боришди. Йил якунида журналистларни тақдирлаш маросими қандай ўтказилса, худди шунинг кичик вариантини кўриб қайтдим. Аммо бу ердаги самимиятни ўша “Туркистон”дан топа олмайсиз. Бу ерда журналистларга яратилган шароитлар ҳақида ярим соат маъруза қилинмайди, бу ерда қарсакни ҳамма самимий чалади, бу ерда домлалар шогирдининг қувончини кўриб, ундан кўпроқ завқланади. Илиқ таассурот қолдирди, кайфият кўтарилди, соғинч ҳис қилинди, хуллас ачинмадим кетган вақтимга. Ғолиблар саҳнага чиқаётганида қўллаб-қувватлаш қандай соз бўлганини тушуниш учун уни фақатгина кўриш керак.

Пушаймон

Ўз хоҳишимга кўра эмас, хоҳишларига кўра журналистларни тақдирлаш маросимида иштирок этгандим. Ўзини севувчи кишилар етарли эканига шоҳид бўлганим тадбир мен учун биринчиси эди, умид қиламанки, охиргиси ҳам шу бўлади. Тақдирлаш маросимидан кейин яхши бир театри бўлмаганида, кетган вақтимга росмана ачинган бўлардим. Негадир журналистларни тақдирлаб қўйиш кераклиги учун ўтказилгандек таассурот қолдирганди. Балки фақат менга шундай туюлган, балки ясамаликни тушунмасман, хўжа кўрсин учун каби ишларга жин урсин дейиш одатим бўлиб қолгандир.

“Оскар” биласизми нимаси билан қизиқарли? Сизга хурматли меҳмон сифатида таклифнома келтириб беришади. Иззат билан кутиб олишади. Бутун бир шоуни катта ҳаяжон билан кузатасиз. Номзодлар орасида борсиз-у, аммо ғолиб бўлишингизга кўзингиз етмайди, сиз хатто Ди Каприодек талант бўлганингизда ҳам. Конвертдан исм-шарифингиз чиқиб қолса, ўша секундлардаги юз кўринишингизни қандай актёр бўлишингиздан қатъий назар бошқа такрорлаб бера олмайсиз. Юта олмасангиз ҳам номинант эканингиз сизни бахтли қилади. “Олтин тўп”ни оласизми, бошқа маросимларними, хуллас шунга ўхшаш жараён.

Лекин негадир журналистларда ундай эмас. Ҳамма нарсани шоуга айланишига ўзи ҳисса қўшади журналист. Ўзини тақдирлашларини эса гўёки сўраб олади. Бир йил давомида қилган ишларини ўзи йиғиб чиқади, дискка кўчиради, файл ичига солади, нима қилган ва нима еб катта бўлганини ёзиб, папкага жойлаб, ўзи бориб ташлаб келади. Папка шундай қабул қилиб олинадики, иши кўриб чиқилишига умидлари нимжонлашиб қолади. Кейин ўша кунни кутади. 10 та журналист саҳнага чақирилади, ҳаммасини қўлига диплом, пул, гул бериб, пасга тушириб юборишади. Иззатталабликмас-у, хуллас ғалати барибир. Мен зўрман деб ҳаммасини ўзингиз йиғиб, топширасиз. Бир йил қилган ижодингизни ё ҳеч ким кўрмаган, ё сиз нима қилсангиз ҳам значоклар, орденлар, мукофотлар ва саҳналар учун қилгансиз.

Пулитцер

Ҳамма нарса самимий бўлишини истардим. Йилнинг энг яхши журналисти деб сизни топишса-ю, юмшоқ қилиб айтганда ҳеч ким бўлсангиз, бундан ёмони йўқ. Ўлчамни аслида одамлар беради. Хизмат кўрсатган артист бўлиб, “Ниҳол”нинг 4 тасини уйингизга таҳлаб қўйсангиз-у, кўриниш беришингиз билан муте кнопкасини дучор бўлсангиз, ачинарли. Яхшиси сизни наврўзга ёки бошқа байрамга чақиришмасин, лекин чиқишингиз билан кимдир мурватни кўтариб қўйсин, кимдир рақсга тушсин. Журналист бўлсангиз, чиқишингизни кутиб яшашсин.

Бугун саҳнада кўрганларимга шундай бахтни тиладим. Байрам ажойиб бўлди, самимий руҳда ўтди. Ўзим иштирок этган икки тадбирни солиштириб кўрдим, бугунгиси ёқди. Талабалар орасида чиқишлари ёқадиган Озода Яхшиевани кўрдим, овози тўйларни гуллатаётган унча-мунчасидан яхши ҳофиз йигитлар ҳам бор экан, “Давр”да кўриб турадиганим йигит, спорт журналистикаси орқали танишлар, ҳеч бўлмаганда ижтимоий тармоқнинг мендан узоқ бўлмаган қисмидаги таниш чеҳралар. Уларнинг кўпи журналистикага қадам қўйиб бўлган. Келажакда одамлар яхши кўрадиган, жамият ишонадиган, суянишни истайдиган журналистлар бўлишини хоҳладим.

Балки қаричим нотўғридир, балки кимгадир ёқмас, калта ўйлаётгандирман, билмайман. Яхшиси истагимни ёзаман. Қилган меҳнатларингизни ўлчайдиган кишилар бўлиб, уларнинг кузатуви орқали эътиборга тушиш бахт. Пул мукофоти иккинчи даража, рост. Лекин кунларнинг бирида уйингизга таклифнома келса ва сиз йилнинг энг яхшилари қаторида эканингизни кутилмаганда билиб қолсангиз, мана сизга рағбат. Борасиз “Туркистон”га, энг яхши уч кишини табриклаб, ўзингиз улар қаторида эканингизга суюниб қайтиб келасиз. Ҳар холда меҳнатларингизни дискка ёзиб, қоғозга кўчириб, флешкага тиқиб, хуллас ўз қўлингиз билан тиқиштирмаймиз. Ўзингизни хизмат кўрсатган қилмаймиз, хизмат кўрсатган деб топишлари учун меҳнат қиласиз. Менимча фарқи бор, каттагина фарқи бор.

08 ноября, 2015

Самвел Бабаяннинг бугуни ҳақида

Самвел Бабаян мен учун кучли футбол мутахассиси ҳисобланмайди. Аммо бу фикр ҳозирги ҳолатни тўғри баҳолашим учун ҳалал бермаслиги керак.

Айни пайтда энг катта босим остида ишлаётган мураббий бу айнан Бабаян. Ҳозир унга осон эмас. Бир томондан миллий терма жамоа қайд этадиган натижалар учун жавоб бериши керак, иккинчи тарафдан эса “Пахтакор”ни ҳам ўз ҳолига ташлаб қўя олмайди.

Бугун мураббийнинг “Пахтакор”га бефарқ эмаслиги керагидан кўп танқид қилинмоқда. Аслида сиз нимани кутгандингиз? Унинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг. 10 йилдан ортиқ вақт давомида шакллантириб келган жамоангизни бирданига ташлаб қўя оласизми? Менга қийин бўларди. Тўғрироғи, қўлимдан келмасди. Бабаян шу вақт давомида “Пахтакор”нинг ҳам отаси, ҳам онаси бўлиб келди. Унинг аслида қандай фаолият олиб боргани ҳозир муҳим эмас. Муҳими жамоани ёлғизлатиб қўймади. Мен Бабаяннинг майдон ташқарисидаги ғалати ишлари ҳақида ишончли манбаалардан жуда кўп эшитганман. Шунингдек, футболчилар маошини вақтида бераман деб машинасини сотганини ҳам ва умуман “Пахтакор”ни деб ўзини кўп жойга урганини ҳам биламан.

Блогпост орқали Бабаян шахсини улуғлаш фикридан йироқман. Бу нарса балки ҳеч қачон қўлимдан келмас ҳам. Аммо ҳозирги ҳолатда у икки ўт орасида қолиб кетган. Барчасига сабаб сифатида Ўзбекистон футбол федерациясининг қарорини кўрсатиб ўтаман. Воқеалар ривожини кўриб, билиб турган ташкилот Бабаянни “Пахтакор”дан сунъий равишда четлаштириб қўйди. Хўжа кўрсин учун қилинган бу иш эса ўзини оқламаслиги аввалданоқ маълум эди. Ўша сунъий қарор ОАВ вакилларига яхшигина мавзу топиб берди. Энди “Пахтакор”дан кўпроқ футболчи термага жалб этилаётгани ҳам, Бабаяннинг футболчилар ечиниш хонасига кириши-ю, ўйин вақтида ҳеч иккиланмай кўрсатма бериб туриши ҳам журналистлар эътиборидан четда қолиб кетмайди. Ваҳоланки бу мен учун кутилмаган ҳолат эмас. Ҳаммасини табиий равишда қабул қиламан.

Россия миллий терма жамоасига деярли бир вақтда жалб этилган Леонид Слуцкий Бабаяндан фарқли ўлароқ “ЦСКА”даги фаолиятини ҳам давом эттирмоқда. Бунда Россия футбол иттифоқи бизга ўхшаб ҳаммаси миллий терма жамоа учун қабилида иш кўрмади. Футболни профессионал томондан тушунувчи кишилар хатто у миллий терма жамоа бўлган тақдирида ҳам оддий клубнинг шоҳини синдириб қўйишга уринишмайди. Слуцкийнинг ўй-фикри иккига бўлинаётгани ҳам аслида “ЦСКА” учун ноҳақлик, бўлди, иттифоқ шуниси билан чекланади, ҳалос. Бизнинг сиёсатда эса миллий терма жамоа учун “Пахтакор” ҳам, бошқаси ҳам ўйлаб ўтирилмайди.

Тўғри, Слуцкий Евро-2016 нинг финал босқичига қадаргина икки томон учун мураббий. Бунинг яхши томони шундаки, орадаги вақт давомида “ЦСКА”да барчасини тўғирлаш учун имконият бўлади. Мана шу имконият бизда “Пахтакор”га берилмади. Бирданига Бабаян миллий терма жамоага мураббий бўлиб қолди ва бирданига “Пахтакор” 10-15 йиллик валинеъматидан айрилди. Аслида эса бу кўзбўямачилик. Федерация Бабаянга “Пахтакор” иштирокидаги ўйинларга боришни тақиқлаши мумкин. Аммо бундан нима наф? Мураббий барибир қадрдон клубидан шунчаки воз кечиб кета олмайди.

Агар ЎФФ қарори Россия футбол иттифоқиникига ўхшаш бўлганида, бугун бош мураббий ўзидаги босимдан бироз ҳалос бўлиш имкониятини қўлга киритарди. Журналистлар эса мутахассиснинг ҳар бир қадамини папарацци сифатида пойлаб юришмасди балки. Бабаяннинг ўзи ҳам телевидение камерачиларидан ҳар сафар уни суратга олмасликни алоҳида илтимос қилиб ўтирмасди.

Бир қарашда ЎФФ вазиятга реал баҳо бергандек. Яъни, терма бош мураббийи нейтрал киши бўлиши шарт! Тўғри, лекин биз қачонгача ўзимизни алдаб юрамиз? Ёки чиндан ҳам нейтрал бош мураббий топиш керак эди, ё бўлмаса Бабаяннинг “Пахтакор” билан боғлиқлигини онгли равишда тушуниб, қарор қабул қилиши талаб этиларди.

Бабаяннинг бош жамоага мураббий этиб тайинланиши кўпчилик томонидан илиқ кутиб олинмагани рост. Лекин танқидларга терс ўлароқ мутахассис миллий терма жамоадаги фаолияти давомида дастлабки уч учрашувнинг барчасида зафар қучган ягона мутахассисга айланиб олди. Ва катта эҳтимол билан бу муваффақиятни давом эттиради. Миллий терма жамоанинг ҳақиқий мухлиси сифатида унинг шахсини ўзим учун буюк деб билмасам ҳам, муваффақиятларига тилакдошман. Ўзбекистон 2018 йилги Россия мундиалига йўлланмани қўлга киритганида ҳам Бабаян мен учун кучли мутахассис бўлиб қолмайди. Кўзим билан кўрганларим ва умуман эшитганларим асосида унга нисбатан фикрим шаклланиб бўлган. Ҳозир эса “Пахтакор” ҳам, Бабаянга ҳам осон эмаслигини қайд этиб ўтмоқчиман, ҳалос. Бу икки нарсани бир-биридан сунъий айириш бугун имконсиз. Кун келиб Бабаян миллий терма жамоадан четлаштирилганида ҳам барибир “Пахтакор”га қайтиб келади.

Блогпост сўнггида кўп айтадиган фикримни такрорлайман. Олий лига клубларининг барчасида 1 тадан Бабаян бўлганида балки футбол олдинга анчагина қадам ташлаши мумкин эди. Чунки у 1 та клуб учун нима бера олиши мумкин бўлса, бериб келмоқда. Лекин унинг 1 та ўзи кўп нарса остин-устун бўлиб кетиши учун етарли шахс. ЎФФнинг қарори Россия футбол иттифоқиники каби бўлганида ҳозиргисидан мантиқлироқ бўларди, менимча. Ва бу нарса миллий терма жамоа муваффақияти йўлида ҳам хизмат қилади. Чунки асосий жамоанинг бугунги устозини керагини кўп босимда қолдирганмиз.     

05 ноября, 2015

Беспредел

Ярим кечаси ишдан қайтаётганимда жим-жит кўча тинчини бузмай, сиренасини ёқиб юрган милиция машиналарига кўзим тушади. Ўзимни хавфсиз ҳис қилиб, Буршанинг тили билан айтганда қадрдон милициядан хурсанд бўлиб қўяман.

ТТЗ даҳасига бориб футбол кўришнинг ўзгача гашти бор. Стадион атрофи кўп қаватли уйлар билан ўралган, салқин. Яхши танишинг бўлса, парк ичида сухбатлашиб ўтиришинг ҳам мумкин. Хуллас, тинчгина мавзе. Мана шу макончада “Локомотив” онда-сонда ўйин ўтказиб туради. Футбол соат 18:00 гача тугаса бўлди, асосий қонуният шундан иборат.

Мингта мухлиснинг тўртдан бири келармикан деган ўйда шеригимнинг сигарети ва ундан чиқаётган тутунга анқайиб тургандим. Милиция эвакуатори робокоп мисол пайдо бўлди: “Қайсини олиш кере?!” Қўлида рация ушлаб тургани погонидан кўра кўпроқ ҳукмронлик берадиган иккинчиси рациянинг учи билан оқ нексияга ишора қилди: “Олдин мамбуни ол, кейин анавиларни ҳам йўқот”. Демак, хавфсизлик нуқтаи назаридан машиналар бошқа ҳудудга кўчирилиши керак. Қизиқ жараён.

Эвакуатор орқаси билан нексияга яқинлашиб келиб, шундай беўхшов тўхтадики, рулга биринчи бор ўтирган курсант балки яхшироқ ҳаракатланарди. Лекин бу ҳайдовчининг уқувсизлиги эмас, дерзкийлигидан далолат бераётганди. Милицияда назокат нима қилсин?

Робокоп нексиянинг орқа бамперига энгашиб, тросни қаеригадир илиб қўйди. У қайтиб рулига ўтираётганидаёқ қандай аҳвол юзага келишини тасаввур қилиб, ҳай-ҳайлаганимча қолдим. Жанубий Кореяда яроқлилик муддати ўтиб кетган машина тинчгина олиб кетилишини қайсидир кинода кўргандим. Ҳолливуд ишлайдиган кўпгина фильмларда машиналар “мозор”ига кўзим тушган. Лекин туппа-тузук автоулов эвакуатор билан мана шундай беўхшов тортиб кетилганини ҳеч қачон кўрган эмасман. Биринчи марта гувоҳи бўлдим. Нексиянинг развалидан тортиб, диска балонларигача кирадиган жойига кирди, чамамда. Трос таранг тортилиши билан биринчи навбатда бампер синиб кетди. Ўзимизнинг маҳсулот бу борада нақадар нозиктаб қилиб ишланганини ҳайдовчилар яхши билишади. Кейин яна 2 та матиз худди шу тақлид тортиб кетилди.

Машиналар тўхтаб турган жой атрофини синчиклаб қарадим. Тўхташни ман қилувчи йўл белгисига ҳам, ўша ҳудудга киришни тақиқловчи белгига ҳам дуч келмадим. Хатто ўшандай белги бўлган тақдирда ҳам бировнинг машинасини бундай тақлид судраб кетишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Ҳамкасбларимдан бири ишдан чиқиб, автомашинасини соатлаб қидириб юргани эсимга тушди. Йигирматасига қўнғироқ қилиб, у қаерда ётганини бир амаллаб топиб борганди. Номерлари қийшайган, юриши ҳам ўзгариб қолганди. Янги спаркини бирга излаган ва ўзини йиғидан тўхтата олмаган, қайнона-қайнотасига нима дейиши ҳақида айтиб, чорасиз аҳволда қолган, кейинроқ ўз отасига телефон қилишдан бошқа чора топган келинчакни ҳам эсладим.

Тўғри, хавфсизлик биринчи ўринда, бунисига гап сўз бўлиши мумкин эмас. Мен кўрган милиция ҳодимлари ҳам бир неча дақиқа машина сигнализациясини тақиллатиб туришди. Лекин бу уларга юқорида тасвирлангандек иш тутишга изн берармикан? Сигнализация адашмасам 500-1000 метрлар масофани олиши мумкин. Автоулов эгаси ундан узоқроқда бўлсачи?

“Локомотив” ўйин ўтказадиган кун камида 48 соат аввал маълум бўлган. Шундан келиб чиқиб, милиция ўзи қўриқлаши керак бўлган ҳудудни эрта тонгдан назоратга олиши, ҳеч бўлмаганда машина кирмайдиган қилиб сариқ тасма тақиб қўйиши мумкин. Бунга эринган чоғида ҳам инсон ҳуқуқлари қадрланувчи мамлакатлардаги каби эвакуатор ва кран ёрдамида машинага зарар етказмайдиган қилиб, унинг жойини кўчириш имконияти бор. Шунда ҳам яқин атрофда машиналар қаерга олиб кетилганидан хабар берувчи навбатчи қолдирилиши шарт.

Воқеани ўз кўзим билан кўргач, милицияга бўлган хурматимда ўзгариш юз бермайдими? Блогпостни ёзаётганда олиб кетилган машиналардан кўра кўпроқ, ўз уловим ҳақида ўйладим. Вақти келиб унинг бошига ҳам шундай кун тушмаслигига энди ким кафолат беради?

P.S. Милицияга бу иши нотўғри эканини айтмаганим, менинг айбим. Шарҳ куни қаергадир бирга боришга вақтим ҳам, тоқатим ҳам йўқ. Лекин мавзу ёпиқлигича қолишини истамадим.

02 ноября, 2015

Терма жамоа "Бунёдкор"да ўйнамаяпти

Ўзбекистонда янги стадион қурилганида уни жаҳон стандартига тўлиқ жавоб беради деб бонг урувчи кишилар албатта топилади. Жаҳон стандарти деганда улар нимани тушунишлари доим қизиқ бўлиб келган.

Ҳозирча янги бўлиб турган “Бунёдкор” аренаси биздаги энг яхшиси. Стадион майсаси билан боғлиқ муаммолар келиб чиқавергани сабабли, у мунтазам фаолият олиб бормаётганди. “Пахтакор” стадионидаги чимнинг сифати, унга қадар эса “МХСК” ҳамда “Жар” стадионларига ётқизилган газон борасида салбий фикрлар деярли эшитмаганим учун, “Бунёдкор” билан боғлиқ муаммога об-ҳавони эмас, шу иш билан шуғулланган кишиларни кўпроқ айбдор деб билганман, балки адашгандирман. Ҳозир гап бунда эмас.

12 ноябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда КХДРни қабул қилади. Ўйин “Пахтакор” стадионида ўтказилади. Нимага асосан мана шу стадион танлаб олингани менга қоронғу. Аввалдан шундай қарорга келинган дейилса, стадионни яхшироғига алмаштириш учун етарли вақт бор эди. Ва Яман билан ўйиндан кўп ўтмай, "Бунёдкор"нинг ўзи шу стадионда бемалол ўйин ўтказди. Балки бош мураббий ирим-сиримга кўра ўзига қадрлироқ бўлган аренада ўйин ўтказишни маъқул кўргандир деган фараз ҳам йўқ эмас. Футболчи ва мутахассислар бундай нарсаларга жиддий эътиборда бўлишади.

“Пахтакор” стадиони нима бўлган тақдирда ҳам “Бунёдкор” билан тенглаша олмайди. Иккинчисида мухлислар ва футболчилар учун яратилган шароитлар анча яхши. Енгил атлетикачилар учун йўлкаларнинг йўқ эканлиги, трибуналарнинг катта қисми ёғингарчиликдан тўсилгани ва умуман маданий ҳордиқ чиқариш шароитларнинг етарли эканини яхши биласиз.

“Пахтакор” стадионида ёритиш мосламалари ҳам замонавий талабларга жавоб бермайди. Телетрансляция сифатини яхшилаш учун HD КТСлардан фойдаланилса, прожекторлар масаласида муаммолар кўзга ташланиши мумкин. “Пахтакор”да майдон марказигина 1200 люкс билан ёритилади. Унинг чекка қисмларида эса 700-800 люкс ёруғликни кўриш мумкин. HD камералари камида 1800 люксга мўлжалланган бўлади. Ҳашар йўли билан қурилган ва кейинчалик реконструкция қилинган стадиондаги трансляция “Бунёдкор”дагисидан барибир фарқ қилади.

Терма жамоанинг жаҳон чемпионатига чиқиши учун ўйинларни қайси стадионда ўтказишнинг фарқи йўқку-я, лекин футбол мухлислар учун бўлганидан кейин, ёғингарчилик бўлиши катта эҳтимол бўлган кунларда ишқибозларни ҳам ўйлаш балки керакдир. Дунёнинг ривожланган мамлакатларида замонавий стадионлар етарлича ва улар терма ўйинларини турли стадионларда ўтказиш имкониятига эгалар. Тенглаштириш балки эриш туюлар, лекин ҳозир Англияга ўхшаб иш тутганимиз балки яхшироқдир. Мен терма ўйинларининг вилоятларда ҳам ўтказилиши тарафдориман. Шунчаки ҳозир "Бунёдкор"даги каби стадионимиз бошқа йўқ. Ва айтиш керакки, бош жамоамизнинг қандай стадионда ўйнашини бутун дунё кўради.

P.S. Блогпост норозилик руҳида эмас, шунчаки фикрни ўртага ташлаш учун ёзилди. Балки мен бехабар қолган жиҳатлари бордир. Самвел Бабаян миллий терма жамоа билан кетма-кет 4 та ўйинда зафар қучишини чин дилдан истайман. Аммо ўзим стадион борасидаги ирим-сиримларга ишонмайман.

08 октября, 2015

Огоҳлантирувчи белгилар ҳақида

Огоҳлантирувчи, тартибга солувчи ва йўл кўрсатувчи белгилар турмуш тарзида катта рол ўйнайди. Пиёдалар йўлкаси ҳақида тасаввурга эга бўлмаган, ер ости йўлкаларидан фойдаланишни ўзига эп билмайдиган (эринадиган) кишиларнинг учраб туриши табиий ҳол. Вақти келиб нафақат қонунларга, балки қоидаларга ҳам риоя қилиш қатор ноқулай вазиятларнинг олдини олишда муҳим фактор эканлигини кишилар онгли равишда тушуниб етишлари лозим.

Ўқувчи белгисидан фойдаланаётган автомашинани писанда қилмайдиган, қачонлардир ўзи ҳам автомобилда оддий курсант бўлганлигини унутиб қўядиган кишилар орамизда бор. Аслида ўқувчи белгиси ўша машинани бошқариб кетаётган кишига қисман бўлсада имтиёз беради. Рулда аёл киши ҳаракатланаётганлигини маълум қилувчи пойабзал ёки бўлмаса машинада ёш болалар борлигидан огоҳлантирувчи белгиларга ҳам дуч келиб турамиз. Нозик жинс вакиллари ва гўдакларга бўлган муносабат ҳам шундан келиб чиқиши мақсадга мувофиқ.

Бизнинг жамиятда нафақат аёллар, болалар, балки кексалар ҳам алоҳида хурматга сазовор. Шундан келиб чиққанимиз ҳолда дўппи расми туширилган навбатдаги огоҳлантирувчи белгини ҳам амалда синаб кўришимиз мумкин. Ёши катта ҳайдовчилар қоидаларга риоя қилишни табиий равишда унутиб қўйишлари кўп кузатилади. Балки соғлиқ билан боғлиқ муаммолар сабаб ёки ёш ўтгани сайин ҳаракатланишнинг, ҳис қилишнинг, мия бошқарув органларининг заифлашуви ҳам бунга туртки бўлади. Мазкур ҳолатни қолган ҳайдовчилар тўғри қабул қилишлари ва иложи борича ёши катта ҳаракатланувчига хурматни сақлашлари фойдадан ҳоли эмас. Бу билан улар нафақат ўз асабларини асрашлари, балки, катта эҳтимол билан ўзи ҳам ҳижолатли вазиятни ҳис қилаётган кекса ҳайдовчини ортиқча асабий зўриқишдан (сигнал ёки ҳақоратли сўз) ҳимоя қилишлари мумкин.

Ота-онасига фақатгина яхшиликни раво кўриб, уларга автомашина совға қилишга қурби етадиган меҳрибон фарзандлар талайлина. Шу билан биргаликда улар ўз суюклиларининг хавфсиз ҳаракатланишлари борасида ҳам қайғуришади. Пойабзал, дўппи, чақалоқ расми бор белгилар бу борада қисман бўлсада ёрдам бериши мумкин. Бу шунчаки таклиф, уни балки такомиллаштириш ва кейинчалик амалга тадбиқ қилишнинг чамамда иложи бор. Айниқса пойтахт йўлларидаги қатновнинг кундан-кун ортиб бораётгани бу ҳақда ўйлаб кўришни тақазо этади.

P.S. Сўнгги вақтларда газ балонлари борлиги ҳақида огоҳлантирадиган нисбатан қўрқинчли белгилар ҳам пайдо бўлди. Сиз эҳтиёт чораларининг барчасини кўрганингиз ҳолда, сиздан фарқ қилувчи ҳайдовчининг машина билан рўй берадиган ҳалокати сизни ҳам ўз домига тортиб кетиши мумкин. Хавфсизлик борасидаги қайғуришингиз — парвойи фалак ва асосан енгиллик сари интилувчи ҳайдовчининг ёнгинангизда тўхташи билан бир пул бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Хавфсизлик биринчи ўринда туриши қандай яхши. 

15 июля, 2015

Тийиш ва тийилиш

Ҳаммасини тасаввур қилиб кўрдим. Тамилла ёки Ягона қишлоқ жойларга бориб маънавият ва маърифатдан маъруза ўқишини ҳам. Ажойиб аҳвол гавдаланди. Журналда ярим яланғоч кўриниш бериб, бошига ташвиш тушганида қўлига тасбеҳ оладиган опалар эсга тушди.

Балки уялгандир улар маънавият ҳақида ваъхонлик қилишга. Балки вақти бўлмагандир. Нима бўлганида ҳам лицензиясидан бекор қилинди. Кетидан Лола улар сафига қўшилди, шахсий саҳифасига бироз енгил расм жойлагани учун. Бизда бефарқлик қораланади. Демак, ҳамма назоратда, буниси тушунарли.

Инсонда эса унинг ўзигагина бериб қўйилган танлов ҳуқуқи бор. Лола ва унинг кийиниши ҳақида умуман гапирмоқчи эмасман. Ўзга аёлнинг иштонига осилиш уят чамамда. Бошида отаси, онаси бор. Жавобгарлик ҳам ўзидан. Унга қараш нафрат толаларимни қитиқлаб ўтса, шунчаки черныйга тиқишим ёки бошқа каналга ўтиб кетишим мумкин. Танлов ҳуқуқи менда ҳам бор.

Яна ҳар бир каналнинг ўз бадиий кенгаши бор. “Менинг юртим” кенгашига мойдек ёқиб тушган клип “Наво”да умуман кетмаслиги ёки шунинг акси бўлиши жуда ҳам мумкин. Ҳаммага ёқишнинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Вазиятни тўғри баҳолаган “Ўзбекнаво” бадиий кенгашни ўз қошига чорлади. Энди фильтр мингта эмас, 1 та бўлади. Клипчиларнинг иши бироз осонлашди.

Шахсий саҳифа эса умуман бошқа масала. Танлов ҳуқуқи бор ҳар бир одам уни ўзича бошқаради. Бу саҳифани кузатиб бориш ҳеч қачон мажбурий бўлмаган. Ўзини тия оладиган инсон гуглдан Саша Грейни поиск бермаслиги қаторида, Лоланинг шахсий саҳифасини кузатиб бормаслиги ҳам мумкин. Бизда эса тийилишдан кўра тийишга бўлган интилиш кучли. Ўз хоҳишингиз билан ўша саҳифага кирасиз ҳамда саҳифа эгасига маънавиятдан маъруза ўқийсиз. Фикр билдиришга албатта ҳамма ҳақли. Лекин сизнинг ҳуқуқингиз ўзга инсоннинг ҳуқуқ чегарасида тўхтайди. Масалан сиз Лолани кузатиб боришдан ўзингизни тия олмайсиз. Лекин унинг кийиниш ҳуқуқини тийиб қўйишга уринасиз. Гўёки фарзандингиз келажагини ўйлаб, унинг кўзини фильтрлашни мақсад қиласиз. Лола кийган кийимни киймаслиги учун унга сўзингизни ўтказа олмайсиз. Лекин Лолага қандай кийим кийиши бўйича сўз ўтказишга уриниб кўрасиз, абсурд.

Ҳар бир масалада оқловчи ёки қораловчига айланиб олиш шарт эмас. Менинг диний қарашларим Лолани қоралаши, дунёвий фикрлашим эса унинг эркин яшашига ҳалал бермасликни уқтириб туриши катта эҳтимол. Мен албатта иккисига қулоқ тутишим ҳамда Лолани шунчаки четлаб ўтишим мумкин. Чунки Лолани кийинтирганим билан, Чорсудан бозор қилаётганимда ундан кўпроқ ечинган миллионтаси билан тўқнаш келаман. Масала яна зинога бориб тақаладими? Иродам кучли бўлса, кўзимни олиб қочаман. Нафсим устун келса, кўзим билан ечинтириб қўя қоламан.

Аслида ҳамма нарса ниятга боғлиқ. Қараш ниятида бўлмай кўзим тушиб қолиши ва дарҳол ундан кўзимни олиб қочишим мумкин. Бошқа иложим йўқ. Шанғиллаганим, ҳар куни асабимни кетказганимнинг натижаси мен кутгандек бўлишига ишонмасам, ўзимга жавоб бериб, кетганим яхши эмасми? Хўш, Лоланинг лицензияси олиб қўйилди. Бу кимнинг ғалабаси? Унинг кийимини кенг муҳокама қилишда салбий муносабат билдирганларнингми? Йўқ, бу ғалаба эмас. Ғалаба барча қизларнинг яна паранжи даврига қайтиб қолиши чамамда.    

Тамилла ёки яна кимдир маънавиятдан дарс ўтса мен буни аҳмоқлик ўрнида қабул қиламан. Насиба Абдуллаевага шу иш топширилса, буни фойдали иш ўрнида кўраман. Бу Тамиллани қоралаш эмас, шунчаки у танлаб олган йўл сиз урғу бераётган маънавият билан мутаносиб эмас, ҳамма гап шунда. Лола ёки унинг қаторидагиларга қандай яшаш кераклигини ўргатаётганлар ҳам, ўргатаётганларга қарши чиқаётганларнинг ҳам иши ғалати. Тийишга эмас, тийилишга ҳаракат қилинг. Бизнинг шароитда шунинг ажри қадрлироқ. 


Ўхшаш мавзу: Наргиз Зокированинг фикри ҳақида

15 мая, 2015

Битирув оқшоми ҳақида

Сўнгги қўнғироқ ва ундаги кечинмалар ҳақида ортиқча ёзишни истамайман. Бир неча йиллар бирга таҳсил олган йилларингни ортда қолдириб кетиш қисматинг. Сенга қоладигани фақатгина ширин хотиралар.

Мактабни тамомлагач, сўнгги қўнғироқдан кейинги оқшомга бориш насиб қилмаганди. Орқа партадаги қизга дарс қилиш имконини бермаган бўлсамда, аслида уни жуда яхши кўрганимни айтолмаганман. Мен билан энг кўп муштлашган синфдошимни оқшом куни бағримга босиб, барчаси учун кечирим сўрай олмаганман. Ўз хонасига чақириб, менга энг кўп дашном берган ўқитувчим аслида мени яхши кўришини билардим. Оқшом куни буни расман тан олишини хоҳлагандим, унинг иқрорномаси менга армон бўлиб қолган. 

Эслаш учун воқеалар кўп. Шунчаки ҳозир бу ҳақда эмас. Тонгги лентада Ўзбекистондаги мактаб ва коллеж битирувчиларига битирув кечаларини ресторан, қаҳвахона ва уйларда нишонлаш қатъий таъқиқланиши ҳақида хабар ўқиб қолдим. Бунинг ҳақиқатга қанчалик яқин ёки йўқ эканини текшириб кўрмадим. Истамадим. 

Мен таъқиқларни ёмон кўраман. Ниятинг яхши бўлса, қонун ва аҳлоқ нормаларидан четга чиқмаган ҳолда бир иш қилмоқ истасанг-у, бунга таъқиқ қўйилган бўлса, ҳазм қила олмайман. Битирув оқшоми йилда битта бўладиган унутилмас байрамлардан бири. Инсон мактабни фақатгина бир марта тамомлайди. Коллежни ҳам, университетни ҳам. У фақатгина бир марта хайрлашув кечасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Ҳаммаси эҳтиёт, хавфсизлик нуқтайи назаридан эканини биламан. Яна шуни биламанки, муаммодан қочиш эмас, уни ечишга ҳаракат қилиш ақллироқ иш. Хайрлашув кечасини умуман йўқ қилиб юборгандан кўра, унинг ҳар бирига бўлган масъулият ҳамда эътибор учун ҳаракат қилиниши мумкин. Ҳар бир қаҳвахона ёки ресторанга, ҳар бир мавзега тинчлик посбонлари ажратиш мумкин эканига ишонгим келади. Сиреналарини овозсиз ёқиб, кечалари шаҳарни айланиб юрган милиция машиналарини кўрсам, ўзимни хавфсиз бир муҳитда ҳис қиламан. Шуни таъминлаб бераётган кишилар битирув кечалари бўлиб ўтадиган битта ойни хавфсизлик ойлиги дея эълон қилиб, унда тинчликни таъминлай олишларига ишонаман.

Яна биласизми нима, синфимиз ота-оналари ичида жуда фаоллари бор эди. Ҳаммамизнинг исмимизга қадар биладиган етакчилар. Ўқитувчилар ва уларнинг иштирокисиз битирув кечалари ўтказмаслик ҳам мумкин. Ҳар холда умуман бўлмаганидан кўра яхшироқ. Агар гап шунчаки ортиқча ҳаражат-у, кимўзарга ҳаракатнинг олдини олиш бўлса, менимча фойдалироқ ишлар билан шуғулланиш ҳам мумкин. Жамият ўз муаммоларини секин-аста ҳал қилиб бораверади. 

Битирув кечасида мени яхши кўрган қиз ўзининг энг чиройли кўйлагини кийиб келган экан. Мен буни анча кейин, маюс кўзлари билан тушган расмини кўраётганимда билганман. Ҳар холда энг яқин дугонаси шундай деганди. Ҳозир унинг бир неча фарзандлари бўлса керак, буниси муҳим эмас. Муҳими мен энг яхши кунни ўтказиб юборганимда. Мен синфдош сўзини ўзим учун муқаддас деб биламан. Шунчаки айтдим, қўйдим..

14 мая, 2015

Сергей Лушан ҳақида

Сергей Лушанни мураббий сифатида бир неча йилдан буён биламан. Футболчилик фаолиятини якунлаганидан кейин “Бунёдкор” академиясида унга 1996 йилда туғилган футболчиларни ишониб топширишди. Болалар футболига ҳафтада бир марта вақт ажратадиган киши сифатида айтишим керакки, “Бунёдкор”нинг айнан шу йилда туғилган футболчилардан ташкил топган жамоаси нисбатан кучсиз эди. Асосий рақиб “Пахтакор” олти жамоанинг бештаси билан жиддий рақобат олиб борса, “Бунёдкор-96” шаҳарнинг ўртамиёна клублари билан ҳам тузукроқ натижа қайд эта олмасди. Лушаннинг ташрифи болаларни буткул ўзгартириб юборди. Иванович ўша йилнинг ўзидаёқ “Пахтакор”га рақобатчи жамоа тузди. Кейинги йил эса чемпионликни қўлга киритди.

“Бунёдкор-96” Достон Ҳамдамов, Акром Комилов, Рустам Ашурматов каби футболчиларни етиштириб берди. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг Осиё чемпиони бўлишида ҳам Лушан тарбиялаган йигитларнинг ҳиссаси катта эди. Рағбат ўзини узоқ куттирмади ҳамда мураббий “Бунёдкор” футбол академияси директори этиб тайинланди. Шу билан биргаликда жамоанинг 1-лигада тўп сурадиган  жамоасини ҳам бошқариб борарди. 

“1-лига шарҳи” кўрсатуви муаллифи сифатида қуйи лига ўйинларини кузатиб келардим. Ўзидан бир неча ёш катта футболчилар билан тенгма-тенг ўйнашга интилаётган йигитларни кўриб, Лушанга бўлган хурматим ошиб борди. Тўғри, “Бунёдкор-2” асосий саккиз жамоа орасига кира олмади. Жамоа олдига бундай вазифа қўйилмаганди ҳам. Асосий таркибга муносиб футболчиларни тайёрлаб бериш миссияси билан ишлаган Лушан бугун уларнинг айримларидан ўзи фойдаланиб келмоқда. Демак, меҳнатлари беиз кетмаганди.

Ёдингизда бўлса, Сергей Ивановични Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига ҳам жалб қилишди. Фикримча 1995 йилда туғилган ва ундан 1-2 ёш кичик футболчиларни жуда яхши биладиган икки мутахассисдан бири Александр Мочинов бўлса, иккинчиси Сергей Лушан эди. Кўп ўтмай “Бунёдкор”нинг асосий жамоасидан таклиф олган Лушан имкониятни йўққа чиқаришни истамай, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидан воз кечишга қарор қилди.

Агар мутахассис ёшлар билан ишлашда давом этганида, тузукроқ натижа қайд эта олишига ишонардим. Алексей Евстафеев умуман эплай олмаган футболчиларни айнан Лушан эпақайга келтириб қўйганди. Равшан Ҳайдаров Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини қабул қилиб олаётганида Лушандан фарқли ўлароқ бу йигитлар ҳақида ҳеч қандай ахборотга эга эмасди. Ишни бир амаллаб бошлаб олган Ҳайдаров, бу ёшда кўзга кўриниб қолган футболчилар билан жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Аммо унутмаслик керакки, ёшларимиз ярим финалда КХДР терма жамоасидан 0:5 ҳисобида енгилишди. Равшан Ҳайдаровнинг маҳоратига шубҳа қилмаган ҳолда айтишим керакки, Лушан асос соладиган жамоа уникидан пишиқроқ бўлиши катта эҳтимол эди.

Шу йил Ҳайдаров ўз жамоаси билан ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этади. Унинг ўрнида Лушан бўлиши, кичик мундиалга қадар бўлган йўл ҳамда ундаги иштирок эвазига тажриба тўплаши, шундан кейингина бемалол катта футболга кириб келиши мумкин эди. Мураббийнинг “Бунёдкор”даги фаолияти ҳақида яқиндан билиб шунга амин бўлдимки, Иванович бирозгина шошилди.

Болалар, ўсмирлар, ёшлар ҳамда катталар футболи бир-биридан тубдан фарқ қилади. 1996 йил футболчиларни бошқариш миллий терма жамоа аъзолари тўп сурадиган мамлакатнинг байроқдор клубини бошқаришдан ер билан осмонча бошқача. Мана шу фарқ чамамда Лушан ҳозир қайд этаётган натижаларга ўзининг таъсирини кўрсатди. Бизнинг бугунги шароитда футболчилар мураббий ҳимоясига муҳтож. Катта футболда тўп сураётган ва ўз қарашларига аллқачон эга бўлиб улгурган ўйинчилар икки жиҳат: кафолатланган моддий ҳолат ҳамда ўз келажакларига бўлган ишонч ҳиссини туйишни исташади. Бу холат жамоа муваффақиятининг калити. 

Лушан ўз принципларини жорий қилишни зудлик билан бошлади. 2014 йилнинг ярмига келиб таркибда каттагина ўзгаришларни бошлаб юборди. Бу ҳолат сабабли “Бунёдкор” мавсумни ўз тарихидаги энг паст кўрсаткич билан якунлади. Ярим йилнинг ўзида Лушандан натижа талаб қилиб бўлмасди. Ўтган йилги ўзгартиришлар келаси чемпионат учун замин яратиш дея тушунилди. Бу мавсумга келиб эса натижада катта ўзгариш кўринмади. Ваҳоланки Лушан йил бошида ўзи хоҳлаган футболчилар билан таркиб тузиш имконига эга бўлганди.

Футболда ғалабалар билан мағлубиятлар ёнма-ён юради. “Ал-Жазира”га қарши мавсумнинг биринчи ўйинида футболчиларнинг кайфияти ёмон эмасди. Кейинги ўйинлардан кейин эса жамоадаги муҳит бузилиб борди. Шунчаки кўнгилсиз натижалардан кейин мураббий ҳамда футболчилар ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўла бошлади. Бир қатор футболчиларни етиштириб бергани, фақатгина максимал натижани талаб қилиши, жамоаси зафар қучган беллашувларда ҳам ўйиндан кўнгли тўлмаслиги ва қатъиятли экани важидан Лушан таҳсинга лойиқ. Ўз фикр ва қарашларига эга, иккита гапни эплаб гапира оладиган мураббийлар бизнинг футболга жуда зарур. Аммо ҳамма нарса ўз вақт-соати билан бўлгани яхши. Мочинов, Лушан каби ёш ҳамда потенциали бор мутахассислар замонавий футболни тузукроқ тушунмайдиган кишилар касрига ўз номларига доғ тушириб юрганликлари ачинарли. 

11 мая, 2015

“Тоға”

Бобур Йўлдошев рол ижро этган фильмларга беэътибор бўла олмайман. Ўша фильмда Раъно Шодиева ҳам кўриниш берса қизиқиш икки ҳисса ошиши турган гап. Кеча иш билан кўчага чиқишга шошилаётганим бир пайтда телевизорга кўзим тушиб қолди. “МЮ5”да мана шу икки актёр ижросидаги фильм берилаётганди. 

Шошаётган киши экранга қараб камида 10 дақиқа туриб қолдим. Давомини томоша қилишга бўлган қизиқиш кучли бўлсада, бу кинони бўш вақтимда бошидан кўрганим маъқул деган қарорга келдим. Биласизми, эл ардоғидаги актёрлар рол ижро этган фильмларимиз кўп. Аммо фақатгина сара ижрочиларни саралаб олиш ҳали яхши иш дегани эмас. Сценарий талабга жавоб бермаса, ўша кино зар қоғозга ўралган чиқиндидан фарқ қилмай қолиши ҳам мумкин. Фақатгина бир марталик эрмакдан бошқасига ярамаётган кинолар кўплиги куннинг асосий муаммоси. 

Бугун нонуштага ўтиришим билан шу кинони қайта намойиш қилишди. Кайфиятим кўтарилди. Телевизор овозини баландлатганим қолганларнинг ҳам эътиборини тортди. Оилавий “Тоға” фильмини кўра бошладик. Олдинга ўтиб шуни айтишим керакки, картинани томоша қила туриб, иккита кино ёдимга тушди. Биринчиси Баҳриддин Айназаровнинг “Ўйин”и бўлса, иккинчиси  режиссёр Юсуф Розиқовнинг “Дилхирож” кинокартинаси. 

“Ўйин”да Улуғбек Қодиров бош ролни ижро этган бўлса, унинг тоғаси ролида Тўхтамурод Азизов кўриниш берган. Қиморбоз ролини эса Фотиҳ Жалолов маҳорат билан ўйнаган. Тоға ўз жиянига сўл йўлнинг оқибати қандай эканини жуда усталик билан кўрсатиб қўйиши фильмнинг умумий мантиғи. Менимча, сиз уни эслай олдингиз. “Дилхирож”ни эса анча олдин кўрганман. Марҳум Алишер Хамроев ҳамда қўшиқчи Севинч Мўминова иштирокидаги фильм. Тўти Юсупова момо ролида кўриниш беради ва бутун бир воқеани жуда чиройли ҳикоя қилади.

Бугун мен кўрган “Тоға” фильмида асосий ролни Бобур Йўлдошев ижро этган. Унга хамроҳлик қиладиган ёш актёрнинг исм-шарифини чалғиганим сабабли эслаб қола олмадим. Таҳминан 7-10 ёшлар атрофида бўлса керак ёши, ролини қойилмақом қилиб ижро эта олган. Фильмларга ёш ижрочилар танланаётганда таниш-билишчиликка йўл қўйилишини ҳеч қачон ҳазм қила олмаганман. “Тоға” кинофильмида бундай эмасди деган хулосага келишим учун етарлича асосларим бор. Адашган бўлсам ҳам фикримдан қайтмайман, болакай ролини жуда яхши ижро этган.

Фильм воқеалари ана шу бола тилидан ҳикоя қилинади. Биринчи навбатда сценарий савияли бўлса, иккинчи томондан унга актёрлар жуда усталик билан танлаб олинган. Нигора Каримбоева, Феруза Собитова каби актрисаларимиз ҳам ўзларига юклатилган вазифани қойилмақом қилиб уддалашган. Режиссёрлик иши ҳам таҳсинга лойиқ. “Дилхирож”ни эслаганимнинг сабаби шундаки, воқеалар ўрганиб қолганимиз каби пойтахтда эмас, бошқа шаҳарда суратга олинган. Бухоро, Хорвазм ёки Хивани эслатиб юборди, аниқ билмайман. Яна бир томони, ўтмиш кимдир томонидан ҳикоя қилинади. Унда миллий анъаналар ва удумларга усталик билан эътибор берилган бўлиб, бу ҳолат томошабиннинг ғашини келтирмайди. Аксинча, ўзимизга тегишли бўлган одат ва анъаналарга нисбатан хурмат туйғусини пайдо қилади. Шунингдек, дубляж жараёнида актёрлар овозига фон сифатида ажойиб мусиқалар танлаб олинган. Бу ҳам қайсидир маънода “Тоға” фильмига ўзгача файз берган. Фильм якунида унда рол ижро этганларнинг барчаси битта мусиқа остида ва битта планда рақс тушишлари ҳамда бу холат бош қаҳрамоннинг қандайдир лаҳзалар ичида кечираётган кечинмалари сифатида кўрсатиб ўтилиши, менда илиқ таассурот қолдирди, режиссёрга бўлган хурматни оширди. 

Ғарб киноларини томоша қилаётганимизда, унда асосий эътибор режиссёр ҳамда сценарий муаллифига қаратилади. Ундан кейингина асосий қаҳрамонлар ролини ижро этган кишиларга урғу берилади. “Тоға” фильм сўнггида унинг режиссёри алоҳида кўрсатиб ўтилишига негадир ишондим. Менимча иш шунга муносиб эди. Аммо режиссёр исми-шарифи умумий рўйхатнинг қоқ ўртасида кетди – Музаффар Шодиев. Суриштирсам, фильм Рашид Маликовга тегишли деб ҳам айтишди. Ишланганига хатто икки йилча ҳам бўлибди. Вақтида кўрмаганим алам ҳам қилди. Муҳими асар ўз ишининг усталари томонидан суратга олингани ва кеч бўлсада уни томоша қилганим. 

Бевосита фильмдаги воқеаларга тўхталиб ўтсам, ёзги таътилни Тошкентдан ташқарида, аниқроғи тоғасининг уйида ўтказиш учун келган болакай қисқа вақт ичида бир қатор воқеаларнинг гувоҳига айланади ва уларнинг ҳар биридан ўз келажаги учун катта сабоқ олаверади. Қўчқор ва хўроз уруштириш, қарта билан қимор, ошиқ ташлаш каби ўйинлар, улардаги ғирромликлар, ҳалоллик ва ҳаром йўл ўртасидаги чизгилар нозик дид билан кўрсатилган. Қувончли кунларингда атрофингда гирдикапалак бўлган инсонларнинг, бошингга кулфат тушганида сендан узоқлашиб кетишлари ўткир сатира билан суратга олинган. Йўқ жойдан пул топадиган даллолар-у, мағлубиятни ҳеч қачон ҳазм қила олмайдиган ва сени ҳар доим жарлик сари яқинлаштирадиган қиморбозлар образи ишонарли талқин қилинган. Эр-хотин ўртасидаги севги, садоқат ҳамда вақти-вақти билан бу туйғуларга қарши кучнинг туғён уриб туриши ортиқча бўёқларсиз, бўрттиришларсиз очиб берилган. Бир сўз билан айтганда кўришга арзигулик фильм. 

Яхши фильмлар вақт ўтсада “ўлиб” қолмайди. Сўнгги йилларда мен томоша қилган ўзбекча кинолар орасида “Тоға” ўзгача ўрин тутадиган бўлди. Танқидчиларимиз унинг ҳам қатор камчиликларини топиб беришлари мумкин. Аммо бугун ишланаётган қолган фильмлар билан солиштирганда мен ҳикоя қилган фильм ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Сийиқаси чиққан ва кези келганда умуман ўхшамайдиган жаргон иборалар-у, еган-емаган приколлари билан бачканалаштирадиган киноларни суратга олаётган “режиссёрлар”имиз ҳам “Тоға”ни томоша қилиб, унга ўзлари баҳо беришсин. 

Тоға ҳаётнинг аччиқ ва чучугига бардошли бўлиш кераклигини жиянига ўз ҳаёт йўли билан тушунтириб боради. Унинг сўнгги хулосаси жуда ажойиб: “Сен яхшиси шахматни ўрган. Унда ғирром қилиб бўлмас экан”. Сизга ҳам тавсия қиламан.      

04 мая, 2015

“Локомотив”нинг уй учрашувлари нега жонли кўрсатилмайди?

Тошкентнинг “Локомотив” клуби миллий чемпионат доирасида уй учрашувларини ўтказса, “Спорт” телеканали уни тўғридан-тўғри трансляция қилмайди. Бу эса футбол мухлисларининг эътирозларига сабаб бўлиб келади. 

Аслини олганда “Локомотив” стадионидан тўғридан-тўғри трансляция қилишнинг имконияти бор. Сизга яхши маълумки, “темирйўлчилар”нинг Осиё чемпионлар лигаси доирасидаги ўйинлари жонли эфирда намойиш қилинди. Ўз навбатида футбол мухлислари ҳам айнан мана шу ҳолатни сабаб сифатида кўрсатиб, “Спорт” телеканалини миллий чемпионат ўйинларига бўлган эътиборсизликда айблаб келишади.

Олдиндан шуни айтиш керакки, чемпионлар лигаси ўйинлари ҳамда ички чемпионат беллашувлари трансляция бир-биридан фарқ қилади. Қитъанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақаси телетранслцияси ҳуқуқини WSG (World sport group) сотиб олган. Шундан келиб чиққан ҳолда, мазкур компания чемпионлар лигасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган клублар иштирокидаги ўйинларнинг барчасини спутникка, спутник орқали бутун дунёга узатиб келади. “Спорт” телеканали “Локомотив” иштирокидаги чемпионлар лигаси ўйинларини айнан спутник орқали футбол мухлисларига тақдим этиб келмоқда. 

Бунда бир жиҳатга эътибор қаратиш керак. Спутникдан фойдаланиш кичик суммани ташкил қилмайди. МТРК WSGни ўз техникаси билан таъминлаш эвазига ўзаро келишувга эришган. Шундан келиб чиқиб айтганда, трансляцияни Ўзбекистон телевидениеси уюштиради. WSG эса спутник билан боғлиқ келишув ва унинг ҳаражатларини ўзи амалга оширади. Биздаги техника ҳам трансляция вақтида шу компания манфаатлари учун ишлайди. “Локомотив” иштирокидаги ўйин гарчи Тошкент шаҳрида кечаётган бўлсада, агар трансляция спутникка узатилмаса, телевидениеда уни қабул қилиш имконияти йўқ. WSG аралашувисиз амалга ошириладиган олий лига ўйинлари транслциясини мана шу йўл билан узатишга “Спорт”нинг маблағи етмайди. 

Мавзуни яхшироқ тушунишингиз учун “Пахтакор” ҳамда “Бунёдкор” клублари иштирокидаги ўйинлар трансляциясига ҳам тўхталиб ўтишга ҳаракат қиламан. Ундан олдин эса трансляциянинг уч хил шакли борлигини билиб олиш керак бўлади:

1. Оптик толали кабель ёрдамида.
2. Релейка ёрдамида.
3. Спутник ёрдамида.

Буни қарангки, Тошкент шаҳри клублари иштирокидаги ўйинлар трансляциясида ҳар учала усулдан ҳам фойдаланилади. “Пахтакор” стадиони телевидениега жуда яқин жойлашгани сабабли юмуш анчагина камаяди. Стадионнинг энг баланд нуқтасига КТСга тегишли бўлган релейка ўрнатилса – масала ҳал. Релейка сигнални МТРК ҳудудида жойлашган телеминорага тўғридан-тўғри узатади ҳамда телемарказ сигнални қабул қилиб олиб, уни бутун республикага тарқатади. Худди шу усулни “Локомотив” стадионидаги ўйин вақтида ҳам амалга ошириш мумкин. Бунинг учун стадион чеккасида релейка ўрнатиш мумкин бўлган алоҳида башня қуриш керак бўлади. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда, МТРК телеминораси ҳамда релейка ўртасида сигнални тўсиб қўйиши мумкин бўлган объект бўлмаслиги керак (дарахт, минора, бино ва ҳоказо). “Локомотив” стадиони шундай ҳудудда жойлашганки, у ерга баланд башня қуриш мумкин эмас. Шундай экан, ўз-ўзидан бу йўл четга чиқади.

Оптик толали кабель ёрдамида трансляцияни амалга ошириш жуда мақбул вариант. “Бунёдкор” иштирокидаги ўйинлар мана шу усулда кўрсатилади. Тошкент шаҳри АТСларига тегишли бўлган рақамлар еттиталик кўриниш олган йилларданоқ бутун шаҳар бўйлаб оптик толали кабеллар ўтказиш бошланган. Бугунга келиб, шаҳарнинг барча қисмидан бу кабеллар ўтган. “Бунёдкор” стадионидан ўтган оптик толалари кабеллар ёрдамида сигнал энг яқин АТСга узатилади. АТС орқали эса телемарказ сигнални ҳеч бир қийинчиликсиз қабул қилиб олади. Аслини олганда “Бунёдкор” стадионидаги энг баланд нуқтага релейка ўрнатиш орқали ҳам бу мушкулотни ҳал қилиш мумкин. Аммо стадион ҳамда МТРК телеминораси ўртасида бир қатор тўсиқлар мавжуд. Иккинчи томондан эса, оптик толали кабеллар тортиб чиқилган “Бунёдкор” стадионида релейка учун башня бунёд этилмаган. “Стадион”нинг устки қисмига чиқиб боришнинг имконияти йўқ. 

Ўз-ўзидан савол туғилади: “Локомотив” стадионидан оптик толали кабеллар ўтмаганми? Агар жавобимиз йўқ бўлганида, мазкур клубнинг уй учрашувлари жонли кўрсатилмаётганига асосий сабабчилар стадионни бунёд этганлар бўлиб чиқишарди. Бугунга келиб замонавий спорт ареналари қуришнинг асосий талабларидан бири, ОАВ учун барча шароитларни яратиш. “Локомотив” стадиони қурилишида ҳам бу ҳолат инобатга олинган ҳамда оптик толалари кабеллар ўтказилган. Аммо масала фақатгина бу билан ҳал бўлиб қолмайди. Кабел бўлгани билан, сигнални узатиш учун ҳар икки объектни боғлаши керак бўлган икки техника бор: энкодер ва декодер. Бир киши бемалол кўтариб юрадиган шу кичик техника ҳам жуда қиммат туради. Уларсиз трансляцияни амалга оширишнинг иложи йўқ.

“Бунёдкор” стадионининг очилиши арафасида ҳам шунга ўхшаш муаммо чиқиб келганди. Ҳукумат эътиборида турган тадбирнинг тўғридан-тўғри эфирга узатилмаслигини тасаввур қилиш қийин. “Шарқ тароналари”дан тортиб, қайсидир вилоят мезбонлик қилаётган универсиада, баркамол авлод каби мусобақалар ҳам жонли эфирда намойиш этилганида, Тошкентдаги катта байрам рўйхатдан тушиб қолиши мумкин эмас. Релейка ўрнатиш учун башня йўқ. Оптик толали кабеллар тортилгани билан, энкодер ва декодер масаласи бор. “Бунёдкор” стадиони бу муаммони зудлик билан ҳал қилиб, катта маблағ эвазига шу икки қурилмани ҳарид қилган ва улардан ҳозирга қадар фойдаланиб келинади.

“Локомотив” стадионида эса на башня бор ва на шу икки қурилма. Ўз-ўзидан “Спорт” телеканали ҳам ўйинларни жонли кўрсата олмайди. Учинчи йўл – спутникка чиқиш эса ҳозирча бизга эмас. Ўз спутнигимиз йўқлиги асосий сабаб бўлса, ўзгалар спутникидан бир неча соатга фойдаланиш жуда катта нарх туради. Шу боисдан ҳам ўйинлар ёзиб олинган ҳолда намойиш этилади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, кунлар исиб боравергани сайин “Локомотив” уй учрашувларини ўтказишни ТТМИ (Тошкент темирйўл муҳандислари институти)га кўчиради. Иссиқ об-ҳаво шароитида ўйин вақтини 16:00 га тайин қилиш на мухлисларга ва ну футболчиларга тўғри келади. Кечроқ соатлар эса хавфсизлик нуқтайи назаридан мумкин эмас. Айни пайтда “Локомотив” клуби трансляциялар масаласига жиддий эътибор қаратиб, телевидение учун шароитлар яратиш ишлари билан банд. Бу стадиондаги асосий муаммолардан бири шундаки, башня тепасига мобил алоқа операторларидан бирининг релейкаси ўрнатилган. Унинг олдида КТС релейкасининг бўлиши, трансляция сифатини бузиши мумкин. Айни пайтда бу муаммонинг ечими топилган. Шунингдек, трансляция сифати яхшироқ бўлиши учун, асосий ва қўшимча камераларни ўрнатиш мумкин бўлган майдончалар ҳам барпо этилмоқда.

Айтмоқчи бўлганим шундан иборатки, “Спорт” телеканалининг “Локомотив” иштирокидаги ўйинларни жонли трансляция қила олмаётганига сабаб миллий чемпионат ўйинларига бўлган эътиборсизлик эмас. Вақти келиб стадион энкодер ва декодерни сотиб олишга барибир мажбур бўлади. Чемпионлар лигаси доирасидаги ўйинларни спутник орқали узатиш аслида қалтис иш. Бунда об-ҳаво ҳам муҳим ўрин тутадики, булутли ҳаво ёки ёғингарчилик авж олган пайтларда спутникдан келаётган сигналда муаммолар кузатилиши мумкин. Кузатилган ҳолатлар ҳам бўлиб ўтди. 

Энди сиз муаммо нимада эканини ва уни қандай ҳал қилиш мумкинлигини биласиз.